МУНОЖОТ


Адиба УМИРОВА

МУНОЖОТ
Ҳикоя
 
  Уйимиздан бир неча қадам нарида қабристон бор. Беихтиёр деразамни очсам, узоқ-узоқдан хилхонадаги қабрлар кўринади. Ким билади, дейсиз!.. Балки бу қабристонда не-не шоҳлар, шоҳлар учун қадаҳ кўтарган мулозимлар, мулозимлар учун ҳалок бўлган жангчилар, жангчиларни кутган келинчаклар ётгандир. Кеча-кундуз бу ерда ёзиб бўлмас даражада жимлик бўрони увиллайди. Тонгда эса ўлимдан қўрққандек, ой ҳам қўрқа-писа булутлар орасига кириб кетади. Бу манзара ҳар қандай кўнгилга хафачилик келтиради. Мен ҳам ўзимнинг ўтмишимга, ақлсизлигимга шундай кўмилганман, совуқ ерда ғужанак бўлиб ётаман, ичимда ҳамма нарса жонсиздек, фақат кенг ўпкамда катта балиқдек бир нима билқиллаб туради. Кейин кўринмас бир соя ортимдан эргашиб юради. Ажалдан қочиб, соямга қаттиқ ёпишиб олганман. Мен жисм ва соя ўртасидаги сарсона руҳман. Руҳим тан лаҳадига қачон кириб чиққанини билмайман. Фақат бечора руҳ осмонга талпинади, қанотларини қоқиб елкаларини силкитади. Уввос тортиб, бирдан жимиб қолади. У на пулга, на шарафга, на ҳокимиятга қизиқади. Билмайман, у нимага ўхшайди: соягами, шарпагами, булутгами?.. Дунёдан-дунёга учиб юради, афсус, у ўзимдан бошқага кўринмайди. У ҳар нафас ақлимнинг торгина йўлагида биргина ўлим борлигини эслатиб туради. Ундан ҳам қўрқинчлиси, вақт шарпаси билан бутун вужудимни таҳликага солади. Бу жисм ва соянинг фойдасизлигини исботлаш учун анови қабрда суякларининг қолдиғи ҳам қолмаган тепакал олим кўп уринган. Билимлари унга чуқур қабрдан бошқа ҳеч нарса беролмади, ҳозир у ўзининг жимлиги билан барча саволларга жавоб топгандек тупроқдан бош кўтаргиси ҳам келмайди.
  Қабр - ўзига ҳамма нарсани йиғучи денгизга ўхшайди. У барчани ўз қучоғига олади, бу ҳаётда ҳаммага ўлим бор, бўйнимизда туради, баримизни қиличдан бирма-бир ўтказади, агар ўлим табиий келса, ундан қўрқмаслик, паст кетмаслик керак. У бандасининг иродаси эмас, тақдир ва илоҳият кучи билан бошқарилади. Кимки, мангу яшашга қанча тиришмасин, шунча чириб кетишга маҳкум этилган. Ўлимга қарши бориш денгиз тубига чўкиб, юзага чиқишга интилишдек гап. Чўкиндилар омон чиқишга интилади, қирғоқда қолганлар ўзининг тинчини ўйлайди, ўзини ҳар хил кулфатдан сақлаш билан овора. Эсимни танибманки, ўлимни чуқур ҳис қиламан, анчадан бери руҳимни шунга тайёрлаб бораман, ўлимдан қўрқмайман, қабристонда тунаб қолсам ҳам рангим оқармайди, бирор арвоҳ тирилиб келса ҳам дудуқланиб қолмайман, чунки  гўрда туғилган Гўрўғлининг қизиман. Мен яшаётган жамиятнинг ҳам гўрдан фарқи йўқ. Ҳеч қандай ҳақиқатни охирига етиб бўлмайди. Неча марта ўз бошимдан ўтказиб кўрганман, ноҳақликларга суяк-суягимгача чидаб берганман. Шарқ одамлари табиатдан қизиққон, ҳиссиётчан, қони қайноқ, ҳамма нарсани ҳазил билан енгишга одатланмаган. Баъзан ҳаддан ортиқ совуққон, иштиёқсиз, босиқлиги - сабр ва андишанинг ўта кучлилигидан. Арзимас тажрибам шуни кўрсатадики, вақти-вақти билан фикрлар ҳам ўз ўлимини соғиниб, пешонасини мағрур ўққа тутиб беради. Тўғри, тобут  бўшлиққа мўлжалланган геометрик объект, у фикрларга эмас, мурдаларга хизмат қилади. Фикр - қорин ғумбагини ёриб чиққан капалак. Капалак ўлигини тобутда кўтариб юрмаймиз-ку, аммо эшигим ортида доим бир тобут ясатилган туради. Бу янги ғояларим тобути. Ўзингиз танангизда бир ўйлаб кўринг: у камбағал ҳам, бой ҳам эмас, бошқаларнинг ҳуқуқ ва бурчларидан доим ўзиникини устун қўяди, ўзидан бошқани кучли севолмайди, дунёда фақат ўзим ҳақман, тўғриман, покман, ҳалолман, деб ўйлайди. Хўш, бунақа ёввойиларни нима қилиш керак?.. Ўзидан бошқаларни севмасларни, кўп меҳнат қиладиганларни, ҳаддан ошиқ олижанобларни, Ленин замонидан қолган подшоҳлар, доҳийларга ишончли намуналарни, ҳамма жабҳада доим биринчиликни қўлдан бермас ягоналарни?.. Уларни тинчлик ва тўқлик бўғзига келган, ҳақиқатни кўтара олмайди. Кимдир тобутга айланиб, жамиятдаги номутаносиблик, хафачилик, ғамгинликларни ҳам кўтариб юриши керак-ку!.. Ўша тобут менман. Ҳамма хурсанд юришим учун ақл ўргатади, ўлимдан камроқ гапир, деб миямни арралайди, бироқ фалсафасиз яшаш енгил эмас. Истаган одам истаган пайтда ҳеч киммаслигингга гувоҳлик бериши мумкин, аслида ҳам биз Одам Атонинг ердаги экспериментларимиз. Скелетимизга ишқибоз профессорлар бир кунда неча марта калла суягимизни қоқиб кўради, улар юзлаб скелетларни шу тахлитда ўрганишади, бурун узунлиги, оғиз катталигини ўлчайди, қулоғидан тортиб кўради, маймунсимон ҳайвонлар билан солиштиради, оломон, тўда, гуруҳларга ажратиб ташлайди. Уларга қанча ўлик мия кўп бўлса, шунча яхши, музейлар, ертўлалар, мозорларга бориб мароқ билан илмий тадқиқотларини олиб бораверади.Тадқиқотчилар учун энг тинч жой шу!..
  Менга эса дунё нақ шу ердан иккига бўлингандек кўринади: бу томони шовқин-суронли, ҳайқириқларга тўла, худди ўлим йўқдек ҳамма абадий ҳаётга даъвогар!.. Ҳеч қандай ёвузликдан қўрқмайдилар, ҳатто ажали яқинлигини била туриб  бир-бирларидан разилона кечирим сўрайдилар. Қачонлардир эҳтимолки, қадим вақтларда Момо Ҳавво жаннатдан кечиб келганда, одамийлик муқаддас эди, кўкраги билан келажакка сут берганда Одам авлодлари бу қадар майдалашиб кетмаганди. Худо билан одам ўлими ўртасида қандай фарқ бор, деб кичиклар катталарга савол берганда, катталар ҳурмат билан инсондан туганмас авлод қолади, Яратган эса ягона:  "Лоҳавла вало қуввата илло биллоҳил алиюл азим"ни ихлос билан келтирарди. Ҳозир одамлар тирик, одамийлик ўлган - гумроҳлик бор, гумроҳ ҳамиша бошқаларни ҳам йўлдан оздиради. Гумроҳлик -пасткашлик!.. Унинг кўзи кўр, қулоғи кар ва гунг. Қадами шумликдан нишона. Ҳатто виждон қозилари ҳам гумроҳлар қўлида пасткашларча ўлиб кетганини биламиз-ку!..
  Дунёнинг у тарафи эса жимлик ва сукунат. Бақир-чақирлардан кўра мана шу сокинлик мени кўпроқ қўрқувга солади. Ерни ковлаган билан бирор табиат унсурлари устидан чиқамиз, танамизда неча фоиз қўрғошин ёки темир моддаси борлигини билмайману скелетимиз бора-бора қазилма бойликларга қўшилиши ҳақиқатдан холи эмас. Ғоялар-чи?.. Ғоялар қачон ухлайди, уйғонади, тирикми, ўликми?.. Балки скелетимизнинг ўзи ғоядир. Ўлик миялар ҳам ҳаётлик чоғида ҳақиқат тарқатувчилар бўлишган, йўқотиш, эслаш, иштиёқ, сукунат, бахтни ҳис қилиш, ерга ишлов бериш, тақдир синови, учрашиш, айрилиқ - ҳамма-ҳаммасини одамлар тўдасида, одамсизликда, холислик билан ўзида синаб кўрган. Бир-бирига кўпроқ яқинлашган, бегоналик сезганда узоқлашган, қора булутлар яшилланиб бахмалдек ёйилган, дарахтлар қаддини кўтаролмай ҳосил берган, мевалари ширин ва йирикроқ, она сутидек тотли туюлган. Қуёш назари билан уларни ҳам эркалаган, сермаҳсул эркалаш орқали раҳмдил осмон ўзини тозалаб олган, ой қуриган кўзларини суғориб турган, абадий тирик севгиси, улкан кўз ёшлари бўлган. Чидамсизлик билан Худони чақирган:
- Ҳаммаси тугади. Наҳотки, сенга ҳам очилолмасам?.. Қаерда ишонч бўлмаса, ўша ерда жанжал. Севги ва дўстлик ҳам супурилган. Бунақа ҳаёт билан хайрлашмоқчиман. Нима қилсам экан?.. Ўзимни ўлдирсаммикан?.. Бошқа жим турмоққа кучим етмайди, ҳаммасидан жим турмоқ оғир! Кўксимдаги олов ғазаб қўзғайди: Шундай ўлмоқ тўғрими?.. Ёки ҳаётимга ачинишим керакми?.. Бу азоблар ипи қачон узилади?.. Ё исқотингни ол, йўқса, ичимдаги бадкорликни ўлдир! - дея ўзидан ҳаммасини тўкиб солган. Яна тағин ўзига-ўзи шундай гапирган:
- Қанчалик нодонман-а!.. Ҳаммасига худди Тангри айбдордек. Кўнглим ёришмаса, чарақлаган қуёшда нима гуноҳ?..  Ҳар қадамда қоқилсам, нега аламимни дарахтлардан олишим керак?.. Танамни ўлдирган ишхоналарда бошлиқларга ялтоқланиб нима қилиб юрибман?.. Мурдалар тирилмайдилар, нега уларга чиройли сўзлардан либос тикаяпман?.. Ўлай агар, мен соғ эмасман!.. Ақлдан озишим аниқ.
  Қабристонда мендан бошқа гуманист йўқ. Гарчи гуманизм тирикларга сийқа ва кулгули туюлса ҳам, менга ёқади. Уни атиргулга ўхшатаман, ифори одамни маст қилади, менга қўл теккизма, тиконим қадалади, деса ҳам узиб қўйган пайтларим жуда кўп бўлган. Тикон оғриғига чидолмай, қизил қонга ботсам ҳам, доим уни ҳимоя қиламан. Эсимда, бир марта кўчадан ўтиб кетаётган бир дарвеш ёш жувонга: 
- Сенинг уйингда севги кўряпман. Мени соғлигинг, кўнглинг учун қабул қилмайсанми?  - дейди. Жувон меҳмонни уйига киритади, тонгда тўсатдан ўлиб қолганидан қўрқиб ҳайқиради:
- Уни танимайман. Эрим ҳам эмас, бир кечалик азиз меҳмоним эди, ўлимига заррача айбим йўқ, - деса ҳам жазога тортилади, адашган суд ҳукми ўқилади. Ўша аёлни ҳимоя қилиб ёзган суд очеркимни ўқиб, ҳатто судья ҳам "ҳа-ҳа"лаб:
- Ойимқиз, нима бўлганда ҳам бу аҳлоқсизлик!.. Аҳлоқсизлик ҳеч қандай раҳмдиллик билан оқланмайди. Бу бизнинг жамиятимизда нормал ҳолат эмас. Қолаверса, Худонинг тақдири. Бандасининг қўлидан нима келади?.. Ўзи меҳрибон!.. Аралашма, у жазосини ўтасин, агар ҳақ бўлса, у дунёда ажрини кўради,  - деганди.
  Индамаслар дунёсида ҳам бунақа аҳлоқсизлар истаганча топилади, аммо ўликлар кулишни ёмон кўради. Мени доим жиддий қабул қилади. Чунки улар инсонпарварлик нималигини яхши билишади.
 * * *
  Биласизми, сизга ҳаммаси эриш туюлса ҳам айтаман: дунё худди дон ичида тургандек. У қаердан нам олиб кўкаради, нонга айланади?.. Шундай табиий ва қашшоқ жараённи бизга замонавий фан тараққийпарварлари ҳам соддагина қилиб тушунтириб беролмайди. Момом қабри бошида туриб, болаликдаги бир манзарани эсладим.
- Анови қушчани кўраяпсанми?  - деганди ўшанда момом.
- Зағизғон-ку!..
- Тумшуғида кўтариб кетаётган мевалардан яна биттаси ерга тушиб кетди. Қара, буни шамол тупроққа кўмади, ёмғир намлантиради, хас-хашаклар орасидан кўкариб чиқади, қуёшдан куч олиб ҳайбатли дарахтга айланади, яна мева беради, мевасини сен, япроқларини сигир ейди, елини сутга тўлади, онанг сигирни соғиб, сутини сенга ичиради, сен ўсасан, сенинг болангда ҳам худди шу ҳолат такрорланади. Мендан тўсатдан айрилиб қолсанг, қўрқма, ерга кирганим билан бутунлай йўқолиб кетмайман, ўша мевага ўхшаб у моддадан бу моддага алмашиб юравераман. Фақат сен буни пайқамайсан.
  Момом оламдан ўтгандан бери шуни ўйлайман: ҳозир уларнинг фикри тирикларникидан фарқ қиладими?.. Зеҳн-идроки тупроқдан куч олаётганмикан?.. Ҳавас-иштиёқлари ҳаётдагидан бошқачароқми?.. Биз тирмашиб яшаётган дунё уларга ҳам қизиқми?.. Бирор кўнгилсизлик олдидан момом доим тушимга киради, гўё улар ўлмагандек доим ёнимда борлигини ҳис қилиб тураман.
  Яратган икки дунё ўртасидаги оралиқни пухта режа асосида аниқ ҳисоб-китоб билан шундай яратиб қўйганки, бунга унча ақлим етмайди-ю, лекин фалакдаги юлдузлар, коинот, кометалар орқалими, руҳларми, сояларми, ғояларми билмадим, икки дунёни боғлаб турадиган бир жонли мулоқот йўли бўлиши керак. Эҳтимол, гапираётган нарсаларимни сиз тасаввур ҳам қилолмассиз, бундан асло ўкинмайман: биламанки, индамаслар нима демоқчи бўлаётганимни тушуниб турибди. Ҳа, улар менга ҳар сафар меҳр-муҳаббатга ташна нигоҳи билан қараганда, бари зулмлар, шантажликлар, очлик, юпунликдан ўзимни сақлаб қолишга куч топаман, ҳар қандай қўрқувни енгаман, яқинда ўзимни ҳам қабр олади. Ўзимни тергаб-тергаб саволга тутаман: нега ўликларнинг бировга зиёни тегмайди?.. Тўрт панжара ичида ётса ҳам тирикларга ҳасад ва рашк билан қарамайди, ёки инсон дунёдан ўтса шунақа беозор бўлиб қоладими?.. Неча марта ўзимдан ижирғаниб сўрайман: бунча мақтанчоқ ва ёлғончисан!.. Ёш боладек мақтовга ўчсан. Қандайдир қимматбаҳо буюмлар, олтин медаллар, ҳашаматли уйлар, машиналар  - ҳаётингнинг бутун қисми шуми?.. Бутун тармоқларда сенинг ёлғонларинг айланади:  раҳмдиллик ва ғазаб, ишқ ва нафрат, шовқин ва тинчлик билан. Азобли шубҳалар ва золимликлар билан нега, кимга китоблар қолдираяпсан?.. Ғаройиб туш болаларигами?.. Улар барибир ҳаётга тушга ишонганчалик ишонишмайди. Индамасларгами?.. Унутмагинки, у ёқда қутқарувчи ёлғон ўтмайди. Арвоҳлар ҳам тушда кўриниш беради. Нега тирикларга тўтидек сайрайсан, мурдалар олдида  тилинг қалтирайди. Кўз олдингда бировни тепкилашса ҳам бепарво ўтиб кетаверасан, қабристонда майса шивирласа ҳам кечалари кўзингга уйқу келмайди. Баъзан атрофга қараб, инсонга кўп нарса нарёғда асқотмаслигини биласан, фақат ҳаммасига қўл силтаб кетолмайсан, бунга ироданг етмайди, юрагинг камбағал, нафсингни жиловлашга ақлинг камлик қилади. Мен буларнинг ҳаммасини ўзимда синаб кўрганман, гоҳида чидаб бўлмас даражада фарёд чекаман: битта бизнинг еримиздами шунча азоб-уқубатлар?.. Кўп ишлардан кўнглим беҳузур бўлади, кўзимни очмасам, яна тағин зангор уфқдан бош кўтарган қуёшга қараб теримга сиғмай ҳўнграб юбораман.
  Бизни бу йўл қаерга олиб боради?.. Эртага ким бўламиз: майсами, капалакми, олтинми, темирми?.. Биз ким бўлишимизни аниқ билишимиз керак, дейману эҳтимолки, буларнинг ҳаммасини билишимиз мутлақо шарт эмасдир!..










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот