Азизани хотирлаб...


   Санъат оламига "Кишмиш қўшиб,бол бераман.."-деб яхши ниятлар билан кириб келгандинг.. Шоу-бизнес сенга оқибат қилмади. Қилган меҳнатларинг учун бир парча қоғозни ҳам раво кўришмади. Ҳатто қандайдир бир сабаблар билан қўшиқ куйлаш ҳуқуқини берувчи лицензия аталмиш "матаҳ"ни ҳам олиб қўйишди. Яқинларнинг сотқинлиги, кўнгил берганларининг бевафолиги, туҳматлар, ёмонликлар енголмаган эди... дард енгди. Шуунча юкни кўтариб, яна Азизадай ёрқин санъаткор бўлишнинг ўзи бўладими? Ташқи қиёфасига қараб, "жуда манмансираган, ўзига ўта ишонган, такаббур аёл" - деб ўйлаб, адашганлар қанча. Азиза бошқаларнинг дардига бефарқ бўла олмайдиган, доим маслаҳатга, амалий ёрдамга тайёр мард аёл эди. Бошига иш тушган ҳеч кимни ташлаб қўймас эди. Ваҳоланки, омадингиз кетиб, ташвишга кўмилиб қолсангиз, энг яқин деб билган жон-жигарлар ҳам ўзини чеккага тортади, Азиза эса аксинча эди. Йиқилганни тепмасди. У билан ҳаётнинг ҳар ҳандай вазиятларида учрашганман. Кўрган, кузатган, билганларимни ёзаяпман. У қизиқмаган соҳа, қўлидан келмайдиган иш йўқ эди. Фақат ўзининг дардига даво тополмади-да. Азиза билан мени кўп яхши хотиралар боғлаб туради. Бир гал унинг дугоналари даврасига қўшилиб қолдим. Бир ҳафталар ўтиб, оёғим синиб қолди. Азиза дарҳол кўргани етиб келди. Мен унга қараб, оёғимга ишора қилдим-да, "Лайлакни юришини қиламан деб, чумчуқнинг оёғи синиб қолди", - дедим. Шунда у: "Йўўўқ.. сиз чумчуқ эмас, лайлакни ҳам овлайдиган бургутсиз, бургут..", - деб роса кулди. "Уйингни бериб тур, телевидение учун фильм олаяпмиз", - дедим гапнинг кетини совутмай. "Ана айтмадимми", - деб кула-кула, - "Бемалол, келаверинг. Эшигим ТВ учун очиқ. Ижодкорларнинг уйимда ўтадиган кунлари менинг зиммамда", - деди. Очиғи, хурсанд бўлиб кетдим. Чунки катта бир телелойиҳа устидаги иш анча кучимни олиб қўйган, ташкилотчилик масалалари оёғим синиб қолгани учун, анча оқсаётган эди. Шундай вазиятдан мени Азиза олиб чиқиб кетган ўшанда. Энг қизиғи, актриса келмай қолганида, қаҳрамонимизнинг онаси ролида ҳам Азизани ўйнатдик. У ролни бизга ваъда бериб, келмаган актрисадан ортиқ ўйнадики, кам эмас. Яна бир фильм олармиз деган ният бор эди... армонлигича қолиб кетадиган бўлди энди. 
  Қарши шаҳрининг стадионида ташкил этилган концертда уни ҳалқ ичида кўрганман.. Ҳалқ қанчалик севишини, ардоқлашини ўз кўзим билан кўрганман ўшанда. Республикамизнинг ҳамма нуқталарида бўлиб, ҳалққа меҳр бериб, хизмат қилган... концертлар берганини биламан.. Лекин унга ҳатто мақтов ёрлиғи ҳам беришмаган. Майли, гап бунда эмас... энди бу гаплардан фойда йўқ. Ўлим ҳақ, Худонинг ҳукми. Бўйсунмасдан иложимиз йўқ. Фақат болажонлари ҳали ёш эдида. Минглаб одамларнинг яхши кунларида хизмат қилиб, ўзининг фарзандларини яхши кунларини кўра олмай, уларни оёққа қўя олмай кетгани юрагимни эзади. 
  Ҳаётининг сўнгги кунларида учрашолмадик. "Соғайиб, чиройли бўлиб олай, кўришамиз", - дерди. Унга қанча жавобсиз смслар ёздим... жавоб бера олишга кучи етмаса ҳам, ўқишини билардим. Мана энди дийдор қиёматга қолди. Энди фақат дуодамиз. Азизани Оллоҳ раҳматига олсин. Номасини ўнг томондан берсин. Савол-жавобларини ўзи осон қилсин. Омин оллоҳу акбар.

Шоҳира Ҳамро.
2018 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот