Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино санъатининг таниқли актёри – Ғани Аъзамов 1909 йилнинг 7 Январь куни Тошкентда туғилган. Унинг актёрлик фаолияти 1930 йили Ҳамза номидаги драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий Академик драма театри)да оммавий саҳналарда иштирок этиш билан бошланган. Ғани Аъзамов дастлаб Уйғуннинг "Қалтис ҳазил" комедиясидаги Мамарасул ролида катта муваффақият қозонган. Ғани Аъзамов 60 йилдан зиёд вақт мобайнида устозлардан ўрганиш, муттасил ўз устида ишлаш ва ижодий изланиш натижасида етук санъаткор бўлиб етишиб, томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлган. Ўзбек театр санъатининг улкан намояндалари қаторидан мустаҳкам ўрин олган. У ижро этган Мунажжим (Уйғун ва Иззат Султон, "Алишер Навоий"), Арслоншер (Туйғун, "Чин муҳаббат"), Соқи сумбат (Рамз Бобожон, "Тоға-жиянлар"), Юсуф (Абдулла Қаҳҳор, "Сўнгги нусхалар"), Бобчинский (Николай Гоголь, "Ревизор"), Лаунс (Вильям Шекспир, "Вероналик икки йигит") каби образлар бир-биридан тўкис, бир-биридан пухта образлар бўлиб, актёрлик санъатининг юксак намуналаридир. Ғани Аъзамов ижодида шундай образлар борки, улар ҳаётийлиги, ишонтириш кучининг зўрлиги ва бетакрор комик руҳи билан бутун спектаклнинг мазмунини ташкил қилади. Бу образларсиз ўша муайян спектаклни тасаввур этиб бўлмайди. Гўё улар фақат истеъдодли актёр Ғани Аъзамов учун ёзилгандек туюлади. Ҳақиқатдан ҳам Ғани Аъзамовнинг Қамбарисиз Ойбекнинг "Қутлуғ қон"ини ("Қутлуғ қон" романи асосида Т. Хўжаев инсценировкаси), Омонёрисиз Сарвар Азимовнинг "Қонли сароб"ини, Мўминисиз Эркин Воҳидовнинг "Олтин девор"ини тасаввур этиш қийин. Ғани Аъзамов ҳажвий, драматик ва лирик ролларнинг моҳир ижрочиси эди. Бу жиҳатдан Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" асаридаги Домла имом образи Ғани Аъзамов ижодида ёрқин саҳифа бўлиб қолди. Актёр 1935 йилдан бошлаб кинода суратга туша бошлаган ва "Ўзбекфильм" киностудиясида яратилган қатор фильмларда унутилмас образларда намоён бўлган. Домла имом ("Бой ила хизматчи"), куёв ("Қутлуғ қон"), кутубхоначи ("Абу Али Ибн Сино"), сартарош ("Мафтунингман"), Қорашоҳ ("Икки дил достони"), оқсоқ ("Тошкент — нон шаҳри"), Юсуф ("Қари устанинг васияти"), Дорбоз ("Сенга шаҳар туҳфа этаман"), Холмат ("Суюнчи") каби образлар ўзининг тўлақонлилиги ва ёрқинлиги билан кино санъати мухлисларини ўзига мафтун этди. Ғани Аъзамов "Наштар" ҳажвий кино журнали ташкил этилганидан бери узоқ йиллар давомида Хўжа Насриддин образини ижро этган. Катта истеъдод соҳиби – Ғани Аъзамовнинг ўзбек театр ва кино санъати равнақи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланиб, 1961 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилган. 1989 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган. Ғани Аъзамов мустақиллик йилларида "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган. Устоз санъаткор 2001 йил Тошкентда вафот этган.