СИНГЛИМГА


СИНГЛИМГА

Кеча оқшом сим қоқиб қолдинг, 
Овозингдан келарди титроқ. 
Афсус билан дейман, опаман, 
Нега ҳол сўрмадим аввалроқ?

Сен-ку фиғон қилмадинг, аммо, 
Титроқларинг кўчди жонимга. 
Ҳасратларинг бўлишармидим, 
Бўлсам эди ҳозир ёнингда.

“Опа, сизни соғиндим!” дейсан, 
Мен биламан, кўзинг жиққа ёш. 
“Хўп, соғинсанг нега келмайсан?”
Ўйланаман, бунча бағрим тош.

“Бир кун мен ҳам бориб қоларман, 
Йўл олис-да... болаларим ёш. 
Юрагим кўп толиқди бугун, 
Нимагадир кўнглим жуда ғаш”.

Қучоғингда ухлайди боланг, 
Унсиз йиғлаяпсан, биламан. 
Олисман-у, жонимда ноланг, 
Сени қалбим билан кўраман.

Бу беш кунлик дунёи дунни, 
Суйганларга қилмайман ҳавас. 
Билмам, недир қийнайди дилни 
Кўксим бўлди андуҳга қафас.

Ёдингдами, бир кун сим қоқсам, 
“Йўлдаман, тез қайтаман”,– дединг, 
“Бораяпман дадам қабрига, 
Сиздан дуо айтаман”, – дединг.

Сен бўзладинг отам бошида, 
Мен ғам чекдим болишни қучиб. 
Сен бош урдинг тупроқ, тошига, 
Мен йиғладим ёшимни ичиб.

Сен майсани силаб тиз чўкдинг, 
Андуҳ менинг қаддим букарди. 
Сенинг кўнглинг тўкилди, мен-чи, 
Юрагимда ҳасрат кўкарди...

Узу-у-н кўйлак этакларида 
Сўқмоқ йўлни супуриб қайтдинг.
Мен-чи, узу-у-н эртакларимни, 
Қора кийган тунларга айтдим.

Сим қоқасан: “Опа, мен қайтдим, 
Суҳбатлашсак бўлар бемалол”. 
Овозингда жаранг, тетиклик, 
Ўтирибман бедор, бемажол.

Бўлсанг эди ҳозир ёнимда...   

     Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот