Ёқуб Аҳмедов (1938 – 2025)
       Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси раиси,  Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актёри, устоз санъаткор, дубляж устаси – Ёқуб Аҳмедов вафот этди.
   Ёқуб Аҳмедовнинг оила аъзолари, ҳамкасблари, шогирд ва мухлисларига таъзия билдирамиз.
   Маълумот: Ёқуб Аҳмедов 1938 йилнинг 3 январь куни Наманган шаҳрида туғилган. А. Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтини тугатгач, 1958 йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида актёр, сўнгра театр директори лавозимида ишлаган.
   Ё. Аҳмедов мазкур жамоада ишлаш жараёнида элликдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни маҳорат билан талқин этган. У дастлаб Уйғуннинг «Парвона» асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Муроджон ролини ижро этган. Актёр бу биринчи мустақил роль устида тинимсиз меҳнат қилиб, изланган. Муроджон унинг севимли ролларидан бири эди. У ролдан-ролга ўсиб бориб, кейинчалик қатор ажойиб образлар туркумини яратган. Шу ўринда у яратган баъзи образларни эслаш жоиздир: Оқ йигит (Мустай Карим, «Ой тутилган тунда», 1966), Протей (В. Шекспир, «Вероналик икки йигит», 1966), Дулчин (А. Островский, «Сўнгги қурбон», 1967), Беруний (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний», 1973), Креонт (Софокл, «Антигона», 1977), Каренин (Л. Толстой, «Тирик мурда», 1978), Городулин (А. Островский, «Ҳар тўкисда бир айб», 1982), Солиҳбой (Ҳамза, «Бой ила хизматчи», 1982), Бобур (П. Қодиров, «Юлдузли тунлар», 1983), Абай (М. Авезов, «Абай», 1983), Шоҳжаҳон (Уйғун, «Зебуннисо». 1983). Отелло (В. Шекспир, «Отелло», 1984), Юсуфбек ҳожи (И. Султон, «Абдулла Қодирийнинг ўткан кунлари», 1988), Алишер Навоий (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий». 1991). Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
  Актёр ижодида, айниқса, Али Қушчи (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»). Креонт (Софокл, «Антигона»), Шоҳжаҳон (Уйғун, «Зебунисо») образлари муҳим ўрин тутади. Улар Ҳамза театрида яратилган нодир образлар қаторидан жой олган. Ё. Аҳмедов ўзи яратаётган характернинг ички дунёсини, ўзига хос хусусиятларини кўз қарашлар, имо-ишоралар, саҳна ҳаракатлари орқали ёрқин ва чуқур очишга моҳир актёрлардан эди.
   Унинг ўзига хос жарангдор ва таъсирчан овози, сўзлаш маҳорати бор эди. Бу овоз ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Актёр образ яратар экан, унга табиат инъом этган ана шу бетакрор имкониятдан тўла фойдаланишга ҳаракат қилган.
   Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Бобур, Фурқат, Али Қушчи, Абай каби буюк зотлар, олиму фозил кишилар образларини яратиш Ёқуб Аҳмедовга ҳам насиб этган. Бу актёрдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат, тарихий ўтмиш воқеаларини чуқур ўрганишни талаб этар эди.
   Санъаткор бу масъулиятни юракдан ҳис этиб, кўзланган мақсадга эришган.
  Ёқуб Аҳмедовни кино санъати мухлисларига илк бор танитган образ –Туроб Тўла сценарийси асосида режиссёр Й. Аъзамов томонидан 1958 йилда суратга олинган «Фурқат» бадиий фильмидаги Фурқат образи бўлди. Шундан кейин у кинода ўттиздан ортиқ образлар яратди. Унинг ижодига мансуб Окхой («Ганг дарёсининг қизи»), Қодиров («Зумрад»), Азизбек («Ўткан кунлар»), Султонали («Меҳробдан чаён») ва бошқа образларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. У «Алибобо ва қирқ қароқчи» фильмида ҳам суратга тушган. Шунингдек, «Ўзбекфильм» киностудиясида дубляж қилинган тўрт юздан ортиқ фильмларга овоз берган.
   Ёқуб Аҳмедов «Ўзбектелефильм» ижодкорлари яратган «Алишер Навоий», «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Гирдоб», «Ичкуёв» ва бошқа видеофильмларда етакчи ролларни маромига етказиб ижро этган. У яратган Алишер Навоий образи актёр ижодида муҳим ўрин эгаллайди.
   Санъаткорнинг кўп қиррали ва сермаҳсул ижодий фаолияти муносиб тақдирланди. Унга «Ўзбекистон халқ артисти» унвони берилди. 1977 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1997 йилда эса «Дўстлик», 2005 йилда «Меҳнат шуҳрати» орденларига муносиб кўрилган.
    Устоз санъаткор 2025 йил вафот этди.