Ғайрат Аҳмедовга табрик


  Актёр, режиссёр ва қизиқчи, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби, Андижон Ёшлар театри ижодкори - Ғайрат Аҳмедовни таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!
   Ғайрат Аҳмедовга метиндек мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилавий тотувлик тилаб қоламиз!    Мухлислари юзига табассум улашишдек масъулиятли ва машаққатли касбида асло толмасин!

    Маълумот: Ўзбек қизиқчилик санъатида ўзига хос чиқишлари билан бирга маҳоратли актёр сифатида томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келаётган Ғайрат Аҳмедов 1965 йил 22  август ойида Андижон шаҳрида таваллуд топган. У 1988 йил Андижон Пахтачилик институтининг агро саноати мутахассислиги бўйича тамомлаган.
   Ғайрат Аҳмедов Андижон Ёшлар театрида серқирра ижодкор сифатида ўзини намоён этди. У актёр сифатида трагик ролларни ҳам, комик ролларни ҳам маҳорат билан ижро этиб, театр санъати шинавандалари кўнглидан жой олиб келмоқда. Жумладан: Маннон Ҳамиднинг “Дилижон дайдилари” асарида Трагик,  Иброҳим Содиковнинг “Афандининг беш хотини” асарида   ўғрибоши, Ильшад Юмагуловнинг “Наргиз фожиаси” асарида кичик бек,  Зиё Нажмийнинг “Мўъжизалар олами ёхуд саноъи нафиса” шоу-томошасида  қизиқчи, “Занжирбанд шеър” асарида Чўлпоннинг  ёшлиги, Қобилжон Юнусовнинг “Қарғиш урган уй” асарида бош ролда, Саид Анварнинг “Осмондан тушган одам” асаридаги Осмондан тушган одам,  Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик” асарида Салим, "Қабоҳат" асарида  гурухбоши, З.Исмоиловнинг “Йўл бўйидаги ҳовли” асарида Нусратилло тоға, Э.Собировнинг “Қўпол қўчқор” асарида Бўри,  Д. Юмагуловнинг “Астағфирулло” асарида Донёр, Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак” асарида Неъматилла, “Яхшивой ва Ёмонвой”  эртак асарида Яхшивой  сингари ўнлаб ролларни маҳорат билан ижро этган.
    Ғайрат Аҳмедов телевизион шоу томошалар ва бадиий фильмларда, жумладан, “Пахтазорда”, “Афанди ҳангомалари”, “Кўҳна латифалар”, “Ҳаёт сабоқлари”, “Қўшнилар” каби томошаларда катта-кичик ролларни маҳорат билан ижро этган.
   Унинг режиссёрлигида ўзбек болажонлари учун “Дўстлик афсонаси-1”, “Дўстлик афсонаси 2”, ”Сокинлик лочинлар”, “Билимлар қироли” сингар кинофильмлари ўзига хос талқинда суратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳам экран юзидан тушмай келаётган мазкур бадиий фильмлар болажонларимизнинг  севимли кинокартинасига айланган.
   У 1993 йилда машҳур қизиқчи Рустам Ҳамроқуловнинг хотирасига бағишланган Республика қизиқчилар кўрик-танловида 1-ўринни, 1995 йил Бишкекда ўтказилган Монаснинг 1000 йиллигига бағишланган хотира кечада Марказий Осиё қизиқчилар кўрик-танловида мутлақ ғолибликни қўлга киритган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот