АЗИЗАНИНГ ҚОРА ВА ОҚ ТУФЛИЛАРИ


      ЁДНОМА
АЗИЗАНИНГ ҚОРА ВА ОҚ ТУФЛИЛАРИ
  
   Бир қарашда киборли кўринган инсонлар қалбан ўта камтар, мурувватли  ва ўзгаларга эътиборли бўлиши мумкин. Азиза билан фақатгина 1994 йилнинг илк кунларида бир марта учрашганман. Ўшанда уни ўта манман, калондимоғ қиз деб ўйлагандим. Бу вақтда мен олийгоҳда ўқиётган эдим. 
   Мустақилликнинг дастлабки йиллари – ўтиш даври эмасми, кўпчиликда иқтисодий қийинчиликлар ҳукмрон эди. Мен ҳам етар-етмасликда таҳсил олардим. Таътилдалигимда Хоразм радиосига адабий эшиттиришлардан бирига таклиф қилиб қолишганди. Вилоят марказидаги телекомрадиокомпания биносига кириб борганимда студияда кулранг мўйнали бежирим пальто кийган, қотмадан келган назокатли Азиза Ниёзметова режиссёр опа билан қувноқ кайфиятда суҳбатлашиб турарди. Эшикдан киришим заҳоти у менга бошдан-оёқ кўз қири билан киборли бир назар ташлади. Мен ўзимни жуда ноқулай ҳис қила бошладим. Чунки ўта юпун кийинганим камбағал бир йигит эканлигимни шундоқ фош қилиб турарди. Оёғимга ёзги туфли кийволгандим. Уни қандай қилиб кўздан яширишни ўйлаб талмовсираб қолдим.
   Режиссёр Гулсара Бобожонова дарҳол гурунгни тўхтатиб мени микрофон олдига бошлаб борди. Сухандон қиз келгач, эшиттириш ёзиб олина бошланди. Сухандон таржимаи ҳолим билан таништираркан, журналистика факультетида ўқиётганимини таъкидлаб ўтишни ҳам  унутмади.
   Ярим соатлик эшиттириш ёзиб олиниб, тайёр бўлгач, хайр-маъзур қилиб уйга қайтиш учун ташқарига чиқиб, бекат томон оҳиста одимладим. Қор бўралаб ёғар, ерга тушган оппоқ парчалар шу заҳоти эриб, ёқимсиз бир кўриниш ҳосил қилаётганди. Ҳамма ёқ балчиқ. “Билч-билч” этиб қадам босганча бекатга келиб, автобусни кута бошладим. Шу пайт ёнимга оппоқ “Жигули” машинаси келиб тўхтади. Ойнаси ярим туширилгач, орқа ўриндиққда ўтирган Азиза мени имлаб чақирди:
  - Истудент, нера борасиз? 
  Урганч Марказий деҳқон бозорига бориб, ўша ердан қишлоққа жўнайдиган машиналардан бирига ўтиришим керак эди. “Бозор томонга!” – деб жавоб бердим.
  - Ўтиринг, бизлар ҳам ўша ёққа, - деди Азиза.
  Ийманибгина олдинги ўриндиққа ўтирдим. Азиза дарҳол гап бошлади:
  - Яхши шеър ёзаркансиз, таъсирчан, менга ёқди.Раҳмат айтишга оғиз жуфтлагандим, хонанда гапда давом этди: 
  - Мен билан дўконга бирров кириб чиқолмайсизми?
  - Бирор нарсани кўтариб машинага ортиш керакми? – деб сўрадим ҳайрон бўлиб.
  - Йўқ, менинг Сиз тенги бир укам бор, унга туфли олишим керак. Менингча, ўлчови худди Сизникидай бўлса керак, шуни кийиб кўрсангиз, - деди Азиза жуда ишонарли оҳангда.
  Унга хўп дегач, машина бозор ёнгинасидаги Марказий универмаг қаршисида тўхтади. Азиза билан универмаг ичкарисига кириб, иккинчи қаватдаги пойабзал бўлими томон юрдик. Мухлислар эътиборини қозониб, анча машҳурлашиб қолган эмасми, ҳамма унга қарар, бир-бирига уни кўрсатишиб, шивир-шивир қилишарди. Мен эса унга елкаларимни қисганча эргашарканман, ўзимни гўёки қафасдаги қушдек ҳис қилардим.
  Пойабзал бўлими сотувчиси билан таниш эканми, хонанда у билан қучоқлашиб кўришди ва бир нималарни пичир-пичир қилишди.
  Сотувчи шошганча устал остидаги қутиларни титкилашга тушиб, бироздан сўнг баландроқ пошнали, учи қиррадор қоп-қора туфлини Азизанинг қўлига тутқазди. Хонанда уни яхшилаб кўздан кечирди ва ҳидлаб кўргач: “Туркияники, ҳақиқий теридан экан”, - деди.
  - Кийиб кўринг-чи, Сизнинг ўлчовинингизга тўғри келса керак, - деди у.
  Бежирим туфли айнан менбоп тикилган экан. Бир пойини ўнг оёғимга кийиб, унга кўрсатарканман, дарҳол ечишга уриндим.
  - Тўхтанг, истудент, тўхтанг! Ҳов, нима қилётирсиз? Ечманг, наригисини ҳам кийиб, у ёқ, бу ёққа юриб кўринг, - деди қўнғироқдек овозда кулиб.
  Хижолат бўлиб, терлаб кетдим. Пешонам терларини артарканман, апил-тапил туфлининг иккинчи пойини ҳам кийиб, у ёқ, бу ёққа юриб кўрсатдим.
  - Ана бўлди, ажойиб! Айнан Сиз боп экан, - деди Азиза ва сотувчига пул санаб узатди. Мен курсига ўтирганча туфлини оёғимдан чиқаришга тараддудландим.
  - Э, э, нима қилаётирсиз?! Ечманг! Энди бу туфли Сизники! Мендан Сиздек ёш шоирга совға! – деди Азиза ва эски чувагимни ердан олиб, ахлат қутисига ташлади.
Қип-қизариб кетдим. Нима дейишимни билмай унга термулардим. У эса жилмайганча қараб турарди...
  Орадан чорак аср вақт ўтгач эл севган санъаткор, Хоразм халқ қўшиқларининг моҳир ижрочиси Азиза Ниёзметова оғир хасталик туфайли оламдан ўтди. Ҳар куни уни эслаб, ҳақига дуолар қилиб юрдим. Кунлардан бир куни уни тушимда кўрибман. Ўша Марказий универмагдан чиқиб келаётган эмиш. Оёғида пошналари баланд оппоқ туфли. 
  - Истудент, - дермиш у қўнғироқдек ёқимли овозда, - ўшанда Сизга туфли оберганим учун фабрика хўжайини менга мана шу оқ туфлини ютуқ сифатида ҳадя қилди, - дермиш у...
  Ўйғонгач, узоқ вақт мулоҳаза уммонида сузгандек, ўйга толиб ётдим. Саховат, қўлиочиқлик ва мурувват одамзотни нафақат бу дунёда, балки боқий оламда ҳам иззат ва шарафга сазовор қилиши шубҳасиз. Азизанинг мендек қўлиюпқа талабага қилган саховати уни Аллоҳ даргоҳида улуғ мартабаларга мушарраф қилганига аминман.
  Беш кунлик дунёнинг фонийлигини англаб, унинг ўзи туғилиб ўсган маҳалласи ва муқаддас зиёратгоҳлар кўчаларини обод қилгани, Меҳриборнлик ва Мурувват уйларига ҳамиша хайр-саховат кўрсатиб келгани кўпчиликка маълум. Ҳатто, у ота-онасиз қизни асраб олиб, оқ ювиб, оқ тараганини ҳам яхши биламиз.
  Умр – оқар сув, деди донолар. Беш кунлик фоний дунёда фақат эзгулик қилиб яшашдан улуғ неъмат йўқлигини яхши англаб яшаган Азиза каби инсонлар ҳамиша эзгу сўзлар билан эсланади. Инсон учун чинакам бахт ҳам шудир, аслида.

Эрпўлат БАХТ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот