АРСЛОН ва МАЙМУН


(масал)

Қайдан пайдо бўлиб ўрмонда бир чоҳ,
Унга тушиб кетди арслон баногоҳ.
Сакрабу, тирмашиб, чекиб машаққат,
Чуқурдан чиқолмай бўлди кўп диққат.

Ўра тепасида, аксига олиб,
Дарахтда бир маймун кўрди-ку қолиб.
Худо берди унга, қўрқоқ, тасқара,
Тез қила бошлади шерни масхара.

- Ҳолинг шу эканми, қалайсан, мушук?!
Жойингни топибсан сен энди, шумшук.
Қайда қолди зўринг, қайда дўқ, наъранг,
Бунинг аҳволига, халойиқ, қаранг...

Берилиб ғафлатнинг шуму, мавжига,
Мазахни чиқарди роса авжига.
Бир пайт синиб кетиб у ўтирган шох,
Макони бўлди-ку арслон тушган чоҳ.

Ўзин кўриб ногоҳ шернинг пойида,
Маймун янги нағма бошлар жойида:
- Шоҳим, ишонсангиз, айтай чин сўзим,
Узр сўрагани тушдим мен ўзим!

БОБУР БОБОМУРОД
2020.17.6. 06:50.
Бухоро.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот