ТЕАТРДА МОМО ШОКОЛАД БЕРДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ
 ТЕАТРДА МОМО ШОКОЛАД БЕРДИ
  
   Шоир Шадмонқул Салом иккимиз театрда тасодифан кўришдик. Бўш ўрин йўқ. Амаллаб балкондан жой қилиб беришди. Томоша зали лиқ тўла. Юзга яқин одам ташқарида қолиб кетди.
    “Замон Авлонийси”ни қўйишди. Миллатни, Ватанни мактаб ва муаллим қутқариши ҳақидаги спектакл эди бу.
Рўза куни бўлишига қарамай, театрга бунчалар кўп одам келганини шу пайтгача кўрмаган эдим. Рўзадорлар оғзини спектакль давомида томоша залида очишди.
    Тўғри, бугун театрларга кириш бепул эди. Халқаро театр куни муносабати билан барча театрлар эшиклари очиқ. Бироқ, театрни севмаганида  бунча кўп одам келмаслиги ҳам мумкин эди-ку... Ҳа, халқ театрга қизиқади, театрни севади.  лекин... лекин ... бошқа кунлари бу даражада тўлиб - тошиб келишга уларнинг имконлари йўқлиги, чўнтак масаласи деган муомма ҳам борлигини ҳис қилиб, борлиғимни совуқ тер қоплади... Ким билсин, театр ва китобга эмас,  тийин – тийинлаб пул тўплаб, камига қарз кўтариб, топганини бир кунлик дабдабали тўйга сарфлаш одати руҳиятига сингиб кетган эл бўлганимиз учун шундаймикан? Билмадим... билмадим...
   Саҳнадаги зиддиятлар, асар қаҳрамони Тўхтамурод ота Жумаев ва унинг оиласи бошига тушган мусибатлар таъсирида томошобин ўзини йиғидан тўхтатолмайди... Қарасам, Шодмонқул ҳам шу ҳолда.  
   Спектакл тугагач, одамлар ўрнидан гувиллаб туришди, қарсакдан зал титради. Озғингина, кекса бир момо залдан биз томонга қилтанглаб юриб келди-да, тепага юзланди ва  менга шоколад узатди:
— Ҳой болам, шуни сен ёзганмисан? Ма, мановини ол болам. Рўзадирсан-а, еб ол!
— Олинг, момо Сизга шоколад бераяпти, — дейди Шодмонқул тўлқинланиб.
   Момонинг озғингина қўлини қайтаролмайман. Сўнг момо, саҳнага чиқди-да, униққан сўмкасидан набира ё қизу келинлари учун харид қилган рўмолларни олиб актрисаларга бирма бир тарқатди. Эркак актёрларга етганича шоколадлар улашди.
   Бутун зал ҳажон ичида... Кампир сўмкасини бўм – бўш қилиб саҳнадан тушди. Зал бир қалқиди... Менинг вужудим титраб кетди...
   Бу Халқ саҳнани севади, театрни севади. Бу халқ маданиятни тушунади... Унинг қонида ҳали эзгулик ўлмаган, ўлмайди ҳам...
   Уйга қайтаяпман; пастдан туриб қоқшоқ қўлларида менга шоколад узатаётган жиккакина момо кўз ўнгимдан кетмаяпти. Мижжаларимдан ёш сизаяпти.
   Бугун биз учун, чиндан зўр байрам бўлди, шундай эмасми, Шодмонқул?!  
 
 27.03.2024 й. 
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот