Адиблар хиёбонида
Аҳли адиб азизу мукаррам бўлдилар,
Улуғларим ҳамнафас, ҳамдам бўлдилар,
Навоийнинг ҳузурида жам бўлдилар,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Ҳазрат Бобур, Огаҳию Бердақ бунда,
Ойбек домла, Чўлпон,Фитрат уйғоқ бунда,
Шамолларда ўчмас шамлар, чироқ бунда,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Гулзор ичра шеър ўқийди Зулфияхон,
Тинглаб туриб хурсинади Ҳамид Олимжон,
Суҳбат қурар Саид Аҳмад, Саидахон,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Гўдакларнинг қўлларини ушлаб келинг,
Келинларга оқ рўмоллар ташлаб келинг,
Куёвларни зиёратга бошлаб келинг,
Тошкентга, Адиблар хиёбонига.
Тушкун, ғамгин хаёллардан ғолиб келинг,
Кексаларга поёндозлар солиб келинг,
Келолмаса елкаларда олиб келинг,
Тошкентга, Адиблар хиёбонига.
Бу боғ ичра такбир кўрдим, таъсир кўрдим,
Турналарнинг карвонида бир сир кўрдим,
Мусаввирлар чиза олмас тасвир кўрдим,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Бу чиройни айтиб адо этиб бўлмас,
Бу боғлардан шунчаки ўтиб бўлмас,
Бу боғларни тиллоларга топиб бўлмас,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Тонгларингни саодатли кўрдим юртим,
Кунларингни фароғатли кўрдим юртим,
Оқшомларинг кароматли кўрдим юртим,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Мен бу боғнинг қушларила жўр бўлайин,
Ғунча очган гулларила бир бўлайин,
Фаришталар айтиб учган сир бўлайин,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Келганларнинг товонида чақин турар,
Юраклари нурли турар, ёрқин турар,
Бу боғлар-ки, Оллоҳимга яқин турар,
Тошкентда, Адиблар хиёбонида.
Зулфия МЎМИНОВА