Таниқли театр ва кино актёри – Наби Раҳимов 1911 йилнинг 7 ноябрь куни Қўқонда таваллуд топган.
У 1926 – 1929 йилларда Қўқон театри спектаклларида қатнашган. Н. Раҳимов 1930 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номидаги Ўзбек давлат (ҳозирги Ўзбек миллий академик) драма театрида етакчи актёр сифатида самарали фаолият кўрсатган.
Н. Раҳимов олтмиш йилдан зиёд сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти даврида жуда кўп спектаклларда бош ролларни ўйнаб, тўлақонли, бетакрор образларни гавдалантирган ва ўзбек театр санъатининг улкан арбоблари қаторидан муносиб ўрин эгаллаган.
Яго (В. Шекспир, "Отелло"), Герцог Альбени ("Қирол Лир"), Хлестаков (Гоголь, "Ревизор"), Қўзиев (А. Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Тихон (А. Островский, "Момақалдироқ"), Бобо Кайфий (Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Арбенин (М. Ю/ Лермонтов, "Маскарад"), Урганжий (К. Яшин, "Инқилоб тонгги"), Жеймс Тейлор (С. Азимов, "Қонли сароб"), Сайд Каримович (Ў. Умарбеков, "Комиссия") каби ўлмас образлар фақат Наби Раҳимов ижодидагина эмас, балки ўзбек театр санъати тарихида ҳам ёрқин саҳифа бўлди. Аброр Ҳидоятов деганда кўз олдимизда Отелло ва Ҳамлет; Шукур Бурҳонов деганда Ғофур, Шоҳ Эдип ва Мирзо Улуғбек; Олим Хўжаев деганда Алишер Навоий, Ҳамлет; Сора Эшонхўраева деганда Дездемона, Офелия ва Гули намоён бўлади.
Наби Раҳимов деганда эса, Яго, Бобо Кайфийни эслаймиз. Шубҳасиз, булар ўзбек театр санъати арбобларининг шоҳ образларидир. Яго гўзал Дездемонага эришиш йўлида соф кўнгилли, беғубор инсон Отеллони не кўйларга солмайди, бахтини қаро қилмоқчи бўлади ва ўз разил ниятига эришади ҳам. Наби Раҳимов ёвузликнинг тимсоли бўлган Яго қиёфасида барча салбий иллатларни шу даражада моҳирона ижро этганки, у тасаввуримизда сотқинлик, иккиюзламачилик ва фирибгарликнинг рамзи сифатида намоён бўлади.
Гогольнинг "Ревизор" комедиясидаги Хлестаков ҳам Ягога яқин туради. Ягонинг нияти гўзал Дездемонага эришиш эди. У бу йўлда Отелло бахтига зомин бўлади, Хлестаков эса енгил ҳаёт кечириш йўлида лақма одамларни ўз домига илинтириб, шоҳона яшамоқчи.
Н. Раҳимов фақат комик ролларни қойилмақом қилиб ижро этувчи актёргина эмас, драматик ролларни ҳам моҳирона ўйнаган улкан истеъдод соҳиби эди. Унинг Ҳамза театри саҳнасида ўйнаган бирорта роли йўқки, томошабин илиқ кутиб олмаган, катта маънавий озиқ олмаган бўлса. Актёр ижросидаги образлар самимийлиги билан ажралиб туради. Н. Раҳимов ўзига хос овоз, ўзига хос юз ифодасига эга бўлган бетакрор санъаткор бўлгани учун ҳам, унинг роллари томошабинларга доимо манзур бўларди. Бу унинг театрдаги образларигагина эмас, балки, кино, телевидение ва радиоспектакллардаги образларига ҳам хос хусусиятдир.
Ўзбек кино санъати равнақида ҳам Наби Раҳимовнинг хизматлари бениҳоя каттадир. Актёр "Ўзбекфильм" ва Марказий Осиё республикалари киностудияларида суратга олинган қирқдан ортиқ бадиий фильмларда суратга тушган. "Стадионда учрашамиз"даги Алиев, "Улуғбек юлдузи"даги Бобо Кайфий, "Ўтган кунлар"даги уста Олим, "Қутлуғ қон"даги Шоқосим, "41-йил олмалари"даги чойхоначи чол, "Тутқунликдан қочиш"даги Сафар, "Одамлар орасида якка"даги Нажмиддин, "Абу Райҳон Беруний"даги Хўжандий, "Келинлар қўзғолони"даги уста Боқи, "Қон ва тер" даги Сеу ("Қозоқфильм"), "Қутлуғ қон"даги Ёрмат (кўп серияли видеофильм) каби образларнинг кўпчилиги кино санъатидаги энг етук машҳур образлар қаторида туради. Н. Раҳимов "Ўзбекфильм" киностудиясида фильмларни ўзбек тилига дубляж қилишда ҳам фаол қатнашган.
Н. Раҳимов "Табассум" радиожурналининг бошловчиси ва ташкилотчиларидан бири эди. "Табассум"ни аввал у Ўзбекистон халқ артисти Амин Турдиев билан бирга олиб борган. Уни минглаб радиотингловчилар мароқ билан тинглаб, беқиёс завқ олганлар. Кейинчалик "Табассум"га Ўзбекистон халқ артисти Э. Маликбоева ва Т. Тожиев қўшилишган.
Н. Раҳимов радиоспектаклларда роллар ижро этар, баъзи радиопостановкаларга ўзи режиссёрлик қиларди. С. Аҳмаднинг "Турналар" ҳикояси асосида яратилган радиопостановка унинг радиорежиссёрлик фаолиятининг маҳсулидир. Н. Раҳимов ижодий иш билан таълим-тарбия ишларини бирга олиб борарди. У 1945 – 1955 йилларда А. Островский номидаги Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтида актёрлик маҳорати фанидан дарс бериб, Ўзбекистон халқ артистлари – Обид Юнусов, Эргаш Каримов каби истеъдодли санъаткорларга сабоқ бериб, устозлик қилган.
Наби Раҳимовнинг кўп йиллик сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти юксак тақдирланди. 1964 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" унвони, 1977 йилда "Инқилоб тонги" спектаклидаги иштироки учун Давлат мукофотига, "Қирол Лир" спектаклидаги Герцог Альбени образи учун Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган. Вафотидан сўнг, 2008 йил "Буюк хизматлари учун" ордени билан тақдирланган.
Наби Раҳимов 1994 йилда Тошкентда вафот этган. Наби Раҳимов ўзбек театр саҳнасида яратган Яго, Хлестаков, Бобо Кайфий образларининг моҳир ижрочиси, ўзбек киноси, Республика радио ва телевидениесидаги фаол иштироки билан ўзбек маданияти тарихида муҳим ўрин тутади.