ҲАЛОЛЛИК
Ровийлар ривоят қилишларича, топарман-тутарман ва ҳалол-пок бир кишининг хотини ҳомиладор, ой-куниям анча яқин экан. Рўзғорида бари нарсалари етарли, егани олдида, емагани ортида, аҳил-иноқ яшашар экан. Бироқ, ўша кўнгил деганлари кўнгил-да, бунақа ҳолатдаги аёллар ўзлари хоҳлаган нарсаларини емасалар, туғилажак чақалоқнинг қулоғи “чиноқ” бўлиб қолар эмиш. Бир куни ўша аёл ҳам ҳовлида айланиб юриб, баногоҳ қўшнисининг деворидан осилиб турган бир бош узумга кўзи тушибди. Кўнгли суст кетибди ва егиси келибди. Узум томонга бир қадам ташлаган экан, Виждон “Тўхта! Ахир уйингда ишкомда осилиб турган ҳар хил узумлар ниҳоятда сероб-ку! Ўшалардан тўйгунча еяверсанг бўлмайдими?” дебди. Жиғилдон “Уйдагилар аллақачон эскириб, сўлиб қолган. Бунисини қарагин, роса тирсиллайди, сувликкина. Ола қолсанг-чи, ўйлаб-нетиб ўтирмасдан!” дея шипшибди. Аёл ўша тарафга тағин бир қадам ташлабди. Энди эса Виждон жуда қаттиқ фарёд чекибди: “Фақат бугунги кунингни ўйламагин-да! Соҳибининг розилигисиз ейилган ҳар қандай таом одамга асло татимайди, бир кунмас бир куни бир ердан тешиб чиқади-ку”. “Қўйсанг-чи, биров кўриб ўтирибдими? Ол, олавергин, қара қандоқ мазали...” деб пичирлабди Жиғилдон. Аёл ўша узумга қўл узатибди. Бир шингилини узиб олиб, лабига аста босибди. Ширин сувини сўриб, бирозгина бўлса-да, нафси ором олибди. Атрофига аланглаб қараса, бирон-бир кимса ҳам кўринмайди, ҳеч ким йўқ. “Хайрият-эй, бирон-бир киши кўрмади” деб уйига кириб кетибди.
Ой-куни етиб, аёл қўчқордек ўғил туғибди. Бироқ, чақалоқ биринчи кунданоқ ўз онасини эммасдан касалланиб, кундан кунга озиб кета бошлабди. Эр-хотин жуда кўп табибларга учрашибди. Лекин, уларнинг биронтаси ҳам ушбу бетобликнинг асл сабабини аниқлай олмабди. Охири ота боласини бир донишманд зотнинг ҳузурига олиб борибди. Ул зот эса чақалоқни (фарзанд бу дунёга келганидан 10 кунлик бўлгунича – чақалоқ, 11- кунидан бошлаб 1 ёшу 1 кунлик бўлгунига қадар гўдак деб аталишидан ўзингиз ҳам ниҳоятда яхши бохабарсиз) обдан кўзидан кечириб, анча узоқ вақтгача ўйланиб қолибди ва бечора отага қараб шундай дебди:
– Рафиқангиз қачонлардир ўзи билган ё билмаган ҳолатда бирон-бир шубҳали, ҳаром луқмани еб қўйган экан. Мана шунинг учун ҳам болангиз ўз онасини эмишни сира ҳам истамаяпти.
Эр жуда қаттиқ дарғазаб бўлибди: ахир, ҳалол меҳнати билан кунни кун, тунни тун демай емиш топиб келяпти-ку. Шу пайтгача бирон кишини норози қилиб ёки ёлғон ишлатиб топган нарсани уйига келтирмади-ку! Ҳаром деганлари ўзи қаердан кириб келди? У хотинини қисди-қафасга олибди. Бечора Аёл эса айбини эслай олмасдан кўп азият чекибди. Охири ўйлай-ўйлай ўша қўшнининг узумидан сўрамай татиб кўргани қўққисдан ёдига тушиб қолибди. Эр-хотин биргалашиб ўша қўшнининг хонадонига кириб бориб, жудаям қаттиқ узр сўрашибди, биздан рози бўлинг деб узумнинг ҳақини ҳам тўлашибди. Бунисини ҳам қаранг-ки, айнан мана шу кундан бошлаб, ўша фарзандлари ўз онасини эмишни ҳам бошлаб юборибди, бутунлай соғайиб кетибди, ўйнаб-кулиб вояга етибди. Йигитча жуда яхши таълим-тарбия олибди ва касб-ҳунарли комил инсонга айланиб, ўз эл-юртига фидойиларча содиқ, ҳалол хизмат қилиб, дунёга келтирган ота-онасига катта раҳмат олиб берибди.
© Бахтиёр ИСОҚОВ
"Ўқинг: ибратли ривоятлар" китобидан.