МЕНГА СЕН КАМСАН...


Ҳар дилнинг чарчоғи ўзигадир хос,
Мен севги торларини чертдим-ку бехос,
Қишларда ўрикдек гуллаганим рост,
Борлигим кимгадир ортиқча, холос.
Сен тоғсан - оёғим топади озор,
Осмонсан - қўлларим узатсам бекор.
Оппоқ-оппоқ юзлар дардида бемор,
Оппоқ-оппоқ бўлиб ёғди дилга қор.
Турарман изғирин ўтса ҳам юлиб,
Қаймоқдай гулларим, тароватимни.
Шунда ҳам пойингда қайта тирилиб,
Сенга бағишладим ҳаловатимни.
Икки кўз учрашар тоғнинг пойида,
Одам Ато билан Момо Ҳаводек.
Аммо қалбларимиз фироқ сойида
Созини қидирган олис наводек.
Кун тунга етолмас қувса ҳам гирён,
Тол бир кун айланар қўлда асога.
Ҳаёт чалган куйга тўлаймиз товон,
Бордир бир Фиръавн албат Мусога.
Дарёдек оқсанг ҳам, қушдек учсанг ҳам,
Бўлсанг ҳам шабнамдек ҳаттоки оний,
Кетма ташлаб мендек нурли заррани,
Ерликмиз, бахтимиз лекин осмоний...
* * *
Юзинг кўриб, дилда бир ўт туташди,
Бу ўтни одамлар “Ишқ“ деб аташди,
Кўнгил турналари йўлдан адашди,
Сўзинг оташидан бир ўт - армоним,
Сен, фақат сендурсан, нозик томоним!
Рақиблар мисоли ҳашам билмадим,
Улардек ёлғондан ўктам кулмадим.
Мард эдим, номардга қарам бўлмадим,
Шу бўлди сиррим ҳам, яхши-ёмоним -
Сен, фақат сендурсан, нозик томоним!
Қайданам тонг чоғи ғунча юз очди,
Булбул кўзларида қолди суврати.
Бераҳм экансан, нурингни сочдинг,
Қайга кетаяпсан, кўнглим қувратиб.
Кўзим устида бўл ҳар дам меҳмоним,-
Сен, фақат сендурсан, нозик томоним!
Сенга муҳаббатим ойдек тўлишди,
Дўстлар ой ёнида юлдуз бўлишди,
Душманлар бечора дилга кулишди,
Ёлворам, ағёрга тутма домоним,
Сен, фақат сендурсан, нозик томоним!
Сўзингдан бу жоним титрар шам янглиғ,
Келгин, ой дур сочган оқшом янглиғ,
Дам йўқдир сен билан ўтган дам янглиғ,
Биргина сўзим шу, қоши камоним, -
Сенсизман, сендурсан нозик томоним!..
***
На аҳли валийдурман мен
ўзимдан муждалар қилсам,
Безар уста ишин лошим
дунёга гаждалар қилсам,
Магар юз журм этсам ҳам
жамолингдан жудо қилма,
Этар жаннат йўлин равшан
юзинга саждалар қилсам...
***
Йиллаб кузатасан узоқдан мени,
Чапакка тайёрсан ҳаммадан олдин.
Бахтимдан шодлансанг-қутлагил келиб,
Қайғумдан қувонсанг - Худога солдим...
***
Истайманки, ишқ дардига даво топсам,
Сўз улғаяр руҳнинг савти -
қомати-ла.
Эмас ажаб Навоийдан наво топсам,
Ўйнашмагил асло шоир омади-ла...
16.09.2005 йил.
***
Эй мухлисим йўқ деб руҳин туширган,
Сўзга армонини битиб яширган,
Навоий бобо ҳам узоқ Ҳиротда
Низомий болидан ҳалво пиширган.
Мен ҳам Низомийни қўлга оламан,
Шу сабаб Хисравдек гоҳ сўзим ботир,
Гоҳ Ширин мисоли ҳаё қиламан,
Гоҳ содиқ дўст улар гўёки Шопур.
Баъзан Алпомишдек дўмбира – белда,
Гоҳо Сиёвушдек от чопар елда.
...Дил-чи севилмаган қуёшдек ботар,
Бир кун у ухлаган қалбинг уйғотар...
***
Бир гўзалнинг юзига минг эҳтиёжим бор,
Ишқ устурлобида рашкдан ривожим бор.
На билсин ғофилу бедил соғинчдан нолалар қилсам,
Сочининг атрига нолон сенингдек бир меърожим бор. ...
***
Очилиб-сочилиб юргин боғларда,
Ишқинг юрагимда ғолиб чоғларда,
Бунча чиройлисан, ширин, ўктамсан,
Яйраб юрай десам менга сен камсан…

Гуландом ТОҒАЕВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот