МАЙМУНИЯТ


М А Й М У Н И Я Т

Туриб-туриб маймун бир кун
Бошин қашлади
Ва маймуний режаларин
Туза бошлади.
Деди: – Шукур, ўлиб кетмиш
Гулханий бобо,
Демак бизнинг давримиз ҳам
Келмиш мутлақо.
Крилов ҳам марҳум эмиш
Аллақачонлар,
Ўзимизга қолган демак
Энди замонлар.
Не қилсак ҳам қўлимизда
Инон ихтиёр,
Бизнинг йўлни тўсолгувчи
Энди ким ҳам бор?
Шундоқ дея маймун ширин
Ўйларга борди,
Сўнг таваккал шоирликни
Бошлаб юборди.
Маймунона фикрлардан
Назм тизди у,
Ўрмон бўйлаб кеча-кундуз
Изғиб кезди у.
Қарасаки ишлар тузук,
Илҳомлар равон.
Мушугини пишт демайди
Бирорта ҳайвон.
Сийланди у, ибрат учун
Унвон берилди.
Маймун эса керилгандан
Энди керилди.
Ҳайвон зотин менсимайин
Қўйди у буткул,
Биз маймунлар, деб бошларди
Нутқини нуқул.
Лабларида камтарона
Бир мамнуният.
Дерди: – Олам гултожимиз
Биз маймуният.
Оҳ, инсонлар! Қилолмасман
Уларга тоқат!
Шу борада маймун чора
Изларди фақат.
Охир ўйлаб маймун топди
Шундоқ нақлни:
Инсонларнинг орасида
Дарвин ақлли!
Тониб кўринг! Улуғ олим
Бизни алқаган,
Гулханий ҳам, Крилов ҳам
Биздан тарқаган. 

Абдулла ОРИПОВ
1986 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот