Расмия Собирга табрик
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Иқтисодиёт университети ходими, Иқтисод фанлари доктори, Халқаро ёш туркий тиллар адиблари уюшмасининг Бош котиби, Озарбайжон элининг гўзал шоираси - Расмия Собирни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз.
Расмияга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Расмия Собир (Абдуллаева Расмия Собир қизи - Озарбайжончада Resmiyye Sabir) 1973 йилнинг 5 Октябрь куни Озарбойжонда туғилган.
1990-1995 йиллар Муҳандис-қурилиш университети (ҳозирда Озарбайжон меъморлик-қурилиш университети)да муҳандис-иқтисодчи мутахассислиги бўйича таҳсил олган.
Озарбайжон замонавий шеъриятида ўз ўрни ва ўз сўзига эга, таниқли шоиралардан бири.
2000 йилда Туркияда ўтказилган Халқаро Фузулий мукофоти бўйича шеърият йўналишида 1-ўринни олган.
2006-2008 йилларда Озарбайжон Ёш олимлар иттифоқи раиси лавозимида ҳам ишлаган. 2006 йилдан эътиборан
Озарбойжон Миллий фанлар академиясининг Олимлар кенгаши аъзоси.
Юздан ортиқ шеърлари Озарбайжон хонандалари томонидан қўшиқ қилинган. 2002 йилда унинг шеърлари асосида куйланган қўшиқлар тўплами "Сени изладим" деб номланган аудиоальбомда чиқарилган.
Озарбайжонда 110 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи.
Шеърлари ва илмий асарлари озарбайжон, ўзбек, инглиз, турк, рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. Унинг ижодидан намуналар ўзбек тилида илк маротаба Севинч Норқобилова томонидан таржима қилинган.
Шунингдек, 7 монография, 1 та дарслик муаллифи ҳамдир.
Озарбайжон ва хорижий (ХХР, Туркия, Россия, Руминия, Венгрия, Қозоғистон, Белорусссия ва бошқа) мамлакатларда илмий анжуманларда иштирок этган.
Расмия Собир “Қамалган сукунат”, “Рангсиз кўз ёшлар”, “Унутдинг мени”, “Соҳилсиз одам” номли шеърий китоблар муаллифи.
2018 йилда “Мулла Поноҳ Воқиф” медали билан тақдирланган.
СУВЛАР КЎЗИМДА ТИН ОЛАР
УЙҚУДАДИР
Бу дунёдан оқиб кетган,
Сувлар кўзимда тин олар.
Чертма қалбимнинг эшигин,
Ётган умидлар уйғонар.
Уйғониб қолар тилаклар,
Севги сендан олар ўчин.
Муҳаббат ғам денгизидир,
Истакларим оч балиқчи*.
Ташқарида шамол эсар,
Гулу чечак қўрқувдадир.
Бу ҳаётда кўрганларим -
Ҳамма нарса уйқудадир...
АЁЛ ҚЎЛЛАРИ
Ўхшар ҳар баҳорда
Дарахтда бўртган япроққа
Аёл қўллари.
Ғиж-ғиж гуллар
Япроқ ёзар
Ва тўкилар тупроққа.
Ер юзининг айбларин беркитар
Аёл қўллари.
Тўкилар тупроқнинг юзига,
Бу ҳолдан ёйилиб кулади тупроқ.
Ҳар баҳор инсонларнинг соддалигидан
Кулиб юборади тоғ.
БИР НУҚТАДА
Бир нуқтада бирлашади
Ҳамма нарса -
Бори орзу,
Бор хаёллар,
Бори севги.
Шу бир нуқта энг сўнгги бекат,
Истасанг, қишлоққа бор,
Ё истасанг, ерга бот.
Бир нуқтадан бошланиб,
Бир нуқтада битажак ҳаёт.
ҲЕЧ НАРСА
Ҳеч бир нарса қилмаслик керак,
На севмоқлик,
На нафрат этмоқ.
Ҳеч бир нарса қилмаслик керак,
На ёд этмоқ
Ва на унутмоқ.
Ҳеч бир нарса қилмаслик керак,
На яшамоқ
Ва яна ўлмоқ.
Фақат ёлғиз кўкка узаниб,
Сайр этмоқ
Ва яна керак...
Соғинмоқ,
Соғинмоқ,
Соғинмоқ...
ОҒОЧ ПАРЧАСИ
Иккимизни ҳам ёндирар
Севги отли бир ўчоқ.
Менинг дардкашим ўтиндир,
Сен оғоч каби ёндинг.
Мен эса одам каби.
Тутунда ҳам руҳимиз бирга,
“Олов ва сув бирлашган каби.”
Кул қолмоқда сендан бир ҳовуч,
Мендан эса бир ҳовуч тупроқ.
Гўзал ёндик қайси биримиз,
Эй оғочнинг митти парчаси?
Озарбайжон тилидан
Севинч НОРҚОБИЛОВА таржималари.
*Чағалай қушлари
БИЗНИНГ ОРАМИЗДА МИНГ ЙИЛЛИК ЙЎЛ БОР
Бизнинг орамизда минг йиллик йўл бор,
Ўзимга яқинсан мандан, Худойим.
Ҳам дарду азобли дунё бердинг сан,
Руҳим гўзал қилдинг тандан, Худойим!
Ғам яқин дўстимдир, азоб – севгилим,
Сўз-ла тўғраламан, оҳ, тилим-тилим,
Ердан оёқларим узилиб, қўлим
Осилгум самога сандан, Худойим!
Йўлимни кўклардан ерга дўндирдим,
Ҳар айтган сўзингни дурга дўндирдим,
Мен сени милёндан бирга дўндирдим,
Сен мени айирдинг мингдан, Худойим!
Бироз кеч англадим, бироз эртадан,
Ҳаттоки сабримдан юрагим улкан,
Сенга то кўксимдан йўллар бор экан,
Кўприк нега лозим диндан, Худойим?!
ИЛОҲИЙ СЕВГИ
Мен сўлган чечакларнинг,
Ғамгин капалакларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Мен қақраган кўлларнинг,
Ярим қолган дилларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Азоб туққан онларнинг,
Кимсасиз оқшомларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Мен сувсиз саҳроларнинг,
Эриётган қорларнинг,
Ўлими-чун йиғладим.
Онажоним, сен эса
менинг кўзёшларим деб...
Йиғладим...
Онажон, йиғладим...
Ёмғирнинг кўз ёши-ла,
Ғам ели бебоши-ла,
Чақмоқ ғазаб тоши-ла,
Йиғладим...
Юрагим ҳайқириғи билан!
Сен эса, фақат сен, кўзёшларим дея йиғладинг, Онам!
МЕН ЙИҒЛАЙМАН, БУЛУТ ЙИҒЛАР
Миллатим Турк, тарих гули,
Ҳақ йўлидир Туркнинг йўли,
Ғурбатда қолган Мосулу,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Ҳар тошингда ўтмиш изи,
Айрилиқ чарчатди бизни,
Бокудан то, ҳув Табризи,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Ҳеч битмади тупроқ заҳрим,
Ёниб, кулга дўнди бағрим,
Йўлим кутар Қорабоғим,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Юрагимда Турон куйи,
Ҳасратида куйсин уйим,
Ўтлар ичинда Каркуйи,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Туркнинг юрти Боқчасарой,
Байроғимда юлдузли ой,
Турон дея чекдим оҳ-вой,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Ҳеч сўрама Ҳон Аразни,
Азобимда қора ёзув,
Оҳим ёндиражак созни,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
Эй, гардуни-дун сен кет деб,
Биздан олдинг кўп йигит деб,
Тупроқдаги ҳар шаҳид деб,
Мен йиғлайман, булут йиғлар...
БОЛА НИГОҲИДАГИ АЗОБ
Ҳар нарса янгидир,
Нигоҳингда ғам,
Яшаш ташвишларинг қилади талқин,
Дунёнинг турфа ҳил ранглари билан.
Термулган заҳотинг,
Изтиробнинг оташларида,
киприк қоқмай қарарсан кўкка.
Сўнгра бор севинчинг,
Ҳайратинг ҳам оташлар мисол,
Бир зумда ер билан бир бўлар, тамом.
Ғунчалар кулгусин йўқотар шунда,
Дарахтлар йиғлашни бошлайди бирдан,
Кўзёшлари
хазон каби тўкилажакдир...
Шамоллар дунёни тўлдириб
Эсажакдирлар...
Сен-чи...
Сониялар ичра ғолибдай
Ўзингни излашга тушдингми, болам?
Бу аввалнинг поёни демак...
Озар тилидан Раҳмат БОБОЖОН ўгирди.