БАҲОР


Баҳор

Пушти кўйлак кийиб шафтоли
Кўз - кўз қилар ғунчаларини.
Гулчамбарни дўндириб бошга
Елка қоқар ўрик шохини.

Ариқларнинг четида кулиб
Мўралайди ширин ялпизжон.
Шошилади дарё қўйнига
Изҳори дил –  митти жилғажон.

Хўмрайганча кекса беҳиой
Гуллаб қолар бизники ҳам, дер,
Оппоқ кийган келин - гилосга
Хўрсинганча интиқиб қолар.

Варрагини учириб кўкка
Қувонади чопқир болажон
Момолар ҳам тили дуода
Шукур етдик яна баҳорга.

Бирдан кўзлар кетади қувнаб,
Ошиқ йигит – девона шамол. 
Ойдек гўзал қизларни кўриб,
Атрофида айланар беҳол.

Хон адраснинг этакларини
Астагина кўтариб қўяр.
Тўзғитади тортиб зулфини
Айтолмасдан жимгина суяр.

Қоматлари шамшод дарахтлар
Ёлворганча кўм-кўк осмонга,
Чайқатади аста бошини,
Етолмасдан ўша тилакка.

Тутолмасдан ўзини булут
Ёмғир бўлиб ўпди гулюзни.
Кулганича меҳрли Қуёш
Эгаллади кўнгил тахтини.

Алвон рангда юракдек ёниб,
Адрларга тўшалди гилам.
Яна ўша дардини тиғлаб,
Бўялганми–  лолада алам.

Чучмомолар, наргизим қани ?
Бинафшажон - сўнгги илинжим.
Ажиб ҳислар уйғотиб яна,
Наҳот қайтиб келдинг? Баҳорим!!

Наврўзи  олам

Шодликни, қувончни дастурхон қилиб, 
Уйимнинг тўрида қалдирғоч болам!
Элимга омонлик, тинчликни сўраб, 
Юртимга хуш келдинг, наврўзи олам! 

Қозонда ризқ бўлиб тошар сумалак,
Шошганча гул ёзар  куртак бир олам.
Қирларда очилар элчи- бойчечак
Юртимга хуш келдинг, наврўзи олам!

Ҳол сўранг, инсонга  инсон ғанимат,
Кетмагай  ҳеч қачон- биздан оқибат.
Янги кун бошланар,янгича ҳаёт
Юртимга хуш келдинг, наврўзи олам!

АТИРГУЛ

Япроғингни тортиб шаббода
Ёшлар тўкди - биллурдек шабнам...
Дил торини чертиб чигиртка,
Қўшиғини бошлади - дардман.

Боларилар ғужғон ўйнайди,
Бўз боладек сени алдашар.
Мен биламан, улар сирини
Бўса олиб қочар – ярашар.... 

Қуёш сочди заррин попуклар
Сенга ёзди поёндоз - йўлак
Эзилганча шивирлаб ёмғир,
Йиғлаб чиқди тинмасдан чак-чак. 

Ва, ғунчадек қизариб лаблар,
Розилигин айтди қимтиниб.
Бир кечада юрак - чаманзор
Муҳаббатга берди аҳдини.  

Тирикликнинг ўзи Муҳаббат,
Бу бахт насиб атиргулларга. 
Сен аслида Арши аълодан 
Тушганмидинг ошиқ дилларга.

               Ҳилола ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот