Ўзгаларга ўз нуқтаи назарингизни ўтказишнинг 12 қоидаси


 

Ўзгаларга ўз нуқтаи назарингизни ўтказишнинг 12 қоидаси:

 

 Ўз фикрингизнинг тўғрилигига ўзгани ишонтириш - у билан тортишиш орқали амалга ошмайди. Назокат билан келишишга интилиб, унинг нуқтаи назарини самимий тушунишни астойидил хоҳлаш керак.

 Сухбатдошингиз фикрига ҳурмат билан қаранг. Ҳеч қачон унинг фикри хато эканини кўпчилик олдида кескин айтманг. "Балки мен хато гапираётгандирман, лекин келинг, фактларни таҳлил қилиб кўрайлик" қабилида сўзланг.

 Агар сиз нохақ бўлсангиз, дархол буни тан олинг. Чунки бировдан камчилик ва хатоларинг хақида эшитгандан кўра, ўзингиз тан олсангиз, уни осон қуролсизлантирасиз.

 Фикрларингизни дўстона оҳангда баён қилинг.

Суҳбатдошингиздан сизнинг фикрингизни тасдиқловчи жавоблар олишга ҳаракат қилинг. Чунки суҳбат бошидан "йўқ" деган одам кейинги сўзларингизни қабул қилишига ғурури йўл қўймайди.

 Суҳбатдошингизни кўпроқ гапиртириб, ўзингиз эшитишга ҳаракат қилинг. Бу сизга унинг сўзларидан фикрининг хатолигини исботлашингизга имкон берувчи фактлар тўплашга имкон беради.

 Сиз унга бераётган фикрингиз сизники эмас, унинг фикри эканлигини билдиринг. Сизни фикрингиз ҳақида ўзининг фикридай ўйлай бошласин.

 Ҳар бир ҳодисага, холатга суҳбатдошингиз нуқтаи назаридан қарашга самимий интилинг. Суҳбатдошингиз умуман нохақ бўлиши мумкин, аммо у бундай деб ўйламайди. Унинг ўрнига ўзингизни қўйсангиз, масала моҳиятини аниқ тушунасиз.

 "Сизнинг ўрнингизда мен ҳам шундай ўйлаган бўлардим" деган жумлани қўлланг. Одамларнинг 75 фоизи ҳамдардликни хуш кўради. Унга ҳамдард бўлсангиз, ёқа бошлайсиз.

 Ижобий мотивларни юзага келтиришга урининг. " Мен ўйлайманки, сиз ҳар тарафлама фикр юрита оладиган, қобилиятли инсонсиз, шунинг учун сиз мени тўғри тушунасиз, деб ўйлайман".

 Ўз ғояларингизни драмалаштиринг, уни самаралироқ қилиб кўрсатинг.

 Бошқалардан устунликка эришишга интилишни юзага келтиринг. Мусобақа ташкил қилинг. Ҳар бир одам ўзини намоён қилишни, муваффақиятга эришишни, ўзини нималарга қодирлигини кўрсатишни хоҳлайди.

 

Психолог - Шоира Исакова