Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино санъатининг истеъдодли актёри – Обид Юнусов 1934 йилнинг 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йилда А. Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг "Актёрлик" факультетини тугатгач, то 1996 йилгача Ҳамза номидаги Ўзбек давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий академик) драма театрида актёр сифатида фаолият кўрсатиб, юздан ортиқ турли характер, қиёфа ва дунёқарашга эга бўлган, турли миллатга мансуб ролларни ижро этган. Ҳамза номли театр собиқ иттифоқ даврида ҳам, шунингдек ҳозирги кунда ҳам ҳамдўстлик мамлакатлари театрлари орасида энг кучли драматик труппалардан бири ҳисобланади. Бу театрда ўзбек, шарқ, ғарб ва рус драматургиясининг ноёб дурдоналари саҳна юзини кўрган. Уларнинг кўпчилигидаги роллар Обид Юнусовга ишониб топширилган. Актёр уларни қиёмига етказиб ўйнаб, театр ижодий жамоасининг ишончини оқлаган. Камол (О. Ёқубов, "Юрак ёнмоғи керак", 1958), Бўривой (Р. Бобожон, "Тоға ва жиянлар", 1960), Сиддиқжон (И. Султон, "Имон", 1960), Рустам (Ширвонзода, "Номус", 1961), Салим (Уйғун, "Шубҳа", 1961), Аббос (М. Шайхзода, "Мирзо Улуғбек", 1961), Жеймс Тейлор (С. Азимов, "Қонли сароб", 1965), Лаэрт, Фортенбранс, гўрков (В. Шекспир, "Ҳамлет", 1965), Насриддин ("Насриддиннинг саргузаштлари", 1965), Валентин (В. Шекспир, "Вероналик икки йигит", 1966), Рикардо ("Ўлимдан кучли", 1967), Каримжон (А. Қаҳҳор, "Аяжонларим", 1967), Холмат (Ҳамза, "Бой ила хизматчи", 1968), Буридан (А. Дюма, "Ажал минораси"), Қиличбек (Э. Воҳидов, "Олтин девор", 1970), Ғани (Н. Сафаров, "Тарих тилга кирди", 1972), Қоратегин (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний", 1973), Собир (И. Султон, "Кўрмайин босдим тиконни", 1974), Нойман (И. Раҳим, "Чақмоқ", 1974), Маъмур (С. Аҳмад, "Келинлар қўзғолони", 1976), Ҳожи Сиддиқ (З. Фатхуллин, "Томоша давом этади", 1979), Мадалихон (Т. Тўла, "Нодирабегим", 1980), Гарсия (Чичков, "Мен Чилига ишонаман", 1983), Маҳмудхон (П. Қодиров, "Юлдузли тунлар"), генерал Гударян ("Маршал Жуков" 1985), Қосим (У. Назаров, "Ойна", 1985), Ёрмат (Ойбек, "Қутлуғ қон", 1987), Подколесников (Бердман, "Алвидо ҳаёт", 1988), Маъмур (С. Аҳмад, "Фармонбиби аразлади", 1989), Мирзарайим (Ҳамза, "Паранжи сирлари, 1990), Сулаймон (У. Ҳожибеков, "Аршин мол олан", 1990), Абдували (Ҳ. Муҳаммад, "Хотинлар гапидан чиққан ҳангома" 1993), Гальдони "Бахтли гадолар" (Труфальдино) каби ранг-баранг образлар Обид Юнусовнинг 40 йиллик ижодий меҳнати маҳсулидир. Уларнинг ҳар бири хусусида алоҳида мақола, рисола битса арзийди. Булар орасида ҳаётийлиги, табиийлиги, таъсирчанлиги, катта жозибаси билан Розовнинг "Оқшомдан тушгача" драмасидаги Кирилл, Уйғуннинг "Парвона" комедиясидаги Ўткурий ва Ш. Холмирзаевнинг "Қора камар" драмасидаги Эшон образлари алоҳида ажралиб туради. Обид Юнусов истеъдодини ёрқин намоён эта олган бу образлар айни пайтда актёр ижодининг етук намунаси, ўзбек театр санъатининг катта ютуғи ҳисобланади. "Қора камар"даги Эшон образи учун Обид Юнусовга 1988 йилда Ўзбекистон Давлат мукофоти соврини берилиши ҳам бежиз эмас. Шу ўринда актёр ижросидаги қатор образлар — ўзини халқ озодлиги курашига бағишлаган, довюрак Азамат (И. Султон, "Номаълум киши"), жоҳил ва бағритош жосус Жеймс Тейлор (С. Азимов "Қонли сароб"), ҳаётда тўғри йўлни тополмай доғда қолган Ғани (Н. Сафаров "Тарих тилга кирди"), Ёрмат (Ойбек "Қутлуғ қон") ва бошқа образларни ҳам таъкидламоқ ўринлидир. Обид Юнусовнинг театрдаги ютуқларидан мамнун бўлган, унинг ҳаётий ва ёрқин образларини кўриб, баҳра олган кино ижодкорлари уни кинода суратга тушишга таклиф этишган. Актёр кинода ҳам бир қанча образларни муваффақиятли ўйнагач, бу санъат даргоҳида ҳам у ўз ўрнини топган. Обид Юнусов кинода Юнус (Хачатуров, "Тўйлар муборак", 1978), Абдулла (Р. Муҳаммаджонов, М. Абзалов "Чинор остидаги дуэль", 1978), Асқар (С. Аҳмад, М. Абзалов, "Келинлар қўзғолони"), Мулладўст (Ҳамза, М. Абзалов ,"Майсаранинг иши", 1988) каби 30 дан ортиқ пухта ва тўлақонли образларда намоён бўлган. Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актёрлари иштирокида Тожи Муҳаммад Исроилов режиссёрлик қилган "Бир ўлиб кўрай-чи" видеоспектаклида бош қаҳрамон – Ота ролини ижро этган. Аммо айрим сабабларга кўра, видеофильм ҳеч қаерда намойиш этилмаган. "Ўзбекфильм" киностудиясида узоқ йиллар дубляжда фаол қатнашиб, 1000 дан ортиқ фильмларга овоз берди. Обид Юнусов ижодини радио ва телевидениесиз тасаввур қилиш қийин. У радиода қатор радиоспектаклларда қатнашган. Дубровский (А. С. Пушкин, "Дубровский"), Рустам (Ширвонзода "Номус") образларини маромига етказиб ижро этди, А. Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи асосида тайёрланган радиоспектаклда ҳам бош роллардан бирига овоз берган. Шиллернинг "Қароқчилар" асари асосида тайёрланган телеспектаклда Карл Моор, О. Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" телеспектаклида Али Қушчи образларини ҳам О. Юнусов муваффақият билан гавдалантирган. Обид Юнусовнинг санъатдаги хизматлари муносиб тақдирланиб, 1987 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилган. 1988 йилда у Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Обид Юнусов 2015 йил вафот этган.