САРАТОНДАН САҚЛАНИШ МУМКИНМИ?


САРАТОНДАН САҚЛАНИШ МУМКИНМИ?

     Тиббиёт фанлари доктори, шифокор - Ойбек Вахобов билан савол-жавоб.
- Онкоурология бўлимида қандай касалликка чалинган беморлар даволанади?
- Онкоурология бўлимида буйрак, қовуқ, сийдик йўллари ва эркаклар жинсий аъзолари ўсма касалликларига чалинган беморлар даволанади. 
     Ҳозирги вақтда бутун дунё миқёсида, айниқса, ривожланган давлатларда онкологик касалликлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Масалан, 1999 йилда бутун дунё бўйича 10 млн. онкологияга чалинган бемор аниқланган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 20 млн.ни ташкил қилган. Онкологик касалликлардан ўлим сони  хам шу йиллар давомида 6 млн. дан 12 млн. гача кўтарилган. Статистик маълумотларга кўра, буйрак раки дунё миқёсида онкологик касалликлар ичида 3,6% ни, қовуқ раки эркаклар орасида 6,6% ни, аёллар орасида — 2,1% ни, простата бези  саратони ривожланган давлатларда 15% ни, ривожланаётган давлатларда эса 4% ни ташкил қилади. Мояк саратони эса барча онкологик касалликлар ичида 1% ташкил қилади.Буйрак раки ўсма касалликлари орасида касалланиш даражаси бўйича 10-ўринни эгаллайди. Лекин касалликни кўпайиши суръати бўйича фақат простата саратонидан кейинги ўринда туради. Буйрак саратони кўпроқ эркакларда учрайди.Қовуқ саратони ўсма касалликлари орасида 4-6% ни ташкил қилади ва кўпроқ эркакларда учрайди.Простата саратони эркаклар ўсма касалликлари орасида 4-ўринни эгаллайди ва кўпинча 50 ёшдан ошган эркаклар орасида кузатилади. Мояк саратони асосан 15-40 ёшдаги эркакларда учрайди. 

- Онкологик ва онкоурологик касалликлардан қандай сақланиш мумкин?
- Биринчи навбатда – соғлом турмуш тарзи, яъни бадантарбия, спорт билан мунтазам шуғулланиш, тўғри овқатланиш, кўпроқ сабзавот ва кўкатларни истеъмол қилиш, тоза ҳавода кўпроқ бўлиш тавсия қилинади.  
     Эркаклар ва аёллар 40 ёшдан кейин вақти вақти билан шифокорга мурожаат қилиб, тиббий кўрикдан ўтиб туришлари тавсия қилинади. Сигарет чекиш ва семириш хам ўсма касалликларини чақирувчи омиллардан бири ҳисобланади.РИО ва РИАТМнинг Тошкент вилоят филиали бугунги кунда ўсма касалликларини  аниқлаш ва даволаш учун барча шарт-шароитлар, замонавий тиббий жиҳозлар тўлиқ таъминланган бўлиб, беморлар учун профессор домлалар, малакали шифокорлар барча керакли текширув усулларини ўтқизиб, диагнозни тўғри аниқлаб, беморларга малакали, дунё стандартларига мос равишда даво муолажаларини ўтказадилар.  

     Маълумот: Вахобов Ойбек Ўткирович  — тиббиёт фанлари доктори, Россия онкоурологлари жамияти аъзоси, Ўзбекистон урологлари илмий жамияти аъзоси. У томонидан йилига 200 дан ортиқ хар хил мураккаб тоифадаги жарроҳлик амалиётлари бажарилади. 160 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Вахобов О. Ў. шифокорлик фаолиятини 1987 йил Тошкент Давлат тиббиёт институтининг 1-даволаш факультетини тугатганидан сўнг, Тошкент шаҳар 1-клиник шифохонасининг хирургия бўлимида шифокор-интерна лавозимида бошлаган. О. Ў. Вахобовнинг асосий иш фаолияти 1988-йилдан Ўзбекистон Онкология илмий маркази билан боғлиқ бўлди. Бу ерда у ўзининг иш фаолиятини маслаҳат поликлиникаси шифокори, кейинчалик эса – онкоурология бўлими шифокор ординатори ва кичик илмий ходими вазифаларида давом эттиради. Бу йиллар давомида у тажрибали шифокорлар ёрдамида катта клиник тажриба орттирди ва ўзининг назарий билимини оширди. Бу давр мобайнида у томонидан қовуқ саратони бўйича муваффақиятли илмий изланиш олиб борилди ва 1997 йил устози Хафизов Х. А. раҳбарлиги остида “Қовуқ саратонини даволаш усуллари натижасини қиёсий баҳолаш” мавзусидаги диссертацион ишини тиббиёт фанлари номзоди учун ҳимоя қилди.  Вахобов О. Ў. 2004-йилдан бошлаб Республика Онкология илмий марказининг онкоурология бўлими бошлиғи, 2011 – 2016-йиллар давомида – илмий раҳбар лавозимида ишлади. Бу давр мобайнида у профессор Нарузов С. Н. раҳбарлиги остида қовуқ саратонига чалинган беморларни даволаш усулларини ривожлантириш бўйича илмий изланиш олиб борди. Олиб борилган илмий изланишлар натижасида 2009 йилда “Қовуқ саратони рецидиви – унинг ривожланиш хусусиятлари, профилактикаси ва прогнози” мавзусидаги диссертацион ишини тиббиёт фанлари доктори илмий даражаси учун муваффақиятли ҳимоя қилди.  О. Ў. Вахобовнинг амалий фаолияти қовуқ ва простата бези ўсмаларида трансуретрал резекция, қовуқ резекцияси, систпростатектомия, ингичка ичак ва йўғон ичакдан резервуар ясаш, буйракнинг маҳаллий тарқалган ўсмаларида радикал нефректомия, пастки кавак венадан ўсма тромбини олиш, буйрак резекцияси, қорин парда орти лимфаденектомияси, кичик чаноқ аъзолари эвиссерацияси каби кенг қамровли жарроҳлик амалиётларидан ташкил топган.
  О. Ў. Вахобов Республикамиз ва чет эллардаги конференцияларда фаол иштирок этади, ўз касбий маҳоратини чет эл клиникаларида ошириб келган. О. Ў. Вахобовнинг иш фаолияти 2016-йилдан бошлаб РИО ва РИАТМнинг Тошкент вилоят филиали билан боғлиқ. У 2018-йилдан бери онкоурология ва умумий онкология бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Бугунги кунда бўлимда унинг раҳбарлиги остида онкоурологик касалликларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, янги диагностика ва даволаш усуллари амалиётга татбиқ қилинади.

Манба: "Ижод чашмаси" журнали, №12 (23), Ноябрь, 2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот