СИЛСИЛА
ҚАЛАМГА
Қалам, нега жимсан, нега безовта,
Маълул қиёфангга тушунмадим мен.
Шу кичик жуссангга оғирми келди,-
Қалбимнинг ўти-ю замона юки.
Гомер йиғисига қўшилиб баъзан,
Шарқу Ғарб кезасан билмай масофа.
Барча баҳсларда ғолиб чиқасан,
Чунки дониш кетар, қолар фалсафа.
Кийик терисига битилган тарих,
Ё Занжирсаройда қолган тевасан.
Сен ўз соҳибига бўлган муаррих,-
Қурбон бўлганларни севасан.
Балки хилхонангда энг гўзал битик -
Халқларга битилган эркнинг қоғози.
Сокин қитирлашинг кетади босиб,
Тинч элларни бузган террор овозин.
Сенсиз кўтарилмас ғалаба туғи,
Жаллод қўлидаги ойболталар ҳам.
Истасанг оламнинг халқлари бутун
Битта табассуминг ила мустаҳкам.
Биламан, жигаринг таҳбатаҳ қондир,
Мўмин Мирзоларнинг ўлими учун.
Баъзан хавотиринг ёлғиз имкондир,-
Олмоқ бўласан сен мазлумлар ўчин.
Темур боғларининг тарҳини чизган
Меъморнинг поёнсиз хаёли бўлдинг.
Шу нозик қад ила узун кечалар
Қодирий, Ойбекнинг қўлида кулдинг.
Шодмидинг, илҳомга тўлиқмидинг,айт,-
Навоий сўз билан берганда сайқал.
Мен ҳам далаларда шўр тўпроқ кечган
"Ўзбегимга Сўз-ла қўйсам бир ҳайкал."..
Қаламим, бурчакда ётма энди жим,-
Чунки юрагимга Элим кўз солган!
Сўйла, мен кимларнинг боласи эдим,-
Улар Қалам билан дунёни олган!
Соат аниқлиги, фикрат кенглиги,
Бахтнинг сибизғаси уйқунгни бузсин.
Қаламим учида турган авлодим,
Кимсан, жамолингни айла тажассум!...
18.04.2005 йил.
****
Байрамлар кўчамда ўтмай ҳам қўйган,
Энди дил сендан сўз кутмай ҳам қўйган,
Эртакда экан-ку ёрилтошлари,
Ҳозир тош ҳеч кимни ютмай ҳам қўйган.
Баҳорда куртакдай кетгайман яшнаб,
Кузда япроқ каби бўлгайман хазон.
Қанийди шу тошлар ютсайди мени,
Қадрсиз бўлмасдим балки ҳеч қачон.
Ҳозирча... Заминда борман,омонман,
Ким учун бахтману ёлғиз имконман.
Сенга ёқмаса ҳам шу мавжудлигим
Ўзимча кимгадир таянч-осмонман.
Осмон-чи булутсиз бўлмайди асло,
Кезади дарбадар унда ҳам ҳам чақин.
Бу чақин сени ҳам этгай мубтало
Менинг кўчамда ҳам байрамлар яқин...
14.09.2005 йил
СИЛСИЛА
Менинг имконимда “Вақт “сўзи нима,–
Сафо тоғларида Одам фироғи.
Ҳаво йиғлаганда очилган гуллар,
Сенинг ҳуснингга ўч бу қадим йиллар.
Қиличлар чанггидан сарғайган ўтлар,
Жўжи қалпоғида қолиб кетган вақт,
Мақбаралар узра серажин тутлар–
Излар бари ўзин бўлса ҳам карахт.
Дунё ўзлигини кутади тонгдай,
Отлар дупуридан ҳайрон қабрлар.
Македон қўлига кирган тикондай,
Ҳикмат ахтармишдир бунда ҳар нелар.
Тўлқинлар қирғоқда ёзади тарих,
Оқчарлоқ патида ўйнайди нурлар.
Кавраклар ҳидига чўмилар борлиқ,
Пастда, ҳув узоқда дўнглар, ўнгурлар.
Қумларда сингийди бургут сояси,
Товланар боболар сув ичган булоқ.
Биламан,йилларга сиз ҳамсоясиз,
Борлиқда мавжудсиз мендан ҳам кўпроқ.
Коинот юзига сепар лаҳзани,
ерни туртиб чиқар қайдадир данак.
Мисли чаманларни этади орзу,
Гулнинг мевалари тўкилган йўлак.
Гил-қумга, қум –тошга, харсанг-чўққига,–
Ҳар не айланади моҳиятига.
Исмсиз дард каби дилда силқиган
Ҳеч ким тушунмас ўз хосиятига.
Мисоли сир каби туғилар инсон,
Ва буюк сир бўлиб кетар беармон.
Энг узун дақиқа, сониялар жам–
Ғалабага бир дам етмайди ҳамон!...
Вақт кетар аразлаб,биздан юксалиб,
Йўқ, умас, ўзимиз шайланаяпмиз.
Ё достон ё эртак,
ё унутилиб,
Азизим, тарихга айланаяпмиз!...
Гуландом ТОҒАЕВА
2006 йил