СОҲИБҚИРОН


Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд топган кунига бағишланади. 
Сирожиддин РАУФ

СОҲИБҚИРОН

Харобот аҳлига Сен нажот бўлдинг, 
Жавонмард йўлдоши – Соҳибқироним!
Эркталаб ўйларга нур, ҳаёт бўлдинг, 
Ботирлар қўлдоши – Соҳибқироним!

Ғайратинг, қудратинг азмингда зоҳир, 
Адолат туғини тутган баҳодир, 
Қайғу-алам ариб, тинди-ку, охир, 
Мазлумлар кўзёши, Соҳибқироним!

Истибдод, жаҳолат занжирин узган, 
Ўтмиш салафлардан мардона ўзган, 
Ибрати мангулик "Тузук”лар тузган 
Салтанат қуёши – Соҳибқироним!

Арслонкелбатли бу қадим Турон 
Ғафлат уйқусидан уйғонган замон, 
Амрингга бўйсунди неча шоҳ, султон, 
Неча юрт, элбоши, Соҳибқироним!

Пойингда ястанди дунё дафъатан, 
Садқа бўлса арзир унга жон ва тан, 
Хаёлингда лекин жонажон Ватан 
Ҳар гиёҳ, ҳар тоши, Соҳибқироним!

Довруғи оламни этди сарбаланд - 
Ҳунарлар соҳиби Фарҳодга монанд,
Заминнинг сайқали пойтахт Самарканд
Меъмору наққоши, Соҳибқироним!

Манзилу маконлар бўлиб гулистон, 
Мақбара, саройлар тикланди шоён.
Обод бўлди юртнинг шаҳри Туркистон, 
Кеши бирла Шоши, Соҳибқироним!

Жаҳоний муаммо ечилмай, илло, 
Осойиш топмади бу кўҳна дунё.
Бизга хавф солмоқда, деди Оврупо, 
Қайсар Рум Бебоши, Соҳибқироним!

Қудратли тўлқиндай қўзғолди қўшин,
«Куч - адолатда!” деб тўлғонди очун.
Шу жангда эртасин кўриб Чин Мочин 
Ногоҳ қотди боши, Соҳибқироним!

Бандасин тадбири мудом муаллақ, 
Яратганнинг тақдир, қазо ҳукми ҳақ!
Улуғ мақсадларга айлади илҳақ 
Тожу тахт талоши, Соҳибқироним!

Қоқигул баргидай тўзғимас давлат, 
Метин қоя каби ростлагайдир қад, 
Асли, илму урфон бирла маърифат 
Бўлса тамал тоши, Соҳибқироним!

Гарчи, холисликни хуш кўрар тарих, 
Замона зайлига боқиб, водариғ, 
Ўтмишга тош отди сохта муаррих 
Чимирилиб қоши, Соҳибқироним!

Бўҳтоннинг аҳволин кўринг, бир зумлик, 
Филлик даъво қилган пашша хартумлик, 
Йўқликка юз тутди ёлғон тузумдек, 
Етмади бардоши, Соҳибқироним!

Бугун кимлигимиз билади башар, 
Истиклол нуридан кўзлар қамашар.
Бу фахр-ифтихор тоабад яшар -
Бўлмагай одоши, Соҳибқироним!

Сенгадир эҳтиром, салом бизларнинг, 
Кўзларга тўтиё энди изларинг, 
Келажаги буюк ўғил-қизларнинг 
Буюк Ватандоши - Соҳибқироним!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот