АЁЛЛАР ВА ГУЛДАСТА
Аёлларга гулдаста қилингиз туҳфа,
Гул - муҳаббат, гўзаллик, меҳр тимсоли.
Атиргул, лола, наргис... гуллар ҳам турфа,
Аёл қувониб кетсин бола мисоли.
Туғилган кун ё байрам бўлиши шартмас,
Гул совға қилиш учун изламанг сабаб.
Қаранг: кўздаги қувонч ёшини артмас,
Кўзёшлар оқар шунда гўёки садаф.
Онангиз ё синглингиз, севгилингиздир,
Аввало, у - АЁЛДИР, ардоқланг суйиб.
Уларни суюнтирган шу гулингиздир,
Ҳар дам эътиборингиз юришсин туйиб.
Гулни севар аёллар хоҳ кекса, хоҳ ёш,
Қувонч улашинг, токи порласин кўзлар!
Эътибор бўлмаса дил бўлади бир тош,
Эътибордан нигоҳлар овозсиз сўзлар.
"Раҳмат, кўнглим тоғ каби юксалди, чунон,
Гул тутган қўлларингиз кўрмасин ҳеч дард"...
Кўзлар шу сўзни айтар, тарқалар гумон,
Беғубор қалбларига қўнмасин бир гард.
Қишда ҳам аёлларнинг қалбида баҳор,
Гулдастадан кўнгиллар бўлгай чаман боғ.
Аёлни ардоқлаган бўлмагайдир хор,
Биргина гул кифоя бўлиши-чун соғ.
Кўтаринки кайфият қиларкан соғлом,
Касалликлар йўламас, кетгайдир нари.
Гулдаста туҳфа қилинг аёлга ўғлон,
Ўзин ёш қиздек сезсин бўлса-да қари.
Гулдаста туҳфа қилинг ёздами, қишда,
Байрам бўлишин кутманг баҳорда, кузда.
Вақт топинг бўлсангиз ҳам уйда ё ишда,
Гулдастангиз акс этсин порлаган кўзда.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР