Алишер Навоий - тафаккур боғбони
Келинг, шоирлар куйлайдиган илоҳий ишқ тараннумини ҳам ёддан чиқармайлик. Мен айтмоқчи бўлганим илоҳий ишқ таъмини татиган шоирлар Тангрининг буюк зот эканлигига иймон келтирадилар. Илоҳий ишқ шуҳратини туйган кишиларда жамият фаровонлиги учун наф келтириш истаги дунёга келади. Мен Ўрта Осиёда топган руҳонияти буюк шоирлардан бири Алишер Навоийдир.
Гарри Дик
Биз кимларнинг чироғини ёқиб келяпмиз? Гап маънавият, маърифат ҳақида кетар экан,оламшумул аҳамиятга молик ота-боболаримиз сиймоси бизни ҳақиқий инсон бўлишга чорлайди, биз ўзимиз ёқаётган чироқларни янада бардавом ва баландроқ кўтаришга илҳомлантиради.
Айни пайтда биз яшаб турган информация асрида ҳаётимиз тобора диққатимизни тортиш, бизни энг керакли юмушлардан чалғитиш тизимига айланиб бормоқда. Нанотехнологиялардан тортиб телефон ва интернет тизимигача, барча- барчаси бизнинг вақтимизни ва куч-энергиямизни тортиб олаяпти. Кўнгил самимият, ўзаро меҳр ва тиниқлик истаганда ҳазрат Навоийга мурожаат қиламиз.
Зеро, биз бундай кезларда кўнглимиз боғини парваришлаб, дунёни аслидагидек кўра олишимизга ёрдам берадиган боғбонларга ҳамиша муҳтож бўламиз. Ғайрат ва шижоат камарини боғлаган ана шу боғбон буюк мутафаккир Алишер Навоийдир.
Бугун бобомиз улуғлаган инсонийлик фазилатлари, келажак ҳақидаги эзгу орзулари рўёбга чиқмоқда. Зеро, у киши ҳар бир дунёга келган инсонни юксак мақсадлар, эзгулик туйғулари безаб туриши керак, дея таъкидлаган эдилар.
Мени ҳам ёшлик чоғларимданоқ Алишер Навоий бобомизнинг покиза сиймоси ўзига мафтун этган. Бу мафтунлик ортидан бир-неча дафтарларни қораламаларга тўлдирдим. Узун кечаларда китобхонлик қилар эканман,кўпроқ унинг сиймосидаги сўз ва амал бирлиги мени ҳайратга солар эди. Одамлар бор, ҳатто ўз фарзандига сўзи ўтмайди, одамлар бор, ҳақиқатни сўзласа ҳам ҳеч ким ишонмайди. Чунки одам боласи минг йил илм ўрганса ҳам агар тўплаган илми ўзига юқмаса, қалбини покламаса ҳаммаси бефойда. Бобомиз эса ҳаёти давомида башариятга илму маърифат тарқатиш билан бирга, ўзининг ҳам мудом мақом мартабаси, кўнгил низомини пойидор этишга азму шижоат кўрсатган. Айрим буюкларнинг шахси ҳақида сўз кетса мум тишлаймиз,аммо ҳазратнинг шахси замондошлари Хондамиру Мирхонд, Бобурлардан тортиб, бизнинг асримизгача бўлган авлодлар ҳам мутафаккир бобомиз сиймоси, хулқ атвори ва эзгу ишларини алқаб эслайдилар.
Ҳазрат Навоийни ҳар бир ўқувчи ўзига хос кайфият ва алпозда кашф этади. Шеърият шайдоси бўлганим учун деярли ҳар куни унинг ғазалларини қўшиқдек тўлқинланиб мутолаа этардим. Айниқса ундаги нафис шеърий санъатлар, ёқимли ташбеҳлар мени ўзига мафтун этар эди. Уларни англаш учун ҳис қилиш,юрак торларини оҳанга жўр қилиш, энг асосийси бу асарлар орқали ўзлигингни кашф қилиш ҳикматлари кўнглимни ўстирар эди. Бизга университет даргоҳида Навоий бобомизни Нажмиддин Комилов, Афтондил Эркинов,Талъат Солиҳов каби устозларимиз танитган. Ғазалларини ёдлаш ва шарҳлашга интилиш менинг жону-дилим эди. Ҳар эрта саҳар биринчи қўлимга оладиган китобим “Хазойинул-маъоний” бўлган. Кундалик дафтарим ана шундай ғазалларнинг маънисини топиш учун ҳизмат қилар эди. Негадир қора қаламда ёзишни ёқтирардим. Ҳам енгил, ҳам завқли. Ўзимга ёққан ғазаллардан иқтибослар келтирсам:
“Оразинг шавқидаким,ашкин тўкар кўз мардуми,
Боғбон янглиғ эрурким,сув очар гулзор учун.”,
- яъни юзингнинг шавқида ёшимни тўкаётган кўз мардуми(кўз қорачиғи) худди гулзор учун сув очаётган боғбонга ўхшайди ; у юзини гулзорга,ёшини сувга,кўз қорачиғини боғбонга ўхшатади.Ёки:
“Кавкаб эрмас пахталар тиқмиш қулоғига сипеҳр,
Ул қуёш ҳажрида тунлар баски афғон айладинг,-”
Яъни осмонда ярқираб турган нарсалар юлдузлар эмас, балки ул қуёшнинг ҳажрида тунлар фиғон қилганимдан зада бўлиб осмон қулоғига пахталар тиқиб олган.”
Ёки яна бир ўринда: “Кимки етгай ишқ дарду доғидин офат анга,
Дард меҳру салтанатдир,дард эрур сиҳҳат анга”,-
Яъни кимгаки ишқ дардидан офат етган бўлса,ўша дарднинг ўзи унга малҳам ва сиҳатдир,” дейди беназир шоиримиз.
Мен ёшлик кезларимда бобомиз ғазалларини юрагимга оқиб кираётган қўшиқ,куй кўринишида қабул қилар эдим. Шунинг учунми, бобомизни ҳофиз қиёфасида тасаввур этардим. Аслида айрим манбаларда бобомизнинг мусиқага муносабати ҳақида илиқ фикрларга кўзингиз тушади. Шоир Бобур ҳам Навоийнинг мусиқадан хабардор эканини, ўзи ҳам куйлар яратганини қайд этади: “яна мусиқада яхши нима хор боғлабтур. Яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордур».
Бу ғазалларда бутун инсоният ҳаёти,табиат ва инсон эврилишлари акс этади.
Ёшлик кезларидаги ғазалга муҳаббатим мени ўзимга ўзимга танитди десам бўлади. Тафаккур хўжаси дил эшигининг ҳушёр соқчиси бўлса-да, ишқ дарди ҳофиз,яъни шоир сўзидан тийрак қалбимга кўчар эди. Ғазал қатидаги мармар оҳанглар марварид доналаридек жимирлаб,руҳимиз баҳрининг тиниқ бетида жилваланади. Навоий бобомиз куйлаган ҳижрон дарди шунчалар чуқурки,беихтиёр нега ошиқлар асрлар давомида айрилиқ ҳақида кўп куйлашган дейсиз. Зеро, дунёда ҳеч нарса ошиқ қонини ҳижрондек тозалай поклай олмайди. Ғазалларни ўқир экансиз,оҳанглар сўзларга нафис зироатлар қўшади,мунгнинг ҳароратидан юрак зарблари ғусса тарозисига ён босади.
Буюк мутафаккир бобомиз ижодини асрлар оша ҳар бир инсон ўзича кашф қилиб келди. Аммо унинг ижод алифбоси ҳамон сир,ундаги маънолар қатлами ҳамон бор бўйича очилмаган. Унинг тафаккур тамойиллари, бадиий санъатлари авлодларга ўгит ва тарбия бўлиб,ўзликни кашф қилиш мактаби бўлиб қолди.
Масалага янада чуқурроқ назар ташласак. Буюк мутафаккир шоирнинг ижодини ўрганиш аслида ўқувчига нима беради? Кимдир шоирни ўрганиш асносида ўзи ҳам танилиб, “олим” деган номни олиш учун тиришиб-тирмашади, яна кимдир эса Навоий сиймосида кўнглига,ҳаётий аъмолларига яқинликни кўриб, тарбия ва меҳр топиш учун унинг ғазалларини қўлдан қўймай ўқийди. Неча асарлардан буён ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди шоиру носирларга,мусаввиру ҳаттотларга, ҳатто меъмору сиёсатчиларга ҳам ризқ ва илм улашиб келаяпти. Алалхусус, ҳамма шоирнинг асарларидан ўз излаганини топаяпти. Не бўлганда ҳам ХХ1 аср кишисининг ҳам қалбида ҳазрат Навоийга бўлган эҳтиром устивор.
Тан олиш лозимки, аввалги даврларда ҳам улуғ мутафаккир ижодини ўрганишда жуда катта ютуқларга эришилган. Истиқлолгача бўлган навоийшуносликнинг чекланган томонлари кўп эди. Масалан, диний мавзулар, тасаввуфий мавзулар четлаб ўтиларди. Аммо бизнинг талабалик йилларимизда устозларимиз озми-кўпми оғзаки тарзда бўлса-да,бобомиз асарларидаги “ҳамду наът”лар ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилишар эди. Кейинги йигирма беш-ўттиз йил мобайнида навоийшунослик ҳарқалай ўзининг янги-янги ўзанларини топди, олдин эътибордан четга сурилиб келинган кўп мавзулар тадқиқи билан бойиди. Мустақиллик йилларига келиб бобомиз ижодини ўрганиш ҳақиқий мазмун касб этиб, тамоман янги, собиқ тузум давридаги қарашлардан катта фарқ қилувчи навоийшунослик шаклланди. Манбашуносликдаги янгича изланишлар билан бойиди, бугунги ўқувчи ва шоир яшаган давр ўртасидаги “Хитой девори” парчаланди, десак бўлади. Бу борада фидойи олимлар Иброҳим Ҳаққулов ва Шуҳрат Сирожиддинов, Олимжон Давлатов, Нурбой Жабборов ҳамда Узоқ Жўрақулов, Дилнавоз Юсупова кабиларнинг тадқиқотлари муҳим аҳамиятга эга.
Яқинда адабиётшунос олим Узоқ Жўрақулов домла бир гапни таъкидладилар: Алишер Навоийни биз шу пайтгача рус шарқшунос олимлари услублари бўйича тадқиқ этганмиз, аслида бобомизни ижодини қадимий шарқона услублар асосида тадқиқ этиш даври келди. Яъни шу пайтгача унинг ижодини илми бадеъ усулида ўрганган бўлсак, энди илми балоға ва шу каби қатор шарқ фасоҳати мактаблари таомиллари бўйича ўрганмоқ лозим, шундагина мутафаккир бобомиз ижодига янада янгича назар билан қараган бўламиз”. Зеро, бу адабиётшунос олимнинг куюнишида катта ҳикмат бор. Қувонарлиси, бобомиз ижоди аста-секин жаҳон халқлари тилларига таржима этилмоқда. Жумладан, яқин йилларда “Лисонут-тайр” асарининг инглиз тилига таржима қилиниши мени жуда қувонтирди. Мутафаккир бобомизнинг 20 жилдлик асарлар тўплами китоб жавонимизга қўшилиши ҳам нур устига аъло нур бўлди. Эндиликда олимларимиз таъкидлаганидек, шоиримиз асарларининг қатор илмий-танқидий матнларини тайёрлаш, матншунослик соҳасидаги мутахассислар ва таржимонлар сонини кўпайтиришга ҳам гал келди.
«Менга таянч нуқтасини берсангиз ерни ҳам кўтара оламан»-деган эди Архимед. Бу олим очган қонунга кўра ричаг ёрдамида жуда катта юкни ҳам кўтариш мумкин. Агар барча инсонлар ҳазрат Навоий каби куйинчак пири муршидга таяниб билим ўрганса,бир кун келиб қўл узатса, кафтига албатта юлдузлар тўлади. Бинобарин ёшлик кезларидаёқ ўрганилган ҳар бир ғазал ёки ёки ҳикматли сўз ўз соҳиби учун тамал тошига айланади.
Аслида ҳар биримиз мутафаккир бўла олмасак ҳам ҳар бир кунимизни навоиёна ўтказишимиз керак. Шоир таъбири билан айтганда, “сўзи поку кўзи поку ўзи пок” иборасига муносиб кун кечирмоқ керак. Алишер Навоий бобомиз ҳикматларини ўрганиш, асарларидан ўзлигимизни қидириб, сабоқ олиш асло тугамайди,уни умр бўйи ўрганамизу охирига ета олмаймиз, чунки бу илмнинг ўзи бепоён. Бобомиз куйлаган, ардоқлаган мавзулар беназир. Фақатгина ҳовучимизга сиққанча унинг дуру инжуларини кафтимизга олиб,ҳарорати билан дунёмизни,кўнгил уйимизни ярақлатамиз.
Тоғлар бағрида яшаётган одамлар ундаги анвойи гуллар, турфа чечаклар ифоридан, ранго-ранг жилосидан баҳраманд бўладилар. Бу гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун чўққига кўтарилиш заҳматидан, машаққатидан қўрқмаслик даркор. Бу нафосат жилосидан баҳраманд бўлган инсон маънавий бой бўлиб, қалби гўзаллик ва нафосат туйғуларига ошно бўлади. Мумтоз адабиёт тарихидаги бу тоғ, бу чўққи - Навоийдир. Истиқлол ана шу юксакликларга кўтарилиш имконини берди. Ана шу тоғларга, чўққиларга кўтарилиш, бундаги гулу чечаклар завқидан баҳраманд бўлиш барчага насиб этсин.
Сўзимни академик Н. И. Конраднинг ушбу эътироф сўзлари билан тугатмоқчиман:
“Алишер Навоий каби шоирнинг бўлганидан қувонмоғимиз керак. Ана шундай шоирни вояга етказган ўзбек халқига офарин ва ташаккурлар деймиз. Биз уни ўрганибгина қолмай, балки ўқишимиз, фақатгина ўқиш эмас, балки унинг тўғрисида ўйлашимиз ҳам зарур.”
Гуландом ТОҒАЕВА,
Чирчиқ давлат педагогика университети доценти,
филология фанлари номзоди.