Руҳимнинг суратлари
Минг бора ташаккур, минг бора қуллуқ!
Мен севган мусаввир Гулнора РАҲМОНга
1.
Мен ҳар кун
ўзимни олиб учаман,
Ой-юлдуз сочилган
кўкда дон каби.
Суратим ёнида
чўкка тушаман,
Руҳидан ажралиб чиққан жон каби…
Қара, кўзларимда ёш бор қуп-қуруқ,
Ҳар-бир ранг руҳимни тутар саволга.
Минг бора ташаккур,
минг бора қуллуқ-
менинг суратимни
чизган аёлга.
2.
Билмам, менга қараб
нени ўйлаган,
Ёки кўрсатмаган журъатларини.
Ҳали суратларга олиб кўрмаган,
Бу ҳаёт руҳимнинг суратларини…
Ҳавойи истаклар
билан юрар руҳ,
Овозлар келади ернинг қаъридан.
Ёки мен бирор иш қилганим ҳам йўқ,
Суратимни қўйиб мақтанадиган…
Бирор бир йўл …ёки…
чора қолмаган,
Сабабдир сендаги аллақандай рашк.
Суратга олишга ботинолмаган,
Ё бирор мусаввир,
ё бир сураткаш…
Билмайман!
Ўзи ҳам билмас,
балки сир!
Ҳар кун юрагимга
келиб - кетар кўк.
Эллик йилдан ошди, машҳур Мусаввир-
Ҳали мени чизиб тугатгани йўқ…
Ишингни тугатма…
яна озроқ чиз…
Ҳали хотиржаммас
сен берган қалбим.
Мен тайёр эмасман,
Сен билан - беиз-
Юзма-юз бўлишдан қўрқаман, Раббим!
Урушдан кейинги ерга ўхшайман,
Урушлар руҳимда
қайта бошланган.
Нуқта, катта-кичик ҳарфлар билан-
Менинг ички дунём
чизиб ташланган.
Энди юраётган
боламан гўё,
Қайси йўл меники?
Равон йўл қани?
Мана эллик йилки,
менинг қиёфам-
Бирор-бир шаклга кирмаган ҳали…
Билмам, менга қараб
нени ўйлаган,
Ёки кўрсатмаган журъатларини.
Ҳали суратларга
олиб кўрмаган…
Бу ҳаёт руҳимнинг суратларини…
Хосият РУСТАМОВА.