Ғани Аъзамов таваллуд топган кун


   Ўзбекистон халқ артисти - Ғани Аъзамов таваллуд топган кун (1909-2001).
   Таниқли театр ва кино актёри Ғани Аъзамов 1909 йилда Тошкентда туғилган. Унинг актёрлик фаолияти 1930 йили Ҳамза номли театр (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да оммавий саҳналарда иштирок этиш билан бошланган. Ғани Аъзамов дастлаб Уйғуннинг "Қалтис ҳазил" комедиясидаги Мамарасул ролида катта муваффақият қозонди. Ғани Аъзамов 60 йилдан зиёд вақт мобайнида устозлардан ўрганиш, мутассил ўз устида ишлаш ва ижодий изланиш натижасида етук санъаткор бўлиб етишди, юздан ортиқ муккаммал образлар яратиб, томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлди. Ўзбек театр санъатининг улкан намояндалари қаторидан мустаҳкам ўрин олди. У яратган Мунажжим (Уйғун ва Иззат Султон, "Алишер Навоий"), Арслоншер (Туйғун, "Чин муҳаббат"), Соқи сумбат (Рамз Бобожон, "Тоға-жиянлар"), Юсуф (Абдулла Қаҳҳор, "Сўнгги нусхалар"), Бобчинский (Николай Гоголь, "Ревизор"), Лаунс (Вильям Шекспир, "Вероналик икки йигит") каби образлар бир-биридан тўкис, бир-биридан пухта образлар бўлиб, актёрлик санъатининг юксак намуналаридир. Ғани Аъзамов ижодида шундай образлар борки, улар ҳаётийлиги, ишонтириш кучининг зўрлиги ва бетакрор ко¬мик руҳи билан бутун спектаклнинг мазмунини ташкил қилади. Бу образларсиз ўша муайян спектаклни тасаввур этиб бўлмайди. Гўё улар фақат истеьдодли актёр Ғани Аъзамов учун ёзилгандек туюлади. Ҳақиқатдан ҳам Ғани Аьзамовнинг Қамбарисиз Ойбекнинг "Қутлуғ қон"ини ("Қутлуғ қон" романи асосида Т.Хўжаев инсценировкаси), Омонёрисиз Сарвар Азимовнинг "Қонли сароб"ини, Мўминисиз Эркин Воҳидовнинг "Олтин девор"ини тасаввур этиш қийин. Ғани Аъзамов ҳажвий, драматик ва лирик ролларнинг моҳир ижрочиси эди. Бу жиҳатдан Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" асаридаги Домла имом образи Ғани Аъзамов ижодида ёрқин саҳифа бўлиб қолди. Актёр 1935 йилдан бошлаб кинода суратга туша бошлади ва "Ўзбекфильм" киностудиясида яратилган қатор фильмларда унутилмас образлар яратди. У яратган Домла имом ("Бой ила хизматчи"), куёв ("Қутлуғ қон"), кутубхоначи ("Абу Али Ибн Сино"), сартарош ("Мафтунингман"), Қорашоҳ ("Икки дил достони"), оқсоқоя ("Тошкент — нон шаҳри"), Юсуф ("Қари устанинг васияти"), Дорбоз ("Сенга шаҳар туҳфа этаман"), Холмат ("Суюнчи") каби образлар ўзининг тўлақонлилиги ва ёрқинлиги билан кино санъати мухлисларини ўзига мафтун этди. Ғани Аъзамов "Наштар" ҳажвий кино журнали ташкил этилганидан бери узоқ йиллар давомида Хўжа Насриддин образини ижро этди. Катта истеъдод соҳиби Ғани Аъзамовнинг ўзбек театр ва кино санъати равнақи йўлидаги хизматлари муносиб такдирланди. 1961 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. 1989 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ғани Аъзамов мустақиллик йилларида "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. У 2001 йилда Тошкентда вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот