Мени нурдан яратди Тангрим!
* * * На бугундан, на бир эртадан
Ҳеч нарсани кутмасман ортиқ.
На тақдирга сочар ғазабим,
На бандадан зарра гинам йўқ.
Хоҳламайман, курашни асло
Ўч олса ҳам ҳаёт бешафқат.
Худо нима сўраса, шаксиз,
Мен ўшани бераман, албат!..
Керак бўлса дунёни ташлаб
Шарт кетаман ортга қарамай.
Фақат мендан хавотир олиб
У тушимга киради тинмай.
Бўғзимгача келган дунёнинг
Бор оғриғин олади қалби.
Гуноҳларга ботирганман кўп,
Узр, -- дейман, У айтар: -- Майли!..
Қалтирайди кучсиз қўлларим
Кўзига тик боқолмай ҳамон.
О, ҳалиям яшар ичимда
Жилмайиб бир ҳазрати инсон!
* * *
Яшаб бўлмас ернинг дўзахи
Дунёлардан тўйдирмаганда,
Жаннат кезиб юрган одамни
Бир одамга суйдирмаганда,
Бундан юзга доғ тушмаганда,
Гуноҳлари ухлатмаганда,
Тунда уйқу билан тинчитиб,
Тонгда ғамдан йиғлатмаганда,
Умримдан то қиёматгача
Ҳеч бир хато ўтмаганида,
О, бу ишқнинг қўли-қўлимга
Тегмаганда, титрамаганда,
Қайда эди шунча хафалик,
Айбим нима?..
Ҳеч билолмадим.
Мени нурдан сийлаб эркалаб
Яратди-ю унутди, Тангрим!..
* * *
Бизга қизиқ тан ол, Жонгинам,
Шу ер майи, кулгу, ўйини.
Қанча ичиб ўйнадик, кулдик
Ҳеч ким билмас умримиз бўйи.
Бир сўзимиз билан бегумон
Ўзгарар чоғ ҳаммаси бехос.
Оқ Сенатлар қаршисида жим
Ёлғон сўзлаб паст кетдик холос.
Бу жимликда не қиляпсан?..
Ухлаяпман,
мен билсанг агар.
Тушларимда душманим билан
Дўст кираман қиёмат қадар.
Бизни топар кимдир шуҳратдан,
Кимдир дунё майхонасидан.
Узилгунча бошимиз қолган
Саройларнинг остонасидан.
Яшолмаган кунлар фарёди
Олмасин, деб ёқадан ҳеч вақт,
Бу не азоб?..
Кундузи ухлаб,
Уйғонамиз кечалар фақат!..
Адиба УМИРОВА