ОЛИСДАГИ СЕВГИ ОТАШИ
Кўчқор НОРҚОБИЛ ОЛИСДАГИ СЕВГИ ОТАШИ
Ҳикоя
Таниқли архитектор Собир Садо нафасқисди хасталигига йўлиқди; ўлиб - тирилди ўзиям. Худога бир айтгани бор экан, нарги дунё эшиги одидан қайтди.
Боши ёстиқдан бироз кўтарилгач, кўзи қуёшдан қамашиб, дераза ортидаги олма дарахтига боқди. Бу даҳри дуннинг барча бойликлари шу новдалардаги баргга қўнган гардчалик қадрсиз эканлигини англади ва кўзи очилди. Қош ости, қовоқ устидаги кўз ҳамма нарсани ҳам кўравермаслиги, одам боласининг кўнглидами, қалбидами, ишқилиб, қаеридадир тағин бир жуфт кўзи борлигини, улар очилмасдан туриб, уларнинг борлигини ҳам ҳис қилмасдан ўлиб кетиш нақадар даҳшат эканлигини тушуниб етди.
Ҳа, нафасқисди унинг ўша қаеридадир мавжуд кўзларини очиб юборди. Ва, англагани шу бўлди: дунёни бус - бутунлигича ютиб юборишга шай турган нафс бўғзида вақти соати келгач, бир ютимгина ҳаво ҳам тиқилиб, ўтмай қоларкан... Оёғинг узангида маҳали от туёғи ўзимники, деб ўйлайдиган хом сут эмган бандалар - ей, бу дунё бир ютумгина ҳавога арзимаскан. Билсанглар ҳам билинглар, билмасанглар ҳам ўзларинг биласизлар...
Нафасқисди унга қайси гўрданам тармашди, шифохонадан чиққандан кейин инжиқ ва жиззакироқ бўлиб қолди. Ўн духтир ўн хил, юз духтир юз турли тахминни келтирди; бироқ уларнинг барчаси битта тўхтамга келишди — муолажанинг афзали тоза ҳаво.
– Алло! Эшитаман! Э-йй, бу Сенмисан? Тузалиб қолдингми? Овозингни эшитганимдан хурсандман. Ниҳоят телефон қиладиган кунинг ҳам бор экан-ку... Тоза ҳаво дейсанми, мана, биз томонга, Кавказга кел! Олдин бу ерда бироз дам оласан, кейин Кисловодскка ўзим кузатиб қўяман. – Бакулик қадрдон дўсти ва курсдоши Салим Бобулло ўғлининг чорлови кўнглига бир оз таскин берди.
Чиндан Салимнинг таклифи ўринли. У ёқда бир мунча салқин. Бу ерда эса ҳозирдан кун ёндираяпти. Май ойи тугамасидан қуёш ерга тушиб , думалайман, деб турибди. Ёз олов ичида ўтса керак...
Нафасқисдининг асорати шуки, хотира аросатда қоларкан, эси кирарли - чиқарли, ёди ётлашди. Ҳоли - сўли йўқ. Тинкаси тиғ устида. Яримжон... Куч - қувватга ўт кетган...
Нафасқисдида “Ана ўлди, мана ўлди, яна қолди...”, бўлиб алаҳсиб ётган кезлар фақат бир хил туш кўрди, мана ўша туш: “Қуёш ботаяпти... Пахтазор... Тоғ ортига чўкиб бораётган Ярим Офтоб “танасидан” силқиллаб отилган шулъага ғарқ бепоён дала адоғидаги сокиноқар дарёнинг қизғиштус сатҳида ҳам чўғи чатнаган осмон акс этади. Ўзи эса қирғоқда туриб, тандир оғзидан ёртиси чиққан ширмон нондай бўлиб турган қуёшдан кўз узмайди. Офтоб тобора яқинлашиб келаверади. Алалоқибат, қорачўғларига сингиб кетади ва айни онда зимистонлик ичра Сабринанинг тиниқ чеҳраси ялт этиб намоён бўлади- да, лаҳзада йўқолади. Шу тобда бошида оловшар портлаб, осмон қасирдайди...” Бу нима туш бўлди, денг.
У чўчиб уйғонади. Ич - эти ёнаётганидан кўнгли беҳузур бўлиб, вужудини қалтироқ тутади. Бошидаги тумбада турган чойнакни даст кўтариб, ютоқиб сув ичади. Ботинидаги чўғ оташи бироз босилгач, ҳансираб ҳовлига чиқади. Қувирни бураб, юз - қулини ювади. Супа четига ҳардамхиёл бўлиб ўтиради. Умрининг бошқа, кўпгина ёдлавҳалари ўчиб кетган хотира варақларида фақат Сабрина билан боғлиқ манзаралар тиниқлашиб бораётганига ўзи ҳам ҳайрон бўлади. Сабринанинг чеҳрасини шу, ланъати нафасқисди хасталиги очиб юборган кўнглидагими ё юрагидагими, ишқилиб, ботинидаги “ички кўзлари” орқали кўра бошлаганини англаб, юраги шуувв этар ва ҳолсизланиб қоларди.
Шифохонадан чиққанига ҳам мана уч ойдан ошди. Ёди хира тортиб, хасталик чанги қоплаганига қарамай, хаёлининг бир бурчида мутлоқа бошқа бир лавҳ китобининг варақлари очилиб, Сабрина иккисининг муҳаббат достони нур тарата бошлади. Қизиқ, шу пайтгача ўзи учун ардоқли бўлиб келган кўп нарсалар “ўлди-ю”, Сабрина билан боғлиқ тафсилотларнинг бари ипидан игнасигача қайта тирила бошлади. Товба дейсан, хасталикнинг шундоқ асорати ҳам бўладими, ёнингдагилар ёдидан узила бошласанг...
У деярли ҳар кеча ўша тушни қайта кўрадиган бўлиб қолди... Тоғ ортига ярми ботган офтоб. Шафақ оғушида қолган пахтазор. Сув ўрнида шулъа мавжланган сокин дарё қирғоғида сеҳрланган кўйи офтобга термулган ўсмирлиги... ва қизғиштус осмонда туйқус порлаган нигоҳлар — Сабринанинг кўзлари...
Тўғри, Собир Садо олдинлари ҳам ёшлик хотирасига берилган чоғда Сабринани эслар, толибликнинг олисдаги нурли лаҳзалари шавқини туйгандай бўлар, лекин ақли фикрати ҳушини йиғиб олишга ундаркан, ўз ҳаётидан мамнунлик ҳиссини туярди. Ахир ёнида меҳрибон хотини, одоб аҳлоқига ҳамма ҳавас қиладиган ўғил - қизи бор.
Йўқ, ҳамиша ҳам хонадонингда шодлигу бахт тантана қилавермаскан. Нотанти тақдир гоҳида бир қўли билан ош берса, наргиси билан бош ёради. Хотини оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Уйли - жойли бўлишган болалар олисда. “Қизинг қирга, ўғлинг ўрга кетди...”, деганлари шу бўлса керак-да-а? Ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзи. Ёлғиз. Баъзида укасининг кенжа ўғли келиб, хабар олиб туради. Гоҳида ётиб ҳам қолади. Нима дейсиз энди, туз – насиба экан, ўғли бошқа вилоятда нуфузли ва масъулиятли лавозимнинг бошини тутган. Унча - мунча мансабда эмас, ўша ердаги каттаконларнинг бири! Шунинг учун ҳам маҳалла – куйдаги баъзи оғзи йиртиқлар, ҳар нарса деб сомирдашавермайди, ҳаммаси жим. Йўқса, ёлғизгина ўғли отасини ташлаб аллақаерларда юрибди, деб жағига ем бергувилар ҳам топиларди. Қизнинг аҳволи эса ўзингизга аён; бировнинг хасми. Ота уйдан чиқдингми, энди унинг эшигини эрнинг изми билан очишинг мумкин.
Қизи ҳам олис туманда яшайди.
Хуллас, икки йилдирки шу ҳовлида ёлғиз. Ака – ука, хеш – ақроба йиғилиб, бу кемтиккўнгилнинг қадрига етгувчи бирор мўмин – муслимани топиб, Оллоҳимнинг изми билан бошини қовуштириб қўяйлик, деган қарорга келишиб, ўғил - қизидан ҳам розилик олишган эдики, қайси гўрдан йўлиқди, мана шу нафасқисди хасталиги уни тўшакка михлади. Уч ой ана кетди, мана кетди бўлиб ётди. Элнинг дуоси кўл бўлдими, Яратган ёзган ризқнинг ҳали тугамагани чинми, ишқилиб, Собир Садо ҳаётга қайтди. Лекин, одамови, ҳардамхиёл бўлиб қайтди.
Супа четида ғалати бир аҳволда, бир нуқтага кўз тикиб, жим ўтираверади. Нималарнидир ўйлайверади. Гап сўрасангиз индамайди. Кўп нарсаларни эслай олмайди. Тенг - тўшлари ўзоқ - яқин гурунглардан олишса, индамай қараб тураверади, у - бу нарсаларни сўрашса, бош ирғабгина қўяди. Ўлмайиннинг кунидан жилмаяди. Гоҳида ичида қўрқув уйғонади, ҳаёти бўшлиққа айланиб бораётганга ўхшайди..
Бир куни духтир ҳузурига борди. Ўз руҳиятидаги ўзгаришларни айтиб, маслаҳат сўради. Тажрибали, таниқли шифокор ундаги бу ўзгаришларни тиббий билим ва таҳлилларга таяниб изоҳлашга уринди. Хулоса шу бўлди; онг остида кўмилиб ётган азиятли хотиралар хуружи юқори нуқтага чиққан палла эмиш ҳозир. Бу албатта, хотирнинг сусайишига олиб келади. Шифокор гап орасида яна бир муҳим нарсани қистириб ўтди; қачонлардир азият чеккан инсоний соф туйғулар хотира тоғлари қаърида мина ёки вулқон каби кўмилиб ётаркан, портлаш ё отилиб чиқиш учун пайт пойларкан. Улар портласа, инсон ҳаётини издан чиқариб юбориши мумкин. Афсуски, бизнинг замонимизда ҳам Инсон хотираси ва руҳияти билан боғлиқ сирли ҳодисаларни тўлиқ таҳлил этишга тиббиёт қодир эмаскан. Фақат бир нарса аёнки, кимдир кимнидир қаттиқ ёд этса, руҳияти унга чамбарчас боғланиб қолса, дунёнинг қай бурчида бўлмасин, албатта, ўша одамнинг руҳиятига хабар етиб юборади, уни ўзига тортади ёки ўзи у томон тортила бошлайди. Инсон руҳи бутун олам тортишиш кучидан ҳам қудратлироқдир. Қисқаси, Сен кимнидир астойдил ўйласанг, у ҳам сени ёдга олади. Ҳа, майли бу ёғи энди тиббиётнинг иши эмас... Саломат бўлинг, сиз соппа - соғсиз, фақат Яхшилик ва Ёруғликка чин дилдан ишонинг.
Бу гапларни дўхтир айтдими ё ўзининг ҳардамхаёл бошида ғойибдан пайдо бўлдими, эслай олмайди. Бироқ, бир нарса тайин; дарди дунёсини шафақ қаърига чўмган пахтазор, ботаётган офтоб, сатҳида қизғиш осмон акс этган сокин дарё, қирғоқдаги ўсмирлиги... ва... оловтус осмон оғушида лаҳзада пайдо бўлиб, сўнгувчи Сабринанинг юлдуз кузлари ва тиниқ чеҳраси эгаллаб олган.
Уйга келди. Супага чўкди. Хаёлида яна ўша манзара. Ўрнидан сапчиб турди. Ичкари уйга кирди. Барчасидан қутилишнинг осон йўлини топгандай бўлди. Улкан сандқни очди. Ичидан кичик жамодончани олди. Ҳовлига олиб чиқиб оғзини очди- да, ичидаги турли расм - русм, хат - қоғоз, барча ашқол - дошқолларни ерга тўкди. Уларни ёқмоқчи бўлди. Ҳа, шундай қилса, баридан, ўша талабалик билан боғлиқ хотиралардан батамом қутилади. Уюм четига сирғалиб тушган аллақандай журналнинг рангли ялтироқ вароғидаги сувратга кўзи тушиши ҳамона вужуди сесканиб, чаён чаққандай бир сапчиб тушди. Баданида тиккайган туклари ўз терисига игнадай санчилди. Танаси жимирлаб кетди. Шошиб журнал саҳифасини олди, унда акс этган сувратга боқиб юраги ҳапқирди. Бу унинг тушларига кираётган манзара — шафақ шулъасида чўлғанган пахтазор, ярим ботган офтоб, дарё, қирғоқдаги ўз ўсмирлиги. У олисларга кўз тикиб турибди. Холбой бобонинг бригадасида пахта тераётган ўқувчилик даври.
Орадан қирқ йилдан ошиқ вақт ўтибди... Бу сувратни Тошкентдан келган ўрис фотомухбир ишлаганди. “Гулистон” журналида босилиб чиққан. Оқшом чоғи олтиндай товланган пахтазордан завқланган илғор ўқувчи Собир Садоев тенқурларига ўрнак қилиб кўрсатилган эди.
Пойтахтга, Архитектура институтига ўқишга келганда суврат китоблари орасида бўлди. Биринчи курсни тугатиб, ўқишини Москвага кўчирган паллада ҳам шу расм ўзининг керакли буюмлари билан бирга эди.
Иккинчи курснинг охирларида институтнинг рассомлик бўлимида ўқиётган Сабрина билан танишди. Уларнинг ётоғи ёнма - ён. Ҳар куни институтга бирга бориб қайтишади. Шоир айтмоқчи, тиниқ кўнгилларнинг нурли иплари бир - бири билан туташди. Кунлар қисқа, тунлар лаҳзалик, висол киприк қоқунча ниҳоя топар, айролик онлари эса йиллардай чўзилиб, вақт тўхтаб қолганга ўхшарди. Севги фаслининг ўтлиғ дамлари бошланди. Ҳа, севги на тил, на миллат танламайди, сендан маслаҳат ҳам сўраб ўтирмайди. У шундай қудратлики, юрагингни гапиртиради. Бор кўзингни кўр қилиб, йўқ кўзингни очиб қўяди.
Йигит ҳамма нарсада Сабринани кўрадиган, ҳамма нарса Сабрина дейдиган бўлди. Тонг, эрталабки йўлак, институт ҳовлисидаги дов – дарахтлар, кафелар, дарё бўйи, юлдузлар порлаган шаҳар осмони... бари бари Сабринанинг исмини айтади: “Сабрина... Сабрина... Сабрина!!!” Бироқ йигит у билан тақдири боғланмаслигини англаб етган. Қиз ҳам олис Осиёдан келган ўғлоннинг кўнглида батомам қолиб кетишининг иложи йўқлигини ҳис қилади. Йўллари айролиги иккисига ҳам аён. Бироқ не қилишсин, юрак амри билан ёнган севги ўти кўкайингни куйдириб, кўк томирингни чиритади...
– Мен албатта, Сенинг сувратингни чизаман. Кўрасан, ҳаётимнинг моҳиятини, ҳаттоки, ўзимнинг кўзларимни ҳам Сенинг қорачўғларинг қаърига сингдириб чизаман. Буни рассомлар ботиний тасаввур ифодаси, юрак ранги билан ишланган рамз дейишади. Тушинаяпсанми, Собир... Собир... Собир... мен сени...
Собирнинг юраги ҳапқиради, кўзларидан дувиллаб ёш оқади. Чунки, айни дам Сабринанинг қалб қаъридан видо нидолари отилаётганини ҳис қилади. Сабрина айрилиқ дардини қалб титроқлари ила изҳор этаётганини англайди. Собир уни бағрига босаркан, ич - ичидан ўрлаган ўкрик бўронини бўғзида зўрға тутиб туради. Кўзларидан тирқираб оққан ёш томчилари Сабринанинг юзига тушиб, қизнинг ёноғини ловуллатиб куйдиради. Улар тонгни ётоқхона балконида бедор қарши олишди.
Қиз бугун пешиндан кейин ўз юрти Қабардин – Болқорга жунаб кетади. Собир иккови ўзига тегишли ҳужжатларга имзо қуйдириш учун институт масъулларига бирма - бир учрашиб чиқишди. Уларнинг аксарияти шундай истеъдодли қиз институт берган йўлланма билан Москвада қолмасдан, аллақандай тоғли ўлкага равона бўлаётганига ҳайрон қолишарди. Шундай истеъдодли қиз... Бир неча бор халқаро талабалар фестивалларида ғолиб бўлган, ишлаган сувратларига ҳатто хорижий давлатлардан ҳам харидорлар чиқиб турган мусаввира-я! Наҳотки қаршисида турган шон – шуҳратдан воз кечса, бошига қўнган бахт қушини ўз қўли билан ҳайдаса? Москвадаги санъат иншоатларидан бирига ишга таклиф қилиб туришган чоғда шундай имкониятни қўлдан бой бериш ғирт аҳмоқлик деб билган, бу йўлда ҳар нарсага рози, не бўлса-да, ўлиб – тирилиб югиргилаб юрган курсдош қизларнинг пичингу писандасига ҳам эътибор бермаган қайсар Сабрина тўрва - халтасини олиб вокзалга жўнади.
– Балки яна ўйлаб кўрарсан... Шу ерда қоларсан-а? Ахир Сен истеъдодлисан.– Собир кутиш залида бир нуқтага тикилиб турган қизга сўнгги умид илинжида юзланди.
– Йўқ, уйга кетаман. Ўйлаб кўрдим. Охири ўзимни енгишга, ҳа, енгилсам ҳам енгишга, ўзимни шунга ишонтиришга мажбур бўлдим. Бизда ҳаёт тарзи бошқача. Ота- онам, қариндош - уруғим кутишаяпти. Айтгандим... Собир, онамга айтгандим. Сен ҳақингда, иккимиз ҳақимизда бир амаллаб айтгандим. Онам йиғлади. Бу гапни отангга айтганимиздан кўра овулни ташлаб кетганимиз яхши, юртдан кўчганимиз авло деди. Биз тоғликларнинг тутумимиз бошқача. Мени эслаб тур... Ёдингдан чиқарма.
... Ва ниҳоят поезд келди. Собирнинг қўл - оёғи бўшашди. Гандираклаб вагон томон юрди. Қизнинг юкларини купега жойлаб, пастга тушди. Дераза ёнига келди. Юзларини кафти билан тўсиб йиғлаётган Сабринага қаради. Қиз Собирнинг нигоҳини ҳис этиб, унга қараб жилмайишга уринди. Табассуми синиқ чиқди. Лабларининг бир чети пирпираб турарди. Қизнинг катта- катта тим қора кўзларидан ёғду таралгандай бўлди. Сабрина ўрнидан шаҳд турди-да, вагон деразасининг тепа ушлагичини икки қўллаб қисиб, бор кучи билан пастга босди. Дераза қия очилди. Қизнинг ёшли кўзларида яна нур жило этди. У жилмайди.
– Собир, ҳалиги, Сен менга кўрсатган суврат бор-ку, анаву, журналда босилган суврат, кун ботиш, қизғиш пахтазор, дарё бўйидаги сен... Ўша зўр суврат. Худо хоҳласа, мен уни шундай чизаманки, кўрганлар ҳайратга тушадилар. Ишон менга, зўр қилиб, жонли қилиб ишлайман. Сенга айтмабман, ўша сувратдаги манзара ўтган кеча тушимга ҳам кирибди. Мен ўша сувратдаги ҳаётни мана бу еримга ( кўксига кўрсаткич бармоғини ниқтади) жойладим, хаёлимда қаттиқ муҳрладим.
Қиз шу гапни айти-ю, вагон деразасини қайта ёпди. Қўллари билан юзини тўсиб олди, елкалари силкина бошлади. Сўнг уввос тортиб йиғлаб юборди. Поезд тарақлаб силтанди. Хайрият, поезд юра бошлади. Хайрлашув азоби иккисининг ҳам тинкасини қурита бошлаганди.
Поезд кетди. Сабрина кетди...
... Собир ҳовлига олазирак аланглади. Шоша - пиша жамодондан тўкилган нарсаларни қайтариб сола бошлади. Журналда босилган ўша сувратни олиб, тикилиб турди. Кўз ўнгида яна Сабрина пайдо бўлди. Қулоқлари остида унинг бундан қирқ йил олдин айтган гаплари жаранглади: “Худо хоҳласа, мен уни шундай чизаманки, кўрганлар ҳайратга тушадилар. Ишон менга, зўр қилиб, жонли қилиб ишлайман...”
Жамодонни ичкари уйга олиб кириб, аввалги жойига қўйди. Супага чиқиб чўзилди. Кўзи илинди. Туш кўрди. Кенг пахтазор... ва юксакда худди қуш каби муаллақ турган қизғиш ҳарир либосдаги Сабрина уни ўзи томон чорлаяпти... Нимадир жиринглади. Уйғониб кетди. Қўлтелфони чақираяпти. Салим Бобулло ўғли қўнғироқ қилаяптийкан.
– Алло ўйлаб кўрдингми? Қачон келасан? Сенга олдинги ҳафта ҳам айтгандим. Бокуга кел! Шабран деган жойимизда ажойиб дам олиш маскани қурилган. Ўша ерга олиб бораман. Зўр битта коттежни ажратиб берамиз. Жуда гўзал жой. Келсанг, хурсанд бўласан. Ҳавосини айтмайсан. Бу жойдан ҳамма ҳам жой оломайди. Шу ерда ўн кун турасан, кейин, майли, поездга чиқиб, Кисловодскка жўнаб кетаверасан... Нима қиласан, келасанми?
– Бўпти бораман!
Олисдаги ошнасининг гапи кўнглини ёритди. Зора соғайса... Борса боргани бўлсин...
Ҳовлини укасининг ўғлига қолдириб, ўзи Бакуга учди. Салим аэропортда кутиб олди. Денгиз соҳилида нонушта қилишди. Нуфузли бир идоранинг раҳбари бўлган дўсти Собирга ачиниб қаради; ўзини анча олдириб қўйибди. Шундай истеъдодли архитектор, ҳатто Бакуда қурилажак айрим иншоатлар юзасидан маслаҳат бериб, баъзи чизмаларга тузатиш киритган ўз ишининг устаси бу инсоннинг одамови бўлиб турганидан Салимнинг юраги эзилди.
Шабран Бакудан юз ўттиз чақирим узоқда экан. Денгиз соҳили бўйлаб бир соатлар чамаси йўл юрилгач, улов ўнга бурилди. Тоғўрмонлар бағрида, дарахтлар ғиж тепаликлар пойида худди ложувард денгиз узра қаторлашиб сузиб бораётган оқ кемалар каби тизилган оппоқ коттежлар қаршисига келишгач, Салим изоҳ берди:
– Мана, Шабран дам олиш маскани. Манови коттежларда унча - мунча одамлар эмас, мамлакатдаги таниқли ёзувчилар, рассому бастакорлар дам олишади, булар шулар учун қурилган. Ана, қара, қаршингдаги ҳашаматли бино, беш юлдузли меҳмонхонага Туркия, Арабистон, Овропа-ю Осиёдан сайёҳлар келиб ўрнашишади. Сенга эса, манови коттежни Анор муаллимнинг шахсан ўзи аралашиб, олиб берди. Ахир мен ёзар - мозор бўлмасам, бу илтифотлар нечун, деб ҳайрон бўлма. Сенинг Бакудаги энг чиройли иморатлардан бири чизмаси устида сидқидилдан ишлаганинг, ҳамкорлик қилганинг учун ҳам отахон адибнинг кўнгли илиди.
Улар чиндан ҳам кишининг дилини ёритар даражада серҳашам, замонавий шамойилдаги бадастур коттежга кирдилар. Деразани очсанг бас, тоғ тепасида осилиб турган булутлар майин бир эпкин таъсирида ичкарига сузиб кирадигандай... Қўл чўзсанг, тоққа етгудай гўё. Ҳаво шу қадар софки, бошинг енгил тортиб, кўзинг тиниқлашади.
– Сен бироз дамингни ол. Қўлтелефоним қуввати ўчибди. Мен меҳмонхонага бориб, ресторандан у - бу егулик олиб келаман. – Салим ташқарига чиқди.
Собирнинг кўзи илинди. Яна туш. Яна ёшлигига қайтди. Сабрина иккиси денгиз соҳилида сайр қилишаяпти. Қуёш ботиб бораяпти. Денгиз сатҳида шафақтус осмон акс этади. Денгиз осмонга, осмон денгизга айланади. Борлиқ қизғиш тусда. Сўнг сув юзида пахтазор пайдо бўлади. Сабрина пахтазорми, денгиз сатҳими, билиб бўлмайди, олвон ёғдулар ичра сингиб, ғойиб бўлади. Собир уйғониб кетди. Салимни кўрди. Музлатгичга у - бу нарса, емак жойлаяпти.
– Кечқурун меҳмонхонанинг катта файесида ажойиб томоша бўларкан, борасанми? Одам гавжум. Бундай тадбирлардан қолмаслик керак. Ўта одобли ва маданиятли кимсаларнинг сипойи турмуш тарзига назар ташлаб, ўз ҳаётинг ҳам зерикарли эмаслигига амин бўласан. Дарвоқе, ҳаёт ҳақида, ҳозир эсимга тушди, талабалик давримизда Сенинг юрагингдан урган рассом қиз бор эди-ю, ўша билан гаплашиб турасанми, ё мутлоқ алоқани узиб юборганмисан?
Салимнинг томдан тараша тушгандай Сабринани эслаб қолиши Собирни эсдан оғдирар даражада эсанкиратиб қўйди. Худи айб иш устида қўлга тушган каби довдираб қолди. “Бу нимага шаъма қилаяпти,? Аҳволи руҳиятимни уққан каби, менга бақирайиб қараб турганини кўр... Ё ўзим бирор нарса деб валдирадиммикан, йўғ-е, ўзи шунчаки сўраётгандир...”
– Йўқ, у қиз эсимдан ҳам чиқиб кетган. Қайси замондаги гапларни қўзғаб юришингни қара, – ўзича тўнғиллади
– Шундай де. Лекин у Сени унутмабди... Икки йил олдин Бакуда катта бир йиғинда кўрдим. У Кавказдаги бообрў аёллардан биридир. Билсанг, Сабрина Риза Алиакбар қизи нуфузли бир жамоат ташкилотини ҳам бошқаради. Рассомлигига эса қойил қолмай иложинг йўқ. Хуллас, саломлашдим. Биз Сиз билан ёнма ён ётоқхонада яшаганмиз. Сизнинг ижодингизни кузатиб бораман... Мен архитектура факультетини тамомлаганман. Ҳалиги ўзбек бор эди-ку, Собир... ўша менинг энг яқин дўстим эди дедим. У анграйиб қолди. Мени таниди... Сени сўради. Йилда бир икки гаплашиб турамиз, телефон рақамларини берайинми, дедим. Негадир у истамади... Хуллас, анчагача суҳбатлашдик. Гап асносида ёлғизлигини билиб олдим. Бир ўғлим бор, ҳозир у Москвада, аспирантурани тамомлаб университетда ишда қолди деди. Ўзи эса Нальчикда яшаяптийкан.
Собир тарсаки егандай гандираклади. Нима бўлса ҳам сир бой бермасликка ҳаракат қилди. Нима десин, йиғласинми, ланъати шу касалликдан сўнг ўнгу тушимда фақат Сабринани кўрадиган бўлиб қолдим, десинми? Кўксига муштлаб чинқирсинми, мени азобламаган энди Сен қолувдингми, деб Салимнинг ёқасидан тутсинми, нима қилсин?
Собир бироз толиқибман, деган баҳонади нарги хонага ўтиб, яна тўшакка чўзилди. Ўзини ухлаганга олди.
Кечқурун серҳашам меҳмонхона файеси остонасида ҳозир бўлишди. Ичкарига ҳадлашди. Қўлида шампан виносига тўлғазилган қадаҳ тутган сипо ва силлиқ, озода кийинган бир гала эркагу аёл деворларга кўз югиртириб, анчагача бир нуқтага термулиб туришади. Залнинг девор ва устунларига осилган турли полотналарда акс этган расмлар қаърида алланечук айрилиқ ва соғинч ҳисси қалқиб турганга ўхшарди. Собир катта зал тўридаги улкан полотнага боқиб, юраги тўхтаб қолаёзди. Унда тоғ ортига ярми ботган офтоб, шафақ шулъасига ғарқ пахтазор, сокин сатҳида осмон чўкиб ётган дарё ва қирғоқда олисларга кўз тиккан ўспирин акс этган эди.
Собир чайқалди. Қўлидаги қадаҳ ерга тушиб, чил- чил синди. Аҳли давра унга ялт этиб қаради. У рўпарасидаги сувратга боқиб, анграйиб, тош қотиб тураверди-да, сўнг чўкаллаб ўтириб қолди. Залда ўлик сукунат ҳукмрон бўлди. Собирнинг юраги қинидан чиққудай бўлиб, кўксига зарб урар, ҳар бир зарб заҳмидан энтикарди...
Кўзларидан шувиллаб ёш оқа бошлади. Собир шу қисқа вақт оралиғида ҳамма... ҳаммасини, туш ва ҳуш оралиғида яшагани, энди ҳушга қайтиш онлари бошланаётганини савқи табиийлик ила тушуниб етди. Залда ҳамон сукунат ҳукмрон.
Бир оздан сўнг мармар полда чарсиллаган қадам товушлари эшитила бошлади. Собир ортига ўгрилиб қарашга ўзида куч тополмасди. Уҳҳ, ҳозир юраги узилиб тушади, бўғзига тиқилиб турган жони ташқарига отилиб чиқиб кетади. Кўзларини юмиб олди. Қулоқлари остида кимнингдир нафасини туйгандай бўлди. “Мен бу сувратни ҳар кеча тушларимда чиздим...”
Собир бир сесканиб кўзини очди. Ёнида тиз чўккан кўйи тим қора кўзларидан ёш сизаётган, кумушранг қуюқ соч толалари тиниқ чеҳрасига янада жозиба бахшида этган сулув бир жувонни кўрди. Унинг катта – катта тим қора кўзлари худди аввалгидай сирли ва сеҳрли порларди.
– Сабри... Сабрина..., – деди Собир зўрға. Бўғзидан жон ўрнида фақат шу сўзлар отила бошлади: – Сабри... Сабрина... Сабри...
Аёл эса унинг ёнида ҳамон чўк тушган алфозда оғир энтикиб, сочларини силарди. Уфф тортиб, лаблари пирпирарди. Иҳранади:
– Мен билардим.... Мен ҳаммасини биламан. Салим менга ҳаммасини айтиб берган.... Биламан... Келишингни билардим...
Озарбайжон. Шабран.