МЕНИНГ СУРАТИМНИ ЧИЗА БИЛМАССАН


Тарона Турон РАҲИМЛИ, 
Озарбойжон шоираси 
Бахмал япроқлар тўкилди ерга 

МЕНИНГ СУРАТИМНИ ЧИЗА БИЛМАССАН 

Оғочни чизарсан, тошни чизарсан, 
Ёзга мағлуб бўлган қишни чизарсан, 
Дунёда не ёмон, яхши... чизарсан, 
Менинг суратимни чиза билмассан. 
Ўхшата оларсан қош-кўзимни ҳам, 
Рангини топарсан ҳар сўзимнинг ҳам, 
Чизарсан бардошим, ҳам тўзимни ҳам, 
Менинг суратимни чиза билмассан. 
Бу телба юрагим чизарсан балки, 
Ҳасратим чокини сўкарсан балки, 
Руҳимни рангларга тўкарсан балки, 
Менинг суратимни чиза билмассан. 
Кўзларинг ўнгидан суратим кетмас, 
Кўзимга боқмоққа қудратим етмас, 
Бир кун умрим битар, бу сурат битмас, 
Менинг суратимни чиза билмассан. 

УЛҒАЙИШ 

Қолдим йўллар орасинда, 
Йўлимни танлаб улғайдим. 
Ичимга тўлган оғриқнинг 
Ҳасратин тинглаб улғайдим. 
Тушдим бир телба ҳавасга, 
Интилдим ойга, қуёшга, 
Айландим оташ нафасга, 
Ишқимни ичиб улғайдим. 
Тушдим ҳасратнинг қўлига, 
Кирдим ҳаёт ўнг-сўлига, 
Дардимни ўлчаб бўйимга, 
Бўйимга бичиб улғайдим. 
Руҳим юз бора таланди, 
Мисраларга майдаландим, 
Кўксимга гулхан қаланди, 
Ёнмадим, пишиб улғайдим. 

УМР КАФТИМГА ЎХШАЙДИ 

Умр кафтимга ўхшайди, 
Қарасам кунлар кўринар. 
Бунга келиб, нима кўрдим? 
Ҳаммаси кундай кўринар. 
Бунга келиб, нима кўрдим? 
Қанча дардни улғайтирдим. 
Ўрдим, йиғдим дардларимни, 
Яна қайта кўкартирдим. 
Солланиб энар қуйига 
Сўнг умид арқон учида. 
Беркинмоққа жой излайди 
Одам бу дунё ичидан. 
Умр кафтимга ўхшайди, 
Ҳар ерда сўнги кўринар. 
Ўлиб кетган орзуларим 
Қўлимда қони кўринар. 

СЕНГА ЁЗОЛМАГАН ШЕЪРИМ 
Онамга 

Сенга ёзолмаган шеърим 
Йиғилар ичимда менинг. 
Ўлганда руҳимни кийиб, 
Чиқажак ичимдан менинг. 
Бўйнимда қарзим қолганин 
Бу тупроқ, тош билмагайдир. 
Бағрингдан топганим тафтни 
Бу ёз, бу қиш билмагайдир. 
Бир-бир ўтажак кўзимдан 
Дўст-душманнинг таниш юзи. 
Ахтаражак айтмоқ учун 
Руҳим сенга лойиқ сўзни. 
Сенга ёзолмаган шеърим 
Жимгина сингар қабримга. 
Сен ҳам йиғлай олмагайсан 
Туғилмай ўлган шеъримга. 

БОЛАЛИК ЭШИГИ ОРТИДА 

Бу эшикнинг пойида болаликдан айрилдим, 
Бу эшик нарёғида энди суймаслар мени. 
Бир кун улғайган куним, бу эшикдан айрилдим, 
Бу эшикдан кирмоққа энди қўймаслар мени. 
У ҳовлида онамнинг қолди қадам товуши, 
Этагин шитирлаши қулоғимдан кетмади. 
У боғчада отамнинг эккан оғочларига 
Энди қўл узатсам-да, менинг қўлим етмади. 
Бахмал япроқларини ерга тўккан атиргул, 
Овозимдан танирди оғоч, бутоқ, боғ мени. 
Бу ҳовлига кирмасдан ҳидлаганим атрини  
Атиргул япроқларин ҳаққи тутажак мени. 
Бу эшикнинг ортида қолган орзуларим, оҳ, 
Қаҳратон аёз келмай келган ёзга ўхшайди. 
Ҳавоси хуш, суви пок, унда ҳамма бегуноҳ, 
Бу эшикнинг ортида жаннат борга ўхшайди. 
Бу ҳовлида тор саси, ҳамда от кишнашлари, 
Наврўз гулхани узра бола хаёлим қолди. 
Иккиқаватли уйнинг ойнали айвонидан 
Олисларга термулиб ёронгул кўзи толди. 
Бу эшик шому саҳар очиқ эди ҳаммага, 
Унда қўни-қўшнилар уйнинг эгаларийди. 
Йигирма йил вақт ўтиб, ўтмиш эшик ёнига 
Қайтган одамни энди, айтинг, ким ҳам танийди?!. 

СЕНИ ЭСЛАЙ ОЛМАДИМ 

Сени эслай олмадим, 
Қачон кунинг битганди? 
Умрингни қайси тошга 
Ўйиб ёзиб кетгандинг? 
Ёмғирлар ювиб кетган 
Изинг қайсидир сенинг? 
О, мен кўпдан унутган 
Сўзинг қайсидир сенинг? 
Қоп-қора табассуминг – 
Не ҳис сўниб қолгандир? 
Не бор кўнглингда сенинг 
Ёниб кулга айланди? 
Ўлдир, ёдимга келмас, 
Сени қайда кўрганман? 
Ишон, хотирлай олсам, 
Демак, мен ҳам ўлганман. 

Озар тилидан Насрулло ЭРГАШ таржималари.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси. 2022 йил.










Изоҳлар 1
  1. {text}Çox təşəkkür edirəm, dəyərli dostum, sayqı və rəğbətiniz, şeirlərimə daim yüksək qiymət verdiyiniz üçün çox sağ olun. Qardaş Özbəkistanın şeirlərimin tərcümə və nəşrinə, təbliğinə əmək verən bütün ziyalılarına - "Kitab dünyası" qəzetinin dəyərli əməkdaşlarına və hörmətli tərcüməçiyə dərin minnətdarlığımı bildirirəm.
Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот