ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ АКТРИСАСИ


  Қозоғистондаги Чимкент Ўзбек Драма театрининг актрисаси - Клара Шадибекова билан мусоҳаба


- Клара, Қозоғистондаги Чимкент Ўзбек Драма театри вакиллари ташрифини Ўзбекистондаги санъат мухлислари қандай кутиб олишди? Ўзингизнинг таассуротларингиз қанақа?
- Томошабинларимиз бизни жуда ҳам қизғин ва кўнгилдагидек кутиб олишди. Назаримда, улар спектаклда ўйнаган актёрлар билан гўёки бирга яшашди.
- Саҳналаштирувчи режиссёр - Сайфиддин Мелиевнинг ўзи спектакльни томоша қилиш учун театрга ҳам келмабди?
- Ҳа, негадир келмади. Биз ҳам Сайфиддин аканинг келишини кутган эдик, аммо афсуски, айрим сабабларга кўра иштирок этмади.
- "Турон" театр студиясидан актриса Илмира Раҳимжонова ҳам борган экан. Илмира "Эътироф - 2016" тақдимотида "Йилнинг энг яхши актрисаси" мукофотини қўлга киритган эди. Бу йил эса Қозоғистонда "Йилнинг энг яхши актрисаси" мукофотига СИЗ сазовор бўлдингиз. Бу кўп йиллик ижодингизга берилган эътироф.
- Мукофот олишимдан сал аввал Н. Гогольнинг асари асосида саҳналаштирилган "Уйланиш" спектаклини қўйдик. Бу спектакльда бошь роллардан бири - Агафья Тихоновнани ,"Қашқир улиган тун"да эса Савле ролини ижро этиш бахтига муяссар бўлдим!
-Томошабинларга қисқача қилиб мана шу пьесанинг мазмунини гапириб бера оласизми? Асардаги илгари сурилган ғоя, воқеалар ривожи қандай? 
- Бу спектакль Сабит Дўсанов қаламига мансуб бўлиб, ҳаётий ва ҳаққоний воқеалар асосида ёзилган. Асар қаҳрамонининг ўғли - Дониёр ҳам ақлли, ҳам меҳрибон, кўпчиликга ёрдам берадиган, олижаноб йигит бўлади. Бироқ унинг тақдири аччиқ ва ачинарли тарзда якун топади. Қисқа қилиб айтганда, никоҳ кечаси жон беради. 
Ҳозирги кунда яшаб турган одамларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги фожиага асосий сабаб. Чунки, Дониёр ёшлигида астма касаллигига йўлиққан бўлади. Астма касали хуруж қилиб қолганда, ингалятори уйида қолиб кетганини билиб қолади. Машинани четга тўхтатиб, ингалятор олиш сотиб олиш учун дорихонага кирса, унга муддати ўтиб кетган ингаляторни сотишади. Яқинроқдаги бир хусусий шифохонага киришади. Шифокорлар зарур дори ўрнига адреналинни эмлаб қўйишади. Дори юракни хуруж қилдириши натижасида йигитча дунёдан бевақт кўз юмади. Ҳозирги замондаги одамларни лоқайдлиги ва масъулиятсизли шундай аянчли оқибатларга олиб келади.
- Бундай ҳолат нафақат масъулиятсизлик, балки жиноятдир. Шифокор жиноий жавобгарликка тортиладими?
- Афсуски, унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди. Чунки қаҳрамон ўзини дарди билан овора бўлиб, бу орада Дониёрнинг онаси ҳам қаттиқ касал бўлиб қолади. Улар шу ташвишлар гирдобида қолгани ҳолда, вақт ўтади ва шифокор суд ҳукмига ҳавола қилинмай, жазодан қутулиб қолади.. Спектакльни агар ўз кўзингиз билан кўрганингизда эди, таъсири ўзгача бўлар эди. Ҳозир сизга гапириб бераяпману, юрагим эзилиб кетаяпти.
- Йигит неча ёшда бўлади? 
- 21 ёшда.
- Нега асарга "Қашқир улиган тун" деб ном қўйилган?
- Чунки фалокат содир бўлишидан аввал қашқир увиллаган бўлади. Азалдан қашқир увилласа хосияти ёмон, деган гап бор.
- Бугунгача қанча спектаклларда рол ўйнадингиз?
- Ўзимизнинг Чимкентдаги театримиз 15 ёшга тўлиб, 16 йиллигини қаршилаётган театр. Бу орада мен мазкур театрда 40 га яқин турли-туман ролларни ижро этдим.
- Илк дебют ролингиз?
- Д. Исабековнинг "Бир ҳайкал можараси" спектаклида ҳокимият вакили ролини ўйнаганман.
- 40 га яқин ролларингиздан нечтасида бош ролда чиққансиз?
- Аниқ айтолмайман.
-Ўзбекистонда бир нечта театр бор. Ҳар бир вилоятда биттадан, Тошкентда эса ўнлаб театрлар мавжуд. Лекин ачинарлиси, томошабинларнинг кириши кам. Жуда зўр намойиш бўлиб қолса ёки биринчи кун таклифнома билан асосий ўзларини танишлари киришини айтмасак, шу чипта олиб кирадиган мухлислар сони камайиб бормоқда. Кўпинча, ўқув масканлари, турли идоралар жалб қилиниб, ўқувчиларга устозлар, ходимларга рабарлар томонидан чипталар соттирилиши ҳолатлари ҳеч кимга сир эмас. Чимкент Ўзбек драма театрида томошабинларнинг спектаклларга талаби қай даражада?
- Бу муаммодан бизнинг театр ҳам мустасно эмас. Ҳар бир давлат театрларини, ҳаттоки, санъатга муккасидан кетган Европа халқларини ҳам бу ҳол четлаб ўтмаяпти. Улар биздан маданият ва санъат соҳасида анча ривожланиб кетишган, лекин улар ҳам шундай ҳолатларга дуч келишаяпти. Россиядги кўпчилик театрларга чипталар аввалдан сотиб бўлинади, чипталарни топа олмайсиз, дейишганда ҳавас қиламиз, бироқ уларда ҳам томошабин муаммоси бор.
- Бунинг ечимини топиш учун қандай таклифларингиз бор? Томошабинлар кўпайиши учун нималар қилиниши ва нималарга эътибор қаратиш зарур деб ўйлайсиз? 
- Ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирсак, томошабинлар сони ортади деган хулосага келиб, шундай қилиб кўрдик ҳам.
- Фойдаси бўлдими?
- Ҳа, натижаси иш берди. Негаки, ижтимоий тармоқлардаги янгиликлар ҳозирги кунда худди ўта тезкор ракета сингари шиддат билан учади. Оқибати кўнгилдагидек бўлди, аммо реклама қилишга ҳар доим ҳам вақтимиз бўлавермайди-да. Дўстлар, улфатлару дугоналар чойхона, гап, гаштакларга боришга ва пул сарфлашга вақт топишади. Дийдорлашиш яхши албатта, аммо бир сафар шу учрашувни театрда қилишса, ўша ерда учрашишса, маънавий озуқа ҳам олган бўлишарди. 
- Сиз фаолият юритадиган театрда спектакллар фақат ўзбек тилида қўйиладими ёки қозоқ тилида ҳам намойиш қилинадими?
- Ўзбек тилида. Шу сабабли ҳам, ўз номи билан ўзбек театри деб юритилади. Чимкент вилоятининг ўзида 8 та театр бор. Битта қозоқ театри бор.
- Энди Сизни бугунги кунда эришган ютуқларингиздан бир оз чекиниб, ўтмишга - болалик ва ўсмирлик даврларингизга саёҳат қилсак.
- Санъатга бўлган қизиқишим, актриса бўлишимга сабабчилар - биринчи навбатда - ота-онам. Улар санъатга алоқадор соҳада ишлашмаса-да, санъатни жону дилларидан севишар эди.
  Адам раҳматли ички ишлар соҳасида узоқ йиллар ишлаб, подполковник унвони билан нафақага чиққанлар. Ёшлигимиздан бизга шеърлар ёдлатиб, адабиёт ва санъатга қизиқтирганлар. Ўқиган шеърларимизни магнитофонга ёзиб олардилар. Ўша кассеталардаги тасма ёзувлари ҳозир ҳам уйимизда турибди. Байрамларда ота-онамизга ўзимиз кутилмаган совға тарзида рақслар тушиб, концерт қўйиб берар эдик. Кўпинча, ҳинд фильмларига қизиқардик, шу боис, ҳинд фильмларининг қўшиқларига рақсга тушардик. Ойимнинг ўзлари рақсга тушмасалар-да бизга рақсдан сабоқ берардилар. Ойим мактабда бошланғич синфларга дарс ўтадиган ўқитувчи эдилар. 
 Болалигимдан мактабдаги тадбирларнинг сценарийларини устозларим менга беришарди. Тадбирларни синф сардори сифатида ўзим ташкиллаштирардим.

  Тадбир репетицияларида кўзларимни юмиб, ўзимни гўёки катта саҳнада тургандек, томошабинлар тўлиб ўтиргандай ҳис қилардим. 2003-йили мактабнинг 11-синфини битирдик.
  2003 йил феврал ойининг 7-куни қуйидаги мазмунда конкурс эълон қилинибди: "Театрга конкурс асосида актёр ва актрисаларни таклиф қиламиз". Этюд, шеър, қўшиқ, масаллар шарти билан. Менинг ҳабарим йўқ. Газетадаги эълонни адам ва ойим ўқиб қолишибди. Тақвимга қарасак, 5-февраль санаси. Танловга атиги 2 кун қолибди. Ота-онам менга тайёргарлик кўришни ва танловда иштирок этишни маслаҳат беришди. Мен рози бўлганча, изланишга тушдим. Танлов шартларининг ҳаммасига тайёрланиб бордим. Танловда 15-20 киши қатнашдик. Омадим чопиб, танловдан ўтдим ва театрда ишлай бошладим. Театримизда 9 нафар актрисамиз бор. Умумий театримиз ижодий жамоаси 20 нафар актёр-актрисалардан ташкил топган. 
- Ҳар бир актёр, актрисада кинода рол ўйнаш иштиёқи бўлади. Кастингларда қатнашиб, ўзингизни кино соҳасида ҳам синаб кўрганмисиз?
- Бир-икки маротаба бундай уринишлар бўлди, лекин кинога унчалик қизиқмайман. Мен театрни яхши кўраман, чунки театрда жонли ижро бор. Кино ва театр бошқа-бошқа нарса.
- "Йилнинг энг яхши актрисаси" мукофотини олганингизда кўнглингиз қанчалик кўтарилди? Асосийси, мукофот ё унвон эмас, ҳамма гап эътиборда, меҳнатингизнинг эътироф этилишида, шундай эмасми?
- Шундай. Албатта ўзимга кўрсатилган бундай эҳтиром, эътибор ва эътирофдан ҳурсандман. Меҳнат қилсак, эртами, кечми, албатта мевасини беради. Бунга мен аллақачон амин бўлганман. Индамасдан сабр қилишга одатланганман.
- Ўзбек Миллий Академик драма театри томонидан "Ташаккурнома"лар билан тақдирланибсизлар?
- Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Севинчдан бошим айланди. Негаки улуғ актёрларимиз атрофимизда парвона. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, актёр - Ёдгор Саъдиев саҳнага чиқиб, нутқ сўзлаганда кўзимга ёш келди. "Мана шу Ўзбек Миллий Академик драма театри сизларнинг ҳам театрингизлар. Эшигимиз ҳамиша сизлар учун очиқ", - деганда шодлигимдан йиғлаб юбордим!
  Театримиз қишлоқ жойда бўлгани учун ҳам ҳамма кела олмайди. Кўп ҳолларда таниш билиш ва қариндош-уруғларимиз келишади. Зиёлилар эса келишга вақт топа олишмайди! Лекин ҳар замонда зиёли кишиларимиз ташриф буюриб қолишса: "Вой, келиб турсак бўлар экан-а?", - дейишади. 
- Мухлисларингизга тилакларингизни билдирсангиз. 
- Ҳар доим ҳаммага соғлик, тинчлик, хотиржамлик тилаймиз. Ҳар доим нима бўлишидан қатъий назар, ҳар бир масаланинг ижобий томонини ўйлаб, фикр юритишсин. Салбий фикр ва хаёллардан мосуво бўлишсин. Эзгуликка интилган қалбларни эзгулик чулғаб олади. Театрларимиз томошабин ва мухлисларга тўлсин. Ҳамма жонли томошаларни намойишига келишса, театримиз одамлар билан гавжум бўлса, мана шу менинг энг юксак орзу тилагим. Инсон ҳақиқатдан ҳам театрни кўриб, маънавий покланади, тарбиявий сабоқ олиб, тегишли хулосаларни чиқаришига имкон яралади.
  Сўзим якунида, Ўзбекистонга қилган гастрол сафаримиз давомида амалий ёрдам берган, ҳамкорлик қилган ва бизларни қўллаб-қувватлаган барча инсонларга, хусусан, энг аввало, Ўзбекистон Маданият вазирлигига, Ўзбек Миллий Академик драма театри раҳбарияти, ижодий жамоасига, Гулистон, Жиззах, Гагарин, Самарқандда бизни илиқ кутиб олиб, томошабинлар билан таъминлаб, меҳмон қилган қардошларимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Жиззах вилоятининг Гагарин туманида бизни қозоқ биродарларимиз кутиб олишди. Ўзбекистондаги Қозоғистон йили жуда самарали ўтишига тилакдошман. Икки қўшни, қондош ва қардош давлатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик бардавом ҳамда абадий бўлсин. 
- Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Театрингизнинг ижодий жамоасига ва СИЗга улкан зафарлар тилаб қоламиз.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот