Аёл азиз, аёл муқаддас
Ўзбек Миллий Академик драма театри мунис ва латофатли аёлларимизни, лобар қизларимизни 8 Март - Халқаро хотин-қизлар байрами билан қизғин ва самимий муборакбод этади. Театримизнинг ижодий жамоаси баҳор гулларидан гулчамбар ясаб, сиз азизаларни ўзингиз каби гўзал гулчеҳралар айёми билан табриклайди. Сиз борсизки, дунё дунё бўлиб турибди. Сиз борсизки, кўнгил қатидаги сўзлар қоғозга шеъру ғазал тўкилади. Сиз борсизки, куй ёзилади, қўшиқ куйланади. Сиз билан олам мунаввар. Сизлар билан дунё гўзал. Сиз билан кўнгиллар обод. Сиз билан хонадонлар файз-нурга тўла. Сиз борсизки, жамиятда гул ифори таралади. Сиз борсизки, хонадонлар сарамжон-у, саришта. Сиз борсизки, кўнгиллар хотиржам. Сиз борсизки, фарзандлар суратида ой порлайди. Сизлар борсизки, эркакларнинг димоғи чоғ, қадамлари шаҳдам, кўкси тоғдек баланд.
Сиз – баҳоройсиз, сиз гулойим. Сиз – қуёшсиз, сиз ой. Сиз – юлдузсиз, сиз само. Сиз – гулчиройсиз, сиз гулойим. Сиз – фаридасиз, сиз паризод. Сиз – дурдонасиз, сиз гавҳар. Сиз - лолагулсиз, сиз нилуфар. Сиз – муслимасиз, сиз мўмина. Сиз – санобарсиз, сиз сарвиноз. Сиз – оқиласиз, сиз фазилат. Сиз – озодасиз, сиз покиза. Сиз – иродасиз, сиз матонатой. Сиз – мўътабарсиз, сиз муҳтарам. Сиз – меҳрибонсиз, сиз мурувватой. Сиз – муқаддассиз, сиз азиза. Сиз – қалби чаманой, Ўзбегимойимсиз!
Ҳурматли гулчеҳра аёллар! Умрингиз ва ҳаётингиз гулбаҳор, оилангиз гулчаман бўлсин. Гўзал чеҳрангиздан кулги, чарос кўзингиздан қувонч аримасин. Доимо яйраб-яшнаб, оламни гул ифорига тўлдириб, гўзалойим бўлиб юринг. Байрам сизга, сиз байрамга ярашасиз. Сиз ҳаётнинг олий мукофотисиз. Сиз муқаддассиз, муқаддас аёл. Байрам яна бир бора муборак бўлсин, Шарқонаойимлар ва Осиёхонимлар!
Озода ШОБИЛОЛОВА - Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институтининг нашр ва таҳририят бўлим бошлиғи ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театрининг Матбуот котиби.