БИР САВОЛ
Куламан дейману, йиғлайман нега,
Қалбим дарзларига бормикан чега.
Дардли бир армонга наҳот мен эга,
Бир савол ёдимдан бўлмас фаромуш -
"Севаман" демаган нимага Кумуш?!
Ҳижрон ойларини алмашиб йилга,
Ҳавасга берилмай, қулф уриб дилга.
"Чидолмайман" демай, эрк бермай тилга,
Ориятни асраш бу қандай юмуш,
"Севаман" демаган нимага Кумуш?!
Қолоқ бўлганми ё - четга юрмаган,
Сериал кўрмаган, "чат"га кирмаган.
Интернет, "сотка"да кўнгил бермаган,
Кийиб жинси шиму, кўзга қўйиб тушь,
"Севаман" демаган нимага Кумуш?!
Шаддод неварага ёқармиш бири,
Буни ҳамма билар, йўқ эмиш сири.
Не дейишин билмас чолга кампири,
Дунёнинг ҳолига боқаман хомуш,
"Севаман" демаган нимага Кумуш?!
"Ўткан кунлар" - орга тикланган бино,
Такрор китоб қараб, кўраман кино.
Қанча назокату, қанча истиғно,
Қанча одоб билан дилни айлаб хуш,
"Севаман" демаган нимага Кумуш?!.
***
Қитмир мухбирга жавоб
Қитмир мухбир берар савол:
"Режаларга сўзим доир.
Кетмай туриб умр увол,
Нелар билан банддир шоир?!"
Орзу ўрнин босар армон,
Баҳор ўтди, куз чоғдаман.
Ўтган сайин умр ҳар он,
Шиддатини сезмоқдаман.
Интилардим кўп тескари,
Энди ўзан тузмоқдаман.
Юлдуз кўзлаб сал илгари,
Энди олма узмоқдаман.
Фарзандларнинг, ўғил-қизми,
Ўйловида кезмоқдаман.
Шундай экан ҳаёт изми,
Оқимида сузмоқдаман.
Ижодми?! У этар давом,
Баъзан ғовлар бузмоқдаман.
Гоҳ ўзимга келиб тамом,
Гоҳ ўзимдан безмоқдаман.
Бир танада ҳар дақиқа,
Тўлишиб, ҳам озмоқдаман.
Кўрмаганим бахт ҳақида -
Йўқ китоблар ёзмоқдаман...
2019.5.1.
Мана буни "биз кутгандик, биз билгандик" деса бўлади...
Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайди одам. Асли қадимдан маълум: одамларга нон ва томоша керак. Инсонлар кашфиётлар қилади, асарлар яратади, қаҳрамонликлар этади... Уларни эса биров билиб-билмайди. Лекин кимдир нимадир қилиқ қилса, бўлди, бир пасда машҳур бўлади, қолади. Тилга, назарга тушади. Насафий, Жуманазар ака... Депутатларшоу... Қовунбазм... Катта-кичик хонандаларимиз омадли-омадсиз қўллаётган усуллар... Кети кўринмайди. Бу ҳавас эмас, ҳасад эмас, алам бу. Боримиз шу. Нақадар шоуга ўчмиз?!. Чалғитувчи, алдагувчи, юпатгувчи нарсаларга мойилмиз. Дунё тамаддунига ҳисса қўшган аждодлар ҳақида мақтаниб-мақтаниб сўзлаймиз. Нега ундайлар чиқмаяпти? - деган саволга жавобнинг илдизларидан бирини айнан оломонлашганимизда кўраман. Майдалашгандан майдалашиб, бурдалашгандан бурдалашиб кетдик. Қарорлару, чақириқлару, даъватлар бўлаётгани билан умумайниш (деградация) жараёни тўхтамаяпти. Қўрқаманки бу кетишда "китобхонлик", "маърифатпарварлик" каби аслан тузук тушунчалар "маънавият" тушунчасидек хорланиб қолмаса. "Инсоф", "диёнат" атамалари ҳам "виждон" лафзидек истеъмолдан чиқиб кетмаса. Ухлагандан мудраган ёмон. Уйқудагини уйғотиш мумкиндир, мудроқни қўзғатиш амримаҳол.
Хуллас, ҳамма гап ўзимизда қолган. Бору йўғимиз - ниятимиз, азму шижоатимиз, амалимизга боғлиқ...
ПИАР ИЛИНЖИДА
(шоубизнесга ҳазил)
Машҳур бўлиш ишқи аланга олиб,
Қўйди юрагимга ғулғула солиб.
Бир ошнамга солсам маслаҳат агар,
"Қилиқ қилгин, деди, бўлади пиар..."
"Пиарнинг йўли кўп, ўйла, топ, деди,
Ҳамма шундай қилар, сен ҳам чоп, деди.
Оғриқсиз бошимга дард сотиб олдим,
Не қилиқ қилсам, деб, ўйланиб қолдим.
Ўлдига чиқариб, тавба, ўзимни,
Аксин тарқатайми юмуқ кўзимни?!
Пулин тўлаб қўйиб божам Турсинга,
Жанжал қилсаммикин хўжакўрсинга?!
Ё бўғилиб қишнинг иссиқ кунидан,
Пўстин кийсаммикин итнинг жунидан?!
Лекин, нетай, алам баттар қилар хит,
Мени билмас ҳатто пўстин берган ит!
Топилмас китобхона!
Кўчамизга қараймиз,
Катта бизнинг кўчамиз.
Турфа эшиклар қатор,
Қайси бирин очамиз?!
Қадамда шаробхона,
Оралаб кабобхона.
Лек, афсус, топилмайди -
Битта ҳам китобхона.
Бор ҳоким - жанобхона,
Ҳам қози - жавобхона.
Учрамайди, лек, аттанг,
Бир китоб - савобхона.
Дорихона ҳам бисёр,
Гўё бутун эл бемор.
Қалбга шифо бўлгучи -
Кутубхона йўқ бекор.
Маърифат тутиб, хона,
Дардларин ютиб, хона.
Туради кутубхона -
Интизор, кутиб хона...
Кўчамизга қараймиз,
Шуми бизнинг кўчамиз?
Кутубхона бўлмаса -
Бу кўчадан кўчамиз!
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини
Fам-ғусса нуратар кўнгил тўрини,
Кўзёшинг орттирар замин шўрини.
Мурда топавермас баъзан гўрини...
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.
Болангнинг кўзига қаролмайсан гоҳ,
Оғайнинг корига яролмайсан гоҳ.
Ўзингга юз чидаб сўролмайсан гоҳ,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.
Ташвишлар ўрайди тўрт томонингдан,
Суяк чиқиб қолар еяр нонингдан.
Ўзингники ногоҳ ўтар жонингдан,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.
Аталага ҳам гоҳ ботмайди тишинг,
Топилмай қолади бир йўқлар кишинг.
Номарду пастларга тушади ишинг,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.
Аламлар сўндирар ҳаёт шамингни,
Елкадан қўясан бир кун ғамингни.
Токай яширгайсан, ахир, камингни,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.
Тўғри, Худо билар - ким қачон кетар,
Лек етишмовчилик дилинг хун этар.
Ҳуснингдан айирар, кунинг тун этар,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини.
Орзу боғи дарддан беради ҳосил,
Ўйлайвериб охир бўласан-ку сил.
Осилсанг ҳам, Бобур, сал пастроқ осил,
Йўқчилик йиқитар йигит зўрини...
1994 йил.
ОДАМДЕК ЯША
***
Бизни сохта, чала рақамлар алдар,
Янглиш рақам айтган одамлар алдар.
Бизни ёлғон ваъда, мунофиқ амал,
Риёкор қўйилган қадамлар алдар.
Бизни "бари яхши" дебон ёронлар,
"Ҳаммаси чин" дея санамлар алдар.
Бизни йўқни бор деб айтган нотиқлар,
Лофни рост деб ёзган қаламлар алдар.
Бизни қўлдан кетган имкону, орзу,
Дарз кетган ишончу, чидамлар алдар.
Бизни аллақачон ўчай деб турган,
Номи умид бўлган шағамлар алдар...
***
Босмайди тош вазни йўқ сўзлар,
Кўзингни тик алдайди кўзлар.
Берилади ваъдалар текин,
Ҳамон қуруқ арава лекин.
Дунёнинг терс ишларига боқ:
Орсиз берар номусдан сабоқ.
Ўргатади яшашни тўғри -
Дордан қочган муттаҳам ўғри.
***
Эй одамзот, сен ажиб хилқат,
Неларни гоҳ қилмайсан ҳавас.
Ўзлигингга тополмай тоқат,
Туғёнларинг билмайди абас.
“Булбулман” деб, безаб сўзингни,
Бургутни гоҳ кўрасан аъло.
Шеру, филга менгзаб ўзингни,
Илонни гоҳ биласан доно.
Ўйламай гоҳ ор-номусингни,
Тўнғизликка бўласан мойил.
Ўзгартириб баъзан тусингни –
Буқаламун бўласан, қойил.
“Бўридай сур”, “тулкидай айёр”,
“Қўйдай ювош”, “итдай вафодор”...
Билолмадим, сенда, эй инсон,
Яна қанча жонзот феъли бор.
Яшар экан табиат аро,
Даррандаю, парранда бисёр.
Ҳаммаси ҳам ўзича дунё,
Барчасига тақлид не даркор.
Сумбатига назар солгину,
Айиқликка шайланиб қолма.
Чумолидан ибрат олгину,
Қумурсқага айланиб қолма.
Шак келтирма ҳақ кулолига,
Яратгувчи, билгувчи Ўша.
Махлуқларни қўйгин ҳолига,
Одамсанку, Одамдек яша!
ЖОЙ
Учиб-учиб бирма-бир,
Юлдузлар жой талашар.
Дарахтлар тик турадир,
Илдизлар жой талашар.
Кенг далада тўқнашиб,
Қўнғизлар жой талашар.
Одамларга ўхшашиб,
Тўнғизлар жой талашар...
Сеҳри борми жойнинг ё,
Меҳри борми жойнинг ё.
Қанди борми жойнинг ё,
Банди борми жойнинг ё.
Боғлаб берганми Худо?!.
ХАЁЛИЙ УЧРАШУВ
Учради менга аёл, Бунақаси бўлмаган.
У бир гул, соҳибжамол,
Ғунча очиб, сўлмаган.
Бир лаби бол, бири қанд,
Кулгичлари новвотдан.
У хушхабар, дилга банд,
Дарак берган ҳаётдан.
У юракни айлар бор,
Ҳар икки кўкрагимда.
У фаришта гуноҳкор,
Ухлайди кўйлагимда.
Шеър тинглар, айтар қўшиқ,
Шаббодалар унга ёр.
Унга юлдузлар ошиқ,
Ой - ошуфта, қуёш - зор.
Мен ҳам унга ўргандим,
Минг йиллик таниш гўё.
Кўрмаганда ўртандим,
Кўрганда дедим: "Рўё!"
Сезаман - у ҳам мойил,
Ҳис қиламан меҳрини.
Билдирди менга, қойил,
Соғинчларнинг сеҳрини.
Ғамни танир кўзгуси,
У рақс тушар дард билан.
Бор диллашмоқ орзуси -
Қалбин англар мард билан...
2021.7.11. 21:41.
Бухоро -Тошкент йўли.
ЭССИЗ ОДАМЛАР
Қўлсиз қолдим бериб бармоғим,
Ёниб турар мудом қулоғим.
Давраларга тортмас оёғим,
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
Дил гул эди Сизга аталган,
Гоҳ топталиб, гоҳи мақталган.
Ҳар бандига пичоқ қадалган,
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
Пошнангиздан кўчирдим музни,
Юрагимдан ўчирдим изни.
Аллақачон кечирдим Сизни,
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
Эрта бир кун қабримга кирсам,
Жаннатларда оҳиста юрсам.
Жим қоларсиз термулиб турсам,
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
НОМАРДГА
Нокас, текин таомингдан
Итимга ҳам илинмасман,
Қуёш бўлсанг, пана қолгум,
Майли, зинҳор билинмасман.
Чўлда қолсам ташнаи зор,
Музласам ҳам зимистонда,
Сув ичмасман қудуғингдан,
Оловингда исинмасман.
Сенинг довинг юриб мудом,
Мен-да хорлик кўрар бўлсам,
Сендан ҳожат сўрмам, вале
Умримга ҳам қисинмасман.
Қазои Ҳақ бўлиб сабаб,
Қўлингда гар ўлар бўлсам,
Жарга отгум ўзимни мен,
Пичоғингда тилинмасман.
Шер бўлсанг ҳам ўзинггадир,
Ўзинггадир қашқирлигинг,
Бобур сўзим: лайча каби
Олдингда ҳеч пусинмасман...
ОТАСИН ГАПИГА КИРМАГАН
***
Бу гапни айтиш ҳам шарт эмас балким,
Лекин ҳаёт ўзи таъкидлар шуни.
Отасин гапига кирмаган ҳар ким -
Онасиникига кирар бир куни...
***
Амаллаб олгансан олий маълумот,
Бошланғич тарбия аммо сенга ёт.
Афсус, табиат ҳам бермабди сенга -
Ўртача бўлса-да фаросат, ҳайҳот!
***
Алам тортиб, бўлиб зор,
Соф диллар чекса озор.
Муҳаббат кўрса бозор –
Эътирозим бор.
Чўкардан қочар хасга,
Жуфтин қизғонмас касга,
Тутаб-тутаб ёнмасга –
Эътирозим бор.
Хотинмижоз давангга,
Эркакшода сатангга,
Қилмишдан сўнг “аттанг”га –
Эътирозим бор.
Орқадан тиғ отганга,
Омонатдан тотганга,
Дийдаси тош қотганга –
Эътирозим бор.
Қон истаб чўллаганга,
Ғам сари йўллаганга,
Ноҳақни қўллаганга –
Эътирозим бор.
Қадр кўмган мотамга,
Шайтонга хос қадамга,
Одам сотган одамга –
Эътирозим бор.
Амали йўқ илмга,
Маъноси йўқ зулмга,
Ҳаёти йўқ ўлимга –
Эътирозим бор.
Тополмаса ҳақ қарор,
Адолат бўлса бемор.
Айтаман такрор-такрор –
“Эътирозим бор...”
“Эътирозим бор...”
“Эътирозим бор...”
ФАҚАТ
Қаршингиздан чиқмаслик учун,
Адаштириб ташланг йўлимни.
Рақамингиз тергали тун, кун,
Бармоқ урмай, боғланг қўлимни.
Сизга томон босмасин қадам,
Оёғимни, майли, михлатинг.
Озор чекиб ер тортмасин нам -
Кўзларимни ёшсиз йиғлатинг.
Сочларимни қўйинг силамай,
Ўз ҳолига бўлсин овора.
Васлингизни ортиқ тиламай,
Соғинсам ҳам қаттиқ тобора.
Фақат: Савоб айлар фаслида -
Лабларимга шарбат ичиринг.
Сизни севмоқ гуноҳ аслида,
Худо - шафиқ! Сиз-чи, кечиринг...
24.8.2020 йил, 21:00.
Бобур БОБОМУРОД