ОНА ТИЛИМ
Онам дея гар суйса ким,
Сени суйсин, Она тилим.
Тақдиринг-чун тургувчи жим,
Диллар куйсин, Она тилим.
Сенга боққач кўп "ола кўз",
Чин дўстинг ҳам бўлмади дўст,
Ҳар сўзида бир ғайри сўз,
Тиллар куйсин, Она тилим.
Порлагач ҳурлик офтоби.
Қочгани рост ёвлар тоби.
Юзингга сурилган оби -
Гиллар куйсин, Она тилим.
Қанча каслар йўлинг тўсар,
Йўқ қилишга ҳисса қўшар -
Боғингда ёт бўлиб ўсар -
Гуллар куйсин, Она тилим.
Кўрдим, тополмай бир ҳабиб,
Хаста ётдинг хўп бетабиб,
Сенсиз ўтган ул мустабид -
Йиллар куйсин, Она тилим.
Шукур айта туғилгансан,
Қайта-қайта туғилгансан,
Сени ҳануз олмаган тан -
Силлар куйсин, Она тилим.
Онам дея гар суйса ким,
Сени суйсин, Она тилим.
Мадҳинг учун тургувчи жим,
Тиллар куйсин, Она тилим.
2011 йил.
Ботиржон Эргашев - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари.