СЕВАМАН
Амирқул КАРИМОВ
СЕВАМАН
Тоғлар ўркачида суворий қуёш,
Меҳрини зар қилиб айлар экан пош,
Барча ситамингга берганча бардош
Санамим мен сени севаман,
Барибир мен сени севаман!
Аёзлар сабримни синаса ногоҳ,
Армонлар пешонам силаса ногоҳ,
Умидим интиҳо тиласа ногоҳ,
Санамим мен сени севаман,
Барибир мен сени севаман!
Токи ҳаёт экан заминда уруғ,
Ғунча табассумга шайланса қутлуғ,
Ранжларинг қон дилим этса ҳам мунглуғ,
Санамим мен сени севаман,
Барибир мен сени севаман!
Зеро севмоқ бахтдир, эмас жиноят,
Шу туйғу, шу қайғу ўзи иноят,
То мўъжаз ҳаётим қилар кифоят
Санамим мен сени севаман,
Барибир мен сени севаман!