Хуршидбону Нотавон
Хуршидбону Нотавон (1832,06.08. Шуша — 1897,02.10) мусиқа ва шеърият гулшани Шушада, зиёли оилада дунёга келди. У Қорабоғ ҳокими Иброҳимхоннинг набираси, Маҳдиқулихон аввал(I)нинг қизидир (Маҳдиқулихон соний (II) эса шоиранинг ўғлидир). Бибилари Гавҳар оға, Оғабегим оға (Эрон ҳукмдори Фаталишоҳнинг биринчи аёли) “Оғабажи” тахаллуси билан ғазаллар битган. Қизи Хонбика, ўғли Маҳдиқулихон “Вафо» тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Нотавоннинг асл насаб-сулоласидан шоирлар кўп чиққан. У Нотавон, Хонқизи тахаллуслари билан элга машҳур бўлган, “Мажлиси-унс” шоиралар анжуманининг фаол ташкилотчиси бўлиб, уни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Бу анжуманда шоирлар, машшоқлар, навозандалар иштирок этар, Низомий, Навоий, Фузулий ғазаллари хусусида музокаралар ўтказилар, уларга назиралар бағишпанарди, мажлис аҳлининг ижоди ҳам муҳокама этилиб, баҳоланарди. У нафақат шоира, балки моҳир наққош ҳам бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Шушага сув келтирилган, ўша булоқ бугун ҳам “Хонқизи булоғи” деб аталади.
Шоира ҳақидаги маълумотлар навоийшунос олима, филология фанлари доктори, ўзбек адабиётининг муҳиби ва тарғиботчиси Жаннатхоним Нағиеванинг “Ўтли созлар, оташин сўзлар” мақоласидан олинди.
Ойдин Ҳожиева таржимаси
* * *
Ўзини ишқ оловига уриб дилшод парвона,
Ажаб бир бора ёнмоқдан ўлур озод, парвона.
Ҳар оқшом кўрди мажлисдаки, шамъ ағёрга ёрдур,
Шу важдан касби сўзонлик қилур бунёд парвона.
Сенга эй шамъ, маломат қилдилар маъшуқ олдинда,
Агарчи хирмани умринг бўлур барбод, парвона!
Дема, маъшуқа бепарво, у шамъга юз маломатдан
Узиб жон тасбеҳ янглиғ, вафодан шод парвона.
Билиб шамнинг вафосин, жисму жонин ўт аро отди,
Ғами ҳижрон дами вуслатда этди ёд парвона.
Жафои ҳажридан жонга етиб, шавқи висол бирла
Эриб шамъ гулханида, этмади фарёд парвона.
Ёнар чун Нотавон хаста мудом ишқнинг оловида,
Сабур ўл, айла одат шеваи устод, парвона!
* * *
Бу дардим билгувчи йўқдир бу ҳолатда, бу ҳолатда,
Дилимда ҳасратим кўпдир бу фурқатда, бу фурқатда.
Нечун аҳволими билмас, у моҳи меҳрибон келмас,
Нечун додимга эврилмас бу муддатда, бу муддатда.
Кетубдир тоқатим тиздан, тамом сўнди зиё кўзда,
Нечун кўнгил узур биздан бу ғурбатда, бу ғурбатда!
Дегил ёри вафодора, лутф этмасин у ағёра,
Карам қилсин мани зора бу хиффатда, бу хиффатда!
Йиқарман чархи осмонни, бузарман еру вайронни,
Йўлига тикмишам жонни, бу меҳнатда, бу меҳнатда.
Кўзимда интизорим бор, дилимда изтиробим бор,
Рақиблар ёр, мен ағёр бу ғафлатда, бу ғафлатда.
Ватандин мосуво бўлдим, сўроғингда адо бўлдим,
Ширин жоним увол бўлди бу ҳасратда, бу ҳасратда.
Мени ташлаб фироқингда, ҳамшиа иштиёқингда,
Умрнинг шоми чоғинда бу усратда, бу усратда.
Адашдим ҳажр тоғинда, букилдим ғам ётоғинда,
Хаёл ҳуснинг сўроғинда бу соатда, бу соатда.
Ҳушим ул ёр ила кетмиш, юрагим ишқ ўти олмиш,
Вужуд ҳам Нотавон қолмиш бу зиллатда, бу зиллатда.
* * *
Кўнгил қонин кўзумдан новаки ғамзанг равон айлар,
Масалдур мардум ичра: «Маст ўлан албатта қон айлар!»
Кўнгил, билким, у чашми маст ўлуб асло хато этмас,
Сира йўҳ шубҳа гар қон этмак ўлса, қонга-қон айлар.
Агар қошу кўзинг қаҳр айласа, эй, моҳи нав, бир дам
Кўнгулда фитналар пайдо бўлур, ҳар дам фиғон айлар.
Ниҳоний боқмоғингдан изтироби кўнглум афзундур,
На жодудирки, ҳар он кашфи асрори ниҳон айлар?
Учиб мурғи дилим қўнмиш сари зулфи паришона,
Бало сарманзилинда, кўр, на ғофил ошён айлар?
Юзинг гирдида зулфинг куфра менгзар, тутди имонни,
Харам аҳлини ким бундоқ ганжга посбон айлар?
Сабо зулфинг насимин гар таратса водийи Чинга,
Хўтан саҳросини мушкин этиб, анбарфишон айлар.
Рақибим кўрмасин бир қатра, ё раб, жоми ишратдан,
Ки, мандин бесабаб ул масту шўхи саргарон айлар.
Дегайлар: дарди ишқинг одам ўлдирмас, бу кўп создур
Ва лекин амр айлар, мен каби зор Нотавон айлар!
* * *
Шўри ишқинг бошима охийри савдо келтирар,
Бу мушаххасдики, ишҳ ошиҳҳа ғавғо келтирар.
Тори зулфингдур мени бўйла гирифтор айлаган,
Неки келса бошима, зулфи мутарро келтирар.
Қошу кўз, новакларинг чун фитнакашлар бир бўлиб,
Ўқ отиб, тиғлар чекиб, ҳар бири даъво келтирар.
Гул юзинг кўрмак агар мумкин ўлурди бир нафас,
Ҳар сафар кўрмак уни нури мужалло келтирар.
Кўнглими ғорат этур ончаки зулфинг торлари,
Румга мисли ҳабаши лашкари яғмо келтирар.
Васлидан ўзга мурод йўқ борса ошиқ кўйига,
Билки, Мажнунни биёбон меҳри Лайло келтирар.
Ўйлама, Юсуфни Ёқуб юзини такрор кўрар,
Кўз боғлаб кирса бозорга, Зулайҳо келтирар.
Миср бозорида Юсуфни Зулайҳо олди нақд,
Нақди жон ошиқ учун қўлда муҳайё келтирар.
Сидқи қалб бирлан нисор этмиш эдинг жон нақдини,
Нотавон бул кун хабар: қатлингга фармо келтирар.
* * *
Саҳаргоҳ ногаҳон кўрдим дили зорим ниҳон йиғлар,
Сиришки ол ила ҳар дам чекар оҳу фиғон,йиғлар.
Савол бердим: не боисдур фалакка етди афғонинг,
Тўкар хуни жигар чашминг, оқар ҳар ён равон, йиғлар?
Кўнгил огоҳ ўлуб мендан, деди: — Боди сабодан сўр!
Саросима қолиб ошиқ, чекар оҳ, алъамон йиғлар.
Сабодин сўрдим аҳволиники, эй ҳар недан огоҳ,
Не воқедур, куни қора бўлиб дил нотавон йиғлар?
Мудом боди сабо, кўрдим, басе дилгиру нолондур,
Такаллум йўқ баён этса, қолибдур безабон, йиғлар!
Тутилмиш нутқи гуфтори, деди: — эй, Нотавон хаста,
Нечук шарҳ айлайин ҳолимки, жумла инсу жон йиғлар!
* * *
Кезардим боғу гулшанни, паришон ҳол ила, кўрдим:
Уриб боди хазон, сарвин қуритмиш, боғбон йиғлар.
Тилим танглайда қотдию тараҳҳум этдим аҳволи,
Кўзимга тор ўлиб дунё, дамодам жисму жон йиғлар.
Фалак тўфони синдурса агарда гул бутоғини,
Ки, пайхон ўлса гул барги, этар булбул фиғон, йиғлар!
Сарғарди равнақи гулшан, ўчибдур зийнати боғнинг,
Кетиб тобу тароватдан, гул йиғлар, гулситон йиғлар.
Йиқилса чарх тоқидан, бўлурса даҳри дун вайрон,
Башар тоқат топур қайдан, замину осмон йиғлар!
Илоҳи кўрмасин кўзлар, ёмон кундир бало кунлар,
Ғаму кулфат жафосидин жаме пиру жувон йиғлар.
Ададсиздир ғамим, шарҳин баён этмоқ эмас мумкин,
Ёз эй, муставфаи аълам, мудом аҳли жаҳон йиғлар!
* * *
Эй, гули савсан, сени бир нотавон узмиш магар,
Бир маҳи олий мақома бандивон узмиш магар?
Субҳи содиқда кириб ким бу қасрга беизн,
Тарсаки солмиш юзига боғбон, кезмиш магар!
Чунки бу гулшанда саргардон кезган беҳисоб,
Шул сабабким посбонлар хуш нишон тизмиш магар?
Рангу бўйингдан музайяндир бисоти базми гул,
Хомайи наққоши қудрат гулситон чизмиш магар?
Бу қадар лутфу назокатким санинг ҳуснингдадир,
Шавқу илҳом бирла васфинг Нотавон ёзмиш магар!
* * *
Кажравишдир бу даврон, афсус,
Бевафодур жаҳону жон, афсус!
Не ёмон доғ экан фарзанд доғи,
Бошима тушди имтиҳон, афсус.
Кўзим қолди йўлида қон йиғлаб,
Бўлди ул мардуминг ниҳон, афсус.
Номеҳрибон ўлди ул менга,
Бўлди хок ила меҳрибон, афсус.
Кўзим нури, эй ҳосили жоним,
Чекарман сенсиз алъамон, афсус.
Сени лаб ташна ёд қилганимда,
Кўзим ёши жўйдек равон, афсус.
Йиқилди сарв қаддинг ер парчин,
Сенга тол бўлди соябон, афсус!
Иззату жоҳу давлат ичра сени
Кўрмадим асло комрон, афсус.
Хижил сендин умед, орзу, ҳаваслар,
Бўлмадинг ҳеч шодумон, афсус.
Сени оғушлади муздай қаро ер,
Менинг куйди дилимда қон, афсус.
Ажал юлди анинг тар ғунчасини,
Қолди саргашта Нотавон, афсус.
* * *
Яна, ёраб, не ғамгиндур маним бу шод ўлан кўнглум,
Рамузи ишқдан огоҳ ўлуб, устод ўлан кўнглум.
Кўрибдур: ёри ағёра бўлубдур маҳву наззора,
Қилибдур кўксини пора маним обод ўлан кўнглим.
Нечунки ваъдани буздинг, нечун занжирни уздинг,
Не важдан дашт аро кездинг, маним барбод ўлан кўнглум!
Фироқинг рўзи маҳшардур, саросар меҳнату ғамдур,
Қаро зулфингдек дарҳам*дур маним озод ўлан кўнглум.
Боқҳинг бу Нотавон зора, куни бахти каби қора,
Кезар Мажнундек овора маним ношод ўлан кўнглум!
* * *
Бўлмишам даҳри бало ичра бу кун девона ман,
Бормадим майхонага, синдирмадим паймона ман.
Ваъдалардан кечмадим, аҳду қасамни бузмадим,
Шул сабаб, номеҳрибоним, бўлмишам афсона ман.
Тарки гулзор этмишам, булбул каби мен, эй рақиб,
Оқибат бир гўша ичра келмишам афғона ман.
Ишқ рухсоринда бир дам васли-ла шод бўлмадим,
Тўрт тараф қиблам бўлиб, тушдим ажаб ҳижрона ман.
Ғам юкин чекмакдин, эй дил, бир дам озод бўлмадим,
Гарчи жаҳд этдим, на ҳосил, етмадим жонона ман.
Тушларимда сен келибсан кулбаи эҳзонима,
Ул замон назр айладим жону дилим қурбона ман.
Кўрмагим душвордир, биллоҳ сениким, эй рақиб,
Зулфига боғлиқ дилим, қўйгил, тушай зиндона ман.
Давру даврон тескари айланди, кома етмадим,
Душманимдир билмасам ким, нетмишам даврона ман?
Бору йўғимдан қолон ёлғизгина жоним эди,
Нотавон, охир дедим: сарф айлайин меҳмона ман!
1 Д а р ҳ а м — чигал.
Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,№ 3, 2013 йил, март.