Навоийга нома...


Навоийга нома...

Оппоқ тонглар эшигин очиб борар оппоқ шам,
Осмонга оят ёзар Нурли Илоҳий Қалам.
-Навоийдан бир Сўз айт, токи уйғонсин олам,
Ухлаётган дилларни Сўзлар уйғотар, болам!
Айтгил: "Сиз элнинг шони, фитрати Навоийсиз,
Сўз мулкининг султони Ҳазрати Навоийсиз!

Сизким,
Ул Низомиддин Мир Алишер ...ҳам Фоний,
Ҳам Туркийда яктосиз, ҳам форсийда шер лисоний,
"Кўнгилларнинг севгани" – "Хазойин -ул маоний",
Малак кифтида олий, фалак кафтида оний,
Юрт қалбининг уммони, ҳайбати Навоийсиз..

"Бадое ул-бидоя" – ёшлик айёмида Ишқ,
"Наводир ун ниҳоя" – умрнинг шомида Ишқ ,
"Насойим ул-муҳаббат" – оловнинг домида Ишқ,
Аттор пайғомида Ишқ , Жомийнинг жомида Ишқ,
Лутфийнинг бор туғёни,  ҳайрати Навоийсиз..

Ким билмас, Амир Темур Жаҳонгир довруғини,
Ер юзин меҳварига санчганда Ўз туғини!
Кўтарайин кўкка деб бутун бир халқ руҳини
Бани башар қалбига қадади Сўз туғини!
Сизким, Руҳ  арслонин шиддати Навоийсиз!

Дунёга сўз айтдингиз Қуш тилин  оҳангида,
Деҳавий, Ганжавийлар дил берган ишқ рангида.
Панжага панжа уриб, қиличлар жарангида
Беш қитъани олдингиз Буюк "Хамса" жангида!
Беш муаззам достони шуҳрати Навоийсиз!

Рубъи маскун гавҳари Самарқандни ёд этиб,
Боғи чорбоғ , мадраса, кўприклар бунёд этиб,
Сўзу Соз, Нақшу нигор аҳли ҳам ижод этиб,
Эл кўнглини шод этиб, мамлакат обод этиб,
Шоҳ, Байқаро аркони давлати – Навоийсиз..

Тариқат сулукида асрор – Ваҳдатул вужуд,
Пири дастгирсиз Валий – Ҳақ сори учган Ҳудҳуд.
Ки,  Беҳзод   мўйқалами  учида порлаган ўт,
Ёндирди Ғарбу Шарқни ...Қосим Али...ё Маҳмуд
Музаҳҳибнинг энг ёниқ  суврати – Навоийсиз!

Ғайб қушлари  сиз сари алҳон учиб келурлар,
Қизғалдоқлар қирлардан алвон  кўчиб келурлар.
Лайли Мажнунлар ваҳдат майин ичиб келурлар,
"Ишқ" деб, Фарҳод Ширинлар жондин кечиб келурлар,
Олис ишқнинг осмони, талъати Навоийсиз!

18 минг оламнинг сарҳадини билганлар,
Ўлмай туриб ўлганлар, Қақнусдай туғилганлар.
Юракнинг ҳар сасидан қайтадан тирилганлар,
Худодан берилганлар, Худога берилгайлар!..
Ҳақ йўлининг ҳоқони, қуввати Навоийсиз!

Сиз деганда Хуросон, Ҳинду афғон бирлашур,
Қиличлар пастга тушиб,  ёвлар хушхон бирлашур.
Мулки Турон бирлашур, Турку Турон бирлашур,
Жаҳон  харитасида аҳли жаҳон бирлашур,
Руҳ ила қалб бирлашур, жисм ила жон бирлашур,
Сўз мулкининг султони Ҳазрати Навоийсиз,
Олам элининг жони, қудрати Навоийсиз!..

Зебо МИРЗО
20 январ
3 феврал 2023










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот