МИСИ ЧИҚҚАН МУНОФИҚ
Қўчқор НОРҚОБИЛ
МИСИ ЧИҚҚАН МУНОФИҚ
Ҳикоя
Ғайрат ака туман марказидан маҳалламизга ўтган йили кўчиб келди. Данғиллама уй солди. Тадбирли-да, тадбирли. Ишнинг кўзини билади.
Мактабдан келишим ҳамоно девор ортидан унинг овози янгради:
— Муаллимжон, ҳ-о-о-ов, муаллимжон, тезда буёққа чиқинг!
Ҳовлиларимизни иккига бўлиб турган деворнинг қоқ ўртасига ўрнатилган “бола эшик”ни очиб, “чегарадан” нарига ҳадладим.
Қўшним уддабурро. Улфат ҳам. Ёқаси борга эп, игнаси борга ип бўлади; ўтинг ўчса кулингни олов этади — киришимли. Таниш-билишдан ҳам худо берган. Туманда тўхтамай вилоятга ўтаверинг, каттаман деганнинг бари Ғайрат бойнинг таниши. Бу ҳақда Ғайрат бойнинг ўзига қўйиб бераверинг; дейлик, туманнинг катта-паттасидан гап очсангиз бас: “Э-е-ей, уними, таниймиз. Бирга чой ичдик. Ким? Ҳа-я, мелисанинг бошлиғими, дўстимиз-ку! Солиқчи Ғанини айтмаяпсизми, хоҳласангиз шу ерга чақираман...” Унинг қаршисида оғзингиз очилиб ўтираверасиз. Худо берганда, худо берган. Шундай одам сиз билан суҳбатдош бўлиб ўтирганига худойимга шукр дейсиз, агар, озгина дилингиз суст кетса, оғзингизнинг бир бурчи қийшайиб ялтоқиланиб ҳам қўясиз; “Ҳа, энди бизнинг ўғилчани ҳам назарингиздан қочирманг, туртиворинг, иши юришиб кетса...”.
Шундай одам бизга ўхшаган оддий бир ўқитувчини қўшничилик ҳурмати “бери кел”, деб турса, тайсаллаб нима қилдим. Ўша заҳотиёқ бордим. Бораманда. Бормай нима қиламан?
Бой девор ортидаги ўрик соясида стол тузабди денг. Ҳовли адоғидаги данғиллама очиқ ошхона ўчоғида олов гуриллаяпти.
— Бола-бақра шаҳарга кетди. Муаллимжон, икковимиз бииир ош дамласак. Байрам-байрамдай бўлсин, — у чиннигулли чойнакдан пиёлага мусаллас қуяди. — Бугун шоирман, адабиётчиман деганнинг байрами-да-а? Навоий ҳар куни туғилиб ётибдими... Қани биттадан олайлик. Бундан ўша замонларнинг даҳолари-ю, шоҳлари ҳам татиб туришган.
Мен беихтиёр пиёлага қўл узатаман. Нима қилай? Узатаманда. Шундай одамнинг қўлини қайтариб бўладими? У кишига мосу хос тарзда мусалласни сипқордим.
— Чиндан яхши экан, — на тик туришимни, на ўтиришимни биламан, бойга мўлтираб қарайман.
У илжаяди:
— Э-е-ей, ўтиринг. Хуллас, бугунги байрам билан табриклайман. Айниқса, бу байрам Сизларнинг байрамингиз.
Мен бироз каловланаман.
— Шу...шу
— Аслида Сиз пойтахтда бўлганингизда ҳалигача ўнлаб китап чиқарардингиз, катта шаҳарнинг йўриғи бошқа-да, барибир. Майли, мактабларимизга ҳам ижодкор муаллимлар керак. Бир ҳисобда тўғри қиласиз. Сиз бизнинг фаҳримизсиз. Кимсан, фалончи муаллим — ёзувчи! Кейин, давлат ҳам тўғри қилаяпти, мактап – пактапларга ҳам шоир – мойирларингизни бириктириб қўяяптийкин.
— Раҳмат. Энди шароит. Уй-жой.
— Мен тушунаман. Бугун марказда Сизни кўрмадим. Бу... ҳокимга, бизнинг ёзувчи-муаллимни чақирмадингизми?, дедим. У киши ёнидагиларни уриша кетди.
Бой ҳеч нарсани англамай турганимни ҳис қилди, шекилли изоҳ берди:
— Э-е-ей, саломат бўлинг, бугун Навоийнинг туғилган куни шарафига янги очилган кутубхонада китап байрами, концерт бўлди.
— Биз мактабда ўтказдик, — дейман шундай катта тадбирда иштирок этмаганимдан ичим ғимирлаб.
— Гапни эшитинг. Қишлоқ ўртасидаги чорраҳа устида майда-чуйда дўлтахоналарни теп-текис қилиб суриб ташлаб, ўрнига данғиллаган кутубхона қурадиган бўлдим. Ҳоким рухсат берди. Эртага қарорини оламан.
— Э-е-ей, зўр бўлибди-ку, — ҳайратга тушаман.
— Зўрда, ёшларни китапга қайтармасак бўмайди. Ҳаммаси тилпонга ёпишиб ўлган, шундан калла кўтармайди. Китап бу миллатни, мамлакатни асрайди. Катта куч. Болтадан ҳам, анови, Қодирий айтган-ку, атомдан ҳам кучли. Бутун дунё китапга қайтаяптийкан. Биз эса...
Мен Абдулла Қаҳҳор билан Қодрийни саҳалгина адаштириб юборган бой қўшнимга ҳижолотомуз қарайман, у кишига бундай, жиндиккина адашув ҳам ярашиқли эканлигини ҳис қиламан.
— Умрингиздан барака топинг, — ич-ичимдан тўлқинланаман. Қаршимда келажакнинг буюк ҳимоячиси тургандай бўлади.
— Мана, Сизнинг ҳикоя-пикояларингизни ҳам китап қиламиз. Китубхонани энг зўр асарлар билан тўлғизамиз. Мен айтганимни бажараман. Мана, қишлоқ адоғидаги Оқтепа устида винзавод қурдим, адирда майиз цехи очдим. Кейинги йил Навоийни туғилган кунини эса янги кутубхонада нишонлаймиз. Ҳоким келаман деди. Тошкентдан ҳам зўр-зўр меҳмонларни чақирамиз.
— Зўр, ажойиб!, — ютинаман. — Барака топинг.
Чиннигулли чойнакнинг чумаги яна бир бор пиёлалар билан “чўқишади”.
— Қани олдик, муаллимжон. Навоий учун!
Бой курси четига осилган оппоқ сочиқни олиб бўйнига ташлайди.
Алламбало шиша товоқда (бойларнинг тоғораси ҳам ғаройиб бўлади)ги гуручни титкилаб тозалаган бўлади.
— Хуллас, китап улуғ нарса. Ёзаверинг, муаллимжон. Вилоятимизнинг каттаси ҳам биз ишбилармонларни, раҳбарларни чақириб маънавият, айниқса, китап, китап ўқиш эсинглардан чиқмасин, деди. Бир-иккитасини турғизиб Қодирийдан савол берувди, Абдулла Қодирий билан Абдулла (ҳалиги...)ни, ким эди... борку, яна бир ёзувчи, Абдулла...
— Қаҳҳор.
— Ҳа, Қаҳҳор. Шу икковини адаштирворса денг. Ўша довдирни обориб-опкелди. Чатоқ қилди. Кейин Навоийдан ким қандай ғазал билади, девди, ҳамма жим. Мен шарт ўрнимдан турдим. Шаҳд билан турсанг, ҳар қандай одам сенга ишонади. “Мен дедим. Мен биламан!” Ҳоким: “ Ўтиринг, раҳмат сизга”, — деди. Кейин қоғозга нимадир деб ёзиб қўйди. Шу-шу вилоятда менга “зелённий дорога”!
— Яхши қипсиз. Навоийнинг ғазалларини билмаслик, бу дунёдан кўнгил ва ҳайрат кўзи очилмай кетиш демакдир.
— Ҳа, баракалла, ўлманг, муаллимжон! Навоийнинг шу тўрт қаторгина “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” ғазалини билмаслик уятда ўзиям.
Мен бир қалқийман. Бой акамнинг юзига мусаллас шавқ ургани, ғазал билан рубойини бой акам эмас, мусаллас ўлгур адаштириб юборганини ҳис қиламан.
Ғайрат бой ошхона томон қарайди:
— Гап билан бўлиб, ўчоқнинг шашти сўнганини ҳам билмай қолибмиз-ку.
Мен ўчоқ бошига зинғиллайман. Ланғиллаб турган чўққа қуруқ ўтин ташлайман. Ўчоқ ёнида уюлган шох-шаббалар ёнида эса... Кўзларим тиниб кетади. Ич-ичимдан иҳроқ туяман. Атроф қоронғулашади. Уятдан ўзимни қаерга қўйишни билмайман. Қанийди, анови одам билан менинг ўртамда ҳозир еру осмонни туташтиргувчи баланд девор тушса-ю, мен уни кўрмасам ёки ер ёрилса-ю шу тобда ерга кириб кетсам ҳам майли, ишқилиб ановини кўрмасам...
Мен шарт ўрнимдан тураман, шох-шаббага илашган эски фартукни ерга тўшаб, ўтин ёнида тахланиб турган, тутантириққа маҳкум этилган китобларни олиб жойлай бошлайман. Э-е-ей, улар орасида улуғ ҳазратимиз Навоийнинг “Топмадим” радифли ғазали сарлавҳа қилиб урилган жигарранг муқовали машҳур куллиёт ҳам бор эди. Яна... кўп ажойиб китоблар... Каминанинг ҳам ўтган ойда ўз дастхатим билан совға қилган ҳикоялар китобим...
Мен ғазабу нафрат билан Ғайратга юзландим. Тишларимни ғижирлатдим. У жойида тош қотиб, менга бақрайиб қараб турарди.