Қадим юрт бўлди вайрон


Шу лаҳзада, шу онда,
Тебраниб турар жаҳон.
Қай бир юрт ўт ичида,
Қай бири бўлмиш вайрон.

Шу лаҳзада, шу онда,
Қайдадир тошар уммон.
Қай тоғда гиёҳ унмас,
Кўксин куйдирар вулқон.

Шу лаҳзада, шу онда,
Кўкка отилмиш пайкон.
Шум сайёднинг қасдидан,
Бургут қулар чалажон.

Шу лаҳзада, шу онда,
Она йиғлар, бағри қон.
Мажолсиз боласига,
Тополмас бир бурда нон.

Шу лаҳзада, шу онда,
Беватан қанча инсон.
Хунрезлик ва жаҳолат
Пойида бўлмиш қурбон.

Шу лаҳзада, шу онда,
Кимдир бемор, безабон.
Кимдир молу дунё деб,
Элидан тонди осон.

Шу лаҳзада, шу онда,
Теграмиз тўкис қўрғон.
Дуо қилиб момолар,
Ҳовлига экар райҳон.

Кўз тегмасин бу бахтга,
Шукр қилинг, қадрдон.
Осмони мусаффо юрт –
Тинч бўлсин ота макон.

   Муаллиф: Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.
   Актриса, режиссёр ва сухандон – Насибахоним ИСМОИЛОВА ижросида ўқилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот