Элёр Носировга табрик!
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон давлат драма театри ва кино актёри, «Дўстлик» ордени соҳиби, устоз санъаткор, дубляж санъатининг моҳир устаси – Элёр Расулович Носировни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Элёр Расуловичга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз! Ҳамиша ҳозиргидек эл ардоғида юриши ва кўзлаган орзулари рўёбга ошишига тилакдошмиз!
Маълумот: Элёр Расулович Носиров 1953 йилнинг 22 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган.
1996 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 2003 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатган (1974).
1974 – 87 йилларда аввалги Ҳамза номидаги драма (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрида актёр сифатида фаолият юритган.
1987 йилдан Аброр Ҳидоятов номидаги (ҳозирги Ўзбекистон давлат Драма) театрида айни вақтга қадар ишлаб келаяпти.
Шуфтерле (Шиллер "Қароқчилар") Элёр Носировнинг саҳнадаги илк образи.
Элёр Носиров театрда Нодир (Э. Воҳидов, “Олтин девор”), Илҳом (Ў. Умарбеков, “Шошма қуёш”), Раҳматилла (Уйғун, “Ибн Сино”), Искандар (А. Навоий, “Искандар”) Отелло (У. Шекспир, “Отелло”), Қори Ишкамба ( С. Айний, "Буxоро”), Меҳмонxўжаев (Р. Бобожон, “Тоға-жиянлар”) ва бошқа спектаклларда турли-туман ролларни ижро этган.
Элёр Носиров “Қиролнинг дил ҳуши”, “Вафодор” “Баҳс”, “Бир фожиа изидан”, “У Ромео эмас”, “Сўнгги ўқ”, “ Xолисxон”, “Кўнгил кўчалари”, “Нейрон операцияси”, "Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси”, “Бир кам дунё”, “Ниқоб”, “Мажруҳ”, “Вақт”, “Қора зарба” каби фильм ва сериаллар, телевизион видеофильмлар, телепостановкаларда ўзига топширилган ролларини маромига етказиб ўйнаган.
Элёр Носиров дубляж соҳасининг устоз ва етакчи актёри ҳисобланиб, ҳозиргача дубляжда овоз бериш билан шуғулланмоқда.