САЙЁРА ОПАМ
САЙЁРА ОПАМ
Сайёра Қозиевага
Куй-қўшиқ, навога тўлар гул иси,
Қизғалдоқ қизарса, ўзгарар туси,
Соғинса, боласин келар кўргиси,
Онамдай азизим, Сайёра опам.
Бир олам қўшиғи қанот кўнглимга,
Ёшлиги опаммас, ўхшар синглимга,
Мен Сизни айтинг-чи, ишонай кимга?
Онамдай азизим, Сайёра опам.
Юзлари ой дерсиз, қалби қуёшдай,
Олтмишга кирса ҳам ўн саккиз ёшдай,
Қўшиқ деб ёнади қалби оташдай,
Онамдай азизим, Сайёра опам.
Амирхон, Сиз билан бизга йўл бўлсин,
Қувончдан мухлислар кўзлари кулсин,
Дониёр Мирзони бир кўргани келсин,
Онамдай азизим, Сайёра опам.
Келса, гулдай қўшиқ ёзиб берардим,
Қўй гўштга ош дамлаб, сузиб берардим,
Боғимдан хурмолар узиб берардим,
Онамдай азизим, Сайёра опам.
3 декабрь 2021 йил
БАХТИМСАН, ВАТАН
Авлиёлар, ақраболар азиз маскани,
Жаннатлардан таралгайдир бўйларинг сани,
Бежиз эмас, келажагинг буюк бўлгани,
Суянчимсан, таянчимсан, фахримсан, Ватан,
Ифтихору, ишончимсан, бахтимсан, Ватан!
Тангрим ўзи яратгувчи, ўзи мададкор,
Юракларга қаср қурган, ўзи бунёдкор,
Истиқлолу, фароғати мангу, барқарор,
Суянчимсан, таянчимсан, фахримсан, Ватан,
Қадру қиммат, ифтихорим, бахтимсан, Ватан!
Эзгуликка, келажакка йўллагувчи сен,
Отамдайин қанот бўлиб, қўллагувчи сен,
Кундан-кунга чирой очиб, гуллагувчи сен,
Таянчимсан, ифтихорим, фахримсан, Ватан,
Қўлламасанг, айтгил, ўзи мен кимман, Ватан?
Жаҳон аро, жаранг сочган ўзбек деган ном,
Қалдирғочлар қўшиғида ўзбекча калом,
Бу кунларни интиқ кутган нуроний бобом,
Суянчимсан, таянчимсан, фахримсан, Ватан,
Ифтихору, ишончимсан, бахтимсан, Ватан!
Нур ўрнига, зар сочади қуёши, ойи,
Тирик жонга насибадир, нону, буғдойи,
Саховатдан, сахий эрур эркнинг чиройи,
Суянчимсан, таянчимсан, фахримсан, Ватан,
Ифтихору, ишончимсан, бахтимсан, Ватан!
АРАЗИНГИЗ
Гоҳо сизнинг кўнглингизни ололмасам,
Аразингиз очилмайди, аразингиз.
Бедор тунда ёнингизда қололмасам,
Аразингиз очилмайди, аразингиз.
Сунбул мисол сочингизни силасам-да,
Минг бор кулиб, кўз ёшингиз эласам-да,
Бир дунёча бахтингизни тиласам-да,
Аразингиз очилмайди нечун, эркам?!
Ҳаёт ўзи сийнасин ёрар эмиш,
Бир кун келиб бизни бахтга қорар эмиш.
Мен Отабек, сиз-чи, унда бўлиб Кумуш,
Аразингиз очилмайди нечун, эркам?!
Ҳасрат тўла юрагимни эзиб-эзиб,
Гулбоғимдан гуллар термай нечун кезиб,
Сизни севдим, десам, жоним, мендан безиб,
Аразингиз очилмайди нечун, эркам?!
Баҳорга, сиз, чирой бериб очилган гул,
Сизга ошиқ хониш қилган менман булбул,
Сиз танҳосиз, сиз Малика сочи сунбул.
Аразингиз очилмайди нечун, эркам?!
Ҳажр ўти тиғлар менинг юрагимни,
Ишқ наштари тилкалади курагимни.
Билмам, сизга борми ўзи керагимни,
Аразингиз очилмайди нечун, эркам?!
Дониёр МИРЗО
Муаллиф ҳақида: Дониёр Мирзо 1978 йилнинг 12 Февраль куни Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи туман, Кўкдала қишлоғида туғилган.
2007-2011 йиллари Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган. (Магистр). Санъатшунослик фанлари номзоди.
«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби. Қозоғистон Республикаси томонидан Халқаро Абай медали билан тақдирланган. Қозоғистон, Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Оққушгинам», «Бахт бешиги», «Ширин ҳаёт», «Ёлғон муҳаббат», «Аразингиз очилмайди, аразингиз», «Давраларда ўйнасин онам», «Ҳаммаданам гўзалсан», «Бибигул», «Сен онамни йиғлатма, ҳаёт» каби қатор китоблари чиққан.
«Қашқадарё баёзи», «Теран илдизлар», «Ойдин орзулар», Аҳмаджон Тўлагановнинг Санъат ва маданият институти талабалари учун «Саҳна нутқи» дарслигига ҳам шеърлари киритилган.
«Тўйсиз томоша», «Ғаройибот», «Бибигул» «Диплом» каби пьесалари, драматик асарлари саҳналаштирилган.
«Дониёр Мирзо шеърлари билан айтилган қўшиқлар» ҳамда «Бенифис - 2009» DVD альбомлари чиққан.
Юзлаб шеърлари қўшиқ қилиниб, таниқли санъаткорлар томонидан куйланмоқда.
«Ўгай она» телесериали саундтреки ҳам Дониёр Мирзо қаламига мансуб.
2000-2006 йиллари «Туркистон» газетаси мухбири, 2011-2013 йиллари Тошкент шаҳар Юнусобод тумани З. Фурқат номидаги маданият маркази раҳбари, 2014-2016 йиллари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази бош методисти бўлиб ишлаган.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Ўзбекистон» нашриёти муҳаррири вазифасида фаолият юритмоқда.