Ватандан бошқасига муҳаббатим бермасман
Ишим эмас вафо тилаш, Давосиздан даво тилаш.
Кӯксим узра ёмғир ёғди,
Ёш аралаш ,тош аралаш.
Ул ёшларни сидирмасман,
Кӯнгил хатимни бермасман,
Ватандан бошқасига мен,
Муҳаббатимни бермасман.
Қумри сирли овоздадир,
Оғочлари пардоздадир.
Бундан баҳор мангу кетмас,
Майсалари номоздадир.
Ибодатимни бермасман,
Ҳидоятимни бермасман,
Ватандан бошқасига мен,
Муҳаббатимни бермасман.
Нахуш вужуд шаҳри ичра
Маломат йуқ,залолат йӯқ,
Ғанимлардан енгилмоқ йӯқ,
Умидимга тамомат йӯқ.
Ғафлатнинг тиконзорига
Гул сифатимни бермасман.
Ватандан бошқасига мен,
Муҳаббатимни бермасман.
Чап кӯксимда сайроқи қуш,
Учишлари сафолидир,
Санчишлари маънолидир,
Кӯз ёшлари даъволидир.
Унингла, ишқ ҳақидаги
Дил суҳбатимни бермасман.
Ватандан бошқасига мен,
Муҳаббатимни бермасман.
Унингсиз эзилган тутман,
Унингсиз тӯкилган сутман,
Унингсиз бӯғдойи пишиб
Унитилган ҳудудман.
Муҳаббатсизлар чанг солса,
Малоҳатимни бермасман,
Ватандан бошқасига мен,
Муҳаббатимни бермасман.
Фақат у деб жондан кечсам
Оҳ, демасман, воҳ, демасман,
Фақат у деб,аршдан тушсам,
Оҳ, демасман, воҳ, демасман.
Аллоҳнинг ёдила кечган
Хуш лаззатимни бермасман.
Ватандан бошқасига мен,
Муҳаббатимни бермасман.
Зулфия МЎМИНОВА