Эркаклар костюми яралганига ҳам бир неча юз йиллардан ошса-да, ҳамон урфдан қолмай, замонавийлигини йўқотмай келмоқда. Қайтага ҳар йили дизайнерлар эркаклар костюми учун антиқа ва ўзига хос янгиликлар киритишмоқда.
Шунга кўра, дунё миқёсидаги дизайнерларнинг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда эркаклар, хусусан, куёвлар учун қандай либос русум бўлгани хусусида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Биринчи навбатда, костюмингизга алоҳида эътибор қаратишингиз талаб қилинади. Айримлар "костюм” деганда фақат пиджакни тушунишади. Аслида, бошдан-оёқ кийиладиган кийим-кечак костюм ҳисобланади.
Демак, ҳозирда учликдан ташкил топган костюм кийиш урф бўларкан. Яъни тўқ рангли пиджак (шими билан, албатта) ва оч рангли жилет ҳамда кўйлак.
1. Костюм тўқ кулранг ёки кўк ранг бўлиши мақсадга мувофиқ. Мато – ипакли ёки ингичка толали ипакдан бўлгани маъқул.
2. Шимнинг узунлиги. Шим оёқ товонидан пастга тушадиган даражада узун бўлиши ёки оёқнинг тўпиғидан баланд бўлмаслиги керак. Энг яхшиси, пойабзалнинг орқа томонини ўртасигача бориб, пойабзал билан ранги ҳам мос ва уйғун бўлиши лозим.
3. Кўйлак. Илматугмали, қадама енгли ва яширин қадаладиган оқ кўйлак – энг мақбули саналади. Лекин агар келиннинг безакларига мос тушса, ранглиси ҳам бўлаверади. Одатга кўра, қадама енг пиджакнинг енгидан 1-1.5 см узунроқ бўлиши керак.
4. Кийимнинг жиҳозлари(аксессуарлар). Кулранг тусли: бир хил рангдан иборат бўлган ёки ингичка йўл-йўл чизиқли галстук. Узунлиги: галстукнинг бурчаги шимдаги камарни 1-1.5 см гача тўсиб туриши керак. Галстукни (капалаксимон ёки пластрон) тайёр резинкалисини эмас, боғланадиганини тақинг. Сунъий гул ғунчасидан бир дона ва дастрўмол (иккиси ҳам оқ рангда бўлса, янада яхши) кўкрак чўнтагидан чиқиб туриши либосингизга янада кўрк бағишлайди.
5. Пойабзалингиз иложи бўлса, лакланган бўлсин. Қора костюм учун қора, оқ бўлса-оқ, хуллас, оёқ кийимингиз костюмингизнинг ранги билан бир хил бўлиши либосингизни ўзаро уйғунлаштиради.
Бундан ташқари, костюм борасида долзарблигини йўқотмаган айрим масалалар хусусида тўхталиб ўтамиз.
Пиджакни кийиб кўриб, ўлчами ўзингизга мослигини ўлчаганингизда, елкангизга тўғри келишига аҳамият беринг. Агар торроқ бўлиб, ғижимланса ёки катталигидан осилиброқ турса, уни харид қилишдан воз кечинг. Шимдан фарқли равишда пиджакни гавдангизга мослаш учун тикувчига тўғрилатишингиз анча мушкул, шунинг учун ўзингизга лоппа-лойиғини сотиб олсангиз, нур устига аъло нур!
Костюм хоҳ энг сўнгги русумдаги, хоҳ шу йилга мўлжаллангани бўлсин, хоҳ шкафингизда илиниб тургани, енг узунлиги костюмдан 1-1.5 см кўриниб туриши керак.
Шимнинг почаси пойабзалингиз устига енгил тушиб туриши, ортиқча ғижимлар ҳосил қилмаслиги керак. Дазмол изи текис ва оёқларнинг ўртасидан узунасига тушган бўлиши лозим.
Костюмлар борасида дизайнерлар турфа хил фикрлар билдиришмоқда. Айримлари шарқона услуб қўшиш керак деса, бошқалари ғарбчани, бошқаси мумтоз 60-йилларни хотирласа, айримлари ўтган йиллардаги модалардан у-бу нарса қўшиш керак, дейишаяпти. Умуман олганда, куёвлар костюмининг умумжаҳон дизайнерлари андозасига кўра, японлар (шарқона)ники ғарбчага умумлашиб, нафис кўриниш касб этаётир.
Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади.
Манба: "Жаноб" журнали. 2017 йил.