ОСМОНДАН ЁҒИЛГАН ЁНҒОҚЛАР


Нилуфар ЖАББОРОВА

ОСМОНДАН ЁҒИЛГАН ЁНҒОҚЛАР
Ҳикоя

  Сардор осмонни томоша қилишни жуда яхши кўради. Қушларнинг тўп-тўп, гоҳи гулдаста, гоҳи бир қатор бўлиб учишини завқ билан томоша қилади. Расм дафтарига чизганларининг кўпи қушларнинг сурати... Бир куни Сардор ҳовлида ўйнаб юрганди. Шу пайт кутилмаганда оёғи тагига осмондан уч-тўртта ёнғоқ  тушди. Ҳайрон бўлиб тепага қаради. Қушлар гала-гала бўлиб учарди. У ёнғоқларни қўлига олганича ойисининг ёнига югурди: 
– Ойижон, осмонда кимдир ёнғоқ дарахтини қоқяпти. Қаранг, ҳовлимизга қанча ёнғоқ тушди, – деди. Сайёра опа жилмайиб:
– Осмонда дарахт ўсмайди, болам, – деди. Сардор қўлидаги ёнғоқларга тикилиб туриб: 
– Унда булар қаердан тушди?! – деди кўзларини катта-катта очиб. 
– Ёнғоқлар ерга тушган маҳали осмонга қарадингми? – сўради ойиси. Сардор бошини силкитиб тасдиқ ишорасини билдирди. Сайёра опа: 
 – Унда нимани кўрдинг? – деб сўради. Сардор бироз ўйланиб турди-да:
 – Тўп-тўп бўлиб учаётган қушларни кўрдим, – деди.
– Ҳойнаҳой, бу ёнғоқларни сенга қарғалар ташлаган бўлса керак.
– Қарғалар? Қанақасига ойижон?! Илтимос, менга тезроқ тушунтириб беринг, – Сардор ҳайратини яширолмай тоқатсизлана  бошлади.
– Ҳа, қарғалар  ёнғоқ мевасини  жуда яхши кўради. Дарахтдан мевани тумшуғи билан узиб олиб уйига ташийди. Шундай пайтда айрим ёнғоқлар қушнинг тумшуғидан сирғалиб тушиб кетади. Қўлингдаги ёнғоқларни қарғалар бехосдан тушириб юборган. Агар бу ёнғоқлар юмшоқ ерга тушганида эди, вақт ўтиб ўша ердан ёнғоқ дарахти ўсиб чиқарди. Лекин бу дарахтнинг ҳосили бошқаларидан фарқ қилади. Чунки унинг пўчоғи қаттиқ бўлади. Кексаларимиз қарғани ёнғоқ дарахтининг деҳқони, деб ҳам аташади. Фарқи шундаки қарға “эккан” дарахтнинг меваси “кўр ёнғоқ” дейилади.
– Нега “кўр ёнғоқ”, ёнғоқнинг ҳам кўзи бўладими, ойижон? – Сардорнинг қизиқиши янаям ортди. 
– Ҳа, “кўзи” бўлади, фақат ёнғоқни чаққанингда, ичидаги мағзини олиш қийинроқ бўлади. 
– Унда бизнинг ҳовлимиздаги ёнғоқни ҳам қарғалар экканми?
– Йўқ, уни бобонг йигирма йил аввал ўз қўли билан эккан, – Сайёра опа ўғлини ёнғоқ дарахтининг ёнига етаклаб олиб борди-да қалин ва йўғон танасини қўллари билан секин силади. – Ахир мевасини қийналмай,  осонгина олиб ейсан-ку, – деди. Сардорнинг эса савол кетидан саволлари кўпаяверди:
– Ойижон,  қарғалар фақат ёнғоқ  ейдими? 
– Йўқ, ёнғоқдан ташқари хурмони ҳам хуш кўради. Ана қарагин, хурмо дарахтимиз меваларининг айримлари чўқилган, айримлари еб тугатилган. Лекин ҳамма мевага ҳам тегинилмаган. Бу қушларнинг ҳар бири ўзи чўқий бошлаган хурмони охиригача еб тугатади. Ана ундан кейингина бошқасига ўтади.  
 – Қарға жудаям ақлли қуш экан-а! У витаминларга бой бўлган меваларни яхши биларкан-да!
– Ҳа, ўғлим, ёнғоқ хотирани мустаҳкам қилади, ақлни чархлайди. Хурмо меваси эса танани ёд билан таъминлайди. Шунинг учун бўлса керак, қарға бошқа қушлардан бутунлай фарқ қилади. Мен сенга ҳозир қарға ҳақида китоблардан ўқиб, билиб олган, қизиқарли маълумотларимни айтиб бераман.
 Биология ва зоология фани мутахассисларининг таъкидлашларича, қарға қушлар орасидаги энг зийрак ва шу билан бирга энг маккор қуш экан. Бунга сабаб, қарғанинг мияси бошқа қушларникига нисбатан каттароқ ҳажмга эга эканлигидадир. Айёр қарға ёнғоқни чақишга қийналса, уни  катта  йўлга, автомобиллар ўтадиган ерга ташлайди ва машина ўтишини, ёнғоғи чақилишини кутади. Машина ёнғоқнинг устидан юриб ўтгач, ёнғоқ чақилади, қарға эса уни дарров илиб олади.  Бу қуш 7-8 гача санашни билади. Жуда қувноқ. Инсонларнинг ташқи кўринишини яхши эслаб қолади.  Айниқса, қушларга зиён етказадиган одамларнинг юз қиёфасини асло унутмайди. Уларни  узоқдан танийди ва шерикларини хавф-хатардан огоҳлантиради. 
 – Қандай қилиб огоҳлантиради? – ажабланди Сардор.
– Бу қушлар турли хил усулда қағиллайди. Хавф-хатар сезса, бошқача, хурсандлигида яна ўзгача қағиллайди. Агар қарғалар жўр овозда қичқирса, бу мажлис бўлишидан дарак беради. Ажабланарли томони шундаки, қарғаларларнинг оиласида ўзига хос суд, маҳкама жараёни бор экан. Бу маҳкамада оила ва жамоа  қонунларига бўйсунмаган ахлоқсиз қарғалар суд қилинади ва айбига яраша жазо белгиланади. Масалан, бирор қарға ёш палапоннинг оғзидаги луқмасини тортиб олса, унга  суд томонидан то учолмайдиган бўлиб қолгунича битта қўймай патларини юлиш жазоси тайинланади. Унинг патларини шу қадар юлиб ташлашадики, натижада айбдор қарғанинг ўзи ҳам ҳалиги палапон каби учолмайдиган, заиф бўлиб қолади.
   Шеригининг инини  эгаллаб олган  ёки уни бузган қарғага жабрланган қарға учун янги уя қуриб бериш вазифаси юклатилар экан. Қарғалар маҳкамаси, одатда, бирорта экинзор далада ёки кенгроқ майдонда олиб борилади. Аввалига маҳкама ҳайъати аъзолари белгиланган жойга келишади ва шундан кейин айбланувчи қарға қўриқчилар қуршовида, қаттиқ назорат остида майдонга келтирилади. Муҳокама бошлангач айбдор қарға бошини қуйи солиб, қанотларини тушириб, қағилламай гуноҳкорларча жим туради...
  Агар айбдор қарғага ўлим жазоси тайинланса, қарғалар уни ўткир тумшуқлари билан чўқиб ўлдиришади. Қарғалардан бири ер қазийди. Кейин ўлган қарғани ҳаммалари биргалашиб,  эҳтиёткорлик билан  чуқурга ташлаб, устидан тупроқ тортиб кўмишади... 
– Қарғалар юртимизга қишда келади, шундайми, ойижон? – сўради Сардор.
– Албатта, қарғаларнинг  ташрифи куз ва қиш фасли келганидан, яъни кунлар совушидан дарак беради. Улар шу икки фаслда деҳқонларнинг экинларига зиён етказмаган ҳолда ернинг энг чуқурларигача жойлашган  зараркунанда ҳашаротлардан тозалайди. Бу уларнинг одамларга берган беминнат ёрдамидир.  Шундан ҳам билиш мумкинки, бу онгли қушлар инсонлар каби нима яхши-ю, нима ёмон эканлигини ажрата олишади. 
  Сардоржон, қушларнинг тури бисёр. Биз сен билан ҳали уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида суҳбатлашамиз, хўпми ўғлим, – деди Сайёра опа суҳбатни якунлаб. 
– Қойил, “осмондан тушган ёнғоқлар” қарғалар ҳақида менга шунча маълумот берди, – Сардор шундай деди-ю қўлидаги ёнғоқларни тош билан чақиб ҳовлининг ўртасига қўйди. Ўзи эса беркиниб қарғалар келишини кута бошлади. Ахийри чарчаганидан тоқати тоқ бўлганича уйга кирди. Овқатлангач, қўлига бошини қўйганича ойнадан ёнғоқларга қараб ўтираверди. Сўнг ухлаб қолди. Чамаси ярим соатлардан кейин уйғониб ҳовлига югуриб чиққан Сардор супа устида ёнғоқларнинг фақат пўстлоғини кўрди ва бошини силкитганича:
– Вой, айёр қарғалар-ей! Мени кузатаётганимни сезишган экан-да, – деди. 
   Осмонда худди “гапларинг тўғри” дегандек бир тўп қарғалар қағиллаб учарди...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот