ИККИ ДУНЁ


   Дунё... Ҳаёт... Кун... Инсон...
   Ҳар бир инсон алоҳида бир дунё. Санъат сарчашмасида инсон яратмиш мўжизалар беқиёсдир. Айниқса, адабиётнинг гултожи бўлмиш драматургия соҳасида. Театр жонли муҳити бизнинг асл кўзгуйимиз. Пьеса эпиграфи ҳам комедияга монанд ҳолда келажакнинг негизи шу бугундан бошланишини таъкидламоқда. Бугунги бир қадам, ножўя ҳаракат, бир оғиз сўз инсонлар қалбида улкан нафрат ва қасос туйғуси уйғанмоғига сабаб бўлади. Шоирбек образи аввалига ўқувчи учун ўта омадсиз, бироқ, Ойбек каби сўнгги нафасгача ижоддан тўхтамас, фидокор драматург каби фикр уйғотади. Асар аввалида Гулини енгилтабиатликда айбсласа, Парини ижодсевар, севги муҳаббатга лиммо-лим, эхтиросли гўзал сифатида кўриш мумкин. Асосий қаҳрамон Омадбой — айни кундаги қорни қаппайган, тўрт соатлик мажлис давомида ватан, ҳалоллик ҳақида ёниб сўзлаб, орденли кастюмини ечгач, икки қўлини оғзига суқувчи, нафсига қул амалдорларнинг худди ўзи. Томошабин учун муаллиф воқеалар ривожини тезлаштириб юборгандек туюлса-да, бу бугунги кунимиз шу алфозда яъни ёлғон-у, шон-шуҳратга алданиб ўтаётганидан дарак беради. 
 Пьесада келтирилган шеърлар маънодорлиги, воқеа мазмунига монанд ҳолда қаҳрамонлар ҳаётини ифодалаб келгани асар қийматини оширган. Кўзбўямачиликлар, қалам соҳиблари меҳнати меваси — асарларини ўзлаштириб олиб, ўзидан сохта “драматург” ясаб олган қўли узунлар ҳақидаги ушбу пьеса комедик руҳда намойиш этилса-да, сценарийни ўқиган ўқувчини ва саҳналаштирилса томошабинларни узоқ мушоҳада қилишга ундайди. 
  Пари образи биринчи пардадаги Гули хаёлотининг бойлиги, инсонни эмас, у яратган қаҳрамонларни “севиб қолиш” эпизодлари томошабинга енгил кулгу бахш этади. Шоирбекнинг мошхўрдага тушган пашшадек ҳаракатлари беихтиёр Омадбойга эриш туюлсада, олдидаги гўзал “ҳурмати” ўзини босиқ тутиши унинг уддабурон характер эгасилигидан дарак беради. 
  Асарда қўлланган эстрада қўшиқларидан намуналар, жой, маҳсулот номлари йиллар ўтгач, оммалашган ушбу пьессанинг ёзилиш даврини аниқламоққа имкон беради. 


Гулзода ОМОН

И К К И  Д У Н Ё
 (Катталар ва кичиклар)
Икки кўринишли мусиқали сатирик комедия
КЕЛАЖАК БУГУН КЕЛАДИ.

ҚАТНАШУВЧИЛАР:

ОМАДБОЙ – бадавлат шахс, 66 ёш.
ГУЛРУҲ – 33 ёшли жувон.
ШОИРБЕК – юпқа қўл драматург, 33 ёшли бўйдоқ.


Тошкент – 2020 йил


БИРИНЧИ ПАРДА, БИРИНЧИ КЎРИНИШ.


   Дала ҳовли. Ўнг ва чапда, тўғрида иккитадан эшик. Тун ярми. Олисроқдан эстрада мусиқаси янграяпти, меҳмонлар олағовири элас-элас эшитилади. Зинадан қадам товушлари тобора яқинлашиб хона ёришади. Қўлларида бокал ва ликопча кўтарган хипчабел Гулруҳ ва хўппасемиз ялтироқ сочи силлиқ таралган Омадбой киради.
Омадбой (хиргойи қилиб). “Тинч кўчалар, тинч, тинч кўчалар.”
Гулруҳ (малласочини силкитиб). Бу ёқда қанақа хона? Шинамгина, иссиқроқ экан. Бассейнингиз олдида совқотиб кетдим. Далаҳовлингизда шунча меҳмон кўпки, шовқиндан қулоғим том битди. Сиз билан ёлғиз отамлашгим келди. Ҳамманинг олдида егим келмади.
Омадбой. Бу эстрадабозлар одамларни бузяпти. Сукунат яхши. Кўзингизга қараб буни дарҳол пайқадим.
Гулруҳ. Безовта қилмадимми?
Омад (ўта сохта мулозамат билан). Асло йўқ, жаноби олиялари.
Гулруҳ. Ҳали ёз бўлса ҳам кузнинг ҳавоси ҳукмрон.
Омадбой. Табиатнинг яна бир хатоси.
Гулруҳ. Бой ака, Сизни “Жаноб бойвачча” десам ёқадими?
Омадбой. Йўқ. Манманлик бўлмасин. Шунчаки Омаджон ака десангиз бўлади. Сизнинг исмингиз нима?
Гулруҳ. Исмим Гули.
Омадбой. Ҳақиқий исмингиз нима?
Гулруҳ. Гулруҳ. Гулируҳ. Ўзбекчада қўпол эшитилади. Худди “гулуруғ” дегандай ёқимсизроқ. Гули дейишлари менга ёқади. Ўрганиб кетганман.
Омадбой. Ҳамма ҳалигиндақа... кўчадаги чиройли қизларнинг исми Гули бўлса керак. Танишганимдан хурсандман. Ҳар ҳафта исмингизни ўзгартирсангиз керак а?
Гулруҳ. Ҳар олти ой-бир йилда ўзгартираман ҳаммаёғимни. Гулини эски танишлари ҳеч қайси тополмайди. Ҳаётда янги гул – Гуля пайдо бўлади. Янги ҳамроҳлар орттиради. Бу ўзгача завқ беради.
Омадбой. Одамлар қайси Гул деб фарқлолмай қийналиб кетса керак?
Гулруҳ. Қани сиз айтган айиқ териси?
Омадбой. Ётоқхона эшиги остонасидаги айиқ териси кўрсатади. Гули уни босиб кўради.
Гулруҳ. Ясамага ўхшайдику? Бозордаям кўпайиб кетган. Бўри тиши деб Хитой заводи маҳсулотини сотяпти.
Омадбой. Оригинал бу. Ўтган йили сирдарёлик бойваччалар билан қўриқхонага борганда отганман. Турон йўлбарсиники. Ана шу милтиғим билан. (Деворга осилган милтиғини кўрсатиб)
Гулруҳ. Муғомбирлик қилманг. Бу аёллар учун қўйилган оддий қопқонку... Уйга келган аёлларни ўзига ром этиш қўйилган тузоқ. Келинг, кўринг деб ўзини кўз-кўзлаш бу. Бу кўп қўлланилган эски усул... Бу модадан қолган. Мени бу билан шайдо қилолмайсиз. Замонавий жалб қилиш усулларини ўрганиш керак.
Омадбой. Биз замондан орқадан қолдикми, биза? (қўлини кенг ёйиб)
Гулруҳ. Очиқчасига: мен сизга мубтало бўлдим дейишингиз керак. Фалон жойда янги ресторан очилибди, деб шамъа қилишингиз керак. Шунга қараб мен ҳам дангал: келиш, келмаслигимни айтардим.
Омадбой. Келармидингиз?
Гулруҳ. Албатта, фақат сизнинг милтиғигизни кўриш учун келмасдим. Сизда шу борлигига ишонмасдим.
Омадбой. Бизда бор. Кўрсатамиз, кўрасиз.
Гулруҳ. Нима бало, яна эски услубда гап отяпсизми?
Омадбой. Сиз ёнимда бўлганлигингиздан хурсандман.
Гулруҳ. Бу шарбатингиз роса ичишли экан.
Омадбой. Бу “Ўзбек стоун” фирма шарбатлари. Бунақа таъм бошқаларда йўқ.
Гулруҳ. Қўлингиздаги нима?
Омадбой. Бу ликопча. Ликопчада тўла егулик. Битта товуқ, бир тонна салат, бир кило котлет.
Гулруҳ. Шунча кўп нарса ейсизми?
Омадбой. Ҳа. Кечқурун шунақа иштаҳам очиладики... айниқса, сиздай чиройли аёлларнинг олдида.
Гулруҳ. Қўйсангизчи, бу сизга оғирлик қилади. Боягидай ростини айтақолсангизчи: бунинг барини сизга опкелдим десангизчи?
Омадбой. Тўғрисини айтганда...
Гулруҳ. Шуларни сиз учун кўтариб юрибман, бирга ейлик деганингизда кўнглим ийиб кетган бўларди. Кўксим ийиб сизга меҳр соғардим. Бу ҳам қувончли, ҳам лаззатли бўларди.
Омадбой. Сиз бу ликопчани мукофот деб биляпсизми?
Гулруҳ. Бу мукофотингиз менинг даражамдан анча пастда.
Омадбой. Боя яхши қўшиқ куйладингиз. Ҳаваскорман дейсизу анча-мунча профессионалларга дам берасиз. Мақташмас, зўр хониш қиласиз. Бу банкетимнинг гули бўлдингиз, Гули. Мен томошабин сифатида мазза қилдим. Томошабиннинг баҳоси ҳар қандай мукофотлардан қадрлироқ.
Гулруҳ. Энди мақсадингизни айтинг. Бу кошонангиз баҳона дийдор ғаниматку. Қачон бир кеча меҳмоним бўлсин у деган фикрга келдингиз?
Омадбой. Тўғрисини айтсам, сизни шу дачамга келганингизда биринчи кўрган онимдаёқ севишсак мазза бўларди деб ўйлаганман.
Гулруҳ. Йўқ, алдаяпсиз. Айтайми, қачон мени тўрингизга илинтиришни ўйлагансиз? Икки ой олдин Тўра акам билан шакаргуфторлик қилганда кўришганимизда менга ёмон қарагансиз. Эсингиздами?
Омадбой. “Дилим дилимни ўйнатар ёр,
Қошингиз қаросиму...”
Гулруҳ. Казо-казолар билан катта дастурхон атрофида чилим чекиб ўтирганимизда нимадир гапирмоқчи бўлгансизу лекин журъат қилмадингиз. Лекин бир-биримизга иссиқ-иссиқ қараганимиздан атрофдагилар буларнинг бир балоси бор деб ўйлашган. Ўшанда бошқача қарагансиз. Кузатгансиз, нечага неча экан деб ҳаммаёғимга тикилиб баҳо бергансиз. Караокени гуллатганимдан кейин изимдан тушгансиз. Берилиб кетгансиз. Ўша заҳоти қадам босмоқчи бўлгансизу лекин алоҳида жойда учрашиш яхши деб ўйлагансиз.
Омадбой. Йўғ-э, жа унчаликмасдир...
Гулруҳ. Нима? Сиз шунақа хоҳламайсизми?
Омадбой. Йўқ, албатта кўнгил истайди. Лекин сиз сал ғалатироқ... ёндошаркансиз... ҳалигиндақа... баъзи муаммоларга...
Гулруҳ. Муаммоларни соддалаштириш керак. Шунақа... Сиз ҳам менга ёқасиз: ажойиб эркаксиз, топармон-тутармон, уддабуронсиз. Мулойим табиатингиз билан, босиқ, хушдил, қўли очиқлигингиз билан ҳар қандай аёлларда зўр тасаввур қолдирасиз.
Омадбой. Мен шунақалигимни сизга исботламоқчиман.
Гулруҳ. Бир кеча меҳмонингиз бўлишим учун ҳамма нарсага тайёрсиз, хуллас?
Омадбой. Бундай хулоса қилманг.
Гулруҳ. Буни ҳеч нарса билан оқлолмайсиз.
Омадбой. Қандай?
Гулруҳ. Мен тушунишни истайман: нега мен ҳали ўн гулимдан бир гулим очилмаган Гулихоним сиз билан яъни нафақага чиққан йигит билан севги-севги ўйнашим керак?!
Омадбой. Чунки... чукни... чунки...
Гулруҳ. Вот, ўзингиз ҳам билмайсиз.
Омадбой. Биламан. Бунга сабаблар кўп.
Гулруҳ. Ҳеч бўлмаса, биттасини айтингчи.
Омадбой. Энг асосийси: мен сизни севиб қолдим. Уйланмоқчиман.
Гулруҳ. Шу аҳволдая? Қариган чоғда? Бу сиз учун аҳамиятга эга, мен учунмас. Сиз ҳамма бой акаларга ўхшаб янги жонон, янги саргузашт хоҳлаб қолгансиз. Лекин нега мен сизнинг навбатдаги роҳатбахш этадиган, кўнгилхушлайдиган қўғирчоғингиз бўлишим керак?
Омадбой. Гулдан гўзал Гулиой, бу кўнгилхушлик эмас.
Гулруҳ. Бу асрларга татигулик сохта севги!
Омадбой. Ҳа. Бу кўп улуғ севги. Умид қилсам бўладими, гулдан пок Гулигул?
Гулруҳ. Сизни севишимгами? Билмадим. Бу менга боғлиқмас.
Омадбой. Сизга боғлиқ эмас? Кимга боғлиқ?
Гулруҳ. Ким айта билади, бизнинг ҳис-туйғуларимиз қандай жунбушга келади? Улар тўсатдан қўзғалиб ўзи истаган томонга бошлайди.
Омадбой. Мен томонга бошлаб келишига ҳаракат қилинг.
Гулруҳ. Сиз басавлат, келишган эркаксиз, лекин бу етарли эмас, аковси! Сиз автоҳалокатга учраб вафот этсангиз, сиз билан қўшилиб жон беришга сира кўнмасдим.
Омадбой. Севги бошқа, автоҳалокат бошқа.
Гулруҳ. Бу бир мисол. Мен севгини шундай ўлчайман. Севгида уйғунлик бўлиши керак. Ўша кўп чиройли севги. Лекин бу телбанамо имкониятингиз амалга ошиши ҳам мумкин.
Омадбой. Қанақа имконият? Автоҳалокатми?
Гулруҳ. Йўқ, сизга меҳрим уйғониши...
Омадбой. Бундан нимани кутиш мумкин?
Гулруҳ (қарсак чалиб). Кутамиз.
Омадбой. Йўқ, Гулгинахон, мен кутишни истамайман. Мен етарли кутдим, ва ниҳоят сиз дала ҳовлимдасиз. (қучоғини очади.)
Гулруҳ. Келинг, аниқлик киритамиз: мен сизнимас, сизнинг айиғингизни кўргани келдим. Мана, кўрдим.
Омадбой. Йўқ, ёлғон. Сиз билардингиз: айиқ пўстин бу шунчаки баҳона. Шунақа таклиф бўлишини олдиндан билиб туриб келдингиз. Бундан ташқари мен сизга дил изҳор қилдим.
Гулруҳ. Бу ёқимли. Эркаклар кўнглимни топиш учун эркалаши доим ёқимли. Меҳмонларингиздан ажралиб ярим тунда дала ҳовлингиздаман. Энди уёғи сизга боғлиқ.
Омадбой. Менга? Қандай қилиб?
Гулруҳ. Иккови ёлғиз қолганда эркак аёлни шайдо қилиш учун нима қилади? Шуниям ўргатишим керакми?
Омадбой. Йўқ, йўқ, йўқ, ўзим биламан. (сочларини силаб) Сизнинг ёнингизда ғалати ҳисларни бошимдан кечиряпман. Мен худди биринчи марта севиб қолган ўсмир боладек ўзимни сезяпман.
Гулруҳ (жиринглаган телефонига қизилни босади). Биринчи севгини эслаш яхши усул, бу одамни ёшартиради.
Омадбой. Сизда ҳамиша масхаралашга гап топилади. Гап билан чақиб, чақиб оляпсиз...
Гулруҳ. Сизни қийнаб қўйдим. Эсиз одам... “Эсиз одам, эй сиз одамлар...” Бунақа бўлишини хоҳламагандим. Энди сизни чалғитмайман. Фақат сиз гапиринг...
Омадбой. Нима?
Гулруҳ. Нима хоҳласангиз шуни гапиринг. Мени таъсирлантиринг, мени йўлдан оздиринг. Мен қанчалик севилишга, севишга ташналигимни билсангиз эди.
Омадбой. Мени севишга ташнамисиз? “Айловю” сизни!
Гулруҳ. Сизгами, бошқагами, нима фарқи бор? Асосийси – ошиқлик! Бир эркак учун яшаш, унинг учун жон чекмоқ. Севиш, жуфт бўлш, севилишдан лаззатлироқ. Ўша эски қўшиқларда куйлаганимдек илоҳий дард дейилган. “Ошиқ бўлдим панд берманг...”
Омадбой. Ўша эркак мен бўлишим мумкинми?
Гулруҳ. Ажойиб бўларди. Лекин мен буни хоҳлайманми ёки орзу қиламанми, билмайман. Оҳ, жаноб миллиардер, менга кўмак беринг, кўнгил беринг, мени сеҳрланг, авранг, алданг, мени титратинг, ларзага солинг...
Омадбой. Ҳа, хўп, ҳозир. Илк кўрган пайтдаёқ сизга ошиғу шайдо бўлганман, Гулбону. Кучли севиб қолганман.
Гулруҳ. Йўқ, илтимос, хотираларни унутинг. Ўтган ўтди, ҳозир қизиқ, келажак қизиқ.
Омадбой. Ҳа, бугун келажакдан бошланади. Ҳа.
Гулруҳ (телефонидан кўзини узмай). Мен ўз ҳақингизда, севги-муҳаббатингиз ҳақида гапиринг.
Омадбой. Ҳа, ҳозир, ҳозир... Гулбонухон, сизни биринчи марта кўрганда мени чақмоқ ургандек бўлди. Сизни эҳтирос билан, жазавага тушиб севиб қолдим.
Гулруҳ. Буни аллақачон айтиб бўлдингиз.
Омадбой. Ҳа, мен буни сиз ишонгунча яна минг бор такрорлашим керак. Севганман, севаман, севгум эстиросли.
Гулруҳ (кулиб). Узр, жаноб бойбича, жаҳлингиз чиқмасин. Сиз ўта кулгули, ўта мароқлисиз. Сиз чизилган дискдай бир қўшиқни чайнаяпсиз.
Омадбой. Мен нимани гапиришим керак? (четга ўтади.)
Гулруҳ. Мендан сўраяпсизми? Менга севги изҳор қилишингизни ўргатиб туришим керакми? Хўп, яхши, бир синаб кўрамиз.
Омадбой. Ҳеч нимани синаб кўрмаймиз. Етар, бас.
Гулруҳ. Сизга нима бўлди? Хафа бўлдингизми?
Омадбой. Ҳеч қанақа хафа бўлганим йўқ, бас.
Гулруҳ. Мендан жаҳлингиз чиқяптими?
Омадбой. Телба, тентакка ёнингизда муқом қилмоқчи эмасман.
Гулруҳ. Ким сизни бу ролни ўйнашга мажбур қиляпти?
Омадбой. Сиз ва сиздақа бошқаси ҳам мажбурлолмайди. Мен тушунтиряпман сиз куляпсиз, мен ишқимга иқрор бўляпман, сиз чайналган дискка ўхшатяпсиз.
Гулруҳ. Сиз ҳақсиз, ошириб юбордим. Бошқа кулмасликка ваъда бераман. Шакаргуфторлик қилиш учун ўтирайлик. 
Омадбой. Шартмас...
Гулруҳ. Яқинроқ ўтиринг. Фақат менинг исмимни бошқача айтинг. Пари денг. Фақат севаман деманг, буни биламан. Нимадир жонбахш, ҳаяжонли сўзлар айтинг...
Омадбой. Билмадим, билмадим. Пари... Ойпари... Боя эди Гулпари, энди бўлди Ойпари...
Пари. Руҳингиз тушмасин. Келинг, уриниб кўрамиз. Менинг қўлимни ушланг, маҳкамроқ қисинг...
Омадбой. Нега?
Пари. Нима десам шуни қилинг. Қўлимни ушланг. Нима, сиз қўрқяпсизми?
Омадбой. Қўрқаман? Ҳеч нимадан қўрқмайман.
Пари. Ушланг, ғижимлаб кўринг. Қаттиқроқ, оғрисин. Оғритиб қўйишдан қўрқманг. Энди тиз чўкиб айтинг: “Гули, мен сизнинг касалингизман.”
Омадбой. Йўқ, айтолмайман...
Пари. Нега, касалим бўлгингиз келмаяптими?
Омадбой. Шунақакуя, лекин бу ҳақда гапириш кулгимни қистаяпти, ноқулай.
Пари. Асло кулгулимас. Мени севишларини айтиши менга ёқади, мени ҳаяжонлантиради. Қани, дангал айтингчи...
Омадбой. Ўв, жонона, бир кеча меҳмонинг бўлай...
Пари. Э, йўқ. Кўпроқ жўшқинлик, кўпроқ эҳтирос, кўпроқ қизиққонлик бўлсин! Такрорланг яна.
Омадбой. Меҳмоним бўлгин, ҳой Ойпари, бир кеча мезбонинг бўлай. Тфу... Йўқ, етар, бас. Бу нима енгилтаклик? (тезлашиб паригини улоқтиради. Терлаган ялтироқ бошини силайди.) Майнавозчиликни, бачканабазмни йиғиштирайлик.
Пари (Чўчиб бир сакраб тушади. Лекин билдирмасликка уринади). Менинг ҳушимни учиришади, севгига дучор қилишади деб келгандим. Эҳ, аттанг. Мени зериктиришди...
Омадбой. Узрли... Лекин нега мен билан яккама-якка бир хонага кирдингиз. Мен эшикни қулфлаб олиб ниятимга етишим ҳам мумкин эдику?
Пари. Ўзингиздан совитдингиз, жаноби олийлари. Мен аристоктат жентелменни кўраман, деб ўйлагандим, лекин олдимдан бурноқи мактаб бола чиқди.
Омадбой. Йўқ, сиз менинг устимдан мазах қилгани келгансиз. Биз кап-катта одамлармиз. Агар менга ўзингизни бағишлашни ор билсангиз, бу ёққа келмаганингиз яхшийди. Бу катта хато.
Пари. Йўқ, қўлимни елкамга ташлаб олганимда сиз мени қучоқлай олмайсиз ҳам.
Омадбой. Нима, нима? Қани, шундай қилингчи.
Пари. Марҳамат, мени қучоқлашингиз мумкин.
Омадбой. Мени ножўя иш қилишга ундаманг. Қучоқлаш ҳам гапми, ундан баттарини қиламан.
Пари. Кўряпсизми, сизга қаршилик қилганим йўқ. Мен кутяпман. Довюрак бўлинг.
Эркак қўлларини ишқалаб аёлга ташланади. Пастдан эшитилиб турган қўшиқларга телефон жиринглаши қўшилади. Аёл шартта уни итариб ўзини тияди.
Пари. Пари. Шошманг. Эшитяпсизми? Гум-гум деган бас овоз келяпти.
Омадбой. Дачамдаги қалбаки меҳрибонларим қўшиқ эшитяпти. Эътибор берманг. Эстрабозлар ҳаммани бузади.
Пари. Йўқ, фақат битта одамнинг машинасидан шунақа гумбирлаган бас эшитилади. Санбуфери бутун Ўзбекистонда ягона. Ўша таниш ашула янграяпти. “Кел, кел, ёрим...”
Омад (қулоқ солиб). “Сен ягона борим...” Тўғри айтяпсиз.
Пари. Демак, Марат акам кептилар. “Келибди-ё, келибди...”
Омадбой. Ким у?
Пари. У дўстим.
Омадбой. Эркак билан аёл дўст бўлмайди. У сизнинг бу ердалигингизни биладими?
Пари. Ҳа, айтгандим. У жуда илтифотли, меҳрибон. Мен қаерга борсам кузатиб юради.
Омадбой. Демак, бу ерга келмасдан олдин қачон кетишингизни белгилаб қўйган экансизда?
Пари. Ҳа, тахминан. Кўрдингизми, ҳаммасини аниқ-ҳисоб қилибман. Ҳар қандай хавфдан ўзимни асраш учун шундай қилдим.
Омадбой. Мени шунчалик хавфли одамхўр деб ўйладингизми?
Пари. Сизга ёмон бўлмасин деб ўзимни тийдим.
Омадбой. Демакки, мени беозор деб ўйлагансиз.
Пари. Йўқ, аксинча, сиз дилозор бўлишингиз мумкин, лекин мен учун эмас.
Омадбой. Сиз учун даҳшатли бўлишим учун қанақа қобилиятга эга бўлишим керак? Ҳаддан ташқари чиройли бўлишим керакмиди? Ёки ҳалиги актёр Амирхонга ўхшаган мускуллари йирик-йирик качок бўлсам севармидингиз?
Пари. Эркакнинг чиройлиси бўлмаслиги керак. Мен чиройлиларни юмшоқсифат, мулойимча деб ёмон кўраман. Кутилмаган совғалар, бетакрор сюрпризлар юрагимни ўйнатади, қонимни гупиртиради. Мени ҳайратга солинг...
Омадбой. Мен бунақа хислатга эга эмасман.
Пари. Сиз бунақамассиз, сиз ахборот расмий кўрсатувлари учун, ҳайкалнинг очилишида нутқ сўзлайдиган сохта қуруқ сафсатабозсиз. Сиз мендақа париларнинг кўнглини ололмайсиз. Узирасизу, бу гапларим учун, шундай десам иккаламизга ҳам яхши бўлади, аковси.
Омадбой. Тўғринарли, алламаҳалда келиб менга шуларни айтмоқчи экансизда?
Пари. Агар мен рад қилаверсам сиз ўзингникини ўтказмоқчи бўлардингиз. Бунда безиб чарчаб кетардим. Мен таваккал қилишни истадим! Нималардир ҳалигиндай содир бўлиши керак эди... лекин бўлмади.
Омадбой. Сиз туфайли бўлмади!
Пари. Сиз эплаганингизда бўларди шу иш...
Омадбой. (кетаётган Гулини тўхтатиб) Бу нима деганинг?
Пари. Ҳеч нарса! Ҳозир зудлик билан кетишим керак! Мени Марат акам кутяптилар!
Омадбой. Пашол-э ўша Маратгаям-ғаратгаям... Кетманг...
Пари. Нега? Энди танишувимиздан маза қочди! Қолишим бемаънилик. Дўст бўлиб қоламиз. Сизга мендан яхшилари учрайди. Вақт ярим тундан ошди. Ухланг.
Омадбой. Мени ташлаб кетманг.
Пари. Хайр. Дўст бўлиб қолайлик.
Омад (хиргойи қилиб). Тасодифми, тақдир, йўллар учрашди,
Севгидан сўз очиб, қўллар учрашди.
Пинҳон тутолмадик, диллар учрашди,
Дўст бўлиб қолайлик, дема-да энди!

Ой топганман сенинг ойюзларингда,
Кун топганман сенинг гулюзларингда,
Ўзни йўқотганман ул юзларингда,
Дўст бўлиб қолайлик, дема-да энди!

Сочинг тўлқинига кўмилгим келар,
Сирлар денгизида чўмилгим  келар,
Соғинганим сари соғингим келар,
Дўст бўлиб қолайлик, дема-да энди!

Кутган кунларингда келмаган бўлсам,
Сен кутгандай ҳамроҳ бўлмаган бўлсам,
Кечирсанг бўларди, кўнгилсиз кулсам,
Дўст бўлиб қолайлик, дема-да энди!

Қай томон юз бурсанг, пайдоман, пайдо,
Ҳамон йигит каби шайдоман, шайдо,
Билмайсан, қалбингдан садоман, садо,
Дўст бўлиб қолайлик, дема-да энди!

Дугоналарингни тавсия этиб,
Овора бўлмагин макр ишлатиб,
Ҳечам кетолмайсан девор ушлатиб,
Дўст бўлиб қолайлик, дема-да энди!
Пари. Кетмасам, Маратчи?
Омадбой. Шунақа дўстларингиз кўпми? Ярим кечаси менинг дачамдан чиқсангиз, Маратга нима деб ўйлайди?
Пари. Жазмани билан ўйнашиб чиқвотти деб ўйлайди. Менга барибир уни ўйлаши. Жаннати аёл – онам Мария шунақа эркин ўстирган.  Сизнинг меҳмонларингиз ҳам биз иккаламизни янги ошиқ-маъшуқлар деб ўйлашдику барибир. Балки бу сизнинг обрўйингизни яна ҳам оширар. Осмондаги ой билан юрибди деб.
Омадбой. Менинг обрўйимни ўйламай қўяқолинг. Карерамни сиз келгунча мисқоллаб топганман, сизга умуман алоқаси йўқ! Мен сизни кузатиб қўяман.
Пари. Раҳмат, шартмас. Хижолат бўлманг.
Омадбой. Дарвозани очиб беришим керак.
Эркак ва аёл кўздан йўқолади. Шкаф ичидан чиққан Шоирбек стол устидаги ликопчадан ғижимлаб овқат ейди. Кейин иккала кафтини тўлдириб яна ичкарига кириб кетади. Омад киради.
Омадбой. Жинни бўпқоласан. (телефонини қулоғига тутиб) Ало. Ҳа, Каттабеков. Илмий-маърифий тадбир? Қанақа маънавият, эсипаст? Эҳ, ҳа эсладим... Хомаки вариантини тайёрлаб қўйдим. Эртага жўнатаман. Ҳа, бугун... соат икки бўлдию... (гўшакни қўйиб) Устига овқат тўкилибди, ярамас.
Шкаф эшиги очилиб кетади. Шоирбек йўлбарсдек секин эмаклаб яширинмоқчи бўлади. Омад стол устига чиқиб милтиқни қўлга олади. Шоирбекни нишонга олиб унга яқинлашади.
Омадбой. Кимсан? Эй, Кимсан, бу ерда нима қиляпсан? Тўхта. Қимирлама, бўлмаса отаман. Ўғримисан? Жиноят жойида қўлга туширдимми, аблаҳ, каззоб, муттаҳам. Қўлингни кўтар, фирибгар, қаланғи-қасанғи. Қочишни хаёлинггаям келтирма.
Шоирбек тақдирга тан бериб кафтини бир-бирига уриб қоқиб ўрнидан туради.
Шоирбек. Қўрқманг, қочмайман.
Омадбой. Ҳеч нарса бўлмагандай чиқиб кетмоқчи бўлдингми? Овсарингни топибсан. Кўзингга кўрсатиб қўяман, сўтак.
Шоирбек (Юмшоқ оҳангда). Мени ҳақоратламанг.
Омадбой. Уйимга ўғирликка тушиб яна мендан ҳурмат талаб қилганига ўлайми?
Шоирбек. Ҳеч қанақа ҳурмат керакмас. Милиция чақиринг, қўлимни кишанласин. Фақат сўкинманг, кераги йўқ. Ўзи ҳаётни хўрлагани етади. Сиз менинг амаким ё тоғаммассиз, сўксангиз.
Омадбой. Бахтга қарши. Яхши, ҳурматли жаноб ўғри! Сизлаб гапирамиз. Узрасиз, сизни иш пайтида безовта қилдим. Кечирингда энди. Энди миянгизни шамоллатиб келишга жўнатамиз. (катта блокнот олиб термулади.) ИИБдаги танишимга қўнғироқ қилай. Ойнагим қани?
Шоирбек. Қанақа ойна? Деразами? Ана дераза...
Омадбой. Кўзойнагим қани, безбет? Ҳа, айвонда қолган... (эшик сари йўналади.)
Шоирбек. Деразага хожат йўқ. Келинг, ўзим ўқиб бераман.
Омадбой. Нимани кўриб берасиз?
Шоирбек. Мелисанинг рақамини. Тинчланинг, қочганим йўқ. Милтиқни менга қаратманг. Ўқи йўқ бўлмаса ҳам милтиқ юз йилда бир марта отилади деган ирим-сирим бор.
Омадбой. Ҳа, лекин бу ўқланган. Кўзламай отсам ҳам тегади.
Шоирбек (блокнотни варақлаб). ИИБ га телефон қилайми ИИВ гами?
Омадбой. Ўзинг биласан. Айтдим...
Шоирбек. Ўзингиз ёмон кўрган рақамга қўнғироқ қилиб ички ишларми десангиз ўзлари сизни топишади. Биттаси бор экан. 244...
Омадбой. Бўлди, қолгани ёдимда. (териб) Банд, доим банд. Нимани гаплашишади шунақа пайтда?
Шоирбек. Уларнинг бошқа ташвишлари кўп.
Омадбой. Сени уларга топширмагунча қўймайман. Кутиб турамиз.
Шоирбек. Мен шошганим йўқ.
Омадбой. Мен сени панжара ортига тиқиш учун шошиб кетяпман. Ҳозирча кутаётганимизда нималаримни ўғирлаган бўлсанг, ҳаммасини чиқар.
Шоирбек. Ҳеч нима ўмарганим йўқ. Фақат шуни олдим. (сир бўлагини отади.)
Омадбой. Нима бу?
Шоирбек. Тешик-тешик сир бўлаги. Мен уни емоқчи бўлдим. Лекин тошдай қаттиқми-эй, моғор ҳиди анқийдими-эй... еёлмадим. Шуни сизга қайтаряпман! Фақат бир тишлам кам.
Омадбой. Шугинани олдим деб мени ишонтирмоқчимисиз?
Шоирбек. Ишонмасангиз, кавлаштириб кўринг.
Омадбой. Шип-шийдам қилишга вақтлари бўлмадими?
Шоирбек. Вақтим етарли эди. Кечаги тўққиздан бери шу ердаман.
Омадбой. Кечадан бери шу ердамисиз? Стоп! Лаънати қария қоровул шу ерда бўлиши керак эдику? Сездирмай қандай кириб олдилар?
Шоирбек. Қоровул мени кўрди. У каминани яхши танийди. Мен шу ерда яшайман.
Омадбой. Сиз шу ерда яшайсиз? Шу уйдая?
Шоирбек. Ҳа. Учинчи қават мансардда. Том тагида томим бор.
Омадбой. Томинг кетган... Томинг йўқ сан боланинг!
Шоирбек. Уч йилдан бери шу ерда умргузаронлик қиламан. Лекин бирон марта ҳам биз бетма-бет келмаганмиз. Мен фақат чинор олдидаги темир нарвончадан тепага кўтарилиб оламан. Биласизми?
Омадбой. Чинор борми... нарвон ҳам борми ҳовлимда?
Шоирбек. Ҳа. Орқа тарафда. Сал занглаган қадрдон нарвонча.
Омадбой. Тушунарлик. Демак, шу тахлит қўшниларни ўмараркансанда?
Шоирбек (бошини аттанг маъносида тебратиб). мени қамашлари учун қўнғироқ қилиш керак. Гаплашиб бўлишгандир?
Омад баланд овозга қўйиб телефондан рақам теради. Яна банд тушади. Телефоннинг экранига уради.
Омадбой. Қанақа лаънати рақам бу?
Шоирбекнинг телефони жиринглайди. У телефонни чўнтагидан чиқармасдан овозсизлаштиради.
Шоирбек. Эшитинг, тушунтиришга ҳаракат қилай. Кечки пайт тепага чиқаётганимда бу хонанинг пардаси очиқ, чироғи ёниқлигини кўрдим. Ҳаммаёқ тинч. Ҳеч ким йўқ эди. Кирдим. Кирган заҳотим зинада сизларнинг қадам товушларингни эшитдим. Манави элита пардалар орқасига яширинишга улгурдим. Кейин Сизлар кириб келдиларинг. Шу билан қопкетдим.
Омадбой. Ҳашаматли безатилган бу хонадан ҳам ўғирлашга бирон нима топилмадими? Ёки кўнгилларига ёқадиган нарса топилмадими? Ахир не-не яхши орзу-ҳаваслар билан катта бойликка бирданига эга чиқиш учун келгандингизку?
Шоирбек. Мен бу ерга бошқа мақсадда келдим. Нимадир тамадди қилиш учун киргандим.
Омадбой. Тамаддига?
Шоирбек. Икки кун ҳеч нима емадим, зўрғагина бу ерга кириб олиб эндигина ёлғиз қолгандим. Бу дала ҳовлида овқат мавсуми бўлади. Фақат меҳмондорчилик пайтларидагина қорин тўйиш мумкин. Қолган кунлар музлатгичдаям, буфетдаям, сервантдаям қотган нон топилмайди. Қоровулдан қолган қотган-қутганларни еб жон сақлайман.
Омадбой. Ҳа, ғариблар ҳаёти. Мен бу ерга еб-ичиш учун келмайман. Фақат дам олгани келаман. Лекин анави ликопчадагиларни ейиш мумкин.
Шоирбек. Ҳа, бормиди? Билмапман. Рухсат берасизми?
Омадбой. Ҳа, олинг. Уялманг.
Шоирбек (овқатга шердек отилади.). Раҳмат. (овқатни оғзига олиб бориб тўхтаб қолади.) Розимисиз? Қорним оғриб қолмайдими? Бировнинг ҳақини еб тағин ҳиқичоқ тутиб юрмай. Милтиқни кўриб иштаҳам қочиб кетяпти.
Омадбой. Ҳа, дарвоқе. (Милтиқни қўяди.) Бемалол.
Шоирбек. Раҳмат. (овқатни чайнамасдан юта бошлайди.) 
Омадбой. Енг, енг, чайнаб енг.
Хўп. (барибир ўз билганидан қолмайди.)
Омадбой. Бунақа ейишда қорин оғриб қолади. Оғирлашиб қоласиз. Лекин сизнинг ейишингизни кўриб иштаҳам очилиб кетди.
Шоирбек. Камбағални бир тўйгани бир бой бўлгани. Оҳ, қайтадан туғилгандекман.
Омадбой. Ичиш учун шарбатлар бор.
Шоирбек. Татиб кўрганман. Таъми унчамас. Лекин овқатсиз яшаш қийин. Қорин бўш бўлса мия унга оқиб тушади. Бошим қаттиқ оғриб қолади. Сизгаям қолдирайми?
Омадбой. Ҳа, озгина. (Улар иккови бир ликопчадан тановул қилишади.) Енг. Қолганларини ўзингиз билан опкетарсиз идиш-пидиши билан.
Шоирбек. Нима қиламан опкетиб миллий гвардиянинг ходимларини меҳмон қилиш-чунми?
Омадбой. Буёққа ростдан ўғирлик учун тушмаганмидилар?
Шоирбек. Уйни текшириб чиқинг, ҳамма бисотингиз жойида.
Омаднинг столи устидаги телефони жиринглайди. Улар иккови бир-бирига қарайди. Телефон овози ўчгандан кейин Шоирбекнинг телефони жиринглайди. У телефонини олиб қизил тугмани босади.
Омадбой. Ўзингиз ИИБ га тел қилсангизчи?
Шоирбек. Бажонидил. (эски тугмали телефонини камаридаги чарм қобиғидан олиб рақам теради.) ҳисобимда пул йўқда. Минусдаман.
Омадбой. Ҳа. Нега соқолингиз ўсиқ?
Шоирбек. Ишсиз драматург соқолли бўлади. Мен иш билан таъминланишим керак. Бўлмаса, паразитдек юравераман.
Омадбой. Парда орқасида нима қилдилар шу пайтгача?
Шоирбек. Ҳеч нима. Шунчаки, нафас олишга ҳам қўрқиб жим турдим. Уйқу элитди. Ухлашга ҳаракат қилдим. Лекин ўхшамади. Тешикчадан сизларни кузатиб турдим.
Омадбой. У ерга одам сиғадими?
Шоирбек. Ҳа.
Омадбой. Шу ерда ҳайкалдек турдиларми шунча вақт?
Шоирбек. Ҳа. Қимирлолмадим. Ўйладимки, сизлар ётоқхонага кириб кўрпага кўмиласизлар деб ўйладим. Ва ўша ерда тонгача туйғуларга чўмиласизлар деб ўйладим.
Омадбой. Демак, демак, ҳамма гапларимизни эшитдилар.
Шоирбек. Мен бошқа хаёллар билан ўзимни чалғитмоқчи бўлдим. Лекин баъзи гаплар қулоғимга чалинди.
Омадбой. Камбағални сийласанг чориғи билан тўрга чиқади дейишади. Бошқа жойда яширинса бўлмайдими? Рўпарадаги дача каттароқ, хоналари кўпроқку?
Шоирбек. Мен парда орқасида жудаям ноқулай аҳволда туриб қолдим. Бутун аъзои баданим увушиб қолди. Гўзал жонон билан суҳбатингиз мени унча қизиқтирмади, бироқ сизлар ишларингни қаерда қандай қай ҳолатларда якунлашингни кўргим келди! Бу Гулгина фақат сизнинг устингиздан кулгани келди.
Омад (бирдан ўзгариб). Ҳая, тўғри гап, буни дарҳол пайқадим.
Шоирбек. У жудаям ҳалигиндай кетворганми?
Омадбой. Ҳа, тўқсонга олтмишдан ҳам чиройли. Уни кўрдиларку?
Шоирбек. Мен фақат оппоқ елкаларини кўрдим. Ҳайратланарли! Мунисадан ҳам чиройли. Ўзимча тасаввуримда уни дунё гўзали деб ўйладим. Фақатгина ўзига ўта ишонган хотинларгина шунақа таваккалга боришади. Агарда сизнинг ўрнингизда бошқа эркак бўлганида эди...
Омадбой. Бошқа эркак? Бошқаси бўлганда нима қилоларди?
Шоирбек. Бир пасда у аёлни мот қилиб довдиратиб қўярди.
Омадбой. Қандай?
Шоирбек. Аввало, уни жалб қилиб кейин суҳбатлашардим. Шеър айтарди...
Омадбой. Эй, сўтақўзи йигит! У жононгина менинг уйимда биринчи бор келиши эди. Қолаверса, мен унақанги шилқим эмасман.
Шоирбек. Ҳа, сиз жаноби олийлари, оқсуяксиз, биллиардерсиз, сизга унақа ишлар ярашмайди. У хоним сиз ҳақингизда унақа ўйламади. Ўтакетган тўнка, аҳмоқ, хунаса бўлса керак деб кетди. Бечора тўлғониб-тўлғониб эҳтиросларда кетди. У баққа келаётганда оқсуяклигингизни билган ҳолда келган. Яна балки у сизни бир синаб кўрмоқчи бўлгандир...
Омадбой. Сиз мени  ўшанақанги деб ўйлаяпсизми?
Шоирбек. Албатта сиз сусткашлик қилмасдан ҳаракатланганингизда эди, ҳаммаси чиройликкина бўлиб якунланарди. Бунақанги кўча кўрган мадамларга ўзини совуққонлардек, бефарқдай кўрсатиш жуда ёқади.
Омадбой. Ҳа, улар ўзларича оқилани, ақллини ёқиб олишган, ҳиссиз, туйғусиз, ҳисоб-китобли ва қалби йўқ дилбарлар.
Шоирбек. Бу шундай туюлади. Аслида ҳамма аёллар бир хил: битта калла, иккита бошқарув нуқтаси бор... Деразалари кам, эшиклари кўп уйга ўхшаб кўриш қийину кириш осон...
Омадбой. Яхши таъриф. Менга ёқди.
Шоирбек. Бу менинг фикриммас. Ўзбекжаҳон деган шоирники. Ўзбекжаҳон аканинг яна бир қимматли фикри бор. Ҳар бир аёлнинг ширин даври бўлади. Бутун умри шундай ўтади дейилса ҳам бўлаверади. Йигитларга ўсмир ёшидаги қизлар сулувдек туюлади, тушларида кўриб чиқади, кекса ёшлиларнинг кампир ёшига етай-етай деб қолган аёллар тушига киради.
Омадбой. Бу Ўзбекжаҳон деганлари аёллар билағони чиқиб қолдию...
Шоирбек. Аёллар ҳеч қачон жонга тегмайдиган ҳилқат.
Омадбой. Ўзбекжаҳон ака яна ҳақ. Сиз кўп китоб ўқиганмисиз?
Шоирбек. Ҳа. Ўқиганларим баъзида эсимга тушади.
Омадбой. Сиз ўқимишли одамсиз.
Шоирбек. Учта дипломим бор. Тиббиёт, аграр ва санъат. Қишлоқдан чиқиб шу даражага эришишнинг ўзи улкан муваффақият.
Омадбой. Учта диплом? Умр ўқиш билан ўтиб кетибдику. Учта дипломли одам бировнинг уйига сирғалиб кириб овқат ўғирлаганини энди кўришим.
Шоирбек. Пешонада бораканда. Учта диплом билан очликдан ўлиш ҳам мумкин. Ҳалиги гап бору: диплом билан келганларга ярим миллион ойлик, таниш-билиши билан келганларга ўн миллион маош деб...
Омадбой. Бундан хабаримиз бор. Аммо учтадан биттасига дипломингизга лойиқ иш топилмадими?
Шоирбек. Дипломига яраша иш тополмаганлардан битта мен эмас. Касб танлашда хато қилмаслик керак. Касб танлаганда хато қилинса бир умр афсус чекилади. Ишсизлигимга ўзим айбдорман. Бу ҳақда қайғурманг!
Омадбой. Шошилмасинлар. Агар сизнинг шароитингиз билан салкам профессор бўлибсизки, демак бунга жиддийдан жиддий сабаб бор. Нима бўлди ўзи?
Шоирбек. Бу ҳақида гапиролмасам керак.
Омадбой. (опера куйлагандек). Нима учун?
Шоирбек. Агар айтсам, сиз дарҳол қамаб қўясиз мени.
Омадбой. Катта жиноят қилганмилар?
Шоирбек. Битта эмас, кўп...
Омадбой. Азбаройи, кимликларини билсам бўладими? Ахмад фирибгарми? Ёки рецидивист қотилми? Ё гей айғоқчи киллерми?
Шоирбек. Мен драматургман.
Омадбой. Драма-тур-г? Жиддийми?
Шоирбек. Ҳазиллашадиган аҳволдамасман.
Омадбой. Дрейматург. (жиринглаган телефонига жавоб беради.) Ало, нега кечиришим керак? Кечирмайман... Бу ерда ҳеч қанақа гинеколог йўқ. Ҳе, ўргулдим, соат тунги икки бўлдию... Булар гинеколог хоҳлаб қоптимиш... Ўтиринг, шарбатдан бошқа аччиқроқ нимадир ичамиз.
Шоирбек. Кўп раҳмат. Ташаккур... рухсатингиз билан кетсам...
Омадбой. (тақиллатиб стулни қўйиб) Ўтиринг. Исмингизни нима дедингиз?
Шоирбек. Исмим Шоирбек.
Омадбой. Ўв, ҳам драматург, ҳам шоир. Ота-онангиз шоир бўлсин шу исмни қўйишганда.
Шоирбек. Бир машҳур шоир билан бир кунда туғилган эканман. Шунга... майли, мен борақолай.
Омад (опера оҳангида). Йўқ! Бу даргоҳдан ҳеч ким ноумид кетмаган. Уйимга ҳар куни ҳам драматург, ҳам Шоир меҳмон бўлиб келавермайди! Энди чиндан ҳам отамлашамиз. Гапнинг қадрига етадиган одам топилди. Демак, спектакл ёзасиз. Комедиями?
Шоирбек. Ҳозирча ёзганларим даҳшатли...
Омадбой. Даҳшат киноларми? Ужас ёзасизми?
Шоирбек. Ёзганларим қўрқинчли... дабдала демоқчийдим.
Омадбой. Гапни буриш мамнақа бўпти. Қойил. Ёзганларингиз ҳақида гапиринг.
Шоирбек. Ҳажвия, драма сценарий, трагедия бу фожеа – ҳаммасидан бор.
Омадбой. Кўп ёзганмисиз?
Шоирбек. Тахминан ўттизта.
Омадбой. Ўттизта? Машҳур бўлганми биронтаси?
Шоирбек. Жудаям катта машҳурликка эришган. Ёзганларим фақат почтачи амаки, сартарош уста, қоровул ошнам ўқиган.
Омадбой. Бошқа биронта зот ўқимаганми?
Шоирбек. Йўқ.
Омадбой. Нега ёзишда давом этаяпсиз бўлмаса?
Шоирбек. Шўрпешоналик... Орзу-умид милтиллаб ёниб инсон ўзи хоҳламаган ишларга бошлайди. Лекин нолигандан фойда йўқ.
Омадбой. Йўқ, йўқ, менга қизиқ. Уйимга келсам, мени драматург кутиб олса, бу зўрку... Қанақанги ҳайратланганимни тасаввур қилиш қийин. Сўзланг...
Шоирбек. Йўқ.
Омадбой. Санъатда ўқимай санъат яратган,
Ўзидан яхшилик, қуёш таратган,
Ўзбек санъатига кўкни қаратган,
Дипломсиз шоирга қарсак чалайлик,
Далда бўлолмасак, дуо қилайлик.

Юрак тўла нола, дард-фарёд бўлса,
Ҳислар қайнаб турса, Дил ҳаёт бўлса,
Диплом шудир асли, истеъдод бўлса,
Талантсиз бўлсангиз нарироқ туринг,
Дипломсиз шоирни дуо қип юринг.

Ғийбатшеърлар ёзиб унвон кўзлайсиз,
Танқидчиман дея ёлғон сўзлайсиз,
Камабағални сенлаб, бойни сизлайсиз,
Ҳақиқат либосин кийган ёлғонсиз,
Номингиз инсону асли шайтонсиз!

Ижодни шахсидан ажратиб олинг,
Ғийбатни санъатдан саралай билинг,
Холис нигоҳ билан дунёни кўринг,
Шундай пайт қўмсайман Озод домлани,
Сўзларин эсланг-а Озод домлани.

Қоралаш ноўрин оқни билмасдан,
Ижодкор қалбида доғни билмасдан,
Не қилиб юрибсиз ижод қилмасдан!?
Сизни Устоз дерлар, озроқ уялинг,
Ижодкор гапирсин. Сиз қўяқолинг.

Маъқуллаб юрибсиз ким нима деса,
Сиз ҳам шуни ейсиз, ким нима еса,
Шуни дейман бошга қиличлар келса,
Ошпазни сўрайсиз ошни емасдан,
Сиз қачон чиқасиз ҳув ўша пастдан!?
Шоирбек. Ҳаётим оддий. Шаҳарга поездда осилиб келганман. Оёғимда калиш, қўлимда қора салафан пакет. Мия тўла фантазия, кўнгил лим-лим хаёл. Қўлимда иккита ҳажвия. Талантимга шу даражада ишонганманки, бутун дунёни оёғим остида кўрганман! Мухбир, муҳаррир бўлишни бир грам менсимасдим. Вақти келиб тақдир шуларга ҳам раво кўрмади.
Омадбой. Ижоддан гапиринг, ижоддан...
Шоирбек. Кейин бошланди газеталардан ҳажвияларим рад қилиниши, ҳикояларимнинг тўғри келмаслиги ҳақидаги тақризлар, театрдан қувилишларим... Драматургман десам ҳамма мени хушнуд кутиб оларди. Ёзган пьесаларимни берардим. Улар опқолишарди. Лекин орадан икки-уч ой ўтса ҳам ўқилмасди. Қуруқ ваъдалар билар бир-бирига солиб тайсалларди. Ҳеч биттаси ўқимай қўлимга қайтарарди. Ҳеч ким ўқимаса ҳам мен ёзишдан бир минут ҳам тўхтаганим йўқ!
Омадбой. Бу катта жасорат. Бечорагинам...
Шоирбек. Ҳа, бечораларнинг бечорасиман. Кимнингдир бойлиги кун сайин ошса, менинг камбағаллигим кундан-кун ошди. Китобларимгача сотдим. Шаҳарга сиғмай қолдим. Машнақа шаҳар четида жон сақлашга мажбур бўлдим. Мен очқолдим, руҳан очқолдим. Бу ширин хаёлга тескари ҳаётимга нуқта қўймоқчи бўлдим.
Омадбой. Яъни мардикор бўлиб ишлай бошладингиз?
Шоирбек. Жонимга суиқасд қилишга аҳд қилдим!
Омадбой. Яъни?
Шоирбек. Яъни ўлимни бўйнимга олиб дарё бўйига бордим. Ўзимга тош боғлаб чўктирмоқчи бўлдим. Соҳил ёқалаб кетаётсам икки севишган, учта чет эллик, иккита кўча супурувчисини кўрдим. Қўлида иш қуроллари. Сиз ҳис қилиб кўрмагансизда, бир манзарани охирги марта кўряпман деган ҳиссиётни?
(хиргойи қилиб) Ўттиз йил изланиб, ўзимни излаб,
Кўнгил гавҳарига мос сўз топмадим.
Пул топдим, уй қурдим, омад топдим-у,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Бир жон йўқ дилимга, феълимга ошно,
Дилдош деганларим пулимга ошно.
Қондошларим қилди қонимга ташна,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Муҳаббат яхши-ю ёмондир доғи,
Висол кунлари кам, кўп тун фироғи.
Жононалар бўлди жоним қийноғи,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Меҳр берганларим меҳрим билмади,
Қадрдон деганим қадр қилмади,
Ҳаёт мен истаган ҳаёт бермади,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Ўзимда йўғини дўстимга тутдим,
Эртакдаги марддек ёвга лутф этдим.
Ўзимни унутиб, ўзимдан кетдим,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.

Ҳар ким ўз кўмочин ўзига тортар,
Ўз юкин ўзганинг кифтига ортар.
Меҳр бермай туриб муҳаббат кутар,
Ўзимга ўзимдек бир дўст топмадим.
Мен буни йиғлаб ёздим. Айбни ўзимдан изладим. Ҳаво мусаффо, енгил шабад эсиб турарди. Кейин мана шундай  серқуёш жойни ташлаб кетмасликка, унинг бир қарич ерини бўлса ҳам обод қилишга қарор қилдим.
Омадбой. Ҳақиқий эркакнинг иши машнақа бўлади!
Шоирбек. Ҳеч қанақа мақтовли томони йўқ. Аввалгидай ўша-ўша усти юпун, қорни оч, қўли юпқа драматургман. Ўзимни ўлдиришгаям журъатим етмади. Ўлим чегарасидан қайтганлар иккинчи марта бу ишни қилишга уринмайди.
Омадбой. Руҳан чўкиб қолманг. Синовлар синдирмаслиги керак. Сиз талантлар талантисиз. Бизни бутун дунёга машҳур қиласиз. Буни мен айтдимми, демак амалга ошади.
Шоирбек. Омадим кулмаса, бахт қиё боқмаса, бу талантдан не фойда?! Узрасиз, сизни анчагина безовта қилдим. Меҳмондорчилик учун раҳмат. Ташқаридаги сиз бошлаган базм чиройли давом этяпти.
Омадбой. Ўзингиз билан олакетинг. Фақат чинни ликопчани еб қўйманг.
Шоирбек. Раҳмат. Идишни қайтараман.
Омадбой. Шошмасинларчи... Бу бечора драматургияга қандай ёрдам беришим мумкин?
Шоирбек. Нима билан  ёрдам бероласиз? Бирон қориндор каттакон билан таништириб қўясизми? Ёки тақризлар берасизми? Мантиқсиз иш. Папкамда ўнтача шедевр тавсияномалар бор. Ҳар тавсифномаларки, академик санъатшунос, адабиётшунослар берган, чинакам классика. Бизнинг вақтимизда тақризлар инобатга ўтмайди.
Омадбой. Мен машҳур юлдуз актёрларни билан шишадошман, театр директорлари билан гап ейман. Уларнинг қарзлари кўп, узишлари керак, илтимос қилсам хурсанд бўлишади.
Шоирбек. Жаноби олийлари, бунда на маъно, на мантиқ бор. Кўз олдимда фақат сароблар кўринади, энди менга барибир.
Омадбой. Асарингизни ҳақиқий катта театрда қўйилишини истамайсизми?
Шоирбек. Болаликдан бери шуни орзу қиламанку? Ўз спектаклимни саҳнада кўришдан ортиқ бахт йўқ эди мен учун... Томошабинлар ижодимни қандай олқишлаганини кўришни истардим. Буни машҳурлик учунмас, пул учунмас, омадга ташналик учун эмас... Ўзлигингни, ўз туйғуларингни, кўнглинг ғалаёнларини бошқаларга улашиш бахтига муяссар бўлиш учун спектаклимни саҳнада кўргим келади. Муаллифнинг ягона ўта шахсий бахти ҳам шунда. Бу бахтга етиш учун ҳаммасидан кечардим – машҳурликдан ҳам, соққадан ҳам. Сиз буни умрбод тушунмайсиз, чунки сиз ижодкормассиз. Балки мендан эпчилроқ, омадлироқ одам менинг ҳажвияларимни яхши комедия қилиб саҳналаштирар? Бой ака, мана шунда сиз ёрдам бера олишингиз мумкин.
Омадбой. Мен?
Шоирбек. Асарларим ўтмагандан кейин театрдаги қоровулдан ҳам, фаррошдан ҳам ўтинишга ўтдим. “Бу асаримни қўйилишида ёрдам беринг, илтимос.” “Билмадим, театримизда икки йилдан бери режиссёр йўқ.” “Бўлмаса, янги режиссёр келса, мана шу асарларимни унга бериб қўйинг.” (томошабинлардан бирига бир даста қоғозлар узатади.) Қўли узун, ҳар соҳада каналлари бор одам топиш... Номи чиққан... рози бўлсалар...
Омадбой. Ўйлашимча, бу қийин эмас... (опера оҳангида) Эпласа бўлади...
Шоирбек. Тирикчилик, тирриқчилик деб ижодда чалғиб, чекиниб кетган катта талантларни биламан. Бир тийинга арзимас иш билан овуниб эрмак қилишади. Кейин у ҳаёт тарзига айланади. Шу билан ижод унут бўлади. Бунақасидан қаттиқ қўрқаман, ваҳима босади. Сиз ёрдамда синаб кўришингиз мумкин.
Омадбой. Қандай синаб кўриш мумкин?
Шоирбек. Комедияларим сизнинг номингиз билан саҳналаштирлсачи?
Омадбой. Миянгизга қаёқдан келди бу фикр? Менга нима алоқаси бор?
Шоирбек. Ўйнашмагин арбоб билан арбоб урар ҳар боб билан деган гап бор. Сиз катта арбобсиз. Театрга кирмаслик учун ўтмас девор бўлганларни ҳар бобда синдирамиз. Тасаввур қилинг, сенатдасиз. Сизни минбарга чақиришяпти. “Ҳомий меценат ва драматург Палончимирзо”. Парламентда обрўйингиз ошиб кетади. Бирон қўмитасига раис қилиб тайинлармиди?
Омадбой. Оҳҳо, қўмита раиси? Ҳазиллашманг. Бу соҳада ҳеч нимани тушунмайсиз шекилли? Мени театрларни молиялаштириш бўлимидан олиб балиқчилик хўжалигига раҳбар қилиб тайинлаши мумкин. Пухталарни доим бир жойни обод қилишга жўнатишаверади – бу тажрибада синалган.
Шоирбек. Премъерани тасаввур қилинг. Ҳомий меценатлар, сенаторлар, инвесторлар, блогерлар, вазирлар келади.
Омадбой. Ҳа. Агар биронта зийрак бундан бохабар бўлсачи?
Шоирбек. Қўрқманг, буни ҳеч кимга айтмайман! Мен учун асосийси, асарларим саҳнага чиқсайди. Бу ютуқлардан маст бўласиз, кейин ҳамма: “қаранг, қандай талантли инсон” дейишади. Буни ким ўйлапти дейсиз? Ақлий салоҳиятингизга кимдир шубҳаланган бўлса, фикри ўзгаради. Масалан, сизга нисбатан ҳасадгўй ҳамкасб, сиёсий рақиб, аёллар дўстлашади...
Омадбой. Ҳа, аёлларнинг ҳам фикри ўзгаради. Ҳақиқатан ҳам, ҳамма пуллар сизнинг чўнтагингизга тушади.
Шоирбек. Бу сизга боғлиқ, ҳурматли олий табақали зот...
Омадбой. Бунга эътирозим йўқ. Менинг илмий-маърифий тадбиримга мақола ёзиб берасиз.
Шоирбек. Яхши.
Омадбой. Ҳеч кимга достон қилиб юрмайсизми?
Шоирбек. Асло йўқ.
Омадбой. Антиқа таклиф... Ғалати шартнома... Ҳар эҳтимолга қарши, мен ўйлаб кўраман. Қўлёзмаларингиз қани?
Шоирбек. Мансардимда... Болахонада... Ўқийсизми?
Омадбой. Нечта асарингиз бор? Ўттизтами-қиртта? Ҳозир комедияга талаб катта. Уч-тўртта комедиянгизни берингчи.
Шоирбек. Демак, розисиз?
Омадбой. Мен уриниб кўрамиз, дедим.
Шоирбек. Раҳмат, ўртоқ бошлиқ, бу жудаям эзгу иш. 
Омадбой. Гап эзгуликда эмас, одамгарчиликда! Бошингиздан ўтган “лайфстори” мени қаттиқ таъсирлантирди. Айниқса, ўзингизни дарёга чўктирмоқчи бўлганингиз...
Шоирбек. Ҳозир қайтаман.
Шоир қулоғига телефонни қўйганча отилиб чиқиб кетади. Омад бирпас ўйланиб туради.
Омадбой. Омад Каттабеков – эски бой... энди драматург. Жарангдор-а? (телефонни қулоғига тутиб) Ало, қанақа бетамиз журналистсан? Яна ноқонуний туғилганлар ҳақида статистика беришимни сўраяпсанми? Тупурдим ўша саволингга! Миям бошқа ишлар билан банд, безовта қилма. Ҳамма журналистлар сенга ўхшаб бир хил. Сен айтаётган муаммо мени умуман қизиқтирмайди. Ҳозир бундан қизиқроқ нарсалар билан овораман. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз? Яхшиси, айтмаганим маъқул. Бу ҳамма қалам аҳлига ва сизга ҳам кутилмаган сюрприз бўлади. Ҳа, ваъда бераман буни сиз биринчи бўлиб сиз биласиз. Бунга сиёсатнинг алоқаси йўқ, фақат иқтисод. Тахмин билан тополмайсиз. Ҳа, тез кунда. Эртагаям чиқиши мумкин. Хайрли тун. (гўшакни қўйиб ўйланади.) Омад Каттабеков яхши драматург.
Шоирбек (қоғозлар тўпламини қучоғига зўрға сиғдирганча Шоир кириб келади.). Мана, ҳаммасини опкелдим!
Омадбой. Нега? Бир-иккитаси етарди... Майли, полга ёйинг ҳаммасини...
Шоирбек. Буниси институт даврида ёзилган. “Катталар ва кичиклар” деган қизил асар. Учта ака-ука ҳақида ёзилган... Беш пардали комедия. Катта ака сизга ўхшайди. Укаларига бегонадай...
Омад (ўқишда давом этиб). “Катта ҳовли. Чаманзор, гуллар.” Яхши, декорация зўр. Катта ака бош қаҳрамона? “Укаларимдан олишим мумкин, уларга бермайман.” Бу нима эпиграфми? “Севги – камбағалларнинг ягона бойлиги.” Жуда тўғри ёзгансиз. Талантсиз, кўриниб турибди. Бизнинг дидимиз, қарашларимиз ҳам бир: бизнесимиз ҳам бир йўлда бўлади.
Шоирбек. Демак, розисиз?
Омадбой. Нимадир ундиришга ҳаракат қиляпмизку! Номи жарангли экан: “Катталар ва кичиклар”, “Икки дўст”, “Пулнинг кучи...”. “Ўшал дамлар, ўшал дамлар...”
Чироқлар ўчади.

ИККИНЧИ КЎРИНИШ.
Ўша манзара. Омад кресло ёнида туриб телефонда гаплашяпти.
Омад (аввалгидан фарқли равишда сўзларни саралаб чертиб-чертиб гапиради). Раҳмат, жонгинам, спектаклларим сизга ёққанидан хурсандман. Шунча узоққа Оролбўйига ҳам бунинг шов-шуви етиб борибдими, демак, кўпчиликнинг кўнглидан ўрин олибди. Ҳа, матбуотда ҳам буни эътироф этишди. Олқишлашди. Таҳсинга сазовор. Шанба кунига меҳмондорчиликка? Боролмасам керак... “Обод маҳалла” бўйича жойларга тадбирга боришим керак. Учрашувдан чиқиб боришга ҳаракат қиламан. Овози ширин шундай маликага йўқ деб бўладими? Йўқ, бемалолман. Асосийси сиздан сирли санамни топганим яхши. Иккинчи линиядан бошқа рақам чиқяпти. Драматург, драматург деб менсимайсиз. Драматургларга осон деб ўйлайсизми? Драматург бўлганимдан кейин қўнғироқлар тинмайдиган бўлди. Ало, ким бу? Ҳа, режиссёр ассистенти? Бугун репетицияга боролмайман. Нега? Чунки, ҳамма айтгадиган гапимни пьсемда ёзиб қўйганман. Бироқ унисига ақлим етмайди. Билмадим. Ўйлаб кўришга вақт беринг. Айтвораман. Муҳимлиги аниқ...
Катта кириш эшиги очилиб ўта пўрим кийинган Шоир келади. У қўлидаги газеталар тўпламини стол устига ташлайди.
Шоирбек. Ҳорманг энди. Табриклаймиз, ҳамма газета-журналларда сиз, яна сиз.
Омад (телефонига ишора қилиб). Раҳмат. Ўзингиз ҳам ҳорманг. Вақтида келдингизда... Рақамли иқтисодиётни изоҳлайдиган декорацияда нима тасвирланиши керак? Шуни айтворишимиз керак.
Шоирбек (Жиринглаб қолган телефонига жавоб беради.). Буни минг хил варианти бор. Биткоиннинг расмидан фойдаланса бўлади. Блокчейн бор... Режиссёр ўлиб қолган десам рассомлар ҳам ундан баттарда... Рассомлар тўлиқ ўқимайди, фақат курсив ҳарфларни ўзига тегишли деб ўқишади.
Омадбой. Тимсолни ўнг ё чап томонга жойлаштирсинми?
Шоирбек. Баҳодир Дилдошев айтганларидай: “Саҳнанинг чап томонига муҳим воқеаларни жойлаштириш керак. Чунки китоб чап томондан очиб ўқилади.” Бу арзимас нарсаларни ҳам сиздай драматургдан сўраётганлар паспортини ҳам охиргача ўқимаганда! Шунақа десангиз дарров паспортимни ўқиб қўяй деб уйига шошишади.
Омадбой. Чироқни қандай қўйишсин?
Шоирбек. Шу пайтгача чироқларни нотўғри қўйишгану бу гал ҳам ўша эски йўлдан боришсин.
Омадбой. Бунақа деёлмаймиз муҳокамада. Сиз кеч қоляпсиз, маэстро?
Шоирбек. Пьесани тайёрлаб берган бўлсам қанақасига кеч қоламан?
Омадбой. Куни бўйи қайларда санқиб юрибсиз? Буёқда бир тонна муамммо ортидан муаммо.
Шоирбек. Қанақа муаммо?
Омадбой. Ҳар лаҳзада рассомлар, режиссёрлар, актёрлар, мухлислар қўнғироқ қилишга одатланиб қолишган. Кейин танқидчи собиқ ректор Омонтилла Зафар келдилар.
Шоирбек. У одамга нима керак экан?
Омадбой. “Театр” журнали учун мақола тайёрлаяпти эканлар. Театрларимизнинг кейинги беш йиллик, ўн йиллик, эллик йилдаги ижодий келажаги, молиялаштириш йўналиши,  техникавий шакли ҳақида сўрадилар.
Шоирбек. Оғир, оғриқли, салмоқли саволлар. Нима деб жавоб бердингиз?
Омадбой. Эсимда йўқ. Аравани қуруқ опқочдим. Кейин Шароф Бошбеков ҳақида сўради? Диалогларда ўхшашлик бор экан. 
Шоирбек. Бўлмағур сафсата...
Омадбой. Ким ўзи Бошбек Шаропов?
Шоирбек. Шароф Бошбеков драматурглар қиролику. Шуниям билмайсизми? Яна нима гаплар?
Омадбой. Электрон почтада хатлар кўпайиб кетган. Мақолалар бор. Икки кило хат келган. Ҳарқалай, қайга йўқолдилар бугун?
Мен ёздим. Фақат ёздим. Постановканинг охирги кўринишини қайтадан ёздим.
Омадбой. Нега? Нега керак бўлди бу сизга? Ахир бу саҳна ҳаммага ёққандику?
Шоирбек. Менга ёқмади. Шахсий позициям бўлиши керак. Виждонан қараш керак. Эзмалик қилинган, чўзилгандай туюлган. Мана, котибангизга беринг. Бошқатдан кўчирсин...
Омадбой. Бажарамиз.
Шоирбек. Кейин режиссёрга айтингки, битта сўзини ҳам ўзгартирмасин!
Омадбой. Унга юз бор айтилган. Лекин касбини оқлаш учун у ҳам нимадир ўзгариш қилиш керакку?
Шоирбек. Режиссёрлик – пьеса сўзларини ўзгартириш эмас.
Омад (кичик эшикка йўналиб). Премъера 5 февралга тайинланган. Жуда кеч...
Шоирбек. Йўқ. (унинг ортидан югуриб) Жуда эрта. Нега вақтли?
Омадбой. Артистлар тайёр.
Шоирбек. Ҳаммаси жа ўзича тайёр, боғланмаган, бириктирилмаган, ансамбл йўқ, қизил ип йўқ, темпо-ритм йўқ!
Омадбой. Мана кўрасиз, ҳаммаси чиройли ўтади. “Қайнонам билмасинлар” пикка чиққандан кейин “Қудамнинг қудаси” комедиянгизни ҳамма кутишмоқда.
Шоирбек. Ҳа, қўлларида милтиқ билан отишга шай ҳолатда кутишади. Битта фестивалда бир муаллифнинг уч асари қандайсига бирданига қатнашиши мумкин деб тўполон кўтаришади.
Омадбой. Биз учала фронтда ҳам ғалаба қозонамиз! Бу улкан муваффақият бўлади. “Васвос” трагикомедияси кучли моҳиятга эга, жасоратга тўла, бебаҳо. Фақат бир гумоним бор...
Шоирбек. Айнан нимадан?
Омадбой. Номланиши. Ким васвасага тушган? Васвос қанақа бўлади?
Шоирбек. Бу рамзий ифодаку. Ўртоқ сохта драматург, билингда шуни...
Омадбой. Менга ойдек равшан. Лекин томошабинлар орасида ҳар хили борда. Томошабинлар – қўй, как барань! Ким нима деса эргашиб кетаверадию мағзини тушунишмайди.
Шоирбек. Шуниси яхши! Қанча тушунарсизроқ бўлса, шунча яхши. Яширин ва ёпиқлик – замонавий санъатнинг сири. Валломат бадиий кенгаш, актёрлар нима дейди?
Омадбой. Бу шлягер... шедевр... классика... мумтоз асар...
Шоирбек. Драматург бир драмасини тугатиш учун оғир касалликни бошидан кечиргандай азобланади. Кейин тузалиш роҳатини туяди. Ечим билан финални тўрт марта қайта ёзганман. Ўшанда машҳур: “Севсанг кел ёнимга, севмасанг оқ йўл” иборамни ёзганман.
Омадбой. Яхши реплика. Маънили гап.
Шоирбек. Йўқ, уни мақтовли томони йўқ. Одатдаги гапу лекин зарур палладаги муҳим гап. Қаҳрамон йигитнинг кўнглини очувчи гап. Кутилмаган бурилиш ясайди. Нотаниш жувоннинг унга меҳри ошади. Синчиклаб тикилгани унга ёқади.
Омадбой. Режиссёр буни бошқача талқин қилмоқчи...
Шоирбек. Режиссёр ким? Нима, у мен муаллифдан мавзуни яхши биладими? Ҳечамда...
Омадбой. Ҳечамда муаллиф менман.
Шоирбек. Ҳая, эсим қурсин. Муаллиф сиз бўласиз. Спектаклни сиз ёзгансиз, режиссёр эмас. У ақллилик қилмасин. Қадимги Римда драматургларнинг ўзи режиссёрлик қилган. Жаҳлим чиқса ўзим саҳналаштирвораман. Бугунги РПТ да аниқ тушунтирворинг.
Омадбой. Бугун боролмасам керак.
Шоирбек. Нима ишингиз бор?
Омадбой. Камбағалликни тугатиш бўйича кўрсатма бор. Бунинг ечими илм-маърифат эканлиги ҳақида нутқ сўзлайман.
Шоирбек. Кутиб туради. Премъерадан бошқасига тупуринг. Бугун вақт бўлмаслиги мумкин, эртага кучимиз бўлмайди. Индин ўзимиз бўлмаслигимиз мумкин. (жиринглаган телефонга рад тугмасини босади.) Биздан қайси биримиз репетицияга боришимиз керак.
Омадбой. Сиз ўзингиз борақолинг.
Шоирбек. Ҳа, бораман. Зал охирида ўтираман. Прогонни кузатаман. Насиҳатларимни беролмайман. Чунки асар расмий равишда сизнинг номингизда. Майда эпизодлардаги актёрларга ҳам қаттиққўллик билан фикрингизни ўтказинг. Насиба ролига кимни олгансизлар?
Омадбой. У бир ҳомийнинг иккинчи хотини экан. Шунга мажбурмиз.
Шоирбек. Ўйнаши бўлса уйида ўйнасин. Театр – давлатнинг уйи, халқнинг уйи. Уни дуч келган одам топташга йўл қўймаслик керак. Тошини терсин иккови ҳам...
Омадбой. У илтифот қилсинлар дегани учун актриса рол ўйнашига кўнганман. У менинг нозодимни сайлов участкасида туриб тарғиб қилади. Ёрдами тегади. Унга каттароқ рол керак, хонимчи роллари ярашавермайдида.
Шоирбек. Шунақами ҳали? Ролнинг катта-кичиги бўлмайди, фақат майда актёрлар бўлади. Сиз аввал ҳал қилиб олинг драматургмисиз ёки ҳомий меценат? Биттасини танлангда... Иккови бир-бирига мутлақо ёпишмаяпти. 
Омадбой. Жудаям мосда! Фақат сиздай кучли фанатизмга берилиб ёндошмаслик лозим! Иккала сўзда ҳам “М” бор: драматург, ҳомий меценат. Мен сиз нима учун ҳеч нимага эришолмаганингизни энди тушундим! Орзуга етишнинг ҳалол йўлини танламаскансиз. Ҳар эҳтимолга қарши, муносабатларимизни қайтадан кўриб чиқишимиз вақти келди. Мен ўзимнинг ҳомий меценатлик ишимни давом эттираман, сиз эса комедияларингизни ёзаверинг.
Омад нариги хонага кириб кетади. Шоир унинг ортидан юради.
Шоирбек. Нега фикрингиз ўзгарди? Пиар зўр бўлаётгандику? Йўл ярмида ёмон йўлдош ташлаб кетади.
Омад (чиқиб). Биринчи чиқишларингиз учун ёрдам беролганимдан шодман. Мен баҳона сизнинг драматургиянгиз халққа ёқишига ишонч ҳосил қилдингиз. Фақат “Қудамнинг қудаси” комедиянгиз муаллифлик ҳуқуқи асосида менинг номим билан чиққан. Келажакда буни инобатга оласиз-да...
Шоирбек. Бунақаси бўлиши мумкинмас!
Омадбой. Нега? Биз сиам эгизакларидай бир умр бирга юролмаймизку?
Шоирбек. Мен аввалги қийинчиликлар олдида ожиз қолгандай яна хавф-хатарга, фалокатга, ўнгланмайдиган аҳволга тушаман!
Омад (блокнотни очиб). Қанақа фалокат? Жаноб Шекспир, нималар деяпсиз?
Шоирбек. Биринчидан, агар комедияларимни эълон қилсам, мени сизнинг тақлидчингиз, копиячи, бир нусха дейишади. Иккинчидан, ҳамма ёш муаллифларга тегишли камчилик деб бировдан ўзлаштирган, кўчирмакашлик қилганликда айблашади.
Омадбой. Бунақасини ўйламаган эканман. Нима қилиб сизга ёрдам берган ҳисобланаман. Ҳисобни нолу нол қилсак?
Шоирбек. Нима қилоласиз? Ҳаммага комедияларингизни мен ёзганлигим ҳақида жар солинг. Ҳазил денг.
Омадбой. Аҳмоқгарчилик. Бир йўлини топдим шекилли? Сизни севимли шогирдим деб таништираман. Ҳамма амалдор ижодкорлар шунақа қилиш модаку ҳозир. Мана, Шоирбек деган зўр драматург деб оммага таништираман. (Унинг қўлини рингдаги ғолибдек тепага кўтаради.) Афсонавий футболчилардек драматургиядаги карьерамни якунладим. Ёзишда ўрнимни босадиган бу болага топширдим деб овоза қиламан. Уёғига ўзингиз қолган йигирма еттита пьесангизни эълон қилиб театр бозорини қўлга оласиз! Гонорарлар тагида қоласиз.
Шоирбек. Кераги йўқ, кераги йўқ... Ҳаммаси эски ҳолича давом этсин. Омадингиз кулди, танқидчиларга ёқиб қолдингиз, кетма-кет мукофотлар оляпсиз, мен қалам ҳақи оляпман. Яхшику? Афиша баннерида менинг исмимми, сизнинг исмингизми, нима фарқи бор? Яна бир жиҳати, тан олиб айтаман... Қўрқаман...
Омадбой. Нима?
Шоирбек. Мен ўз ўзимдан қўрқаман. Бир куни ўзимни ўзим шарманда қилишим мумкин. Энди тушундим: менинг энг катта душманим бу ўзим эканман. Ўз ғурурим, ўз журъатимнинг бахтсиз қурбониман! Томошабинлар ҳайрат билан комедияларингизни олқишлари сабабини биласизми? Чунки уни сиз ёзганингизга ишонишади. Томошабинлар мен ёзганлигимни билишса, помидор отишарди...
Омадбой. Бу асарлар олқишга лойиқ, шунинг учун кўкка кўтаришади! Инкор қилмайман, бошида мансабдорлигим, обрўйим, каналларим иш берди. Лекин Ўзбекжаҳон акангиз ўргатганидай: “Ҳар бир асарда драматург фуқаролик позицияси олий мақсадга айлансин” деган олтин қоидага амал қилиб аниқ ва равон, юморга тўлиб-тошиб, гўзал ёзгансиз. (жиринглаган телефонни Шоирга узатади.) Театрдан қўнғироқ қилишяпти. Олинг жавоб беринг. Мени драматург жаноби олийларини уйда йўқ, денг, “мажлисбозликни тугатиш ҳақидаги мажлисга” кетди денг. Бир ҳафтадан бери ўша ерда денг... (Нариги хонага чиқади.)
Шоирбек. Ало. Драматург акангиз йўқ эдилар? Ким сўраяпти? Қанақа аёл? Исмингизни айтмайсизми? (ичкарига) Овози жуда ширин экан. Сюрприз? Яхшими-ёмонми? Сиз менинг фикру хаёлимни банд этиб қўйдингиз. (жойида туролмай.) Компотмас мураббо бўлиб қолдим. Йўқ, овозингиздан танимадим. Сиз ҳам мени танимадингизми? Бокиралигингизга шубҳа йўқдир. Қизиқишим икки карра ортди. (ичкарига) бу ўша! Келинг, гаплашамиз. Ҳозир? Мен бир ўзим... кутажакман... (телефонни қўйиб) Бу ўша.
Омад (чиқиб). Қайси ўша?
Шоирбек. Парда ортида қоп кетганимда суҳбати жонон қилганингиз...
Омадбой. Гулбонуми?
Шоирбек. Ҳа, ўша. Лекин исмини ўзгартирибди. Париман деди. Шу яқин атрофда экан. У мени кўрмоқчи экан, кўп гаплари боракан.
Омадбой. Сизни кўрмоқчиларми?
Шоирбек. Йўқ, сизни кўрмоқчилар. Аслида мени, яъни ёзувчи одамни кўрмоқчи.
Омадбой. Сизния?
Шоирбек. Йўқ, иккаламизни кўрмоқчи. Сизнинг қиёфангизда мени кўрмоқчи. Яъни сизнинг суратингизни, ичингиздаги менинг сийратимни кўрмоқчи. Ўтган галги қилмиш учун роса афсус чекяпти. У билан ўшандан кейин умуман учрашмадингизми?
Омадбой. Узоқдан кўришдик, зўрға саломлашдик холос.
Шоирбек. Сизга маслаҳатим: у ўта айёр, ҳар сўзингизни минг ўйлаб бир гапиринг.
Омадбой. Аҳмоқмасман.
Шоирбек. Бунақа демоқчимасийдим. Унга лавашми, пицами буюртиринг, у замонавий леди.
Омадбой. Ул Пари кечки овқатга қолади деб ўйлайсизми? Агар қолмоқчи бўлса, мен бандман деб айтаман.
Шоирбек. Ҳа, “мажлисбозликни тугатиш ҳақида мажлисингиз” чўзилиб кетяпти.
Омадбой. Мазахлашни, майнавозчиликни бас қилинг. Унинг келиши ҳар қанақа мажлисдан афзал. (пауза.) У ростдан ҳам тавба қиптими?
Шоирбек. У сизни кўнгилчан деб узр айтди.
Омадбой. Унда сиз бу ерни тезроқ тарк этинг.
Шоирбек. Сиз билан бир том остида қололмайманми?
Омадбой. Қолмоқчилар? Томинг жойидами? Учинчиси ортиқча... тепага чиқинг. (қўли билан кўрсатиб) Аввалгидай ошга тушган пашшадай шам ёқиб турмоқчиларда?
Шоирбек. Парда орқасида беркиниб туришимни истайдиларми?
Омадбой. Майли, ошхонада ҳеч кимга сездирмай туринг. 
Шоирбек. Сиз менинг комедияларим ҳақида у хоним билан мазза қилиб гаплашасиза? Келган заҳоти шу ҳақда гап бошланг.
Омадбой. Дўстгинам, агарки, Паригул афсус қилган бўлса, у тиз чўкиб тавбасини қилади. Ёшгина нарса, уйимга фақатгина бағримга ўзини отиш учунгина келади. Сиз эса қаёқдаги комедияларингизни тиқиштирасиз.
Шоирбек. Ўзи бу ҳақда гап бошлайди, қараб туринг. Илтимос, қолишимга рухсат беринг!
Омадбой. Нима, Сиз у билан қаерда учрашсам шунақа пайдо бўлаверасизми?
Шоирбек. Сизларга ҳалақит бермайман. Мен фақат унинг театр ҳақидаги, комедияларим ҳақидаги гапларни эшитаман.
Омадбой. Қолган гапларга қулоғингизни ёпиб турасизми? Йўқ, бўлмайди. Санъат ҳақида кейинги учрашувда гаплашамиз. Сиз эса туёғингизни шиқиллатинг.
Шоирбек. Сиз оёқ тираб олсангиз, оёғимни қўлимга олиб кетаман.
Эшик қўнғироғи жиринглайди.
Омадбой. Парирухсор келди. Боринг, боринг, эшикни очингда калитни қолдириб кетинг. Унга дўстиман денг...
Шоирбек чиқиб кетади. Қадам товушлари эшитилади. Сочларини қорага бўяган Пари киради. Омад унинг ортидан Шоирбекнинг эргашиб келаётганига ажабланади.
Пари (кимгадир эшитарли қилишга уриниб). Бу ерда янгимисиз?
Шоирбек (Парига тақлид қилиб). Қайси маънода янгиман?
Пари. Бу ернинг қоровули бошқа одам эди. Шунга айтаётгандим.
Шоирбек. Ҳа. Яқиндагина келдим бу ерга.
Пари (столга ва ундаги анжомларга ажабсиниб). Устоз шу ерда ижод қиладиларми?
Шоирбек. Ҳа, гоҳ шу ерда, гоҳида у ерда. Ҳар хил... драматургия жой танламайди.
Пари. Асосан кечқурун ёзадиларми, кундузлари?
Шоирбек. Қатъий қоидага риоя қилавермайдилар. Ижод кўнгил иши. Қачон майллари бўлса, ёзаверадилар. (мақтанганамо жилмайиб) Эрталаб тонг вақти, осмонда шафақ кўринганда...
Пари. Жуда қизиқ. Қараб кўрсам бўладими?
Шоирбек. Марҳамат...
Пари. Қанақанги ғалати, асабий почерк. Бетайин одамникига ўхшайди. Обрўсига мос эмас.
Омаднинг қадам товушлари эшитилади. Пари ортини ўгириб Шоирбекка қўли билан кет ишорасини беради. Шоирбек эшик сари чекинади. Омад киради.
Пари. Хайрли оқшом, устоз. 
Омадбой. Саломлар, (Шоирбекка кет деган маънода) меҳрибон ва қочоқ Гули.
Пари. Энди мени Пари деб чақиринг. Бугундан бошлаб пари исмини танладим.
Омадбой. Пари, яхши келдингизми?
Пари. Сизга малол келмадимми?
Омадбой. Ҳечқиси йўқ.
Пари. Келганимга ажабланяпсизми?
Омадбой. Сал-пал...
Пари. Хафа бўлдингизми? Икки хил қўшиқ бора: “Хафа бўламан, хафа бўламан.” Яна бири “Хафа бўлиш йўқ, хафа бўлиш йўқ.”
Омадбой. Нега хапа бўлишим керак?
Пари. Билмадим... Қўрқдим... Мендан жаҳлингиз чиқса керак деб ўйлагандим.
Омадбой. Жаҳлим чиққани йўқ.
Пари. Сиз олийжаноб кечиримли инсонсиз. Худди эсдан чиқаргандай тутяпсиз.
Шоирбек чиқиб кетади. Зум ўтмай бошини чиқариб қараб кетади.
Омадбой. Мен фақатгина эслашга арзийдиган нарсаларни эсда тутаман. (хиргойи қилиб) “Дўст бўлиб қолайлик дема-да энди!” Ўзимни ҳар кўйга солишнинг нима кераги бора?
Пари. Бу сизнинг олдингизда айбдор, қарздор эканлигимни исботлаш учун ақлли қарор. Ҳа, айбим бор. Айбдорлигим учун виждон азобида қийналяпман.
Омадбой. Наҳот, виждон азобини билса гўзаллар?! Эсламанг...
Пари. Йўқ, гаплашиб олишимиз зарур. Кўрдингизми, шунақа эркаклар ҳам борда аёлларнинг ташқи чиройига баҳо берадилару ички дунёларига унча эътибор бермайди. Макияжига қарайдида тўяди, кўнгли тўлади. Пулини тўлаб атрофида гирдикапалак бўлиб юраверади. Сизнинг ташқи қиёфангиз эса чиройли чизилган ва ораста, басавлатсиз лекин хафа бўлсангиз ҳам айтаман, рангсиз суратга ўхшайсиз, ичингизни ўқигим келмади.
Омадбой. Очиқ гапирганларни ҳурмат қиламан.
Пари. Бу ўтмишга тааллуқли эди! Тан оламан, қаттиқ адашдим. Кўринишингиздан ўртача жайдари одам деб ўйладим, лекин бу жўнлик, оддийлик ортида нозиктаъб, зийрак, зукко инсон кўнгли борлигини билмапман. Қайси юз билан сизга қўполлик қилиб устингиздан кулганимга ҳайронман. Драматург сифатида характеримни жиддий ўргандингиз, ичимдагини ўқидингиз. Шунақая?
Омадбой. Шунақа деса ҳам бўлади.
Пари. Қилиқларим сизга қанчалик бемаъни, ҳиссиз, ҳиссиётсиз, соқуққон, кеккайган аёл кўринганимни ўйласам уялиб кетяпман. 
Омад (қўлидан ўпиб). Унақа эмассиз, меҳрлисиз, Пари!
Пари. Йўқ, аҳмоқман, эгоистман! Энди тиз чўкиб айтай: ўша куни банкетингизга таклиф қилган кунингиз, устингиздан кулгани келгандим! Кулгули-а? Энди сиз менинг устимдан кулсангиз бўлади. Авваллари қирқ йилда қайтса, ҳозир қирқ кунда қайтяпти.
Омадбой. Париларда гуноҳ бўлмайди.
Кичик эшикдан Шоирбек кўринади. Омад унга кет деган маънода имо қилади.
Пари. Осмонларга чиқардингиз. Лекин тавба қилишга лойиқман. Биринчи марта сизнинг комедиянгиз театрда қўйилганлигини эшитиб қаҳ-қаҳ отиб кулдим.
Омад (диванга Парининг олдига ўтириб). Комедиям шунчалик кулгули туюлдими?
Пари. Ҳам кулгули, ҳам бемаъни туюлди. Сизни аччиқ қалампирга ўхшатдим.
Омадбой. Тузланган қалампиргами?
Ортдан Шоирбек келади. Омад уни нари итаради.
Пари. Қизил билан спектаклингиз эълонини кўргандан кейин шунақа фикрга келдим. Сиздай олиймақом одамнинг киносценарий ёзишга киришгани ғалатимас. Бугун ҳамма одамлар ёзувчи! Премъерага бажонидил бордим. Томошабинлар олий даражада. (Эшик ғичирлайди.) Кўпчилик янги драматургни кўргиси келди. Ўрнидан туриб парда ёпилгунича тинмай қарсак кетидан қарсак чалди. Фақат мен жим турдим.
Омадбой. (эшикда кўриниш берган Шоирбекка ўқрайиб) Нима керак? (Шоирбек кўздан йўқолади.) Кино... им... сизга ёқмадими?
Пари. Йўқ, яхши. Лекин саҳнада янграган сўзларни сиз ёзганингизга ўзимни ишонтиролмадим. Наҳотки, мен билан суҳбатда нўноқ бўлган одамнинг қўлидан шунақа шедевр асар ёзиш келадими дедим ичимда.
Омадбой. Шахсият бошқа, ижодиёт бошқа!
Чап томондан патнис кўтарган Шоирбек кўринади.  
Омадбой. Нима гап?
Шоирбек. Чой. Хоним чой ичсалар керак деб ўйладим.
Пари. Алламаҳалдая? Чой ичишга кеч бўлмадимикан?
Шоирбек. Узрасиз... (эшикдан чиқадию дарров қайтиб киради.)
Омадбой. Демак, сиз мени бирон арзигулик иш қўлидан келмайди деб ўйлагансиз. Шундоқми?
Пари. Очиқчасига айтганда, ҳа! Биринчи марта кўрганимда бу асарни бошқа бировга буюртма бериб ёздиргансиз деб ўйладим. Ҳозир унақа қаламкушлар кўпайиб кетганку... Мавзусини айтинг ёзиб ташлайман деган қалам қуллари...
Омадбой. Хоним, қандай бу фикрга бордингиз?
Пари. Илтимос, хафа бўлишга ўрин йўқ. (Шоирбекни пайқаб) Бир яхши иш қилинг. Дўстингизни кузатиб қўйинг. У гапимизга қулоқ соляпти.
Шоирбек. Энг қизиқ жойига келгандия...
Омад Шоирбекка танбеҳ беришга ўгирилади. Шу пайти стол устидаги телефон жиринглаб қолади. Иккала эркак ҳам телефонга ташланади.
Шоирбек (олиб). Ало! Ҳа, драматург аканинг хонадонлари. У киши йўқ эдилар. Билмадим... Соғ бўлинг. (телефонни қўйиб зумда кўздан йўқолади.)
Пари. У ўзини шундай дағал, тўпориларча тутишига индамайсизми? Бу муҳим қўнғироқ бўлиши мумкин эдику? Унинг учун мен уялиб кетяпман.
Омадбой. Мен учун энг муҳими – (иккала эшикка хавотир билан қараб) сизнинг уйимга ташрифингиз!
Пари. У сизга унча ёқинқираймайдия?!
Омадбой. Шу гапларни қайси тил билан айтяпсиз?
Пари. Орамизда шунча гаплар бўлганидан кейин ҳам уни жўнатвормаяпсиза? Ёки ёлғиз қолишдан чўчийсизми?
Омадбой. Ўртамизда нима воқеа бўлди? Воқеа бўлмасдан қуённинг расмини чиздингизку?
Пари. Агарда бизнинг “ловстори” сюжети бошқача ривожланганда “конец фильма” бўларди.
Омадбой. Йўқ-да, бизнинг “ловстори” нинг кириш қисми бўларди. Янги асарларимнинг биринчи ўқувчиси бўлгингиз келмайдими?
Пари. Қанийди...
Омадбой. Рангсиз ва туссиз қиёфамга қарамасдана?!
Пари. Ҳеч нимага қарамасдан! Узр сўраш учун самимий кулиб келганлигимга қарасангизчи? Шу ерга бир пайтлари димоғдор бўлиб, мағрурланиб, оёғимнинг учида кўрсатиб кетганлигимни билиб туриб келдимку. Жоиз бўлса, оқкўнгил ғолиб олдида бош эгаман! Бундан чиройли таслим бўлмаса керак!
Чап эшикдан Шоирбек кўринади.
Омадбой. Энди асабим қўзиди: нима гапинг бор?
Шоирбек. Хонимдан сўраш мумкинми?..
Омадбой. Нимани?
Шоирбек. “Ўзбек стоун” шарбатларини ичгилари келармикан?
Пари. Шарбат?
Шоирбек. Ҳа, муздеккина шарбат.
Пари. Йўқ, ҳозир шарбат мавсуми эмас. Томоғимга ёқмаяпти. Ярим йилдан бери ичмаяпман. Лекин раҳмат сизга...
Шоирбек. Лимонад опкелсамчи?
Пари. Йўқ, раҳмат, ичмайман.
Шоирбек. Узр... (Парига жим ишорасини бериб иқиб кетади.)
Пари. Ҳайратдаман, рости гап, ҳайратдаман. Шунча муддат ўтса ҳам эсингиздан чиқмаганига ҳайронман. Бу ажойиб ёндошув, жуда оқилона иш. Қўнғироқ қилган заҳотим биринчи учрашув эсга тушсин деб ўша “Ўзбек стоун” шарбатларидан опкелтириб қўйгансиз шекилли! Романтика! Хурсандман. Бу менга умид бериш билан бирга озгина чўчитади. Ўша пайтдаги учрашувни икир-чикиригача эсингизга туширмасин-да ишқилиб. Ҳаммасини унутиб бошқатдан танишсайдик...
Омадбой. Нега мумкин бўлмасин? Ўша банкет кечасига уйимга меҳмондек келганингизга қайтамиз.
Пари. Қўшиқ эшитилиб турувди.
Омадбой. Бу ерда доим қўшиқ янграб туради.
Пари. Айиқ пўстини билан расмга тушишга кирганман.
Омадбой. Ҳеч нима ўзгармаган. Айиқ пўстини оёғингиз остида. Бари бошидан...
Омад унинг қўлидан ушлайди. Бошидан айлантириб рақсга тушгандек ҳаракатланади.
Омад (хиргойи қилиб). “Яхши таниш учун бир-биримизни,
Қайтадан танишамиз, биз бахтга эришамиз...
Қайтадан танишамиз, қайтадан танишамиз...”
Пари. Узр-у, бу ерда узоқ қололмайман. Кетишим керак.
Омадбой. Нимага? Нима бўлди? 
Пари. Учрашувим бор. Кечикяпман.
Омадбой. Ким билан учрашув?
Пари. Сиз биласиз.
Омадбой. Унга қўнғироқ қилақолинг, учрашувни бошқа вақтга кўчиринг.
Пари. Иложим йўқ. У билан кечки овқатни бирга қилиб бир-иккита масалани ҳал қилиб олишим керак.
Омадбой. Бошқа сафар гаплашасиз. Бугун мен билан шинамгина тунги ресторанда овқатланасиз. 
Пари. Эртага борсакчи?
Омадбой. Эртагача чўзишнинг нима кераги бор? Мана, унга қўнғироқ қилинг...
Пари. Ҳай, майли... Сиз айтганга бир журиб кўрайин...
Пари рақам теради. Омад ўнгдаги эшикда Шоирбек пайдо бўлади. Унинг телефони жиринглайди. У телефонига қараб кейин Парига қараб қўядида яна овозсизлашттиради.
Пари. Ҳорманг, жаноб. Ҳа, менман. Ассалому алайкум.
Шоирбек. У тўқсонга олтмишдан ҳам гўзал. У қоладими?
Омадбой. Шунга ўхшаш. (Шоирбекни кузатиб эшикни маҳкам ёпади.)
Пари. Мени кечиринг, кутилмаганда уйимга қишлоқдан меҳмонлар келишибди. Сизни тарк этишга мажбурман.
Шоирбек (бошқа эшикдан чиқиб). Спектаклларим ҳақидаги фикрини сўранг.
Омадбой. Асабимни ўйнама! (бу эшикни ҳам маҳкам ёпади.)
Пари. Буни кўрганимдан афсусдаман. (телефонга) Биласизу... Қишлоқилар кўпайиб кетди...
Шоирбек (жаҳл билан киради.). Нимадан норозисиз? Мени ким қишлоқи деяпти?
Омадбой. Калитларни қолдиргинда, кўзимга кўринмай кет.
Шоирбек. Хўп бўлади. (чиқади.)
Пари. Раҳмат. Яна бир бор кечирасиз.
Шоирбек (қайтиб чиқиб). Йўқ, мен сизни ташлаб кетолмайман. Сизга меҳрим баланд.
Омадбой. Бўлмаса, биз кетамиз, сен қол шу ерда, гўрсўхта.
Пари (телефонга). Эртага сизга қўнғироқ қиламан.
Шоирбек (яна қайтиб чиқиб). Қаерга кетяпсиз? Ҳеч қаерга силжимайсиз.
Омадбой. Биз ресторанга кетамиз. Фақатгина ўшатта ёлғиз қололамиз.
Пари. Хайр. (телефонни қўйиб) Акахоним ҳамма қишлоқдаги қариндошларимни кўрмоқчи, уларни ҳам далаҳовлисига чақирди.
Омадбой. Сиз айтингки, қишлоқдаги қариндошларингиз сиз билан алоҳида суҳбатлашмоқчи.
Пари. “Нурмуҳаммад ва Анна” булар кимлар?
Омадбой. Улар Нурмуҳаммад билан Анна...
Пари. Қизиқувчанлигим учун авф этгайсизу стол устидаги қоғозлардан “Нурмуҳаммад ва Анна” деб ўқиб қолдим. Бу янги комедиянгизми?
Омадбой. Ҳа, бу хомаки машқларим...
Пари. Назар ташласам бўладими?
Омадбой. Нега керак? Шартмас.
Пари. Бунақа имтиёз фақатгина дилга яқин дўстларга бериладими?
Омадбой. Майли, кўрақолинг.
Пари папкани очиб ўқий бошлайди.
Пари. Қанақанги қўрқинчли, ғазаблантирадиган ҳусинхат! Мисли илҳом булоғи, ижодий портлаш! “Анна: Икковимиз орамизда фарқ катта, икковимизни улкан бўшлиқ ажратиб туради. Мен нега сенга керак бўлишим мумкин? Мен ҳеч нимага арзимайдиган бир маҳлуқотман, сен жуда баланддасан.”, “Нурмуҳаммад: сен умримни безовчи гулғунчасан. Бу гулни бошқалар узишига йўл қўймайман.” (Икки эркак бир-бирига маъносиз термулишган.) Рамзий ифодага тўла жумлалар. Нурмуҳаммад билан Анна – икки дунё қутбини бирлаштира олувчи шедевр асар!
Пари креслога ўтириб ўқийверади. Омад унинг ортидан бориб елкасини массаж қилади. Шоирбек чиқади.
Омадбой. Нурмуҳаммад ва Анна севгисини қўйинг, ўзимиздан гаплашайлик. Омад ва Пари. Ва мен сизга кўп гапларим бор. Зора-мора шундан кейин ўзингизни бағримга ташласангиз. Буни тушларимда ҳам кутяпманку...
Пари. Мен ҳам сизни ўйладим.
Омадбой. Биз бирга яшашимиз керак, азизам. Ҳозирдан бошлайлик.
Пари. Келинг, ўқийлик. Ҳали вақтимиз кўп.
Омадбой. Йўқ, келинг. Вақт кам. Шу кўп вақтимизни қаёқдаги қоғозларга сарфламайлик. 
Шу пайт икки кишилик безатилган ғилдиракли столни тортганча Шоирбек чиқади. Омад Парини бағрига босишдан тийилади.
Омадбой. Яна нима гап?!
Пари. Кечирадилар...
Шоирбек унинг жаҳлидан чўчиб тезда эшикдан чиқади. Лекин бир даста оқ атиргуллар билан пайдо бўлади. Омад гулларни силтаб тортиб олади.
Пари. Буни қишлоқдан келган дўстингизга айтиб атайлаб иккаламиз учун ясаттирдингизми? Ихчамгина ресторан деса ҳам бўлади.
Омадбой. Шундай бўлса иккаламиз учун яхши деб ўйладим.
Пари. Менга ёқди. Сеҳрланиб қолдим. Ҳатто гуллар ҳам ажойиб. Романтика! Ейишга нима буюрдингиз?
Омадбой. Импра...
Пари. Нима?
Омадбой. Импровизация қилса бўлади.
Пари. Хавотирланманг, мен чумчуқчадай кам ейман.
Омадбой. Мен ҳам чумчуқдай... катта чумчуқдай...
Шоирбек қўлида телефон блокнотини кўтариб чиқиб рақам теради. Ҳавони мусаффолагич сепиб қўяди.
Шоирбек. Ресторан уйингизга келади. Ало! Бу “Чопар-пицца”ми? Драматург акахоннинг далаҳовлисидан тилпон қилопмиз. Икки кишилик пицца юборинг. “Крудо” яхшимас. Вот, ўша “Дявол” пиццасидан юборинг. “Севишганлар” салатидан жўнатинг. Яна нима?
Пари. Менга фарқ йўқ. Ўзингизга ҳавола...
Омадбой. Йўқ, сиз танлашингиз керак.
Шоирбек. Бўлди, тушундим. Минерал сув, патирнон қўшиб жўнатинг. (телефонни қўйиб эшикка йўналади.) Пицерия яқинимизда жойлашган. Беш минутда етказишади.
Шоирбек чиқиб бўлгач атиргул баргларини Парининг устидан сочади.
Пари. Қишлоқдаги дўстингиз ажойиб экан.
Омадбой. Бўлади.
Пари. У ҳар қандай кутилмаган ҳолатдан чиройли чиқиш йўлини топаркан. Унга бу уддабуронлик ярашади.
Омадбой. Сизга ёқишга ҳаракат қиляпти.
Пари. Майли, энди пицца келгунча вақтимиз бор. Нурмуҳаммад ва Анна ҳақида гапириб беринг.
Омадбой. Яна шуми?
Пари. Жудаям қизиқаётганлигимга ажабланманг. Мен сизнинг ижодингиз шайдосиман, санъатингиз чангини ҳам тўплашга интиламан. Менга ҳар бир ёзган сиймонгизда мен ўзимни кўраман. Аннада ҳам менинг қайсидир хислатим борлигига ишонаман. Бу рост бўлса, сиз мени севгансиз ва ёки ҳанузгача севасиз...
Омадбой. Албатта севаман.
Пари. Демакки, сценарий устида ишлаган пайтда мени ўйлагансиз?
Омадбой. Ҳа, ҳа. Мана шу уйлар сизники деганман.
Пари. Бу билан сиз менга сирли тарзда дил изҳор қилдингиз деб тушундим. Драматурглар ўз асарлари орқали севгисини ошкор қилишларини энди билдим. (кимгадир эшиттиришга интилиб) Мен ҳам сизга кашф қилинмаган оролдай эдим. Энди сиз мен учун сеҳрли, тилсимсиз. Ва мен шундай қилиб ростакамига севиб қолганга ўхшайман!
Омадбой. Бўлмаса, “яшинтопалоқ”, “топишмоқ топ” ўйинларини ўйнаб нима қилдик? Севишиб турмуш қурайлик.
Пари. Йўқ. Сиз билан орамизда тоза севги бўлишини истаяпман. Сизнинг асарларингизни ўқиб шу даражада покизалик чулғаб олдики, иккаламиз бемаза иш қилишни тасаввуримга сиғдиролмайман. Сизни ортиқча талаб, таъмасиз севгим келди. Кўзларимизда беғубор ҳиссиётлар бўлсин. Жисмоний ҳаракатлар қизиқмас. Пешонага ёзилганини кўрамиз.
Омадбой. Пешонага нималар ёзилмайди.
Пари. Икки кўнгил товланиши ёзилади. Ҳа, ғалати аёлман, менда ғалати таклифлар бор. Ҳамма айтади: совуқдилман, нормал одаммасман. Лекин уларнинг фикридагидек эмасман. Миям илдизланиб товонимгача етган. Мени эркаклардаги чирой ҳам, куч ҳам, меҳрибонлик ҳам ўзига жалб қилолмайди. Фақатгина ақлли, бургут кўзли эркакларни ёқтираман. Ақл бу илм-маърифатга элтади. Фақатгина илм бутун жони жаҳонимни забт этишга қодир. Биз аёллар эркакларга бас келолмаганимиз учун эмас, ақли олдида бўйин эгамиз. Эркакларнинг мияси аёлларникидан кўра интеллектга лиммо-лим тўла.
Омадбой. Бўрттиришнинг нима кераги бора? Бошқа асосли сабаблари бор.
Пари. Бошқасининг аҳамияти йўқ. Аниқроғи, аҳамиятлию вақтинчалик, ўтиб кетувчан, сийқаси чиққан... Кўча тўла шунақа севги. Ҳаммамизга шуни таклиф қилишади. Уни танлаш керак, холос. Ақлли эркакни танлаб, ажратиб олиш эса ҳаммагамас! Буни ҳушёр ва бахтга лойиқ аёллар танлаб олишади. Шу гапларни айтяпманки, мен севгимга иқрорман, чиндан севиб қолганман.
Шоирбек биллур идишда сок кўтариб кирганда Омад ва Пари бурни бурнига тегиб турар, қўллари қўлларини тутганди.
Шоирбек. Компот келди.
Пари. Кимнинг компоти келди?
Омадбой. Яна нимаа?
Шоирбек. Компот қуяйми?
Омадбой. Қуй.
Шоирбек компотни қуйиб столча ёнида туриб қолади.
Омадбой. Яна нимаааа?
Шоирбек. Шакар солайми?
Омадбой. Туз сол... мурч сол.. қалампир сол.. заҳар сол. Шакар мана шу еримгача (бўйнини кўрсатиб)  келган. Керакмас. Жавоб сизга.
Шоирбек. Яхши. Кетаман.
Шоирбек чиқиб кетади. Омад сокни олиб ича бошлайди.
Омадбой. Аниқ-тиниқ қилиб гапирдингиз. Қизиқарли! Лекин мураккаброқ.
Пари. Ҳеч мураккаблиги йўқ. Бу жуда оддий. Энди сиз ўзингиз ҳақингизда гапиринг. Киноценарий ғоялари сизда қандай, қайси пайтда уйғонади? Қандай қоғозга кўчади, воқеалар қай тартибда ривожланади?
Омадбой. Кўриб турибсизку, менда ҳаммаси оддий, самимий...
Пари. Шу пайт патнис кўтарган Шоирбек кириб келади.
Шоирбек. Салат келтиришди.
Омадбой. Шундоқ қўйиб кетинг. Ўзимиз жойлаштирамиз.
Шоирбек Омаднинг қўлидаги ичмоқчи бўлиб турган бокалини олиб чиқиб кетади.
Пари. Сиз ижодкор, драматургларда дил кўп бўлса керак, ҳаёт кўп бўлса керак.
Эшик қарсиллаб ёпилгани эшитилади. Омад ҳар томондан Шоирбекни қидириб Парининг гапларини ёлғондан тасдиқлаб туради.
Пари. Сиз иккига бўлинасиз, юзга, мингга бўлинасиз, кўпаяверасиз. Ҳар бир ёзганингизга рангингиз ўтади, меҳрингиз сингади. Шунақами? Ҳа. Бу хусусиятингиз қўрққулик. Чунки мен билолмайман. Сиз айнан ҳозир “Нурмуҳаммад” қиёфасидамисиз ёки асарингиздаги Қўзивой образидамисиз? Билмасликдан қийналиш ёмонда... Қайси бирисиз?
Омадбой. Биринчисиям, иккинчисиям... ҳаммасиман...
Пари. Улардан қай бирисиз? Қани хаёлот, қани ҳаёт? Шу мени ташвишга солади. Ким у аслида мен кўнгил қўймоқчи бўлган одам? Ким у мен билан бир ёстиққа бош қўймоқчи бўлган инсон?
Омад (эшикларни маҳкамлаб). Сизга тантанали равишда шуни маълум қиламанки, бу уйда биттагина эркак бор! Бу менман!
Пари. Битта, лекин кўп қалбли... Ғалати шоир, антиқа блогер,  яхши карикатурачи, талантли сатирик...
Омадбой. Улар ҳақда унутинг. Ниҳоят, биз иккимиз ёлғиз қолдик.
Пари. Қандоқ унутиш мумкин ахир? Улар мен билан. Мен билан яшайди. Менимча, ҳаммасини яхши кўриб қолган бўлсам керак.
Омад (хиргойи қилиб). “Яхши кўриб қолдимда...” Майли, сиз шундай деяпсизми? Кўнаман. Ҳаммаси билан битта аҳил жамоа бўлиб ўтирамиз.
Парининг қўлидан тортиб рақснамо ҳаракатлар қилади.
Пари. Мен ҳам аввалги Гули эмасман. Мен ҳам ўзимни бошқача сезяпман. Сиз ёзган аёл қаҳрамонлар деб ўзимни ҳис қиляпман. Тасаввуримда мен Аннаман, бахтиқаро Марямман. Менга энг ёққани бу Аннанинг меҳри уммонлиги...
Омадбой. Паригинам, сиз менга кўнглингизни очгандингиз...
Пари. Ҳа, мен севиб қолдим... спектаклингизда Нурмуҳаммадни... унинг жасоратини... кулишларини... бир зум кўз ўнгимдан кетмайди.
Шоирбек (пицца қутисини кўтариб киради). Пицца келди.
Омад (бақириб). Биз ҳеч нарса емаймиз. Ҳеч нима керакмас.
Шоирбек (пицца қутисини қўйиб). Минерал сув қуйишим мумкин.
Омадбой. Керакмас!
Шоирбек. Бирон ширинлик истайдиларми?
Омадбой. Ёқимсиз! Керак эмас дедим!
Шоирбек. Балки, (боши билан имо қилиб) ойпошшахон кофе хоҳлаб қолгандир?
Омадбой. Керак эмас!
Пари. Озгина ўша кунги шарбатингиздан қуйинг...
Шарбат? Хўп бўладииии! Ҳозироқ “ес” қиламиз. (чиқади.)
Омадбой. Ҳозир керак эмас. Ўзимиз чақирамиз, даф бўл. Юринг, ётоқхонага кирайлик!
Пари. Бу гал нимани кўрсатмоқчисиз? Яна бир айиқ терисиними? Ёки йўлбарс терисиними?
Омадбой. Тирик айиқни кўрсатаман. Бу Сизнинг томорқангизни шудгор қилади.
Пари (ичкарига кириб кетади). Сизнинг томорқангизни пайҳон қилади, денг.  Хато гапирманг. Асарингизда унақа хатолар йўқку?! Нимага дамингиз ичингизга тушиб кетди? Шарфимни олволинг. Ичкаридаги айиқ мен кўрган айиқлар ичида энг зўри бўлади.
Омад югуриб креслодан шарфни олади. Хонага Шоирбек югуриб киради.
Шоирбек. Янги шарбат опкелдим.
Омад ётоқхона эшигини тўсиб олади. Сукунат чўкади. Омад кириб кетади. Шоирбек аламидан қултиллатиб шарбат ичади. Омад қайтиб чиқади.
Шоирбек. Шарбат берайми?
Омадбой. Асабимга ўйнама! Етар, бас.
Шоирбек. Нима бўлди?
Омадбой. Ҳеч нима?
Шоирбек. Қанақасига?
Омадбой. Охирги сонияда менга ташналигини намоён этди. Лекин унинг миясида спектакл қаҳрамонлари айланяпти. Тасаввурида шунча одам қараб турганда биз ўзимизни тўғри тутишимиз керак деб кўкрагимдан итарди.
Шоирбек. У билан фақат менинг комедияларим ҳақида гаплашдингизми?
Пари (овози). Жаноб сахий зот... драматург жонгинам...
Омадбой. У чақиряпти, эшитяптиларми?
Шоирбек. Кучлироқ ичимлик ичасизми? Бу ёрдам берар?
Омадбой. Йўқ, у ҳақда қанча кўп ўйласанг шунча даҳшатли...
Шоирбек. Нимадир ёрдам бероламанми?
Пари овози. Жаноб драматург... 
Омадбой. Яна чақиряпти.
Пари овози. Мен сиз билан бир ўйин ўйнамоқчиман. Сиз яширинасиз. Мен топаман. Топсам, шартимни бажарасиз. Бир, икки, уч... Учдан кейин пуч. Яширинган яширинди, яширинмаган тамом бўлди.
Шоирбек. Чироқни ўчирайми?
Омадбой. Ҳа.
Шоирбек. Қаерда ўчирилади?
Билмадим. Ертўлада бўлса керак...
Шоирбек. Қаерида?
Омадбой. Эшикдан чапда-ёв...
Шоирбек чиқади. Чироқ ўчади. Мусиқа баландлашади. Дупур-дупур овозлар эшитилади. Ётоқхонадан кийимлари ғижим, костюмини елкасига ташлаган, қўлида шам ушлаган Шоирбек чиқиб келади. Секингина креслога ўтиради.
Шоирбек. “Муҳаббат деганлари бир парча юлдуз,
Бир-бирига ташна йигит билан қиз...”
Чироқ хира ёнади. Бироз ўтиб оёқяланг Омад келиб унинг қўлидан шамни олади. Шоирбекнинг сқоли силлиқ олинган юзини, кийимларини ушлаб кўради.
Омадбой. Қаерда у? Уни топдингизми? Нима қилдиларинг?
Шоирбек. Билмадим... у севги оғушида маст бўлиб қопти, ўзини билмади. Ўзини бағримга отди. Соғинчнинг иси гупуриб кетди. “Кўп соғиндим” деб ҳўнг-ҳўнг йиғлади.
Омадбой. А?
Шоирбек. Ҳазиллашдим. Ўзимча шунақа ишлар бўлгандек кийиниб олдим. Уни уйдан тополмадим. Менимча, у кетди.
Омадбой. Шунақа бўлиши керак эди-да ўзи? У ким биланлигини билмаган...  гапиришга қўймагандир. Фақат ўзи гапириб ўзи эшитгандира? Энди мазза қилиб икки эркак – икки дунё устидан кулаётгандир. Умид қиламанки, раҳмат дейишимни кутмаётгандирлар?
Шоирбек. Аксинча, мен сизга раҳмат айтаман.
Омадбой. Йўқ, шундай сулув аёла?
Парининг овози. Жаноб драматург ака!
Икки эркак сакраб тушишади.
Омадбой. У шу ерда экан. У мени чақиряпти.
Шоирбек. Йўқ, алқисса, у мени чорлаётир!
Омадбой. Ҳа, тўғри. Сизни чақиряпти. Лекин ул пари билмайдиларки, сиз бу – мен, мен яъни сизлигингизни!
Шоирбек. Кўпроқ мени чақиряпти.
Омадбой. Йиғиштиринг маҳмадоналикни! Қоронғиликдан фойдаланиб унинг олдига киришга уринсамчи?
Шоирбек. Олдига киришингиз мумкину кўнглига киролмайсиз.
Омадбой. Майли, барибир бораман. Кирганимда чироқни ўчиринг.
Шоирбек. Йўқ ва яна йўқ!
Омадбой. Нега йўқ. Ўзлари кирса, майли, бизга йўқми?
Шоирбек. Ёлғонни тўхтатмоқчиман. Бу ноҳақлик! У аёл мени севади! У сизнинг далаҳовлингиз учунмас, менинг қўқиган сочим учунмас, менинг жондан азиз сценарийларим учун келган! Унинг севгиси менга тегишли!
Омадбой. Нима деб валдираяпсиз?
Шоирбек. Менга келадиган шон-шуҳратдан воз кечдим, омаддан юз ўгирдим, афишадаги исмимни унутдим. Лекин бу сулув севгини ортиқ ўйин қилолмайман! У ҳеч қайси аёлда бўлмаган ўзгача эҳтиросли севги ва ўткир ақл қоришиқ севги билан мени севади! У мени илк бор ўзим ёзган қаҳрамон исми билан атади. Нурмуҳаммад ака деди...
Омадбой. Мени ҳам Қўзивой акам деган. У пуч хаёл билан реалликни чалкаштиряпти.
Шоирбек. Бу пуч хаёл эмас. Бу чин севгининг руҳий жонланиши! У мени қаҳрамонларим қиёфасида ҳар бир қиррамни севади! Тасаввур реалликка айланади, реаллик эса ҳаётга айланади. Ҳомий меценат, сенаторларга санъат умуман қизиқ эмас. Улар ўқишмайди. Катта, сиз буни билмайсиз.
Омадбой. Жимлик сақлансин. У эшитиб қолиши мумкин.
Шоирбек. Майли, эшитсин! Биз ҳозир унга ростини айтишим керак.
Омадбой. Аҳмоқона иш қилманг. Шу етмай турувди.
Шоирбек. Бу ҳеч ким билмайдиган сир бўлиб қоладими?
Омадбой. Сиримизни эртага Пари ҳаммага айтиб бизни кулгуга қолдиради.
Шоирбек. Шуниси яхши! Бу жирканч ёлғонингизни давом эттиргандан кўра кулгуга қолганим минг марта афзал!
Омадбой. Менинг жиканч ёлғоним? Келинг, аниқлаштирамиз, бу жирканчликни ўзлари ўйлаб топганларку? Истеъдодли комедиограф ёруғда кўриниб қолмасин дедим! Бунга кўнган мен аҳмоқ. Бугун ҳам чироқни ўчирайлик, ўчирайлик деб айёрлик қилган ким?
Шоирбек. Булар аҳамиятга эгамас. Асосийси, бу санамгина мени севади! У мени тушунади ва кечиради! Сизни танишни ҳам истамайди.
Омадбой. Аҳмоқсиз! Аёл зотини яхши билмас экансиз.
Пари овози. Жаноби олий драматург... азизим... севгилим... ҳалиям тополмаяасизми қаердалигимни?
Омадбой. У чақиряпти. Йигитча, ишонинг, мен борганим яхши.
Шоирбек. Йўқ, мен кираман!
Омад (Шоирбекнинг қўлидан тортиб). Юринг. Бирга борамиз. Иккаламиз ҳам гўзал қиёфада кўриниш берамиз. Бу телбанамо саҳнада мен ҳаммасини рад қиламан, сизни томи кетган ёлғончи ва мақтанчоқ дейман.
Шоирбек. Буни айтолмайсиз.
Омадбой. Айтаман. Ўзимни ҳимоя қилишга тўла ҳақлиман!
Шоирбек. Бўлмаса, комедияларни мен ёзганимни ҳамда ўзингизни ёлғончи ва мақтанчоқ деб айтаман.
Омадбой. Бу кулгули! Мен ҳаммасини инкор қилиш билан бирга, Сизни судга бераман ва қамоқда яшашга мажбур қиламан.
Шоирбек. Розиман. Битта меҳмон аёл шунча оламни ўзгартирдия?! Аслида бу даргоҳга учаламиз ҳам меҳмон. Биз бу далаҳовлида уч меҳмон беҳуда учрашмадик. Севги нималигини топдик. Пари мени севади ва менга ишонади. Сиз қўлингиздан келганини қилаверинг.
Омадбой. Жазавага тушманг. Аёллар фойдали, соққали гапларга ишонади. Аёллар учун кўриниш ва чўнтак биринчи даражали, ҳа! Улар омадга ва машҳурликка ишонади. Ақлли бору қуруқ омадсизларни менсимайди, билишни ҳам истамайди. Борақолинг, “муаллифман, ҳақиқий драматург менман” деб айтингчи, сизда бунақа алдовлар ғиж-биж. Мениям жонимга тегди. Буни тугатамиз. Сиз икковингиз ҳам асабимга ўйнаяпсизлар! Ўйлаб топган сохта қаҳрамонларинг билан қўшмозор бўлинглар. Икковларинг ақлларингни бирлаштиринглар. Илм-маърифатга хизмат қилинглар. “Икки қалб” ансамбли пайдо бўлсин. Фақат мени тинч қўйинглар. Етар бас. (эшикдан чиқади. Ўгирилиб қарайди.) Боринг, кирақолинг. Жонон кутиб қолди.
Шоирбек. Қўрқяпман.
Омадбой. Нимадан қўрқяпсиз?
Шоирбек. Тўғри айтдингиз, ҳафсалам пир бўлди. Бориб чироқни ўчираман. Сиз тайёрланинг...
Шоирбек чап эшикдан чиқиб кетади. Омад ҳам кўздан пана бўлади. Майда қадамлар билан Пари чиқиб келади.
Омадбой. Мен уни эрга тегишга кўндираман.
Шоирбек. Кеч қолгансиз.
Пари. Тўғри... Азизим... Драматург ака, нега мени ёлғиз қолдирдингиз?
Омад (оёғига кийиб чиқиб). Сизга ёруғлик керак дедим. Шайтон ўзгаларга ҳамиша ёмон бўлишини истайди. У шунда ёмонлигим билинмайди деб ўйлайди. Қоронғилик ҳам шунақа жиноятга мойиллиги бор, юракка ваҳм, васваса солади. Севги энг зарур паллада кўмакка келувчи туҳфа...
Пари. Бўлиши мумкин...
Омадбой. Ўша қоронғи лаҳзалар учун миннатдорман. Сизчи?
Пари. Ҳа, мен ҳам хурсандман.
Чироқ ўчади. Бироз ўтиб ёрқин ёнади.
Омадбой. Бу қўпол, безбет чироқларни ёмон кўраман! Ҳамма томонни ёлқинлаштириб юборади.
Хонага оёқяланг Шоирбек киради. У костюмини кийиб креслога ўтиради. Қултиллатиб шарбат ичади.
Омадбой. Чироқни ўчириб ёқдингизми?
Шоирбек. Сезганингизга қойилман. Қаерингиз билан сездингиз?
Пари. Шарбар борми? Ичайлик... Шарбат вақти...
Шоирбек бокалга шарбат қуяди. Пари бир қултум ичади ва Омадга таклиф қилади.
Пари. Бир қултум ичинг, драматург акагинам.
Омадбой. Йўқ, ичмайман.
Пари. Мен учун ичинг, менинг соғлигим учун жўрттага, иримига ичақолинг.
Омад бокалдан хўплайди.
Пари. Яна ичинг.
Омадбой. Йўқ, қолгани ортиқча. Соат неча бўлди?
Шоирбек. Уч бўлди...
Пари. Вақт жуда тез ўтяпти. Мени кузатиб қўясизларми?
Омадбой. Жоним билан...
Пари. Ичкарида сирғам қолиб кетибди. Малол келмаса, олиб чиқақолинг...
Омад ичкарига киради. Пари столга яқинлашиб қоғозчага нималарнидир ёзади. Кейин Шоирбекка узатади.
Пари (Пичирлаб). Янги телефон рақамим.
Шоирбек. Пичирлашга ҳожат йўқ. (Қоғозчани улоқтиради.) Мен ҳаммасини юзига айтиб бермоқчиман.
Пари. Мен кетганимдан кейин айтарсиз.
Шоирбек. Йўқ. Орада гумон қолмасин. Кутинг... ишни бирга бошладикми, бирга тугатамиз.
Ичкаридан баланд овозда мусиқа эшитилади. Кейин мусиқа пасайиб Омад чиқиб келади.
Омадбой. Сирғалар йўқ.
Пари. Уйда қолдирганман шекилли?
Шоирбек қўлидаги қоғозчага тикилиб қолади.
Шоирбек. Биз кетамиз.
Шоирбек қўлини Парига узатади. Пари келиб унинг қўлидан тутатди. Омад бир унга, бир бунга қараб асабийлашиб ўтириб қолади.
Омадбой. Сизлар танишмисизлар?!
Шоирбек. Албатта. Бу спектаклни биз иккаламиз бошқардик.
Омадбой. Нега?
Шоирбек. Мени эслолмадингиза? Мен билан учрашгансиз. Суратга олиш павильонида, студия олдида кўришгандик. Ўшанда мен ҳаммуаллифликда ёзган киносценаримда котиблик қилардим. Масхара қилса бўлади а? Ким? Котиб? Режиссёрни бир четга олиб менга қўнғироқ қилган ким у дедингиз? Драматург ҳам одамми дегандингиз. Ўша драматургингиз менга бошқа қўнғироқ қилмасин дегандингиз. Котибамга яъни иккинчи хотинимга тел қилсин дедингиз. Мен камбағални менсимадингиз. Ҳамма ҳам шу камбағални оёқ учида кўрсатади. Мен ўшанинг ҳисоб-китобини қилиш учун бу ерга кирдим. Менга дипломи йўқ, аммо таланти кўп Гули ва Пари ёрдам берди. У мен билан ўйин ўйнаётганлигини биринчи кунданоқ билишингиз керак эди.
Омадбой. Шоирбек, Сиз аламингизни олдингиз. Лекин Парига нима қилдим?!
Пари. Хотинингиз бўлиб менга уйланмоқчилигингиз аламли эмасми?!
Шоирбек. Сиз қилган бир оғиз қилган ёмонлигингизга жавоб бердингиз. Энди ҳамма билиб қўйиши керак: “Икки дунёда ҳам ҳар бир ҳаракатимиз жавобсиз қолиб кетмайди. Бу материя қонуни.” Ўзбекжаҳон асарида шундай ёзилган. Кўчага ташлаб кетган чиқиндингиз бир кун ўпкангизга  тушиб Сизга зарар беради.
Омадбой. Бировнинг номидан чиққан асарларинг сени бадном қилади!
Шоирбек. Аксинча, асарим бировнинг номидан қўйилганлигидан яна ҳам машҳур бўлиб кетаман энди.
Пари. Мен блогерларга хабар бердим. Улар Сиз кекса туллакни тузлашади.
Шоирбек. Сиз орзу қилган, орқасидан сўлакайингизни оқизиб юрган қизлар мени севишини билиб қўйинг. Сиз ботқоқдаги бойсиз. Бу дунёда чўнтаги тўла эмас, мияси тўлалар баландроқ эканлигини бир кўриб қўйинг. Сиз мен ёзган сценарийдаги нима десам қиладиган битта персонажсиз, холос.
Пари. Бир-биримизга сирли қарашимиздан ўйин қилаётганимизни билса бўларди.
Шоирбек. Ҳа. Мен Сизга атайлаб қилмадим, лекин олдимдан чиқиб қолганингиз учун шундай қилишга мажбур бўлдим.
Шоирбек ва Пари қўлтиқлашиб чиқиб кетади. Омад бокални бошидан баланд кўтарганча қараб қолади. Чироқ хиралашади.
Омадбой. Бу ҳаётнинг ғами ҳам совға! Мени донг қолдириб кетдингизлар. (қўлини тушириб) Тақдир йўлимдаги исми қора ҳарфлар билан ёзилганлар – Сизлар билан танишганимдан хурсандман. Кексаликда нафақахўрнинг умрига озгина севги ва завқ томизганларинг катта яхшилик бўлди. Агар яна ишлаш имконияти бўлса, Сизлар билан яна жон-жон деб ишлардим.
  Чироқ ўчади. Нимадир гурсиллаб йиқилади.

П А Р Д А

Ўзбектош Қиличбек
29.01.-30.05.2020 йил.

   Маълумот:Ўзбектош Қилич (Қиличев А. А.) 1986 йилнинг 5 Февраль куни Сирдарё вилоятида таваллуд топган.
  Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият инститининг мусиқали театр режиссураси факультетини битирган. 
  2006 йил “Қувонч” ҳикоялар тўплами, 2009 йил “Оқ ва қора”, 2011 йил “Қочоқ куёв” қиссалар тўплами нашр этилган. 2009 йил “Қароқчилар” фильмининг режиссёр ёрдамчиси. 2010 йил суратга олинган “Ўйин ичида ўйин”, “Турмуш – мушт”, 2019 йил “Иблис ўйини” фильмларининг сценарий муаллифи.
  Ҳикоялари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Кафтдаги ниҳол”, “Зангор фасл” альманахларида, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналларида ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Бекажон” ва бошқа бир қанча газеталарда чоп этилган.
  “Дебют-2014” драматурглар фестивалида дипломга муносиб топилган, замонавий панд-насиҳатга асосланган “А” саройи сирлари” эртаги 2015 йил Сурхондарё ва Бухоро театрларида саҳналаштирилган.
  Пьесалари:
 “Тожмаҳал”, “Совчилар”, “Умид юлдузи”, “Қишлоқдаги шаҳарлик”, “Медиатор”(Блогер), “Сохта халоскор”.
  Пьеса-эртаклари:
  “Атласойнинг саргузаштлари”, “Олтин дарахт”, “Бир томчи сув”, “Оқ булутлар”, “Илк мучал ёш”, “Интернет калити”.
  Инсценировкалари:
  Проспер Мерименинг “Кармен” романи асосида “Кармен” драмаси, Эзоп ривоятлари асосида “Бахтли файласуф” драмаси, рус тилидаги эртак В. Орловнинг “Олтин жўжа” асосида “Мой добрий папа” эртак спектакли (2018 йил Тошкент мусиқали комедия (оперетта) театрида саҳналаштирилган).
  Эркин таржима драматик асарлари:
  Южин О. Нилнинг “Калифорния сюитаси” асари асосида “Бир кун фаришта билан” комедияси (Баҳодир Йўлдошев томонидан “Дийдор” ва “Муқимий” театрларида саҳналаштирилган), Тенесси Уилямснинг “Ойнаванд ҳайвонот боғи” асари асосида “Меҳмон совчи” драмаси (С. Мелиев томонидан саҳналаштирилган).
  “Илк мучал ёш”, “Халоскор булутлар”, “Мақтанма, хўроз” ва “Олтин дарахт” сценарийлари мультфильм суратга олиниши учун давлат режасига киритилган.
  Оналарга аталган шеърлардан иборат “Онажон” тўпламининг иккинчи нашрига “Менинг содда онам, соддадил онам” шеъри киритилган. “Маликажон”, “Уч кун аразми”, “Мен бўлай” каби 10 га яқин шеърлари қўшиқ қилиб куйланган.
  2011 йил “Шарқ юлдузи” журналида атоқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад томонидан исми умидли насрчилар қаторида эътироф этилган.
  “Ижод фонди” шафеълигида ўтган “Истеъдод мактаби” 5-республика семинарида ва 2017 йилнинг 6-9 октябр кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёш ижодкорлар” кенгаши ташаббуси билан ўтказилган форумда сертификат соҳиби.
  2010-15 йилларда Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида фаолият юритган. 
  2016-17 йилларда Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарлари, бош вазирлари йиғилиши муносабати билан саҳналаштирилган концерт дастурлари, Ш. Рашидовнинг 100 йиллиги шарафига бағишланган концерт дастурида режиссёр ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот