КАМОЛГА ЕТГАН ИШҚ ВАСФИ


         Яхши шеър кўнгил эгаларининг дардларига дармон бўлади. Аслида самимий тил билан битилган ҳар қандай гўзал дил изҳори ўзига хос шеърдир. Яхши шеърнинг биринчи шарти самимият. Шу боис ҳар кимнинг овози ўзига хос жаранглайди. Айрим шеърлар  булоқ суви каби кўнгилларни топиб боради, бошқалари эса ёмғир каби қақраб ётган чўлларни бўстон этгани ошиқади, энг асосийси, яхши шеъри ўқиганингда, кўнгил ўсади,туйғуларинг камолга етади. Элимизнинг севимли шоираси Гуландом Тоғаеванинг “Ишқ ҳандасаси” шеърий китоби  бугун ўқувчилар қўлига етиб борди. “Ҳандаса”-геометрия демак. Тушунимизча, ишқнинг минг бир жилваси, минг бир номи бор: Ватанга бўлган ишқ, ота-онага, ёрга ва касби-корга бўлган ишқ  бўлади. Шоирамиз бу нозик истилоҳ орқали инсоннинг ҳақиқий ишқи ана шу ичкин нурларни жамлаш лозимлигига ишора қилади, гўё. Инсон боласи қачонки, ўзлигини таниса ва ўзини жамласа, унинг ишқи ҳам камолга етади. Ҳаётнинг мазмуни эса, эзгулик маёғини ёқиш, шу нур ила оламга зиё таратишдир.  
      Шоиранинг шеърларида  – севги, йўқотиш, ички қарама-қаршилик ва адолатсизликка қарши аёвсиз кураш, ҳаётдан гўзаллик излаш мавзулари ўрганилади. Муаллиф севги муносабатлари ва ҳиссий ҳолатлар билан боғлиқ ҳис-туйғулари ва тажрибалари билан ўртоқлашади:

Остонгда гулу райҳон экилган,
Балким осмонлардан юлдуз тўкилган,
Қўшиқ айтиб кўнглим бўшатай десам,
Томоғимга аччиқ йиғи тиқилган....


      Шоира Гуландом ўзбек тилининг бойлигидан унумли фойдаланади ва ўзига хос ташбеҳлар, бошқа шоирларнинг сўзларини такрорламаган ҳолда тил гўзаллигини намоён этиш салоҳиятига эга:

Сен менга кераксан, нондан ҳам олдин...
Ёки мана бу сатларга эътибор қаратинг:
Шудринг кулар тонгда гул баргда
Ёхуд гулни кулдиради тонг.
Ва ё тонгга табассум берган
    Шудринг-гулни уйғотган жаранг.    

       Гуландом ижодкор сифатида табиат билан уйғунлашиб, қушлар, гуллар, само билан тиллашади. Муаллиф ўз фикрларини ва ҳис-туйғуларини эркин ва самимий ифодалайди. Метафора ва тасвирлардан устомонлик билан фойдаланиши ўқувчини ҳис-туйғулар оламига чўмдирадиган ёрқин таассурот ва тасвирларни яратади:

Аста сийпар гул юзин офтоб,
Ё қуёшда балқир гул бутун.
Капалакдек айласам шитоб,
Куйдирса ҳам офтоб қанотим…

          Шоира шеъриятида севги қувонч ва азоб-уқубатларни келтириб чиқарадиган қудратли куч сифатида талқин қилинади. Муаллиф севгини иситувчи, ҳарорат берувчи, лекин шунинг баробарида ёндириши ҳам мумкин бўлган оташ сифатида тасвирлайди:

Эй билгисиз қудрат, қайда чакмонларинг,
Англанмаган бахтим, қайда тахмонларинг,
Юрагимни кесиб-кесиб кўрсатайин-
Ишқ ярасин давололмас Луқмонларинг!

Гарчи дарё ўртасида армондаман,
Тўлқинларга, шамолларга шармандаман,
Севилмасам ҳамки севги томондаман,
Эй дунёи заҳарангиз!...
        
      Унинг шеърларида табиат муҳим ўрин тутади: гуллар, ой ва юлдузларнинг тасвирлари туйғуларнинг гўзаллигини таъкидлаб, романтика ва мулойимлик муҳитини яратади. Гуландом билан бирга ой гўзаллигини, порлоқ юлдузлар жилосини томоша қилиш баробарида, ой исини туясиз, мусаффо булоқлар сувининг таъмини сезасиз, сайроқи қушлар хонишини эшитасиз. У ўқувчини оламнинг сирли маконига элтади ва ўзи билан ҳамроҳ этади:

Қай гўшадан учиб келдинг беозор.
    Нафасингда, назарингда ой иси...    

        Ойнинг ҳиди қандай бўлса экан? Гулларнинг, тупроқ ёхуд ноннинг ҳидини биламиз, таниймиз. Аммо ой иси... Ой- тиниқлик, равшанлик, тўкислик рамзи. Камолга етган ойдан гўёки хуш ифорлар таралади. Ифорки, унс, меҳр, эзгулик ҳисси унда жамул жам. Бу муболағада шоира баркамол инсон таърифини келтиради гўё. Ошиқ лол бўлиб турибди, сўзлашга мажоли йўқ. Аммо ул ой сукут қилганингда ҳам сени тушунади. Бир нигоҳ, бир қараш ҳам минг бир маънога эга. Чунки "барча учун тушунарли ишқ тили"(Ҳалима Худойбердиева).
         Шоира севгига муштоқлик, аммо шунинг баробарида, аёлларга хос ибо, ҳаё, ғурур, иффат ва ўз қадрини билиш билан боғлиқ бўлган ички зиддиятларини баҳам кўради. Бу туйғулар ифодаси унинг шеърларини янада самимий ва ёрқин кўрсатади.
        Гуландомнинг шеърлари хилма-хил туйғуларга тўлиб-тошган – меҳр ва ишқдан тортиб, қайғу ва соғинчгача ўқувчи матнларни ўқиш баробарида юракдан ҳис қилиш, шеър орқали кўнгил оламига кириш боғлиқлигини англаш имконини беради:

Ҳар бир учрашувда бир айрилиқ бор,
Ҳар ғам –заруратдир, шодлик –зарурат.
Бир шоир юз йилда келар дунёга,
Буни билмаслигинг сен учун ҳасрат.
      
         Гуландом Тоғаеванинг шеърияти чуқур фалсафий ва ҳиссиётларга бой туйғулар жамулжамидир. У севги ва йўқотишнинг умуминсоний жиҳатларига тўхталиб, кучли тасвир ва ташбеҳларни яратади. Шоира ўз қўлидаги қаламга жуда катта ижтимоий вазифа топширади ва бу тушунча салмоқли поэтик юкни ташийди: "Соат аниқлиги,  фикрат кенглиги, Бахтнинг сибизғаси уйқунгни бузсин," дейди бир ўринда. Бу сатрлардаги бепоёнлик, тасаввур кенглиги қалбни шошириб қўяди. Қанчалик чўнг  мазмун бўлса, ифодалар ҳам шунга лойиқ кўркам.
        Қалам кичик бир деталь ёки ашё эмас, балки бутун бошли тарих, кишилик тамаддунини ўзида жамлаган улкан бир Коинот. Бинобарин, бу "коинот"ни қўлида тутган киши энди дунёга оддий одамлар каби қарай олмайди.Уйғоқлик, ҳушёрлик, ўз  қалбини ислоҳ этиш, Ватанига содиқ бўлиб хизмат қилиш каби улкан юмушлари бор бўйнида. Чунки шоир Шавкат Раҳмон айтганидай, "Шоир бахт сўзини барчадан кейин айтади":

Қаламим,бурчакда ётма энди жим,-
Чунки юрагимга Элим кўз солган!
Сўйла,мен кимларнинг боласи эдим,-
Улар Қалам билан дунёни олган!

Соат аниқлиги, фикрат кенглиги,
Бахтнинг сибизғаси уйқунгни бузсин.
Қаламим учида турган авлодим,
Кимсан, жамолингни айла тажассум!...

        Шоиранинг ижоди алоҳида катта илмий тадқиқотларга мавзу бўла олади. Унинг ижодидаги мазмун кенглиги, поэтик жозибадорлик, нафис сўзлар олами шунга ишора қилади. Гуландом Тоғаева ижоди шу жиҳатлари билан ўқувчилар қалбини забт эта олади ва бу жиҳатлар унинг юксак ютуғидир.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот