ХАБАРИМ БОР


(Муножот шарҳ)   
   Эй Парвардигоро, йўқ менда ихтиёро, Сендан қилурман ифтихоро!
  Мен Сени якдона билгум, ишқингда девона бўлгум. Маконинг - Ломаконийдур. Дилимда, тилимда Каломингдур, сифотинг - Саломингдур. Кўйингда парвоналар ўтган, неча минг гирёналар ўтган, неча минг пийру комиллар яқинлик мақомига етган. Неча минглар етолмай армонда кетган.
   Васила айлаб баён айлай: Аввали Расули Мурсалиндур, Муҳаммад Мустафонинг ўзларидур. Сўзлари - дур, икки олам раҳматидур, биз унинг умматидур.
  Яна чаҳорёри босафодур - Абу Бакру Сиддиқ, Умар ибни Хаттоб адли бебаҳодур. Усмон ибн Аффон, қуръонни саҳифа этгон, Алию Муртазодур, жасоратда шеру Худодур.
  Яна Бухорода етти пийрим бордир. Шиорлари ,,Дил баёру   даст бакордир,,. Улардан яширмоққа не сирим бордир?!
   Даргоҳинг остонасига бош уриб, чашми гирёниданидан сув сепиб, Увайсийдек оҳ чекиб  ожиза банданг Зулфия Мўминанг келди.
   Ҳар корингга таслим банданг Жамол Муслиминг келди. Тазаррулар,  илтижолар ичра мана бундоқ наволар қилди:
   Илоҳий,  бугун дунёга офатинг келди, билмам ноодатий келди. Ёмон келди, беомон келди. Уни номини Пандемия деблар, мен эса панд берма дерман. Тожвирус, афсус, жонимиз ғорати бўлди, ёпишмоқ одати бўлди.
  Илоҳий, дуодамиз тонг саҳаринг билан, тунда кезган ул қамаринг билан, кундуз шамси анваринг билан. Уйда қолдик ота-она, оға-ини, фарзандлар - дилбандлар билан, жонимизга пайвандлар билан...
   Огоҳ этдик узоқ-яқинни, сўзга чечан бахши, оқинни. Яна баъзилар билмай оқимми, саёқ юриб таёқ ерлар, сўрасанг билмабман дерлар.
    Шунда Зулфия Мўмин ачиниб деди:

Менинг не ишим бор бехабар билан?
Баҳор хабарим бор, гул хабарим бор.
Бир қўшним Лайлидир, бир қўшним Ширин,
Юракка борувчи йўл хабарим бор.

   Илоҳий, раҳм қилғил бохабару, бехабарларга, юзи гулдек ёнган гулбаҳорларга. Сени Лайли деб суйган Ширин ҳаётда барқарорларга! Ахир, Сенга юраклардан борувчи ,,Йўл хабарим бор!,,. 

Бағритош тошларинг бошимга тегмас,
Тошларни қайтарар Муқбил хабарим бор.
Гулистон авлодман, нурдан бунёдман,
Гулзодлар наслига сингил хабарим бор.

    Илоҳий, бағритошлар тошларин яширсин энди. Отилган тошлар учун итобга солмагин энди. Итобинг ҳақ, эй, ҲАҚ! Тошларни қайтарурга қодирсан ўзинг, ҳозирсан ўзинг. ,,Гулистон авлод,, айлаб, ,,Нурдан бунёд,, этган ҳам ўзинг, тақдирим битган ҳам ўзинг. ,,Гулзодлар насли,,дан яралган ҳурман. Синглим - фаришталар қанотида учиб айтурман: ,,Сингил хабарим бор!,,.
   Илоҳий, ижобат айласанг хуш самарим бор.

Менинг не ишим бор бехабар билан?
Парилар юртидан дил хабарим бор.
Бир қўшним Зуҳродир, бир қўшним Узро,
Муҳаббат боғига кел, хабарим бор.

   Илоҳий, бехабарларни бохабар қил, бехатар қил! Олмон бор, Фаранг бор, Ҳинду Тотор бор. Жумласи ўзингни бандангдур - бандингдур. Арабу Ажам Сенинг мулкингдур.
   Аё Молик, марҳамат қил, раҳмат дарёйингни беркитма, азобда силкитма, ерингга едирма! Оқшомларимизни оҳ  шомларга бермагин. ,, Парилар юртидан,, хушхабар ,,Дил хабарин,, бер! Дилларни уйғот, дилдор эт! Ғофилларни ҳушёр эт. Токи ,,Дил хабарим бор,, десинлар, маърифат ғамин есинлар...
  Осмонда порлаган ,,Бир қўшним  Зуҳродир,,, яна Сенга ошиғи содиқ ,,Бир қўшним Узро,,. Муҳаббат бобида демиш шоир: ,,Муҳаббатдан муҳаббат бўлур пайдо, муҳаббатсиз кишидан қоч, Ҳувайдо!,,
   Шунинг учун эй, жаҳон ,, Муҳаббат боғига кел, хабарим бор!,,.

Оловда ёнмасман, сувда чўкмасман,
Қақнус хабарим бор, булбул хабарим бор.
Қачон тарк этасан зимистонингни,
Ғаним зулматингдан кечгил хабарим бор.

   Илоҳий, Сен дўстларингни ўтда ёндирмадинг, сувда чўктирмадинг. Иброҳим Халилуллоҳга гулханни гулшан айладинг. Ҳасти Мусо Сибтий қавмига денгиздан йўл сайладинг. Шундоқ саодатга муяссар этдинг. Саодат ҳамиша саодатдир, риштаси садоқатдир. - ,,Қақнус хабарим бор,,, ёдингда ,,Булбул хабарим бор,,.
    Илоҳий, иймонимизга куч бер, қувват бер. Бўйнимизда гуноҳ - даррамиз, ғафлат онаси айтар алламиз. Шукрингни мушфиқ, сабрингни рафиқ айла! Зикрингни қалбларга муҳрдор қил, дил водийсини меҳрзор қил...!
    Илоҳий, офатга сўз айтурга ижозат бер: Қачон тарк этасан зимистонингни?,,.
  Илоҳий, дардингга даво бер, шифокорлар шифосига шифо бер. Юрт улуғларин юзларин мунаввар қил. Балони бошимиздан кўтар, кўринмас ғанимдан қутқар! ,,Ғаним зулматингдан кечгил хабарим бор!,,.

Менинг не ишим бор шум хабар билан?
Шодлик хабарим бор, шоддил хабарим бор.
Бир қўшним Зуҳалдир, бири Зулайҳо,
Юсуф хабарим бор, Бедил хабарим бор.

   Илоҳий, ниятларимизни яхшилик дарёсида чўмилтир. Бизни марҳамат ёмғири билан ювинтир! Суюнтир: ,,Шодлик хабарим бор, шоддил хабарим бор,,. Сен борсан ,,Не ишим бор шум хабар билан?,,
  Шумлик - шайтонийдур. Ҳеч кас чекловдан қочмасин. Ўзига, жамиятга хиёнат эшигин очмасин. 
   Илоҳий, ҳусни оламни чароғон этган Юсуф, бизга ибратдир, ҳаётлари бори ҳикматдир. Падари бузрукворларин кўзлари басир, ўзлари асир бўлдилар, андуҳга тўлдилар. Лек сабрга кўндилар. Алал оқибат озод бўлдилар. ,,Юсуф хабарим бор!,,
    Умрни бир томчи киприкдаги ёшга менгзаган ,, Бедил хабарим бор!,,

Оламнинг гуллари қалбимга кўчмиш,
Фасли ишқ сайлида сумбул хабарим бор.
Оқилу, Орифу, Одил хабарим бор,
Менинг не ишим бор бехабар билан...

   Илоҳий, ,,Оламнинг гуллари қалбимда,, униб-ўсган. Уларни кўчиб келадиган кунлари яқин.  Умидимни ноумид қилма. Сенинг ижобатинг - Бизга мукофотинг! Сенинг фазлинг, азминг буюк зотсан! 
    ,,Фасли ишқ сайлида,, Сенга юзландим, Сен қабул этсанг, ,,Сумбул хабарим бор!,, Ер юзидан ўтган ,,Оқилу, Орифлар,, ҳаққи, Сен адолатлисан. Умримнинг сўнгги нафасигача Эй: ,,Одил хабарим бор!,, дегучилардан қилғил! Омийн.Омийн.Омийн.

    Жамолиддин МУСЛИМ - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари.
                                                   2020 йил.

Баҳор хабарим бор 
 Менинг не ишим бор бехабар билан,
 Баҳор хабарим бор, гул хабарим бор.
 Бир қўшним Лайлидир, бир қўшним Ширин,
 Юракга борувчи йўл хабарим бор.

 Бағри тош, тошларининг бошимга тегмас,
 Тошларни қайтарар Муқбил хабарим бор.
 Гулистон авлодман, нурдан бунёд ман,
 Гулзодлар наслига сингил хабарим бор.

 Менинг не ишим бор бехабар билан,
 Парилар юртидан дил хабарим бор.
 Бир қўшним Зуҳродир, бир қўшним Узро,
 Муҳаббат боғига кел, хабарим бор.

 Оловда ёнмасман, сувда чўкмасман,
 Қақнус хабарим бор, булбул хабарим бор.
 Қачон тарк этасан зимистонингни,
 Ғаним зулматинингдан кечгил хабарим бор.

 Менинг не ишим бор шумхабар билан,
 Шодлик хабарим бор, шоддил хабарим бор.
 Бир қўшним Зуҳалдир, бири Зулайҳо,
 Юсуф хабарим бор, Бедил хабарим бор.

 Оламнинг гуллари қалбимига кўчмиш,
 Фасли ишқ сайлида сумбул хабарим бор.
 Бахтим, шу гулларни дилларга элтиш.
 Оқилу, орифу, одил хабарим бор. 

 Менинг не ишим бор бехабар билан.

Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот