БИР ДАНАКДА БИР БОҒ БОР
Достон
Бир пайтлар бу қишлоқда
Яшар экан бир боғбон
Боғида йўқ меванинг
Ўзи йўқ экан ишон.
Булар экан боғбоннинг
Учта ўғли – ишончи.
Ўзидан сўнг оламда
Қолар изи-қувончи.
Боғбон ўтибди умри
Боғда чарчаб толибди.
Ниҳоят боғбон чолнинг
Умри тугаб қолибди.
Чақириб болаларин
Чироқларим –дебди у.
Сизга мерос тарқатай
Ёдгорлик бўлсин мангу.
Катталарингга майли
Катта боғ мерос бўлсин.
Ундан кичикларингга
Кичик боғ мерос бўлсин.
Кенжаларингга атаб
Бир боғ яратмоқчийдим.
Етти иқлимни унга
Ҳайрон қаратмоқчийдим.
У боғни яратишга
Афсус умр етмади.
Ҳар қалай данак йиғдим
Меҳнат зое кетмади.
Кенжа - дебди ўксима
Қоплар тўла данак бор.
Сенга шунча хазина –
Данакки сен бахтиёр.
Аммо ўша чоғда ҳам
Боғбон чол, меҳрибон чол
Кампирини чақириб
Дебди, мана буни ол!
Бу халтача ичида
Уч хил данак бор кўргин,
Оғир кун ўғилларга
Ўнта - ўнтадан бергин.
Ўттиз данак учовин
Ўттиз ғамдан қутқазар,
Ким данакни хор қилса
Ўша яна ютқазар.
Аммо, ўксибди кенжа
Хафа бўлиб отадан.
Йиғлабди данакларни
Олатуриб халтадан.
Унисига катта боғ
Бериб хурсанд қилди-ю,
Бунисига кичик боғ
Бериб хурсанд қилди-ю.
Фақат менга келганда
Одатин қилди канда.
Демак отамиз мени
Ёмон кўрар экан-да.
Шундай қилиб боғбонни
Кузатиб сўнгги йўлга.
Ўғиллар уйга қайтди.
Ҳар нени тугиб дилга.
Катта деди: боғ катта
Ўзи униб - ўсади.
Қарамаганимда ҳам
Ҳаммаёқни тўсади.
Кичик деди: кичик боғ
Катта бўлаверади.
Қарамасам ҳам шарбат
Болга тўлаверади.
Кенжа эса шароит
Томон секин бўйлади.
Аввал ҳамма данакни
Сотсамми – деб ўйлади.
Эрта тонгда юраги
Тўлиб андуҳ-озорга.
Данакларни кўтариб
Йўл бошлабди бозорга.
Ғала-ғовур бозорда
Бир зум гангиб қолибди.
Уруғлар растасининг
Четидан жой олибди.
Қопин очайин деса
Қалтирар эмиш қўли.
Қайтгин дея имлармиш
Бозорга келган йўли.
Қопини очган экан
Ўрабди кўп ҳалойиқ.
Кимдир – дебди бойлик бу
Фақат олтинга лойиқ.
Данакни ҳар хил пулга
Сўрабди харидорлар.
Боғбонлик юмушидан
Оз-моз хабари борлар.
Охир кенжа данакни
Пуллаб уйга қайтибди.
Бир даста пул бўлганин
Онасига айтибди.
Она бебош ўғлидан
Аҳвол сўрамабди ҳам.
Данак сотиб келтирган
Пулга қарамайди ҳам.
Кенжа топган пулига
Уч-тўрт йилми яшабди.
Сўнгра чора тополмай
Пешонасин қашлабди.
Бир кун она қошига
Катта ўғли келибди.
Келиб ўз аҳволидан
Роса ҳасрат қилибди.
Йиғлаб дебди: катта боғ
Бошимга бало бўлибди.
Қари экин дарахтлар
Қуриди, адо бўлди.
Она ўғлини гапга
Солиб ҳам ўтирмабди.
Қарамадинг боққа деб
Нолиб ҳам ўтирмабди.
Совуқ келмай кичик ўғли
Ўтин кунда қилибди.
Кичик боғ тугаганин
Она шунда билибди.
Қиш келиб боғлар ўрнин
Қалин қорлар қоплабди.
Учта ўғилни очлик
Азобида тоблабди.
Улар яна онанинг
Олдида жам бўлибди.
Айтолмайин гапларин
Бошлари хам бўлибди.
Она дебди учовинг
Учта кунда келинглар.
Оталаринг меросин
Сўнгисини олинглар.
Она жами данакни
Уч қисмга бўлибди.
Эртасига саҳардан
Тўнғич ўғил келибди.
Ўғлим отангдан мерос
Сенга катта боғ эди.
У сенга текканидан
Кўнглим мени чоғ эди.
Боғдан ҳар гал ўтганда
Жигарларим қоврилди.
Отангдан қолган катта
Бойлик кўкка соврилди.
Отанг шўрлик сўнгги кун
Бир халта берган эди.
Сенларни лоқайдлигинг
Олдиндан билган эди.
Мана шу халтачада
Ўттизта данак бордир.
Ундан отангнинг руҳи
Огоҳдир, хабардордир.
Улардан ҳар қайсингга
Ўнта-ўнта бераман.
Ҳар баҳорда ниҳолни
Санаб-санаб кўраман.
Мана ўша ўн данак
Ўн минг ғамдан қутқазар.
Кимки бепарво бўлса
У умрбод ютқазар.
Она қолган данакни
Икки бўлак қилибди.
Эртасига тонг саҳар
Кичик ўғил келибди.
Она ўн данак бериб
Тўхта, гапим бор,- дебди.
Энг нодир боғ, кичик боғ
Йўқолди хор-зор,- дебди,
Кичик деб, қарамадинг
Маломат тошин отдинг.
Шундай қилиб энг ноёб
Уруғларни йўқотдинг.
Мана шу ўнта данак
Ўн минг ғамдан қутқазар.
Ким унга бепарводир
У умрбод ютқазар.
Ютқазсанг у кулфатдан
Қутқазгувчи коринг йўқ.
Сени шу ўн данакдан
Ўзга халоскоринг йўқ.
Билсанг ҳар бир данакда
Биттадан дарахт яшар.
Шовуллаган яшиллик
Шодлик яшар, бахт яшар.
Ўн данакдан, минг данак
Яратганлар хуррамдир.
Минг данакдан мингта боғ
Яратган муҳтарамдир.
Сўнгги ўнта данакни
Кенжатой келиб олди.
Ўтган кунларин эслаб
Бошини қуйи солди.
Она билди кенжа ҳам
Қаттиқ адашди йўлда,
Йўқотишларини эслаб
Не кечмоқда ёш дилда.
Уч далада, уч жойда
Уч ўғил иш бошлади.
Учта боғ, боғ бўлса ҳам
Боғи беҳишт бошлади.
Боғлар бўлдилар баланд
Юлдуз билан сирлашган.
Боғларки она юртнинг
Томири-ла бирлашган.
Ҳар кимсада боғ бўлсин
Яйрашу, кулиш учун.
Олис-олис кетса ҳам
Соғиниб келиш учун.
Боғбоннинг учта ўғли
Учта синовдан ўтди.
Йўқчилик йўлидаги
Қордан, қировдан ўтди.
Улар энди тушунди
Данакларда боғ бордир.
Боғи борнинг кўксида
Мағрур-мағрур тоғ бордир.
Билишди ҳар даракда
Биттадан дарахт яшар.
Шовуллаган яшиллик
Шодлик яшар, бахти яшар.
Зулфия Мўминова - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари соҳибаси, шоира.