АЁЛ МАДҲИ
Абдулла Орипов
АЁЛ МАДҲИ
Дунёга келтирдинг - онамсан,
Мен учун тенги йўқ оламсан.
Ёритдинг ҳамиша йўлимни,
Севикли қизимсан – боламсан.
Бормикан сендайин иболи,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Темурбек ёнида Бибихон,
Пойингга сочилди каҳкашон.
Гоҳида анордек эзилдинг,
Нодира бўлиб гоҳ бағринг қон.
Ниятинг авлодлар камоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Момосан, Атодан ҳаққинг бор,
Бу гўзал дунёда ҳаққинг бор.
Ватан деб жангга ҳам кирган сен,
Ёд этса, дуода ҳаққинг бор.
От сурдинг Тўмарис мисоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
Сен озод замонга етишдинг,
Ҳур, обод давронга етишдинг.
Минг йиллик армонга етишдинг.
Эл-юртим, оилам жамоли,
Ўзбекнинг фаришта аёли.
2013 йил, 18 январь