ҲИКМАТ УЛ ДОСТОНИ БОР
Мискин заиф Ҳожа Аҳмад, етти пуштинга раҳмат,
Форсий тилни билибон, ҳўб айтадир туркийни.
Аҳмад Яссавий.
Ул ломакон ичинда, жумладек макони бор,
Яссавий девонида ҳикмат тўла кони бор.
Ҳўп айтадир туркийни, арабийда табарут,
Малакут, носут, лоҳут, ҳам форсий забони бор.
Одам Ато отамиз, Момо Ҳавво онамиз,
Туркий қавм учун Ҳақдан бешик Туркистони бор.
Дўстларга кўнгли очиқ, меҳмон қиёс отага,
Амир Темурдек қалқон, ёвга ўт вулқони бор.
Мир Алишер яратган шеърият бўстонида,
Гул кўп, чаман кўп аммо, бу мулкнинг султони бор.
Ватан деб жондан кечган қанча ўғил-қизлари,
Зулматларни ёритган юлдузи-Чўлпони бор.
Ҳар тошда,ҳар гиёҳда, қанча дарду алам бор
Туркистон деб бўзлаган Рауф Парфи жони бор.
Икки доҳо шоирлар, тенг келдилар тенг кетди,
Абдулла руҳистони, Эркиннинг девони бор.
Туркий маржон шодаси узилган бўлса ҳамки,
Ўзтурклар томирида симоб каби қони бор.
Пантуркчи деб отмангиз, панисломчи эмасман,
Мен элимнинг зарраси, дилида имони бор.
Саҳарларда тилардим, етти пуштимга бешик,
Ҳақ берди қиз набира, тебратмоқ имкони бор.
Она тилимда уни, Азиза деб номладим,
Дада Зафар халқ азиз, шукронага они бор.
Зурриётлар бахтига Ўзбекистон омон бўл,
Бобо мерос гавҳари, ҳикмат ул достони бор.
ЖОНИНГ ФИДО
Берса Навоий, сенга ёре ҳудо,
Сен доғи қил,бошингу жонинг фидо.
Алишер Навоий
Олис замонлардан келур бир нидо,
Ёр ишқида ўзин қилмишлар фидо.
Аллоҳ меҳрлидир, муҳаббат ундан,
Ҳатто қамишлардан чиқармиш садо.
Бу йўлда истироб чекмоқлик аниқ,
Мезонда тенг эмиш шоҳ ила гадо.
Меҳржон бўлмайин, наврўз бўлмайин,
Ишқ буржида бордир фақат ибтидо.
Ошиқлар ҳижронда ўт бўлиб ёнар,
Ахир Қуёш Ойга етолмай адо.
Инсонни жуфт қилиб яратган ўзи,
Ягона риштадан этмасин жудо.
Жаннатдан бутлаган ҳаёт рўзғорин,
Момо Ҳавво бирла ул Одам Ато.
Жаннат Ватан эрса инсон наслига,
Ватанни жаннат қилган ўзи ҳудо.
Дада Зафар боболардан қолган роз,
Ёрга қилғил бошингу, жонинг фидо.
ШУАРО ТАҚДИРИ МАЗЛУМ
( Муҳаммас )
Фиғонким, гардиши даврон, айирди шоҳсуворимдин,
Ғамим чўҳ, эй кўнгил беҳабарсан ҳоли зоримдин.
НОДИРА
Давронлар гардиши шундоқ, айиргай неки боримдин,
Йўқотганим ўрни тўлгай, кўз ёшу оҳу зоримдин.
Солиҳлик йўли машаққат, ҳар қадамда бало, офат,
Наврўзим қор босиб қолди, қиш кулгайми баҳоримдин.
Машраб умри ўтган эди, Ҳўтан даштида қон ютиб,
Шуаро тақдири мазлум, самар борми ашъоримдин.
Башоратга йўймоқ гуноҳ, шоир сўзи тақдиридир,
Нодира аҳволи аён, ҳоли-ла эл диёримдин.
Адашган кимсадек Фурқат, биёбонларда қаҳшайди,
Ҳурликни топмади аммо, олди жой эрк туморимдин.
Кишанларни парчалай деб, кеча-кундуз қон ютиб,
Эл ори Чўлпони бўлди, айирма Ҳақ бу оримдин.
Мен ҳам Усмон Носир каби, бу боғ ичра ҳазон япроқ,
Эзгу наво таралади, маҳзун дилим ва торимдин.
Дада Зафар мазлум шоир, ҳидоятдан йўлим топгум,
Айирмагин Ватанимдин, шу тупроғу мозоримдин.
ДУНЁГА СИҒМАМДИР
Ажаб Мажнундирман ҳар дашту саҳрога сиғмамдир
Дилим дарёи нурдир, мавж уриб ,дунёга сиғмамдир.
МАШРАБ
Машраб каби на осмон , на еру, рўёга сиғмамдир,
Юрт кезиб оқар уммон, мавж уриб, дунёга сиғмамдир.
Шеъримда усул сақли мумтане, хар жумлам-хақиқат,
Ҳар ким идрок этсада, аммо шуарога сиғмамдир.
Тирик солиҳни билмай, ўлгач у, дерлар азиз бўлди,
Мазлум этганлар гар азиз тутса риёга сиғмамдир.
Мен ким гоҳи ўзбекман, мўмину, имони бор инсон,
Борлигим нур наслидан, лек зиму зиёга сиғмамдир.
Дада Зафар мискинман, эл каби, кун кўрарман аста,
Чайқалсам тўфон бўлиб, на дарё, дунёга сиғмамдир.
ИШҚ ЎТИ
Севмоқ бор, севилмоқ бор, бу дард бизга бегонамас,
Ошиқлар ҳижронда зор, гар ёнмаса парвонамас.
Тунлари ойга боқиб, нурларидан арғумчоқ ясар,
Юлдуздай ёниб учса, фалак дарди афсонамас.
Тоҳир- Зуҳра қиссаси фожиали якун топди,
Ишқ йўлида жон бермаган, чин ошиқу девонамас.
Қани Кумуш ва Отабек, қани Анвар билан Раъно,
Қодирий каби ҳеч ким,эл ичра мастонамас.
Навоийдан келур наво, ўз қиссаси назмида жо,
Лайли-Мажнун воқифи, достон учун баҳонамас.
Дада Зафар ишқ васфин айтмоққа журъатинг борми,
Ишқ ўтида хоки қолган, билинг фақат парвонамас.
Дадахон ЁҚУБОВ