МУТОЛААДАН СЎНГ
Субҳидамда уйғонибман Навоийнинг навосидан, Сипқорурман мудом энди кўҳи маъни ҳавосидан.
Каҳкашонми эрди матлаб, юлдузлардан ўтдим ҳатлаб,
Юксалибди руҳим, ажаб, Ҳақиқатнинг сафосидан.
Адам дашти, алам тоғи роҳимда дуч келар гоҳи,
Ювилгуси кўнгил доғи ҳазратнинг бир дуосидан.
Париваш домига тушдим, жудо ўлдим эсу ҳушдин,
Вале, зинҳор йўқ илинжим ишқ дардининг шифосидан.
Манам банда бордир хато, қутулмоқлик чин муддао,
Не тонг, алар бўлур адо маърифатнинг зиёсидан.
Ҳама шайх ҳам масиҳнафас, ризо истаб боргим келмас,
Ўзгаси ҳеч даркор эмас улуғ пирнинг ризосидан.
Сирожиддин, гар бенаво ўтсанг оҳинг тинмас асло,
Фано умринг бўлур бақо асл ҳикмат садосидан.
Сирожиддин РАУФ - "Шарқ юлдузи" ва "Звезда Востока" журналларининг Бош муҳаррири, шоир.
Аҳмад Тўра фотоси.