Юрагининг тафтида...
Менинг онам қаҳрамон,Меҳнатининг номи йўқ.
Сўзидан гавҳар томар,
Тонги бор-у, шоми йўқ.
Менинг онам паҳлавон,
Тоғ сиғади кифтига.
Ҳатто қумғон қайнайди
Юрагининг тафтига.
Онамнинг кўкси қалқон,
Тешолмайди ғам ўқи.
Оҳ, деса куйиб кетар
Лаҳзада еру кўки.
Онамда бор қирқта жон,
Тилинган юз бўлакка.
Улашар оби ҳаёт,
Ўхшайди чархпалакка.
Онамнинг йўли иймон,
Танитди оқ- қорани.
Улғайтирди ўргилиб
Мендай дили порани.
Онам дўстдир, қадрдон,
Ҳар коримга яраган.
Мен ношудга тонгларда
Шоирликни тилаган.
Менинг онам паҳлавон...
Мунаввара УСМОНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
«Саодат» журнали Бош муҳаррири, шоира.